Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

«Танқид қилганмиз, аммо душманликни ўйламаганмиз...»

Таниқли журналист қамоқхонадаги икки соатлик суҳбат ҳақида гапириб берди.

«Танқид қилганмиз, аммо душманликни ўйламаганмиз...»

«Ижод, жумладан, ёза билиш инсонни барча ҳақиқатлардан устунликка олиб чиқа олади. Фақат шунга эриша билмоқ керак. У нақадар тотли ва машаққатли вазифа. Камдан-кам одамга насиб этувчи бахт, омад…»

Истеъдодли ёзувчи ва тажрибали журналист Хуршид ­Дўстмуҳаммад ўзи айтган ана шу — камдан-кам одамга насиб этувчи бахтга эриша олган инсон.  

— Узоқ йиллар давомида журналистика соҳасида ишладингиз, талабаларга дарс бердингиз, журналист кадрлар тайёрлаш ишига ҳисса қўшдингиз. Айтинг-чи, сизнинг назарингизда малакали журналист бўлиш учун энг муҳим омиллар нималардан иборат?

— Малакали журналист ким? У қандай хусусиятлари ёки фазилатлари билан бошқа беҳисоб ҳамкасбларидан ажралиб турмоғи зарур? Ушбу саволларнинг ўзига тугал жавоб бериш қийин. Ҳаракат қилиб кўрайлик-чи...

Журналистика, биринчи навбатда, дунёқараш! Инсон ­дунёқарашининг кенглиги, диди, савияси, маданияти, тажрибаси билан бошқалардан ажралиб туради. Худди шу хусусиятлар журналист учун ниҳоятда зарур. Ахир, у қанчадан-қанча одамларга қарата сўз айтяпти! Нима ҳақида, қайси мавзуда ва қай тарзда айтмоқда ўша сўзни — шуниси муҳим. Қолаверса, журналистика — сўз санъати, маҳорати ҳамдир. Ҳар бир сўзнинг илоҳий қудрати, жозибаси, сеҳри бор. Шуларни қанчалар ҳис этмоқда муаллиф? Аввало, ўзи ҳис этсин, сўнг унинг ўзгаларга таъсир этиш даражасини кузатсин. Чунки сўзлардан гап, гаплардан муайян мақола (материал), мақоладан кайфият туғилади. Шундай экан, яна ўзимизга савол берайлик: ёзган мақолам кимнингдир кайфиятини ўзгартира олдимикан? Дунёқарашига мисқолча бўлсин янгилик қўшдимикан? Шу сингари саволларга ҳар бир қалам аҳли мардларча жавоб топмоғи шарт.

Яна бир масала бор. Соҳамиз ниҳоятда ўзгарувчан характерга эга. Истаймизми-йўқми, у кундалик воқелик ва ҳукмрон мафкура билан боғлиқ. Шундан келиб чиқиб журналистиканинг шаънига таъна-маломат тошлари отилади. Нима қилмоқ керак? Ниҳоятда жиддий савол: ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришларга журналист ва журналистика қандайига мослашмоғи зарур?

Ҳар қандай ҳолатда ҳам журналистика касб сифатида қолади, журналист эса инсон ва ўзига хос тафаккур эгаси сифатида қолади.

Мухтасар қилиб айтганда, бундай ҳолатда ички маданият, зукколик ва фуқаролик, зиёлилик салоҳияти ҳал қилади барини. Ахир, журналист шахс бўлмоғи керак. Дуч келган мақомга йўрғалаш эса шахс салоҳиятига етмаганини билдиради! Бу борада адолат, ҳақиқат туйғуси энг маъқул мезон бўлиб қолади. Шундан келиб чиқиб айтаман: ботини тоза, имони бутун журналист ҳар қандай шароит, мафкура ва янгиланишлар муҳитида ўзлигини йўқотмаслиги, мавқеини туширмаслиги зарур.

— Бир неча эътиборли нашрларда муҳаррирлик қилган бўлсангиз-да, «Ҳуррият»да ишлаган даврингиз матбуотимизга ўзгача бир «об-ҳаво» олиб кирди. Газета сизнинг раҳбарлигингизда нашр этилган йиллари кўпчиликнинг ҳақли эътирофига сазовор бўлди. Бу, албатта, катта меҳнатлар эвазига бўлгани, шубҳасиз. Бундай муваффақиятнинг сабаблари нима бўлган эди?   

— «Ҳуррият» жони-дилимиз эди! Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни қайтадан туғилгандек бўлар эдик. Фақат таҳририят ходимлари учунгина эмас, муаллифлар, газетхонлар учун қандайдир бир янгилик бўларди-да! Бунинг биринчи сабаби — газетамиз ўша пайтда цензура аралашувисиз чиқарди (Кейинчалик ўша цензура — ЎзЛИТ деган ташкилот фаолиятига бутунлай барҳам берилди). Биронта саҳифасини газета чоп этилгунига қадар цензура ходимлари ўқиган эмас. Шиоримиз битта — бошқа газеталар чиқара олмаган мақолани олиб келинглар, бизда чиқади, дер эдик. Кейин неча марталаб цензурадаги «акахон»лар бошини сараклатиб, лабини қимтиб «Фалон мақола чиқиб кетибди-я!» деганлари эсимда.

Қаҳрамонлик қилганмиз демоқчи эмасман, балки ҳар қандай мавзуда ётиғи билан ёзиш имконияти мавжудлигини асослашга ҳаракат қилганмиз. Энг «қалтис» идораларни, нозик масъул шахсларни қаламга олаверардик. Осмон узилиб тушмаган, жамиятга душманликни ўйламаганмиз. Тўғри, цензурадан қудратлироқ ижодкор биродарларимиз танбеҳларини эшитишга тўғри келган. Тушунтириш хатлари ёзишга анча қўлим келиб қолганди. Лекин кўнглим тўқ, юзим ёруғ эди, чунки ниятимиз тоза эди. Зиммамдаги вазифалар қалашиб ётар, материалларни сўнгги дақиқада кўздан кечирар эдим. Муаллифнинг меҳнати қадрли эди мен учун. Жамоамизда ажойиб ижодий муҳит шаклланган эди. Газетанинг бир сонида лоақал икки-учта теша тегмаган гапни ўтказсак, бошимиз осмонга етарди.

«Ҳуррият» матбуот сўзига тоқат қилиш, бағрикенглик муҳитини яратиш, арзимаган танқид ёки таҳлил айюҳаннос кўтаришга арзимайди, деган кайфиятни шакллантиришга баҳоли қудрат хизмат килган.

— Яқинда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилди. У соҳа олдида турган қайси муаммоларга алоҳида эътибор қаратиши керак деб ҳисоблайсиз?  

— Бу университетнинг ташкил топиши чинакам маънода катта воқеа, катта имконият. Университет фармон ва қарорда белгилаб қўйилган вазифаларни бажаради, албатта. Шу билан бирга, ўзининг пухта концепциясини ишлаб чиқмоғи даркор. Йўли-йўналишини белгилаб олмоғи муҳим. Нима демоқчиман? Университет мамлакатимиз журналистика ва оммавий коммуникация оламининг марказига айланмоғи зарур. Биз яшаб турган аср — оммавий коммуникация асри. Шу қадар бемисл ва адоқсиз жараёнлар кечмоқдаки, бу жараён қаҳрамонлари — кадрларини тайёрлаш, соҳанинг илмини яратиш университетимиз зиммасида бўлади, деб ўйлайман.

Матбуот, журналистика, ­оммавий коммуникация соҳасидаги илмий салоҳиятимиз ниҳоятда ғариб аҳволда. Қарашлар тор ва саёз, умумлашма хулосалар йўқ даражада. Университет мана шу каби муаммоларни илмий-фундаментал миқёсларда ўрганиш объектига айлантирмоғи мақсадга мувофиқ.

— Журналист бўлиш бадиий ижодга халақит беради, деган гапга муносабатингиз қандай?

— Бадиий ижодга ҳеч нарса халал бермайди. Чунки ёзувчи қанча ҳаётий тажриба тўпласа, шунча кам. Журналистика эса ҳаётий тажрибанинг кони. Албатта, бу икки соҳа алоҳида дунё. Уларни аралаштириб юбормаслик керак. Публицистик тафаккур билан бадиий тафаккур сеҳри, жозибасини ҳис қила билган ижодкор истаган «уммон»да эмин-эркин қулоч отаверади.

— Журналистика соҳасидаги фаолиятингиздан қанчалик кўнгли­нгиз тўлади? Қайси публицистик асарларингизни ўз вақтида ёзилган салмоқли асар дея оласиз?

— Ижоддан кўнгил тўлмайди-да, сира! Шуниси нашъа қилади. Шуниси тинимсиз изланишга ундайди. Мақтанчоқликка йўймасангиз, мумкин кадар қўл учида ёзмаганман. Табиатан ўзимни журналист эмас, публицист деб ҳисоблайман. Барча жанрларни кадрлайман, лекин таҳлилий мақола, эссега ошуфтароқман. «Салмоқли» деган таърифга лойиқ мақолаларим кўп, фақат уларни номма-ном санаш ноқулай. Муҳими, кундалик «об-ҳаво»дан, эврилишлардан қатъи назар, уларни ҳали-ҳануз кўнглим тўлиб ўқийман.

— «Ёш куч»да ишлаётганингизда бир аёл (Гулсум) қисматига бефарқ бўлмасдан, унинг жазо муддатини қисқартириш ҳамда кейинги тақдири ҳақида қайғуриб, қамоқхонагача бориб суҳбатлашган экансиз. Ўшанда сиз учун нима муҳимроқ эди: журналист сифатида яхши материал тайёрлашми ёки ёзувчи сифатида зўр бадиий асар яратиш?

— «Ёш куч» журналида соф журналистика билан машғул бўлганмиз. Тасаввур қилинг, биргина мақола, журналхоннинг битта мактуби воқеага айланарди. Кунига юзлаб хат-хабар олардик. Устозимиз Худойберди ака Тўхтабоев журналхондан келадиган хатга алоҳида эътибор қаратишимизни талаб қилар эдилар. Сиз эслаётган Гулсум исмли аёл билан боғлиқ воқеанинг тарихи алоҳида мақолага арзийди. Қисқача айтганда, бир шикоят изидан Яккабоққа бордим, бир оила аҳволини ўргандим, юз берган фожиани ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари ёрдамида таҳлил қилдик. Битта мақола билан иш битмади, номуси поймол қилинган синглиси учун қасос оламан деб, ўн икки яшар бегуноҳ қизчани ўлдириб қўйган Гулсум маҳкума эди. Бош муҳаррир хати билан жазони ижро этиш муассасаси раҳбари олдига кириб бордим. Матбуотга эътиборни қаранг, таҳририят хатига муносабатни кўринг, ярим соат ўтар-ўтмай ўн икки йиллик жазо муддатини ўтаётган қотил аёл билан юзма-юз суҳбатлашишга имкон яратилди! Икки соатлар «гурунглашдик».

Икки оила бошига тушган қонли фожиа менга жуда оғир ботди. Яккабоққа яна бордим, яна воқеа тафсилотларини ўргандим. Фожианинг туб сабаби... миллий чекланганликда, умумжаҳолатда деган хулосага келдим. Кетма-кет навбатдаги мақола билан «Соф ўзбекча қотиллик» деб номланган қисса ёздим. Яширмайман, қиссани ёзишда Агата Кристининг «Соф инглизча қотиллик» ва Маркеснинг «Ошкора қотиллик қиссаси» асарига тақлидан иш тутдим. Унинг асосида телевидениеда уч қисмли видеофильм суратга олинди. Номи «Жаҳолат». Кейинчалик Собир Назармуҳамедов «Чаёнгул» фильмини яратди.

Айтдим-ку, таассуротлар алоҳида ёзишга арзийди. Бу ўринда муҳими, матбуотнинг, матбуот ва журналист сўзининг жамиятда нақадар салмоғи катталиги ҳақида бормоқда. Кези келганда айтай, мен шахс, оила, миллат ва жамият муаммоларини яхлит жараён сифатида таҳлил этилиши тарафдори эдим, мақолаларни ҳам шу аспектда ёзишга интилардим.

— «Ижод — кўнгил мунавварлиги» деб таъриф бергансиз. Ҳаётда оддий деҳқон, ҳунарманд, савдогар, ўқитувчи бўлиб юрган кўнгли мунаввар инсонлар ҳам кўп-ку, лекин уларнинг аксарияти ижод қилмайди. Бу ҳақда нима дейсиз?

— Бир пайтлар «Меҳнат эстетикаси» мавзуи билан махсус шуғуллангандим. Меҳнат — тирикчилик манбаи экани тўғри, лекин унинг нафосатини ҳис этиб яшашдан улуғроқ саодат йўқ. Касбдан қатъи назар, унинг завқи, сурури, шукуҳи бўлади. Буларни ҳис этиб, ўз меҳнатидан маънавий баҳра олишнинг замирида кўнгил мунавварлиги ётади. Деҳқонми, ҳунармандми, ўқитувчи ё шифокорми — қатъи назар, барча меҳнатда ижод бор, ижод бор экан, кўнгил мунаввар деяверинг!

— Журналист бўлишни кўзлаган ёшларга нималарни тавсия қиласиз?  

— Журналист бўлишни кўзлаган ёш ука-сингилларимиз битта ўтинчимни ёдда сақлашларини истардим: журналистика — улуғ касб! Тенги йўқ касб! Сиз уни қадрланг, ҳеч қачон кам бўлмайсиз! Юзингиз ёруғ, дилингиз равшан, ғурурингиз осмон бўлиб яшайсиз!

Қисқа маълумот:

Суҳбатдошимиз журналист, ёзувчи ва олим Хуршид Дўстмуҳаммад «Фан ва турмуш» журнали, «Қишлоқ ҳақиқати» газетасида ишлаган. «Ёш куч» журналида бўлим муҳаррири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир, «Ўзбекистон матбуоти» журналида бош муҳаррир бўлган.  Филология фанлари доктори.

«Ҳовли этагидаги уй», «Паноҳ», «Оромкурси», «Сўроқ», «Соф ўзбекча қотиллик», «Маҳзуна», «Ибн Муғанний», «Ёлғизим — Сиз», «Кўз қорачиғидаги уй», «Жажман», «Ҳижроним мингдир менинг», «Бозор», «Ҳамид Аъламовнинг айтолмаган гаплари», «Журналист бўлмоқчимисиз?», «Озод изтироб қувончлари», «Журналистнинг касб одоби муаммолари» каби асарлари чоп этилган.

 

Ғуломжон БОБОЖОНОВ

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Гулчеҳра Иброҳимбекова:  «Бегона баҳор»ни бошимдан ўтказганман»

Гулчеҳра Иброҳимбекова: «Бегона баҳор»ни бошимдан ўтказганман»

🕔16:57, 18.10.2018 ✔105

Саҳнага чиқиб, ўйнаётган роли — қаҳрамонига нисбатан томошабин қалбида меҳр ё нафрат уйғота олиш санъаткор истеъдодидан дарак беради.

Батафсил
Маънавият — мавҳум тушунча эмас

Маънавият — мавҳум тушунча эмас

🕔11:51, 30.08.2018 ✔204

Одам бўлиш ва одамдек яшашнинг оддий қоидаларини тушуниш шунчалик мураккабми ёки ўзимиз мураккаблаштиряпмизми?..

Батафсил
«Қўрқоқлик – буюк куч!»

«Қўрқоқлик – буюк куч!»

🕔11:37, 09.08.2018 ✔226

Таниқли драматург Шароф Бошбековнинг қаҳрамонлари жилмайиб туриб, ўз фожиаси ҳақида сўзлайди. Камчиликлари, қусурларини яшира олмайдиган содда-гўл персонажлари тақдирига кулиб эмас, ачиниб қараймиз.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Гулчеҳра Иброҳимбекова:  «Бегона баҳор»ни бошимдан ўтказганман»

    Гулчеҳра Иброҳимбекова: «Бегона баҳор»ни бошимдан ўтказганман»

    Саҳнага чиқиб, ўйнаётган роли — қаҳрамонига нисбатан томошабин қалбида меҳр ё нафрат уйғота олиш санъаткор истеъдодидан дарак беради.

    ✔ 105    🕔 16:57, 18.10.2018
  • Маънавият — мавҳум тушунча эмас

    Маънавият — мавҳум тушунча эмас

    Одам бўлиш ва одамдек яшашнинг оддий қоидаларини тушуниш шунчалик мураккабми ёки ўзимиз мураккаблаштиряпмизми?..

    ✔ 204    🕔 11:51, 30.08.2018
  • «Қўрқоқлик – буюк куч!»

    «Қўрқоқлик – буюк куч!»

    Таниқли драматург Шароф Бошбековнинг қаҳрамонлари жилмайиб туриб, ўз фожиаси ҳақида сўзлайди. Камчиликлари, қусурларини яшира олмайдиган содда-гўл персонажлари тақдирига кулиб эмас, ачиниб қараймиз.

    ✔ 226    🕔 11:37, 09.08.2018
  • Нутқнинг кўринмас қудрати

    Нутқнинг кўринмас қудрати

    Моҳир сўз устаси Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ таҳририятимиз меҳмони бўлди. У билан нутқ ва нотиқлик борасида суҳбатлашдик.

    ✔ 256    🕔 12:04, 02.08.2018
  • «Актёр таниқли эмас, севимли бўлиши керак»

    «Актёр таниқли эмас, севимли бўлиши керак»

    Cамимий, оддий ва камтар актриса Наргиза АБДУЛЛАЕВА — омади чопган санъаткорлардан. «Чархпалак», «Бегона баҳор», «Жийда гули», «Ўткинчи бахт» сингари фильмлардаги роллари орқали халқимиз кўнглига чуқур кириб борган актриса ҳаётда ҳам инсоний фазилатлари билан ҳурмат-эҳтиромга лойиқ эканини кўпчилик яхши билади. Икки оғиз суҳбатини олган киши борки, ундаги самимиятга маҳлиё бўлади-қолади...

    ✔ 296    🕔 10:37, 12.07.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар