Давр нафаси      Бош саҳифа

Ватанни севмоқ иймондандир

Улар бюрократиянинг не-не тўсиқларига дуч келиб, йиллар мобайнида шу оддий паспортга эга бўлолмаган...

Ватанни севмоқ иймондандир

Ўз юртини қўйиб, Ҳинд сари юзланган Бобур авлодларга бир умрлик сабоқ бериб кетди. Тўғри, тақдир тақозоси билан Ҳиндистонни забт этган, у ерда ўз салтанатини яратган ҳукмдорнинг моддий жиҳатдан ҳеч қандай муаммоси бўлиши мумкин эмасди. Лекин у зар идишларда таом тановул қилса-да, истаган нарсага эга бўлса-да, кўнглининг бир чеккаси ҳувиллаб ётарди. Шоирнинг мана бу мумтоз сатрлари эсингиздами:

Қовун бирла узумнинг ҳажрида кўнглумда ғам ҳар сў,

Оқар сувнинг фироқидин кўзумдин ҳар дам оқар су(в).

Бобур битган ушбу мисралардаги неъматлар шунчаки рамз, аслида шоир ўша қовуну узумлар етиштирилган замин — она Ватан ҳажрида шеър битган.

Кейинги йилларда тақдир тақозоси билан Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган минглаб юртдошларимизнинг қувончидан ажабланадиган одамларни кўриш насиб этди. Нима эмиш, битта паспорт олганига шунчаям хурсанд бўлиш мумкинми? Сиз ўз Ватанингизда ёшингиз етгандан сўнг табиий равишда паспорт эгаси бўлгансиз-да. Улар эса бюрократиянинг не-не тўсиқларига дуч келиб, йиллар мобайнида шу оддий паспортга эга бўлолмай, қийинчиликларни бошдан кечиришган. Шунча изтиробдан кейин шу Ватан фуқаролигига эришгандан хурсанд бўлмасинми?!

Ўзбекистон Президентининг фуқаролик бериш тўғрисидаги Фармони шарофати билан улар қўлига Ўзбекистон фуқароси деб битилган паспортгина эмас, балки шу ҳужжат тимсолида Ватан ҳадя этилгани аён бўлади. Энди бу инсонлар ҳамма қатори сайлаш, сайланиш ҳуқуқига эга, ўзга элларга сафар қилса, қўлларида фуқаролик паспорти бўлади. Шу Ватанда, Ер юзида эркин ҳаракат қила олади. Конституцияда битилганидек, ундай фуқаро хорижий мамлакатларда ҳам Ўзбекистон давлати ҳимоясидадир.

Ҳар бир неъмат борлигида эмас, йўқлигида қадрланади. Шу Ватанда туғилиб, ўсиб яшаётган инсон, эҳтимол, Ватан нақадар бебаҳо эканини тўлиқ англаб етмас. Ватан қадрини ўз Ватанидан жудо бўлганлар яққол ҳис этишади. Ҳеч бўлмаса, сафар мобайнида ўз юртингиздан узоқлашган дамлардаги кайфиятингизни эсланг. Юриш-туришингизга ҳеч ким эътироз билдирмаслиги мумкин. Ҳатто меҳмон мақомида эканингиз маълум имтиёз ҳам берар. Лекин барибир сиз Ватандан йироқда эканингиз кўнглингизнинг бир чеккасини хижил қилиб тураверади. Бир ватандошимиз уммон ортидаги мамлакатда тоби қочиб, шифохонага тушибди. У ерлик дўхтирлар операция қилишни таклиф этибди. Бемор ўша заҳоти ўрнидан туриб кетиб: «Йўқ, йўқ, нима бўлсам, ўз Ватанимда бўлай, операцияга рози эмасман» дебди.

Инсон ўзи туғилган маконда йиллар мобайнида ўша заминга туп қўйиб, палак ёзади. Маҳаллада, туманда, шаҳарда бир инсон сифатида танилиб боради. Қирқ ёшга кирган одам бошқа юртга кўчиб борса, шу пайтгача орттирган нуфузини бутун умр мобайнида ҳам топа олмайди. Ундай одамга ўша ерликлар яна қирқ йилдан кейин ҳам келгинди сифатида қарашади. Демак, Ватан фақат ватандошлар билан бирга бўлганингизда мукаммалдир.

Одам боласи она қорнидан тушганда ҳаммаси бирдай чақалоқ бўлади. Йиллар ўтиб оила, маҳалла, мактаб таъсирида турли қиёфада шаклланади. Лекин Ватанга муҳаббат ҳисси касбидан қатъи назар, айрича пайдо бўлиши мумкин. Ҳақиқий ватанпарвар яхши тарбия маҳсулидир. Унинг ўқитадиган мактаби, институти йўқ. Олий маълумот ололмаган зиёли инсон ҳам таниқли олимдан кўра иймонли, диёнатли, ватанпарвар бўлиши мумкин. Илмий даражага эга бўлган олим ҳам фақат ўз нафсини ўйлаши, демак, Ватан манфаатини кейинги ўринга қўйиши мумкин.

Ҳадиси шарифда «Ватанни севмоқ иймондандир», деган калом бор. Демак, бунда ватанини севмаган зот иймонсиз, деган маънони уқишимиз мумкин. Агар сиз қаршингиздаги одамга «Сен иймонсизсан» деса­нгиз, ётиб ёқалашади.

Ҳаётимизда ватанпарвар инсонлар қанча кўп бўлса, шунча яхши. Ахир, ватанпарварда орият, ғурур, ўзлигини англаш туйғулари кучли бўлади. Президентимиз ҳар бир фуқарони ҳалол бўлишга даъват этяпти. Ҳалол дегани ҳеч кимни алдамайдиган, эл-юрт олдида фидойи, тўғри сўзли инсонни англатади. Ватанни севган инсон ўзи яшаётган жойни янада гўзал, обод кўришни истайди ва шунинг учун курашади. Айни пайтда бундай бўлмаган одамлар билан муроса қилмайди.

Ватан остонадан бошланади, дейишади. Бу ҳикматнинг маъноси шуки, ҳар бир инсон ўзи яшаётган хонадонда ҳалол, мард, фидойи фазилат соҳиблари тарбияланиши учун масъул дегани. Маҳаллани Ватан ичра ватан деб таърифлаймиз. Демак, маҳалла бақувват бўлса, ўша ҳудуд кучли, минтақа бақувват. Кучли минтақалар эса катта Ватаннинг мустаҳкам, қудратли бўлишини таъминлайди. Улкан механизмда кичик мурватнинг бўшашиб қолиши умумий ҳолатга таъсир ўтказгани каби Ватаннинг рисоладагидек мавжуд бўлиши унда яшаётган ҳар бир фуқаронинг талабга жавоб беришига боғлиқ.

Ҳар томонлама баркамол инсонларгина ватанга содиқ бўлишади. Исталган ҳудуд, корхонага борсанг, у ерда ватанга садоқатли инсонлар кўп бўлса, ўша ерда ишлар кўнгилдагидек йўлга қўйилади. Қаерда Ватан манфаати, Ўзбекистон манфаати унутилса, у ерда айрим шахслар нафси ҳукмрон бўлади. Ватанини алдаган, аввало, ўзини, оиласини, халқини алдайди. Зеро, халқ ишончидан, Ватан ишончидан олий тушунча йўқ.

 

Шуҳрат ЖАББОРОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист




Ўхшаш мақолалар

Барча газ тўлдириш шохобчалари ва газ баллонли машиналар текширувдан ўтказилади

Барча газ тўлдириш шохобчалари ва газ баллонли машиналар текширувдан ўтказилади

🕔11:48, 20.09.2018 ✔23

Республикамизда автотранспорт воситалари ёнилғиси сифатида нисбатан арзон метан ва пропан газидан кўпроқ фойдаланилмоқда.

Батафсил
Ватан равнақи фарзандлар камолига боғлиқ

Ватан равнақи фарзандлар камолига боғлиқ

🕔11:31, 13.09.2018 ✔45

Янги фармонга кўра тизимдаги муаммоларни ҳал этиш нимадан бошланади?

Батафсил
Миср эҳромлари яқинлашмоқда

Миср эҳромлари яқинлашмоқда

🕔11:52, 06.09.2018 ✔71

Ўзбекистоннинг Миср билан алоқалари мустаҳкамланишининг муҳим нуқтаси.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар