Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Гар қоғозинг бўлмаса...

Ўн ёшда ҳам ҳужжат ололмай сарсон бўлаётганлар кимлар? Бунга ким айбдор?

Гар қоғозинг бўлмаса...

Шоҳиста Убайдуллаевани узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган бир муаммо бор. Фарзанди Шоҳруҳ Убайдуллаев гарчи олти ёшга тўлган бўлса-да, ҳалигача туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани ололмаган.

Бугун ҳар бир раҳбар, ҳар бир мутасадди керак бўлса, уйма-уй юриб, халқни қийнаб келаётган масалаларни, мурожаатларни ўрганаётгани яхши. Халқ дардини эшитиш учун туман ва қишлоқларда, маҳалла, овул ҳамда гузарларда, хонадонларда ўтказилаётган бевосита очиқ мулоқотлар кўпчиликни йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоларга тезда ечим топилишига сабаб бўляпти.     

Кўнгилни ёритган ваъдалар

Андижон вилояти Балиқчи тумани «Илғор» маҳалла фуқаролар йиғини Корхона кўчаси 30-уйда истиқомат қилувчи Шоҳиста Убайдуллаева уйига ана шундай мутасаддилар кириб борганида хонадон бекаси кўзларига ишонмади. Ҳар куни телевизорда кўриб-эшитиб юргани — «давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак», деган эзгу тамойил ўз ҳаётида ҳам рўй бераётганидан боши осмонга етди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши қатор ҳамкор ташкилотлар билан мунтазам равишда уйма-уй юриб, халқнинг ҳолидан хабар олаётганини эшитганди. Мана, бугун ўша мутасаддилар унинг хонадонида. 

Шоҳиста Убайдуллаева 2010 йилда турмуш қуриб, фарзандли бўлгач, ёш оила уч йил олдин алоҳида рўзғор қилиб, янги уйга кўчиб ўтишган экан. Тирикчилик учун хорижда ишлаётган оила бошлиғи уч-тўрт ойда бир келиб, уйдагиларидан хабар олиб тураркан.

Оилани кўп йиллардан бери қийнаб келаётган яна бир муаммо борлиги маълум бўлди. Оила бошлиғи 2008 йилда биринчи оиласи билан ажрашган, аммо бу расман қайд этилмаган. Бу муносабатнинг ҳуқуқий ечимини излашга ҳафсала қилинмаган. Натижада, 2010 йилда қайта турмуш қурган йигит янги турмуш ўртоғи билан никоҳини ФҲДЁ органида расмийлаштира олмаган. Бу муаммо, ўз навбатида, 2012 йилда дунёга келган фарзандга туғилганлиги тўғрисида гувоҳнома олинишига ҳам тўсқинлик қилган. Ҳозирда эса олти яшар Шоҳруҳ Убайдуллаев бундай ҳужжатга эга эмас.

— Фарзандимиз келаси йили мактабга чиқиши керак. Лекин ҳужжати йўқлиги сабабли бу масала бизни жиддий ташвишлантиряпти, — дейди Ш.Убайдуллаева. — Ҳужжатимиз йўқлиги учун у туғилганида суюнчи пули ҳам ололмадик. Ўғлимизни боғчага ҳам жойлаштиролмадик...

Ишчи гуруҳи туман ФҲДЁ бўлинмаси мудираси Дилнавоз Жўраева ва паспорт бўлими мутасаддилари иштирокида мазкур масалани ҳал қилиш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олди. Олти ёшли Шоҳруҳбекка туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома бериладиган бўлди. Аёлнинг турмуш ўртоғи сафардан қайтгач, билан биринчи турмуш ўртоғи билан ажрим қилиниб, уларнинг қонуний никоҳи рўйхатдан ўтказилишига масъуллар ёрдам берадиган бўлишди. 

Албатта ҳал қилинади(ми?)

Балиқчи туманининг «Илғор» МФЙ Мустақиллик кўчаси 124-уйда истиқомат қилувчи Моҳигул Ҳамроқуловани ҳам ҳужжатларга эътиборсизлик анча оғир аҳволга солиб қўйган экан.

2007 йили Ҳамидулло Тожибоев билан турмуш қурдик. Эримнинг ота-онаси ҳам оламдан ўтиб кетишган. Ҳозирда икки фарзандимиз бор. Катта ўғлим Хушнудбек Абдулхаев 2008 йили туғилган. Ўн ёшга тўлганига қарамай, ҳанузгача туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси йўқ. Сабаби, у туғилган пайтда дадаси озодликдан маҳрум этилиб, жазони ижро этиш муассасасида эди. Паспортини ҳам йўқотиб қўйганди. Мен эса туғуруқ хасталиги туфайли ­ФҲДЁга бора олмадим.

2009 йилнинг январида эрим озодликка чиққач, молиявий шароити йўқлиги сабабли йўқолган паспортини бирдан тиклай олмади. 2011 йил 31 июлга келибгина янги паспорт олди. Аммо бу вақтга келиб, менинг паспортимнинг амал қилиш муддати (2009 йил 5 сентябрь) тугаб қолган эди. 2011 йили турмуш ўртоғим ФҲДЁ бўлимига болаларимизнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини олиш учун борганида, унга, аввало, биринчи никоҳингиздан қонуний ажрашинг, иккинчиси билан никоҳни қайд этинг, шундан сўнг болаларга ҳужжат берилади, дейишган. Шу билан масала очиқ қолаверган.

Фарзандимизни мактабга ҳам аранг жойлаштирдик. Мен ҳозир ҳеч қаерда ишламайман. Эрим мавсумий ишларга ёлланиб ишлайди. Тирикчилик учун 15-20 минг сўм пул топса топади, топмаса қайтиб келади. Ҳозир қайнотамнинг уйида турибмиз.

Ишчи гуруҳи, аввало, эр-хотин муддати ўтган паспортларини алмаштиришлари бўйича чораларни кўришди. Балиқчи туман Ички ишлар бўлими Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси янги турдаги биометрик паспортини олиш учун давлат божи ва жарималарнинг ундирилишида эҳтиёжманд оила эканини ҳисобга олиб, енгилликлар қўллашга ваъда берди. Ўз навбатида, ФҲДЁ бўлими мудираси Дилнавоз Жўраева янги паспорт асосида фарзанднинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини қайд этади. Оила раҳбари биринчи турмушидан қонуний ажрим қилинади ва амалда биргаликда яшаётган эр-хотин никоҳи қайд этилади.

Ота-онанинг масъулиятсизлиги ва эътиборсизлиги, профилактика инспектори, сектор раҳбари — туман ҳокими, паспортни расмийлаштириш билан боғлиқ идораларнинг уйма-уй юриб аҳоли муаммосини ечмагани болаларни ҳуқуқий жиҳатдан қийин вазиятга солиб қўйган. Икки ўртада дунёга келган норасида гўдаклар жабр чеккан...

Ҳа, инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устувор бўлиши учун барча мутасаддилар масъул. Улар ҳар куни ҳар бир ишда халққа хизмат қилиш ўзининг мунтазам вазифаси эканини унутишга, эътиборсиз қолдиришга ҳақли эмас. Ўз навбатида, фуқаролар ҳам ўз ҳуқуқ ва мажбуриятини билиб, риоя қилиб яшаса, бегуноҳ инсонлар жабр чекмайди.

 

Лазиз РАҲМАТОВ,

журналист




Ўхшаш мақолалар

12 жоннинг дардини ким тинглайди?

12 жоннинг дардини ким тинглайди?

🕔11:46, 09.08.2018 ✔70

Ҳокимлик уй бермади, аммо «қимматли» тавсиясини аямади...

Батафсил
Дарёга етаётган жароҳат

Дарёга етаётган жароҳат

🕔11:40, 09.08.2018 ✔27

Айримларнинг лоқайдлиги туфайли дарё қирғоқлари абгор ҳолга тушиб қолмоқда.

Батафсил
Камерадан нега қўрқасиз?..

Камерадан нега қўрқасиз?..

🕔11:39, 09.08.2018 ✔28

Милиция ходими имижи ҳақида ўйлаш вақти етмадими?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар