Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Қоғозда «ишга жойлашаётган»лар

Хўжакўрсинга тузилган шартнома битирувчи талабага неча тийинлик фойда беради?

Қоғозда «ишга жойлашаётган»лар

Яқинда таҳририятимизга Ўзбекистон Миллий университетининг битирувчи талабаларидан бири келди. Иш сўраб келибди деб ўйловдик, адашибмиз. Муддаоси икки томонлама шартномага имзо чектириб, муҳр бостириш. Йўқса, давлат имтиҳонига киритилмас эмиш...

Аслида олий таълим муассасаларини тамомлаётган битирувчи талабаларга бериладиган мазкур ҳужжат эзгу мақсадларни кўзлаб амалга татбиқ қилинган. Афсуски, бу тизим ҳозир ўзини оқламай қўйди. Икки томонлама шартномалар бугун мавсумий қоғозбозликка айланиб улгурди. Савол туғилади: аслида шартнома дегани мажбурий эмас, томонларнинг ўзаро талаб ва истаклари, шартлашуви асосида тузиладиган, ўша талабанинг эртанги кунини белгилайдиган муҳим ҳужжат эмасми?

Хуллас, мазкур масалани атрофлича ўрганишга қарор қилдик.

Муаммолар чамбараги

Олий ўқув юртида ўқиган йигит-қиз борки, бу ташвиш билан тўқнаш келган. Университет талабадан бирор ташкилот билан келгусида уни ишга оламиз, деган шартнома тузишни талаб қилади. Шартнома тузиш учун борган талабадан эса, ташкилот диплом сўрайди. Дипломни олиш учун эса, бояги шартнома зарур бўлади. Хуллас, бу муаммолар чамбарагининг ўзгинаси, бир-бирисиз битмайдиган нақ бошоғриқ!   

Шу ҳолга тушган талаба нима қилади? Албатта, ўз келажагини боғламоқчи бўлган ташкилот билан шартнома имзолатиб келадиганлар ҳам йўқ эмас. Аммо аксарият битирувчилар бу ишни деканатнинг оғзини ёпиш, давлат имтиҳонидан ўтиш ва диплом олиш учунгина қилади. Минг афсуски, битирувчи талабаларнинг кўпчилиги на ўзига, на олий ўқув юртига, на иш берувчи ташкилотга фойдаси тегадиган ана шу иккинчи йўлни танламоқда. Бу ерда фақат талабани айблаш ҳам адолатдан эмас. Ҳеч бир мутасадди ташкилот ёки корхона ўзи яхши билмаган, танимаган, ҳали тажрибасиз битирувчини ишга қабул қилгиси келмайди. Шу сабабли, бугун олийгоҳидан берилган икки томонлама шартномани кўтариб, таниш-билишлари орқали идорама-идора, эшикма-эшик сарғайиб, имзо чектириш пайида жони ҳалак бўлаётган талабаларни ҳам кўряпмиз.

Қоғозда ишга кирган, амалда эса...

— Талабаликнинг сўнгги йилида қўлимга тутқазилган меҳнат шартнома қоғози билан бир нечта ташкилотга мурожаат қилдим, — дейди исм-фамилияси сир қолишини истаган Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Кино, телевидение ва радио санъати факультети 4-курс талабаларидан бири. — Очиғи, тўғридан-тўғри «дипломинг бўлмаса, иш йўқ», деб айтган бир-икки мардини ҳисобга олмаса, ҳаммасида мени ишга олмаслик учун «ишончли» сабаблар топилди. Тўғри-да, умрида илк бор кўриб турган, ҳали дипломи йўқ чала кадрни ким ҳам қучоқ очиб кутиб олади. Ўқишга қайтиб, шуни тушунтирмоқчи бўлсам, биров қулоқ солай демади...

Шартнома йўқ —    диплом ҳам йўқ

— Мутахассислигим бўйича бир нечта таҳририятга мурожаат қилдим, — дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетининг 4-босқич талабаларидан бири. — Улар, мени синаб кўрмасдан, бу соҳада нимагадир қодирлигимни текширмасдан туриб, шартномага имзо чекиб бера олмаслигини уқтиришдан, мен эса таҳририятларнинг эшигини қоқишдан чарчамадим. Охири, бўлмади. Сабрим тугади. Шунда нима бўлса-бўлар дедим-да, келажакда «шартномага имзо чеккансиз, шу сабабли менга иш беришга мажбурсиз», деган даъво билан келмаслигимни бўйнимга олиб, таниш-билиш орқали шартномани имзолатдим.

Аслида аксарият талаба икки томонлама шартномани фақат деканат талаб қилгани учун тўғри келган жойдан имзолатиб келишини олийгоҳдаги мутасаддилар ҳам яхши билади! Наҳотки, била туриб, шу йўлни танлаб, уларни, ўзимизни алдаймиз? Нега шунга мажбур қилаверишади? Бундан кимга  нима наф?

 

Мажбурий бажарилаётган ихтиёрий иш

Талабаларнинг куюнганича бор. Эзгу мақсадларни кўзлаб, ҳаётга татбиқ қилинган мазкур амалиёт, афсуски, фақат хўжакўрсин учун бажариляпти, холос. Тўғри, улар орасида ҳақиқатан ҳам келажакда ўзи шартнома имзолатган ташкилотга ишга кирадиган талабалар ҳам бор. Афсуски, улар бармоқ билан санарли.

Сўзимиз ёлғон бўлмаслиги учун жорий йилги битирувчи талабаларнинг шартномалари қай даражада амалиётда ўз вазифасини бажараётганини билиш мақсадида бир нечта олий ўқув юртида бўлдик.

Дастлабки манзил Ўзбекистон Миллий университети.

— Тўртинчи босқич талабаларига икки томонлама шартнома жорий йилнинг январь-февраль ойларида тарқатиб бўлинган, — дейди Ўзбекистон Миллий университети Маркетинг бўлими биринчи тоифали муҳандиси Зуҳриддин ­МАЛИКОВ. — Талабалар то давлат имтиҳонлари бошлангунга қадар, мазкур шартномани келажакда ўзлари иш бошламоқчи бўлган ташкилот ёки корхонадан имзолатиб келиши талаб этилади. Бундан кўзланган асосий мақсад, талабани иш билан таъминлаш. Афсуски, талабалар орасида буни нотўғри тушуниб, шартномани номигагина имзолатиб келаётганлари ҳам йўқ эмас. Маркетинг бўлимида олтмишдан ортиқ ташкилот ёки корхонадаги бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар сақланади. Агар талаба ҳақиқатан ҳам қўлидаги шартномани имзолата олмаса, бўлимимизга келиб, ўз мутахассислиги бўйича мазкур ташкилотларга бемалол мурожаат қилиши мумкин.

Аслида шартнома имзолатиш ҳамма масала ҳал этилганини англатмайди. Талаба олийгоҳни тамомлаб, бирор ташкилотга ишга жойлашгач, унга далолатнома берилади. Мазкур далолатномани ишга кирган жойидан тўлдириб келади. Шунга асосан олийгоҳимизни битирган талабанинг эртанги куни, қаерда ишлаётгани доимий мониторинг қилиб борилади.

Мутасаддининг бу гапларидан сўнг талабаларнинг бу йилги шартномалари билан қизиқдик. Афсус, маркетинг бўлими ходими бизга ҳақиқатан ҳам имзоланган икки томонлама шартномани кўрсатишдан бош тортди. Бунинг учун деканатга учрашишимиз керак экан. Деканатга  юзланган эдик, улар ҳам турли баҳоналар тўқиб, пайсалга солди.

Тошкент молия институти, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Ислом Каримов номидаги техника университети мутасаддилари ҳам ҳар хил важлар билан бирорта имзоланган шартномани кўрсата олишмади. Ҳаммасининг оғзидан фақат битта гап — талабалар ҳали тўлиқ ишга кириб улгуришмади, бу жараён сентябрь ойида якунланади, деган мужмал жавоб чиқди, холос. Бу ҳам майли, олий ўқув юртлари ичида «хат билан мурожаат қилинг» дегани ҳам бўлди. Ҳатто, баъзи олийгоҳ ходимлари шартнома масаласида жим юришимизни «маслаҳат» беришди. Очиғи, бундай «маслаҳат»ни қандай тушунишни ҳам билмадик.

Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигининг ҳам бу ҳақдаги фикри билан қизиқдик.

— Талаба билан корхона ёки ташкилот ўртасида имзоланадиган икки томонлама шартномани имзолатиш мажбурий эмас, — дейди Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигининг Кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасаларини ташкилий-методик таъминлаш бош бошқармаси бошлиғи Абдували ­ХОЛИҚОВ. — Фақат давлат гранти асосида таҳсил олган талабалар бундан мустасно. Улар уч йил давомида давлат идораларида ишлаб бериши керак. Ҳар қандай талаба, хоҳ у контракт, хоҳ давлат гаранти асосида таҳсил олишидан қатъи назар, шартнома имзолатмаган бўлса-да, давлат имтиҳонларига киритилади. Афсуски, айрим олийгоҳлар талабаларни шу йўл билан қўрқитиб, шартномани имзолатиш пайида бўляпти. Натижада юқоридаги каби кўзбўямачиликлар юз беряпти. Лекин талабалар орасида ўз танлаган йўналиши бўйича аллақачон ишга жойлашган ва ўзи ишламоқчи бўлган ташкилотдан шартнома имзолатганлари ҳам оз эмас.

Вазирлик олий ўқув юртларидан битирувчи талабаларнинг ишга жойлашгани хусусида ҳисобот сўрайди. Мазкур ҳисоботлар умумлаштирилиб, тегишли вазирлик ва идораларга юборилади. Айни пайтда, вазирлигимиз икки томонлама шартномани имзолатишда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида янги механизм ишлаб чиқмоқда. Мазкур механизм ишга тушса, шартномалар шунчаки имзоланмайди. Ўз-ўзидан юқоридаги каби кўзбўямачиликларга ҳам чек қўйилади.

Мутасаддининг сўзларидан кўриниб турибдики, шартнома имзолатиш мажбурий эмас. Шундай экан, нима учун олийгоҳлар буни мажбурий ишга айлантирган? «Шартнома имзолатмаган талаба имтиҳонга қўйилмайди», дея ҳукм чиқаришга уларга ким ҳуқуқ берган?

Мазкур масалани ўрганиш асносида ҳар ўн нафар талабадан саккизтаси ҳозир ҳам шартномани шунчаки давлат имтиҳонларига кириш учунгина таниш-билиш орқали, кўр-кўрона имзолатиб келаётганига амин бўлдик. Аслида бу амалиёт олий ўқув юртларини тамомлаган ёшларнинг дипломи сандиқда чанг босиб ётмаслиги учун уларни ўқиш пайтидаёқ ишга йўналтириш, ҳали илм масканини тамомламасидан бўлғуси иш жойини кафолатлаш мақсадида амалиётга жорий қилинган эди. Афсуски, бу механизм ўз вазифасини тўлақонли бажармаяпти. Шу боис, назаримизда, мазкур масала хусусида жиддий ўйлаб кўриб, ушбу амалиётни тубдан қайта кўриб чиқиш вақти келган. Мамлакатимизда ёш авлоднинг униб-ўсиши, ўқиб, олий маълумотли бўлиб, юрт корига ярайдиган кадр сифатида иш билан таъминланиши учун бугунги замон талаблари асосида янгича, самарали йўл тутиш ҳар томонлама мақсадга мувофиқдир. 

 

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Коррупция — қонунни менсимасликми?

Коррупция — қонунни менсимасликми?

🕔17:09, 18.10.2018 ✔18

Бугун энг кўп ишлатилаётган сўзларимиздан бири — «коррупция». Ижтимоий ҳаётда унинг домига тушиб, оёғи қоқилаётганлар оз эмас.

Батафсил
«Бибихоним»га аталган беш миллиард қаерда?

«Бибихоним»га аталган беш миллиард қаерда?

🕔17:52, 11.10.2018 ✔49

Эътибордан четда қолаётган маданий объектларнинг бугунги тақдири кимнидир ўйлантиряптими?

Батафсил
Дафтар муқовасидаги хавф

Дафтар муқовасидаги хавф

🕔17:52, 11.10.2018 ✔43

«Фарзандим янги дафтарида яхши ёзолмаётганини айтиб қолди. 

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар