Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ҲЕЧ КИМ ЎЗ-ЎЗИДАН ГИЁҲВАНД БЎЛИБ ҚОЛМАЙДИ

Гиёҳвандлик балоси ёнига энди заҳарвандлик ҳам қўшилдими?

Бармоққа кирган кичик зирапча ҳам бутун танани зирқиратади. Маълум муддат ситам чекасиз. Ана шу биргина зирапчанинг азоби шунча бўлса, инсон баданига кираётган заҳарнинг қанчалик салбий таъсир кўрсатиши ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Айниқса, ҳалокатга етакловчи гиёҳвандлик балоси инсоният тақдиридаги энг катта қора доғдир. Афсуски, бугун ёшларимиз орасида гиёҳвандликнинг оғир асоратларидан азият чекаётганлар ҳам йўқ эмас. Бу офатдан сақланиш, кириб қолганларга қандай ёрдам кўрсатиш ҳақида Тошкент шаҳар наркология диспансери олий тоифали шифокори, психотерапевт ва нарколог Абдужамшид ПЎЛАТОВ қуйидаги тавсияларини беради. 

— Ҳеч ким ўз-ўзидан гиёҳванд бўлиб қолмайди, — дейди шифокор. — Бунинг асосли ва етарлича сабаблари мавжуд. Биринчи навбатда, оиладаги муҳит катта аҳамиятга эга. Ота-онаси тўғри тарбиялаган, муаммолар гирдобидан чиқиб кета оладиган ёшлар орасида бу дарддан азият чекадиганлар сони жуда кам. Беморларнинг асосий қисмини гиёҳвандликка мойиллиги бўлган шахслар билан кўпроқ мулоқот қиладиган, яқинларининг эътибори ва меҳридан четда қолган, ўйин-кулги билан енгил ҳаёт кечиришга ўрганиб қолганлар ташкил этади. Кўпчиликнинг бу йўлга билиб-билмай кириб қолишига ўз моддий манфаатни кўзлаган шахслар сабабчи бўлади.     

Фикрлашдан тўхтатиб,  одамийликдан чиқаради

Гиёҳванд моддани бир марта истеъмол қилган одамнинг руҳиятида унга мойиллик пайдо бўла бошлайди. Қарабсизки, ўз-ўзидан шундай гуруҳлар орасига қўшилиб қолади. Шу жараёнда гиёҳванд моддага қизиқиш уйғонади. Енгил-елпи ҳаёт, кайф-сафога берилиш, қандай вазиятга тушиб қолганини тўлақонли идрок эта олмаслик, муаммолардан қочишга уриниш кучаяди. Оғу эса, биринчи навбатда инсоннинг руҳиятига зарба бериб, секин-аста уни  ўзгартиради. Аниқроғи, онгни бузади. Гиёҳванд фойда билан зарарнинг фарқига бормай қолади. Фикрлашдан тўхтаб, инсонийлигини йўқотади. Ундаги жавобгарлик ҳисси бора-бора ўтмаслашади. Агар бирор жойда таҳсил олса, ўқишга нисбатан лоқайдлик пайдо бўлади. Энг ачинарлиси, ота-онасига ҳурматсизлик кўрсатишгача боради. Гиёҳванд модда уни истеъмол қилаётган кишини бутунлай бошқа одамга айлантиради. 

Дард устига дард

Инсон танасига кирган ҳар қандай заҳарли модда унинг қайсидир аъзосига салбий таъсир кўрсатади, албатта. Кучли заҳарлаш хусусиятига эга гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши вақт ўтиши билан ўзининг нохуш оқибатини намоён қила бошлайди. Руҳият ва онгдаги ўзгаришлар билан бирга ҳар хил хасталиклар юзага келади. Гиёҳвандлар орасида иммун тизимининг сусайиб кетиши, оғир жигар хасталиклари, айниқса, гепатит, ҳатто, ОИТСга чалинганлар жуда кўп.

Заҳарвандлик ортиб бормоқда

Бугунги кунда юртимизда гиёҳвандликка қарши олиб борилаётган кескин курашлар самараси ўлароқ, бу дарддан азият чекаётганлар сони сезиларли камайган. Аммо масаланинг дилни хира қиладиган яна бир жиҳати шундаки, унинг ўрнини заҳарвандлик, деб аталадиган бошқа дард эгалламоқда. Бунда ҳам айрим хасталикларда фақатгина шифокор назорати билан ичиш мумкин бўлган дори воситаларини қабул қилишдан маълум вақтгача карахтлик юз беради. Афсуски, бу моддаларнинг ҳам салбий таъсири гиёҳвандликнидан қолишмайди. Улар ҳам инсон танасини зарарлаб, онгини ишдан чиқаради. Гиёҳванлик ёки заҳарвандлик йўлига кириб қолаётганларнинг 70-75 фоизини 15-16 ёшдан 30-35 ёшгача бўлганлар ташкил этмоқда. Улар энди катта ҳаётга қадам қўйганда, дуч келган арзимасгина муаммолардан ҳам фожиа ясаб, тезроқ қутулиш йўлини излайди. Таҳликада ўзига йўл қидираётган ёшлар эса, хоҳлаб-хоҳламай кимнингдир манфаатлари қурбонига айланиб қолмоқда.   

Даволашда энг муҳими — ички хоҳиш

Кимнингдир адашиб бу кўчага кириб қолиши ҳаётнинг якуний нуқтаси эмас, албатта. Шундай вақтда ҳам офатдан халос бўлиш имконини топиш мумкин. Гиёҳвандликни даволашда унинг даражаларидан келиб чиқиш зарур. Бу ишга қанча эрта киришилса, самараси шунча ижобий бўлади. Агар инсонинг ўзида ички интилиш кучли бўлса, даволашнинг биринчи босқичи 25-30 кун давом этади. Шундан кейин бемор уч йил давомида психологлар кўрсатмасига риоя қилиб, соғлом турмуш тарзини давом эттирса, соғайган ҳисобланади.

Мажбурий даволанадиганлар билан ишлаш эса, анча мураккаб кечади. Аввалига улар билан гаплашиб, касалликка қарши курашишга хоҳиш уйғотишга ҳаракат қилиб кўрамиз. Бу уриниш натижа бермаса, бемор 6-9 ой давомида ёпиқ муассасада даволанади.

Фарзандингизга дардкаш бўлинг

Англаганингиздек, гиёҳвандлик жуда оғир дард. Уни даволашдан кўра, олдини олган маъқул экани кундек равшан. Бу ишни, аввало, оиладан бошлаш зарур. Ота-она доим фарзанди билан ҳамфикр бўлиши, муаммоларига ечим топишга ёрдам бериши, йўл-йўриқ кўрсатиши лозим. Шундагина энди катта ҳаётга қадам қўяётган ўсмир ўзига кўчадан дардкаш қидириб, кимларнингдир алдови қурбонига айланмайди. Фарзандининг атрофидаги дўстлари ким экани, қизиқишларини назардан четда қодирмаслик жуда муҳим. Агар тарбия тўғри йўлга қўйилса, ҳеч қандай муаммо юзага келмайди.

Баъзан ота-оналар фарзандининг ўзини тутиши, унинг руҳиятидаги ўзгаришларга эътиборсиз бўлади. Бу энг катта хато. Шундай вақтда оилавий поликлиника шифокорига ёки психологга мурожаат қилиш зарур. Агар болани бирор хасталик қийнаётган бўлса, уни ўз вақтида даволаш имкони туғилади. Гиёҳвандлик кўчасига билмай кириб қолган бўлса, уни бу офатга бутунлай қарам, қул бўлиб қолмасидан қутқариш чораларини кўриш лозим.

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА

ёзиб олди. 

 




Ўхшаш мақолалар

Нон нархи ошди. Буни мутасаддилар қандай изоҳлайди?

Нон нархи ошди. Буни мутасаддилар қандай изоҳлайди?

🕔11:49, 20.09.2018 ✔31

Нон нархи нега бирданига салкам икки баробарга қимматлашиб кетди? Бунинг асл сабаби нимада? Xs.uz онлайн нашри бу саволларга  мутасаддиларнинг фикрини ўрганди.

Батафсил
«Ечим рапорти» ёки муаммо қолиб журналистдан кир ахтариш тўғрими?

«Ечим рапорти» ёки муаммо қолиб журналистдан кир ахтариш тўғрими?

🕔11:48, 20.09.2018 ✔23

Мақоладан сўнг ёрдамга муҳтож оила тақдирида ўзгариш бўлдими?

Батафсил
Танқиддан сўнг Сирдарёда нима ўзгармоқда?

Танқиддан сўнг Сирдарёда нима ўзгармоқда?

🕔11:48, 20.09.2018 ✔29

Газетамизнинг 2018 йил 12 июлдаги 28-сонида чоп этилган «Шифокорга муҳтож поликлиникалар» сарлавҳали мақолада Сирдарё вилоятидаги оилавий поликлиникалар хусусида сўз юритилган эди. Ушбу мақола юзасидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги муносабат билдирди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар