Оила шифокори      Бош саҳифа

Фарзанд жинсини режалаштириш мумкинми?

«Оила шифокори»га йўллаган саволларингиз жавоби.

Лойиҳанинг навбатдаги меҳмони — Тошкент шаҳар 8-сон туғуруқ комплекси бош шифокори, олий тоифали акушер-гинеколог Камолиддин ­Низомиддинов. Шифокор мухлисларни қизиқтирган саволларга жавоб беради.  

Фарзанд жинсини режалаштириш мумкинми?

Насиба, Тошкент шаҳри

— Турмушга чиққанимга беш йилдан ошди. Аммо фарзандли бўла олмадик. Шифокор турмуш ўртоғимнинг ҳам, менинг ҳам соғлиғимда ҳеч қандай муаммо йўқлигини айтяпти. Бу вазиятда сиз қандай маслаҳат берасиз?

— Етарлича текширувлардан ўтилмаган. Бефарзандликнинг қандайдир сабаби мавжуд бўлади. Таъсир кўрсатувчи турли омилларни аниқлаш, чуқурроқ текширувдан ўтиш керак.

Шарофат, Фарғона вилояти

— Биз турмуш ўртоғим билан ўн беш йил фарзанд кутдик. Аммо умидларимиз тобора сўниб борарди. Ички хоҳишимиз шунчалик кучли бўлганидан фарзанд асраб олишга қарор қилдик. Бахтни қарангки, орадан бир йил ўтар-ўтмас ўзимиз ҳам ўғилли бўлдик. Бундай ҳолатларни ҳаётда кўп учратамиз. Айтинг-чи, бунинг қандайдир илмий асоси борми?

— Ҳақиқатан ҳам, шунақа. Тажриба шуни кўрсатадики, одамлар ўн-ўн беш йиллаб текширувлардан ўтиб, даволанади-да, охири чарчайди. Бўлди, энди фарзандли бўлмас эканмиз, деб тақдирга тан беради. Шунда кўпчилик фарзанд асраб олиб, бироз чалғийди. Эр-хотиннинг ич-этини кемираётган муаммо иккинчи даражали бўлиб қолади. Болага овунгач, мия фаолияти шу билан бирга, тананинг бошқа аъзолари ҳам тўғри ишлай бошлайди. Шунинг учун ҳам аёл ҳомиладор бўлиб қолади. Инсон ички тушкунликдан қочсагина, ҳомиладор бўлиш эҳтимоли ортади. Кўп ўйлайверадиган, сиқиладиган аёллар қийинроқ ҳомиладор бўлади.

К.А., Сурхонарё вилояти

— Шифокор тавсиясига кўра турмуш ўртоғим айрим инфекцияларни текшириш учун таҳлиллар топширди. Натижалар ижобий чиқди. Шундай ҳолатда мен ҳам таҳлиллар топширишим шартми? Ёки турмуш ўртоғимда бўлмаса, менда ҳам чиқмайдими?

— Кўп шифокорлар бундай вазиятда текшириш керак, деб ҳисоблашади. Аслида текшириш шарт эмас. Агар шу касаллик икки ой олдин ўтиб кетган бўлса, бу инсонда сурункали турига ўтган бўлиб, касаллик келтириб чиқармайди. Инсон грипп бўлади ёки учуқ тошади. Вақт ўтиб ўзидан-ўзи тузалади. Кўпчилик даволанмайди ҳам. Тананинг ўзи енгиб, шунга қарши антителалар пайдо бўлади. TORCH инфекциялари ҳам худди шундай. У сурункали бўлиб қолгач, хуруж қилмайди. Шунинг учун текширтирганда, ўткир ёки сурункали эканини аниқлаш зарур. Сурункали бўлса, уни даволаш шарт эмас.

Инфекция ҳомила бўлмаслигига сабаб бўлолмайди. Фарзанд кўраётган аёлларнинг ҳаммасида қайсидир турдаги инфекция мавжуд. Илгари ҳеч ким бунга эътибор бермаган. Ҳозир уларни аниқлашнинг турли усуллари мавжуд. Агар олдиндан текширтириб, даволаниб кейин ҳомиладор бўлса, боланинг соғлом туғилиши учун яхшироқ бўлади.

Адолат, Тошкент вилояти

— Она учун гўдагидан айрилишдан-да оғирроқ мусибат йўқ. Бу ташвиш менинг бошимга икки бор тушди. Ҳар икки фарзандим ҳам уч кунгина яшади. Шифокорлар уларнинг ички аъзолари яхши ривожланмаганини айтишди. Даволаниб соғлом фарзанд кўришимиз мумкинми?

— Албатта, кўра оласиз. Фақат ҳомиладор бўлганда скрининг марказларида кўрикдан ўтиб, ҳомиланинг қандай ривожланаётганини кузатиб бориш зарур. Бу нуқсонларнинг сабабини аниқлашга ёрдам беради. Қолаверса, тор мутахассислар текширувидан ўтиш ҳам фойдадан холи эмас.

Ҳомиланинг баъзи аъзолари ривожланмай қолишига айнан ўша аъзолар пайдо бўлаётганда қандайдир таъсирлар кузатилган бўлиши мумкин. Балки вақтига етмай туғилгандир. Агар гўдак муддатидан олдин туғилса, ўпкаси тўлиқ ривожланмайди. Одатда, 37-38 ҳафтада ҳомила тўлиқ ривожланган ҳисобланади. Агар икки марта шундай ҳолат такрорланган бўлса, кузатув ва туғуруқ вилоят ёки Республика ихтисослашган перинатал марказларида олиб борилиши керак.     

Назокат УМАРОВА, Норин тумани

Ҳозир туғилажак фарзанд жинсини аниқлашнинг турли усуллари жуда кўпайиб кетган. Кўпчилик қадимий Хитой тақвими бўйича ҳисобласа, айримлар буни эр ва хотиннинг қони янгилиниши билан боғлайди. Французларда эса асосан, истеъмол қилаётган таомлари билан боғлиқ деб ҳисоблашади. Бу усуллар нечоғли ишончли?

— Буларнинг ҳаммаси бўлмаган гап. Буни 37 йиллик тажрибамга таяниб айтяпман. Тақвим бўйича ҳисоблаб, фалон вақтда ўғил, фалон вақтда қиз кўрасан, деса, ишонманг. Буни режалаштиришнинг сира имкони йўқ. Лекин ҳозирги замонавий технологиялардан фойдаланиб, буюртма асосида, ЭКУ усулидан фойдаланиб, эгизак, ўғил ёки қиз фарзанд кўриш мумкин. Бу ген муҳандислиги дейилади. Жаҳонда жуда ривожланган усул.

Карима НОСИРОВА, Бухоро вилояти

— Келиним иккинчи фарзандига ҳомиладор. Биринчисида ҳомила вазни меъёридан ошиб кетгани учун туғуруқ жараёни анча оғир кечганди. Айтинг-чи, бу сафар аввалги хатони такрорламаслик учун нималарга аҳамият беришимиз керак?

— Биринчи ҳомила агар йирик бўлса, бола ва она саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Шунинг учун ҳозирги кунда перинатологлар ҳомиланинг қийналмаслиги учун кесарча кесишни тавсия қилишади. Туғуруқ чўзилиб кетиб, бола қийналиб туғилса, унинг бош миясида қон айланиши бузилиб, анча вақтгача ўзига келиши қийин бўлади. Ҳатто, бош миянинг ички қон босими ошиб кетишига ҳам олиб келиши мумкин. Она ва болага бўладиган хатарни олдиндан билиб, туғуруқни тўғри олиб бориш зарур.

Ҳомила вазнининг меъёридан ошиб кетишига бўлажак онанинг истеъмол қилаётган таомлари, турмуш тарзи катта таъсир кўрсатади. Енгил ҳазм бўлувчи, қуввати юқори шоколад, музқаймоқ, турли газли ичимликлар ҳомиланинг ортиқча катталашишига олиб келади. Улар жигарда тез парчаланиб, ёққа айланади. Қарабсизки, ортиқча вазн пайдо бўлади. Аксинча, ҳомиланинг тўғри ривожланиши учун кўпроқ оқсил моддаси керак. У гўшт, тухум, пишлоқ, дуккакли маҳсулотларда кўп. Гуруч, картошка, хамир овқатлар таркибида углеводлар кўп бўлгани учун камроқ истеъмол қилган маъқул. Ҳўл мева, сабзавотлар жуда фойдали. Аввалги хатони такрорламаслик учун енгил ҳаракатлар ҳам тавсия этилади. Ҳомиладор  ҳолатидан келиб чиқиб, вақтида дам олиши, тоза ҳавода сайр қилиши керак. Тузи пастроқ овқатлар тановул қилган маъқул.

Нозима НОДИРОВА, Ғазалкент шаҳри

Ҳомиладорликни режалаштиришда нималарга аҳамият бериш керак? Аёл ва эркак қандай зарурий кўриклардан ўтиши зарур? Фарзандлар орасидаги ёш тафовути меъёри қанча бўлиши мақсадга мувофиқ? Агар бу фарқ кўпроқ муддатни ташкил этса, туғуруқ жараёнида муаммоларни келтириб чиқармайдими?

— Бутун дуёнда ҳомилага катта тайёргарлик кўриб, режалаштирилади. Аввало, ижтимоий шароит: уй-жой борми ёки йўқми? Эртага бу чақалоқ қаерга келади? Ижарада, иситиш тизими ишламайдиган уйда, аёлнинг ёрдамчиси бўлмаса, онаси вақтида дам ололмаса, боланинг саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатишини инобатга олиш зарур. Аввало, оила бутун бўлиши керак. Фарзанд тўла-тўкис оилада, яхши еб-ичиб, таълим олиб вояга етиши керак.

Тиббий кўрик масаласида эса барча тор мутахассислардан ўтиш керак. Камқонлик, қоннинг суюқлиги, эндокрин касалликлар — буқоқ ёки қандли диабет касалликларига текширтириш керак. Аёл билан бирга эркак киши ҳам тиббий кўрикдан ўтиши зарур. Фарзандлар орасидаги ёш тафовути камида уч йил бўлиши тавсия этилади. Баъзида узоқ бўлиб кетса-чи, деган саволлар туғилади. Туғуруқ меъёрида кечиши мумкин. Тафовут ҳисобига эмас, ёши ҳисобига турли асоратлар бўлиши мумкин. Туғиш ёшини асосан, 20-35 ёш оралиғида режалаштирган маъқул.

Одина МУСАЕВА, Чилонзор тумани

Ҳомиладорлик вақтида турли витамин воситаларини қабул қилиш нечоғли муҳим. Баъзан оилавий поли­клиника берадиган шундай витаминлар бўлажак онанинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатган ҳолатларга ҳам гувоҳ бўлганман. Аслида шифокор бу каби дори воситаларини онанинг ҳолати ва саломатлигидан келиб чиқиб тавсия этиши керак эмасми?

— Худди шундай, инсоннинг соғлиғи, ёши, нечанчи туғуруқлиги, ижтимоий шароитидан келиб чиқиб тавсия этиш керак. Лекин ҳомиладорлик физиологик жараён бўлиб, соғлом аёлда кечадиган бўлса, унга ҳеч нарса шарт эмас. Чунки у соғлом. Фақат кузатув олиб бориш, қонидаги гемоглобин миқдори камайиб кетса, жигарнинг сурункали касалликлари бўлиб, ошқозон-ичагидаги касалликлар сабаб, истеъмол қилган овқати ҳазм бўлмасагина тавсия этиш мумкин. Айтганингиздек, ҳар битта витамин сунъий нарса. Уни жигарда парчалаш ортиқча юклама дегани. Шунинг учун инсон соғ бўлса, витаминлар шарт эмас. Овқатланиш, ҳаракат ва дам олиш меъёрида бўлса, фаслларга қараб кийинса, шунинг ўзи кифоя.  

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА

ёзиб олди.




Ўхшаш мақолалар

Бепуштликнинг давоси бор

Бепуштликнинг давоси бор

🕔12:38, 05.07.2018 ✔50

«Оила шифокори»га йўллаган саволларингиз жавоби.

Батафсил
Фарзанд жинсини режалаштириш мумкинми?

Фарзанд жинсини режалаштириш мумкинми?

🕔10:08, 21.06.2018 ✔60

«Оила шифокори»га йўллаган саволларингиз жавоби.

Лойиҳанинг навбатдаги меҳмони — Тошкент шаҳар 8-сон туғуруқ комплекси бош шифокори, олий тоифали акушер-гинеколог Камолиддин ­Низомиддинов. Шифокор мухлисларни қизиқтирган саволларга жавоб беради.  

Батафсил
ХУСУСИЙ КЛИНИКАЛАРДА  ҚАНДАЙ ОПЕРАЦИЯЛАР МУМКИН эмас?

ХУСУСИЙ КЛИНИКАЛАРДА ҚАНДАЙ ОПЕРАЦИЯЛАР МУМКИН эмас?

🕔12:46, 30.03.2018 ✔247

«Оила шифокори»га йўллаган саволларингиз жавоби 

Айрим турдаги қон таҳлилининг натижасини билиш учун баъзи ҳолларда хусусий клиникаларга боришга тўғри келади. Албатта, улар беморларга тезкор, сифатли хизмат кўрсатади. Бироқ бундай клиникалар хизматидан ҳамма ҳам фойдалана олмайди. Сабаби, уларда нарх-наво юқори…

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Бепуштликнинг давоси бор

    Бепуштликнинг давоси бор

    «Оила шифокори»га йўллаган саволларингиз жавоби.

    ✔ 50    🕔 12:38, 05.07.2018
  • Фарзанд жинсини режалаштириш мумкинми?

    Фарзанд жинсини режалаштириш мумкинми?

    «Оила шифокори»га йўллаган саволларингиз жавоби.

    Лойиҳанинг навбатдаги меҳмони — Тошкент шаҳар 8-сон туғуруқ комплекси бош шифокори, олий тоифали акушер-гинеколог Камолиддин ­Низомиддинов. Шифокор мухлисларни қизиқтирган саволларга жавоб беради.  

    ✔ 60    🕔 10:08, 21.06.2018
  • ХУСУСИЙ КЛИНИКАЛАРДА  ҚАНДАЙ ОПЕРАЦИЯЛАР МУМКИН эмас?

    ХУСУСИЙ КЛИНИКАЛАРДА ҚАНДАЙ ОПЕРАЦИЯЛАР МУМКИН эмас?

    «Оила шифокори»га йўллаган саволларингиз жавоби 

    Айрим турдаги қон таҳлилининг натижасини билиш учун баъзи ҳолларда хусусий клиникаларга боришга тўғри келади. Албатта, улар беморларга тезкор, сифатли хизмат кўрсатади. Бироқ бундай клиникалар хизматидан ҳамма ҳам фойдалана олмайди. Сабаби, уларда нарх-наво юқори…

    ✔ 247    🕔 12:46, 30.03.2018
  • «КАТАРАКТА»ГА САБАБ БЎЛАДИГАН ИШ

    «КАТАРАКТА»ГА САБАБ БЎЛАДИГАН ИШ

    Катаракта ва бошқа кўз касалликлари ҳақида муштарийлардан келган саволларга Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси маркази директорининг Даволаш ишлари бўйича муовини тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали шифокор ­Ваҳид ­РОЗУКУЛОВ жавоб берди.

    ✔ 1085    🕔 12:15, 27.07.2017
  • ОВҚАТДАН ЗАҲАРЛАНИШ АЛОМАТИ ҚАНДАЙ?

    ОВҚАТДАН ЗАҲАРЛАНИШ АЛОМАТИ ҚАНДАЙ?

    Юқумли ва хавфли касалликларнинг олдини олиш борасида муштарийлардан келган саволларга Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази бош врачи Баҳром АЛМАТОВ жавоб берди.

    ✔ 1134    🕔 10:53, 16.02.2017
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар