Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

«Энди уйма-уй юриб кулдирамиз»

«Одамлар, эҳтиёт бўлинглар, мен сизларни севар эдим...»

«Энди уйма-уй юриб кулдирамиз»

Ҳар куни эрталаб ҳар кимнинг қиладиган одатий юмушлари бор. Бадантарбия, ҳовлида ишлаш, мол-ҳолга қараш, мусиқа тинглаш, нонушта тайёрлаш, фарзандларни боғча, мактабга кузатиш, ишга кетишга алоҳида тайёргарлик...  Бизнинг ҳар тонгда қиладиган иш-равишимиз шу ва шу каби тадориклар.

Баъзилар ҳар кунни кундалик матбуот нашрларини кузатиш билан бошлайди. Шу орқали бошланаётган куннинг энг муҳим ва долзарб воқеа-ҳодисаларидан бохабар бўлади. Энг асосийси, янгиликлар ва ўша воқеалар чамбарагида ўзининг ўрни, иштироки ва мустақил позициясини белгилаб олади. Кун давомида шунга уйғун ҳолда фаолият юритади. Ҳар бир куни шу зайлда кечадиган одам учун матбуот ижтимоий ҳаёти ва умрининг энг асосий таянч нуқталаридан бири.

Дунёда бир неча миллион ададда чоп этиладиган газеталар бор. Табиийки, уларнинг ўқувчилари мазкур ададдан камида уч-тўрт баробар кўп. Бундай нашрларнинг инсониятга етказадиган ўта муҳим ва аҳамиятли маълумотлари борлиги учун ҳам улар бир неча ўн йиллар давомида мунтазам равишда қўлма-қўл бўлиб ўқиляпти.

Одамларнинг матбуотга муносабати қай даражада бўлса, матбуотнинг кишилар ҳаётига таъсири ҳам шунчалик бўлиши ҳақидаги фикрда жон бор. Матбуотдан халқ ниманидир кутса, талаб қилса, матбуот ҳам ана ўша мезон асосида ишлай бошлайди. Лекин айрим бир ҳолатлар борки, улар бугунги матбуотнинг залвору савиясини ўзига мослаштириб олади.            

Газетага ким муштоқ?

Газетани жуда интиқ кутадиганлар бор. Улар ҳатто таҳририят билан доимий боғланиб, газетанинг шу сони соат нечада босмахонага берилиши-ю, босиш учун қанча муддат кетишигача қизиқишади. Газетани қўлга олишни интиқиб кутишади. Тўғри, улар газетанинг ҳар бир сонини шундай қарши олади, деёлмаймиз. Сабаби, кўпчиликка маълум. Улар фақат ўзларининг мақоласи чоп этилаётган сонни шундай кутишади. Бошқалари қизиқарли эмас. Бундайлар учун газетага мақола бериш нуфуз, обрў, мажбурият тусини олиб улгурди. Шунинг учун ҳам «шу ойда фалон мавзуда мақола чиқаришим керак», ёки «бирор мақолага фамилиямни қўйиб юборинглар», каби «илтимос»лар матбуотнинг кундалик ҳаётига айланаёзди. Аслида ҳар бир соҳа фаолиятидаги ижтимоий аҳамиятга эга энг муҳим жиҳатларни кенг тарғиб-ташвиқ қилиш, оммага етказиш каби эътиборли ва шарафли вазифа негадир биқиқ ва тор шахсий ғаразлар панасида қолиб кетаётгандай.

Ачинарлиси, бугун бундай савдо ҳар бир нашрнинг бошида бор. Айрим муаллифлар матбуот орқали айтадиган бирон эътиборли гапи йўқлигини билишса-да, бояги ғаразлар учун матбуот майдонидан бир энли жой сўраб, таҳририятма-таҳририят чопишдан толмайди. Улар орасида ўзини салкам даҳо ҳисоблайдиганлари бор.

Яқинда таҳририятимизга худди шундай қўлёзмалардан бир дастаси келди. Сабр-бардош билан ўқиб чиқдик. Пичоққа илинадиган ҳеч нарса тополмагач,  ўқишга кетган вақтимизга ачиндик, холос. Улардан бирида ўқитувчиларга лақаблар қўйиш, уларни мазаҳ қилиб устидан кулиш, шаънига номуносиб гаплар айтиш ва шуни матбуот орқали кенг ёйиш кўзланган. Бутун жамиятимизда устоз-мураббийларимизнинг қадри ва қаддини кўтариш учун салмоқли ҳаракатлар қилинаётган бир пайтда асоссиз гаплар билан уларни ёмонотлиқ қилиш жоизмикан?..

Муаллифнинг эса, даъвоси жуда катта. Шу пайтгача бирон таҳририятдан мақоласи қайтмаган эмиш, чунки ёмон ёзиш қўлидан келмас эмиш. Яна муаллифнинг «агар шу мақолани чоп қилмасангиз, ундай қиламан, бундай қиламан...» деган қатъий буйруқ-кўрсатмаси, дўқ-пўписаси ҳам бор.

Бугун матбуотимизда бундай ҳолатлар кўп кузатилаётир. Айрим таҳририятлар бундай муаллифларга «душман кўриниб» уларнинг фиғонини фалакка чиқарса, баъзилари сал муроса қилиб, «ноёб» муаллифларнинг ҳам раъйини ерда қолдирмасликка ҳаракат қилишяпти. Халққа етказилиши зарур бўлган, одамларга ҳақиқий хушхабар ё огоҳлик бўладиган материаллардан кўра, ҳисобот ё ном чиқариш учун берилаётган нарсалар кўпаяётгани матбуотимизнинг савияси ва даражасига таъсир ўтказмай қолмайди. Ижодкорлар ичида ана шундай «даҳо»ларнинг кўпайиши эса, «Кичкина табиб» фильмида тилга олинганидек, «кунимиз кинначиларга қолаётганидан» далолат.

Ўқиб бериш хизмати

Яқинда бир воқеа бўлди. Олис ҳудудлардан бирига бориб, бир ташкилотнинг фаолиятини таҳлилий ўргандик. Жамоатчилик учун муҳим жиҳатларини бир мақолада жамлаб, газетада эълон қилдик. Бу ҳақдаги хабарни ўша ташкилотга етказдик. Улар одатдагидек «газетани қаердан олсак бўлади?» деган саволни беришди. Газета тарқатиш ва сотиш билан шуғулланадиган махсус тизимлар борлигини тушунтиргунча анча овора бўлишга тўғри келди. Уларнинг жавоби янаям қизиқроқ бўлди: «эшитмаган эканмиз». Шундай бўлгач, газета тарқатиш билан шуғулланадиган ташкилотни топиб, ундан керакли нашрни сотиб олишнинг уддасидан чиқолмаслиги аниқ эди. Шундан сўнг газетани таҳририятдан почта орқали уларга жўнатишга тўғри келди. Биласиз, бундай ҳолларда баъзан эшовидан тушови қимматга тушади. Қолаверса, етиб бориши учун ҳам бир неча кун вақт керак. Ниҳоят, жўнатмамиз манзилга эсон-омон етиб борибди. Кейин яна қўнғироқ қилишди. Миннатдорлик билдириш учунмикан, деб ўйлагандик, адашибмиз. «Бу газетада биз ҳақимиздаги мақола чиқмабди-ку?..»

Моҳир сўз устаси Ҳожибой Тожибоев инсонларнинг муносабати ҳақида гапира туриб, «энди уйма-уй юриб кулдирамиз, шекилли...» деган эди. Шунга ўхшаб, биз ҳам ўқувчининг қўлига газета олиб бориб берганимиз етмаганидай,  энди ҳар бир уйга бориб, ўқиб ҳам беришимиз керакка ўхшайди. «Ҳурматли жаноб, мана бу ерда ёзилган исм-фамилия сизга тегишли, агар паспортингизни очиб, солиштириб кўрсангиз, газетадаги исм-шариф сизники эканига амин бўласиз», дегандай...

Матбуотга эътиборимиз шунақа бўлгандан кейин яна нимани кутиш мумкин? Бугун газеталар ҳақиқатни ёзмайди, дея иддао қилиш қанчалик ўринли?            

Эшак ва  самолёт пойгаси

Босма нашрлар ҳақида гап кетса, ёзда ёққан қорни кўргандай ажабланиб қарайдиганлар бор. «Дунёнинг бир бурчагидан иккинчисига ҳар дақиқада минглаб ахборот яшин тезлигида етказилаётган бир пайтда босма нашрга кун қолибдими», деб фикр юритади улар. Газета улар учун Даққиюнусдан қолган антиқа нарса. Компьютер, интернет, мобиль телефон каби воситалар газетага ҳожат қолдираётгани йўқ, деб ҳисоблашади. Шу ўринда тескари бир қарашга дуч келамиз: Япониянинг «Тонгги қуёш» газетаси шу бугун ҳам саккиз миллион ададда ҳар куни нашр этилиб турибди. Нима, уларда биздагидай компьютер, интернет, мобиль телефон йўқлиги учун шундаймикан?.. Табиийки, ундай эмас. Уларда бизникидан фарқли равишда босма нашрларни тезкор ва инновацион тарзда тарқатиш, ўқувчига қулай тарзда етказиб бериш ишлари намунали даражада йўлга қўйилган. Уйқудан уйғониши билан эшигига ўрнатилган махсус қутичадан кундалик нашрларни олиб, бемалол танишиб чиқиш имкони бор. Биз эса, самолётлар пойгасида эшак билан қатнашмоқчи бўлган кишидек, ибтидоий усулда газета-журнал тарқатиш билан бандмиз. Ҳафтада бир марта чиқадиган газетанинг ўқувчига етиб боришига ҳам яна сал кам бир ҳафта вақт кетса, бунақа «тезкорлик» ўқувчини қониқтирмаслиги табиий. 

Бугун кўп жойларда гулдор қоғозларга ўралган сақич, ширинлик, рангли сув сотадиган автомат-киосклар ишлаб турибди. Одамлар бундай антиқа «сотувчисиз дўкон»дан қизиқишга бўлса-да, нарса харид қиладиган бўлишди. Янгилик барибир янгилик-да, инсоннинг қизиқишини янаям орттиради. Бундай қизиқишимиз боиси бўлган ушбу тизим фақат моддиятимиз учунгина эмас, ақлий-маънавий эҳтиёжларимиз учун ҳам хизмат қилса, нур устига нур бўлмасмиди?.. Ичига газета-журналлар тахланган ана шундай инфо-киосклар аҳолига қулай бўлган, одамлар гавжум жойларга ўрнатиб қўйилса, халқ учун сақичу ширинликдан кўра фойдалироқ эмасми? Одамлар кўзи билан кўрган нарсага (ҳатто у унчалик зарур бўлмаса ҳам) харидор бўлишади. Матбуот эса бизнинг кундалик заруратимизга айланиши керак.

Журналистнинг аъмоли

«Одамлар, эҳтиёт бўлинглар, мен сизларни севар эдим...»

Бу гапни умрини халққа ахборот етказишга сарфлаган, қувонч ва қайғусини инсоният бахту ташвишида кўра билган ва атиги қирқ йил умр кўрган бўлса-да, салмоқли ижод қила олган журналист айтган. Шу биргина жумла оммавий ахборот воситаларига оид фаолиятнинг туб негизини яққол кўрсатиб беради, дейиш мумкин. Инсондаги юзлаб эҳтиёж-манфаатлардан қатъи назар инсониятга бўлган ҳурмат-эҳтиром ва эътибор ҳаётда ҳамиша устивор бўла олсагина оммавий ахборот воситалари ўз вазифасини янада ҳаққоний бажара олади.       

 

Соҳибназар ТУРДИАЛИЕВ




Ўхшаш мақолалар

Қалбни ўлдирувчи хасталик

Қалбни ўлдирувчи хасталик

🕔11:03, 19.07.2018 ✔19

Бундайлар энг яқин кишисининг ҳам терисини шилиб олишни кўзлайди.

Батафсил
Эҳсон ҳалол, холис ва исрофсиз бўлиши зарур

Эҳсон ҳалол, холис ва исрофсиз бўлиши зарур

🕔10:41, 12.07.2018 ✔44

Шайх Абдулазиз МАНСУР,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Батафсил
Ота уйига ўт қўйган ким?

Ота уйига ўт қўйган ким?

🕔12:45, 05.07.2018 ✔150

«Айб ўзида, болани бошидан талтайтирмаслик керак эди... Бу эркатой ҳали чўпонни тириклайин гўрга тиқади».

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар