Оила хуржун      Бош саҳифа

Ҳозиржавоблик

Эл севган машҳур шоир Ибройим Юсупов ишхонасига кираётганди, бўсағада бир таниш чеҳра қучоғини кенг очиб, унга қараб кела бошлади.

Ҳозиржавоблик

— Қалай, дўстим, чанғороқ соғ-саломатми, овул тинчми? — деди минг йиллик қадрдонини кўриб қувониб кетган шоир.

— Шукр, ҳаммаси яхши, омонлик. Бормисан, шоир дўстим! 

— Биз томонларга қандай шамол учирди?

— Шаҳарлагандим, баҳонада сени кўриб кетай дедим-да! Шу десанг, тунов куни уч-тўрт синфдош тўпланиб қолувдик. Тонготар суҳбат қурдик. Ибройим дўстимиз, соғ-омон юрганмикан, дея сен ҳақингда ҳам анча гурунглашдик. Дўстлар айтдики, Ибройим — Озод овулимиздан порлаб чиққан ёрқин юлдуз. Шундай экан, шоири оламни туғилган овулига чақириб, бир сийласак. Баҳонада ундан шеърлар эшитиб, суҳбатини олсак, деган қарорга келдик-да!

Ибройим оға бироз қизарди. Хижолат тортди. Сўнг гўдакдек хурсанд бўлганча оқибат одами — дўстини бағрига босди.

...Ҳайдовчиси Эсенгелди оқсоқолни Чимбойга юрадиган автобусга кузатиб келгунча Ибройим оға болалик чоғларини хотирлаб ўтирди. Ўша кезлари ёш, ўйинқароқ эмасми, уч-тўрт дўсти билан овул яқинидан оқиб ўтувчи каналда уззу-кун сувдан чиқмай чўмиларди. Гоҳида тенгдошлари Рустем, Эсенгелди уни қўярда-қўймай анҳор бўйидаги қумликка бошлаб борар, сўнг қайноқ қумда узоқ вақт кўмилиб ётишарди. Иссиқ қум танани яйратади. У муштдайлигидан чўпон-чўлиқнинг, бахшиларнинг, йилқичию овчиларнинг ажиб сирли, одамни сеҳрлаб қўювчи эртак ва афсоналарини, айтимларини берилиб тингларди. Ана шулар таъсирида ўзи ҳам шеърлар машқ қилди. Дастлабки ёзган шеърларини баланд овозда далаларга, осмонга, қушларга ўқиб бергани эсида. Энди ўша беғубор ва қувноқ болалик олис-олисларда қолиб кетди. Мана, уни бугун, дўсти Эсенгелди келиб эслатди...

Айтилган куни Ибройим оға Чимбойга — ўзи туғилиб ўсган Озод овулига йўл солди. Яқинда чоп этилган китобидан ҳам олишни унутмади: овулдошлари сўраб қолиши мумкин...

Овулда уни ўзгача иззат-икром билан кутиб олишди. Эгнига тўн ёпиб, белига белбоғ боғлашди. Ўн бир қанотли каттагина ўтов ичига беқасам, бахмал, шойи, адрас кўрпачалар тўшалган экан. Зиёфат кутилганидан ҳам зўр ўтди. Тепишиб катта бўлган бўйинса-жўралари билан болалигини эслашди, гурунг, ҳазил-мутойиба ярим тунгача давом этди. Эртаси куни жўралари Ибройим оғани кўл бўйига бошлади. Кўлнинг суви илиқ, танага хуш ёқади. Балиқчи қушларнинг шовқини оламни тутган.

Шу маҳал улар ўтирган жойда совхоз раиси пайдо бўлди. Ёнида бақалоқ, қорни тарвуздек келадиган икки киши. Ҳойнаҳой, юқоридан келган «комиссия» бўлса керак. Дарҳол меҳмонларни тўрга тортишди. Негадир, бемаврид ташриф буюрган меҳмоннинг қовоғидан қор ёғар, чеҳраси очилай демасди. Гўёки, унинг наздида бу ердагиларнинг барчаси ўғри, муттаҳам. Бунақаларга тишининг оқини кўрсатмаслик керак. Сир бой бериш хавфли. Давра аҳли бу нусханинг ичидагини сезиб турар, ўқиб ўтирар, бироқ раисга гап тегмасин, дея чурқ этмасди. Ибройим оға ҳам бўйнига йўғон галстук боғлаб олган бу такаббур амалдорни яхши таниса-да, ҳеч жини суймасди. Буни сезган амалдор ҳам шоирга кўз остидан беписанд, кибр билан қараб-қараб қўяди. Ўша, амалдор «хумса» деган лақаб билан элга танилган экан.

Раис қўноқлари ҳурмати учун дастурхонни ноз-неъматга тўлдириб ташлади, яна балиқ пиширтирди. Гурунг қизиди. Гапдан гап чиқиб, кимдир Ибройим оғага қорақалпоқларнинг асосий озиқ-овқати нима ўзи, дея савол ташлади. Ибройим оға ўйлаб турди-да:

— Қадимда ота-боболаримиздан ҳам шу ҳақда сўрашса, улар ғурур билан: «уч ой қовуним, уч ой совуним (чорва), уч ой қобоғим (ошқовоқ), уч ой чавоғим»,  дея жавоб берар экан.

Давра аҳли бу жавобдан мамнун бўлди. Ҳаял ўтмай, шеърхонлик бошланди. Ибройим оға жўшиб кетди:

Бир ёни кўл, бир ёни чўл бўлмаса,

Жаннат қуриб берсанг-да, мен бормайман.

Гул ва юлғун иси анқиб турмаса,

У ерда мен қорақалпоқ бўлмайман…

Туғилган тупроқ мадҳ этилган мисралар даврани сеҳрлади-қўйди. Қарсакбозлик бўлди. Фақатгина бояги амалдорнинг бир туки ҳам қилт этмади. Ҳойнаҳой, у давранинг ўзига эътибори сусайганидан норози эди. Охири гап гапга қовушмагач, турилди. Хайрлашаётганларида амалдорнинг кўзлари қандайдир бир шумликдан ёнди. Ўзича Ибройим оғани мулзам қилмоқчи бўлди.

— Ҳозироқ менга атаб шеър тўқиб юборсангиз, тан берардим сизга, — деди қувкўз.

— Нега, — деди шоир. — Шунчаки... кайфиятингизни бузмай деб тургандим. Бўлмаса...

— Ундан кўра, яхшиси, жўш келмаяпти, дея қолмайсизми? — амалдор истеҳзоли кулди. Сўз ўйинда улоқ менда кетди, деб хаёл қилди. Ўзи сезмаган ҳолда шоирнинг қитиқ-патига тегиб кетди. Шунда Ибройим оға:

— Ҳеч қўймадингиз-қўймадингиз-да. Бўпти, унда эшитинг, — деди-да, баланд ва жарангдор овозда, ўша маҳалнинг ўзида тўқиган шеърни айтди:

Пасткашларга амал етса,

Фуқаросин талар итча.

Қумурсқага қанот битса,

Тинчитмайди кела-кела.

Қовоғингдан қорлар ёғиб,

Менсимайсан ҳеч кимсани.

Ўрни келиб қолди шу тоб,

Бир тузлайин сен, хумсани...

Шеър тинглаган «хумса» тахтадай қотди-қолди. Юзи шолғомдай қизарди. Раиснинг ҳай-ҳайлашига қарамай, машинасини учириб кетди.

 

Улуғбек ЖУМАЕВ




Ўхшаш мақолалар

ПЛАСТИК  ОПЕРАЦИЯ

ПЛАСТИК ОПЕРАЦИЯ

🕔15:05, 17.09.2018 ✔65

  (ҳажвия)

Лўғимбек қишлоғидаги истироҳат боғида ижодий кечамиз белгиланган.

Батафсил
Отангга  раҳмат!..

Отангга  раҳмат!..

🕔11:22, 16.08.2018 ✔122

Нортўхта тоға тушга яқин Ғиждувон бозорида айланиб юрганди, телефони биғиллади. Олса, кампири: «Бир кило гўшт ола қайтинг, кўнглим баракни тусаяпти...»

Батафсил
Танқид  жамғармаси

Танқид жамғармаси

🕔11:58, 02.08.2018 ✔120

Г.КЕМОКЛИДЗЕ,

Россия

Яқинда Иван Петрович мени ҳузурига чорлаб, тилёғламалик билан шундай деди:

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ПЛАСТИК  ОПЕРАЦИЯ

    ПЛАСТИК ОПЕРАЦИЯ

      (ҳажвия)

    Лўғимбек қишлоғидаги истироҳат боғида ижодий кечамиз белгиланган.

    ✔ 65    🕔 15:05, 17.09.2018
  • Отангга  раҳмат!..

    Отангга  раҳмат!..

    Нортўхта тоға тушга яқин Ғиждувон бозорида айланиб юрганди, телефони биғиллади. Олса, кампири: «Бир кило гўшт ола қайтинг, кўнглим баракни тусаяпти...»

    ✔ 122    🕔 11:22, 16.08.2018
  • Танқид  жамғармаси

    Танқид жамғармаси

    Г.КЕМОКЛИДЗЕ,

    Россия

    Яқинда Иван Петрович мени ҳузурига чорлаб, тилёғламалик билан шундай деди:

    ✔ 120    🕔 11:58, 02.08.2018
  • Кар ва йўловчи

    Кар ва йўловчи

    Бир киши пахта териб юрган экан.  Узоқдан нотаниш йўловчи келаётганини кўрибдию унинг берадиган саволларини тахмин қилиб ўзича жавоб тайёрлаб қўйибди.

    ✔ 125    🕔 11:57, 02.08.2018
  • Қоч, асабий машина келяпти!

    Қоч, асабий машина келяпти!

    Ҳайдовчиларни танқид қилиш осон-да. Маданиятсиз, ҳовлиқма, бефаросат... Эҳтимол, шундайлари ҳам бордир. Лекин уларга ҳам осонмаслигини унутманг-да. Яхшиси, келинг, сизни бир хаёлий саёҳатга таклиф этаман. Уловга яхшилаб жойлашинг, хавфсизлик камарини тақинг, кетдик!

    ✔ 134    🕔 10:52, 19.07.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар