Аниқ саволга аниқ жавоб      Бош саҳифа

Сув танқислигида қандай чоралар кўрилмоқда?

Мамлакатимиздаги оқар сувларнинг 85 фоизи қўшни мамлакатлар ҳудудида шаклланади.

Сув танқислигида қандай чоралар кўрилмоқда?

Барча соҳаларда бўлгани каби қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ва кўзланган ҳосилни олишда оқар сувнинг ўрни беқиёс. Ҳозир юртимизда сув танқислиги кузатиляпти. Хўш, бу ҳолат узоқ давом этадими? Вазиятдан чиқиш чоралари борми? Умуман, бу борада қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

— Аслида илгарилари ҳам сув танқислиги кузатилган, — дейди Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Шавкат ҲАМРОЕВ. — Лекин омилкорлик туфайли қийин вазиятдан чиқиб кетилган. Чиндан ҳам, сўнгги йилларда сувга бўлган талаб ортяпти. Бунга аҳоли сонининг кўпайиши ҳамда экинлардан кўпроқ ҳосил олиш билан боғлиқ омиллар сабаб. Суғориш тармоқларини, насос станцияларини модернизация қилиш мақсадида давлат бюджетидан катта миқдорда маблағ ажратилмоқда. Қўшни давлатлар билан алоқанинг яхши йўлга ­қўйилгани туфайли ҳозирга келиб етарли миқдорда сув олиб турилибди. Суғорма деҳқончилик қилинадиган 4,3 миллион гектар майдонда ҳосил етиштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун обиҳаёт жуда зарур. Шу боис сув танқислигини имкон қадар тақсимотда адолат тамойилларига амал қилиб, бартараф этишга ҳаракат қилинмоқда. Яқинда сув хўжалиги тизимини ислоҳ қилиш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Сув танқислигининг тез-тез кузатилаётганига сабаб нима деб ўйлайсиз?

— XXI аср бошларига қадар кам сувли мавсум ҳар 6-8 йилда кузатилган бўлса, бу ҳозирда икки бараварга тезлашиб, ҳар 3-4 йилда такрорланмоқда. Қолаверса, сув танқислиги фақат бизнинг юртда эмас, балки бутун сайёрамизда кузатилаётган экологик муаммолардан биридир. Аслида бу иқлим ўзгариши, сувга бўлган талабнинг ошиши, унинг манбалари тобора камайиб кетаётгани билан боғлиқ. Мамлакатимизда бугун сув хўжалиги объектларини ишлатиш ҳамда уларни бошқаришда фаолият олиб бораётган 43 минг нафар ходим кунни тунга улаб иш олиб бормоқда.

Тизим учун зарур ускуна ва жиҳозлар ўзимизда ишлаб чиқариляптими?

— Бундан беш-олти йил олдин жиҳозлар хориждан катта валюта эвазига келтириларди. Энди бунга барҳам берилган. Бугун сифати хорижникидан кам бўлмаган сув насоси, ҳовуз-тиндиргич, ўғитловчи мослама, қувур ҳамда шланглар, хуллас, керакли жиҳозларнинг барчаси ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда. Ҳозирги шароит сувни тежайдиган технологияларни жадаллик билан жорий этишни тақозо этади. Биргина жорий йилнинг ўзида 15 минг гектарда томчилатиб, 12 минг гектарда эгатга плёнка тўшаб, 36 минг 350 гектарда кўчма эгилувчан қувурлар орқали суғориш йўлга қўйилмоқда. Натижада, экинлар етарли миқдорда сув билан таъминланиб, каттагина обиҳаёт тежаляпти. Илгари бир гектар суғориладиган майдонга деҳқончилик қилиш учун 18 минг куб метр сув сарфланган бўлса, бугун бу кўрсаткич 10,5 минг куб метрга етди.

— Сув танқислиги сезилаётган жорий йилда пахтадан ташқари, яна қандай экинларни кўпроқ экиш кўзда тутилган?

 — Жорий йилда қарийб 100 минг гектар пахта майдонлари қисқартирилди. Бу ерлардан то шу кунга қадар фақат 15 центнерга етар-етмас ҳосил олиб келинган. Бундай кам ҳосил олинганда маҳсулот жуда қимматга тушади. Ўша 100 минг гектар ерга сабзавот, дуккакли, полиз, озуқа ва мойли экинлар экилди. Бугун уларнинг ривожи яхши. Шунингдек, ғалладан бўшайдиган 680 минг гектар майдонга ҳам озиқ-овқат экинлари экиш режалаштирилган. Масалан, бу йил шоли экиладиган майдонлар 162 минг гектардан 94 минг гектарга камайтирилди. Хоразмлик фермерларга Сирдарё вилоятидан 7,5 минг гектар, қорақалпоғистонлик фермерларга эса, Жиззах вилояти ҳудудидан 5,5 минг гектар сувли ер майдони ажратиб берилди. Мазкур минтақаларда сув муаммоси йўқ. Мош ва ловия сингари сувни кам талаб қиладиган ўсимликларни экиш чоралари кўриляпти. Сув танқислиги, асосан, Қашқадарё, Самарқанд, Бухоро, Навоий вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида кузатиляпти.

— Келгусида мамлакатимизда қандай сув омборлари қурилади?

— Маълумки, сув омборларининг вазифаси катта. Улар қиш ойларида сувни бир жойга тўплаб, баҳор ва ёз ойларида экинларни меъёрида суғоришда жуда қўл келади. Бугун мамлакатимизда ана шу вазифани уддалаб келаётган сув омборлари ишлаб турибди. Яқин йилларда яна 20 та сел сувларини тўплаш ва деҳқончиликда фойдаланиш мақсадида сув омборлари бунёд этилади. Бундан иккита мақсад кўзда тутилган. Бундай сув омборлари сув танқислигини юмшатиш билан бирга, турли табиий офатларнинг олдини олади.

— Истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун соҳага чет эл инвестициялари ҳам жалб этиляптими?

— Албатта. Кейинги ўн йил давомида тизимга умумий қиймати қарийб 1,5 миллиард АҚШ долларига тенг инвестиция маблағи йўналтирилди. Хоразм вилоятидаги «Тошсоқа тизимини реконструкция қилиш» Ислом тараққиёт банки, «Аму-Бухоро» машина каналини реконструкция қилиш Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, Жаҳон банки иштирокида «Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш» лойиҳаси ва Ислом тараққиёт банки иштирокида «Сурхондарё вилоятида сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш (Хазарбоғ-Оққапчиғай каналлар тизимини реконструкция қилиш)» лойиҳасини амалга оширишга жадаллик билан киришилди.

 

Улуғбек ЖУМАЕВ

ёзиб олди.




Ўхшаш мақолалар

Энг қийин вазиятда — энг осон кўмакчи

Энг қийин вазиятда — энг осон кўмакчи

🕔11:40, 20.09.2018 ✔24

Ходим иш вақтида жароҳатланди. Шундай ҳолатда суғурта ташкилотига умид қилса бўладими?

Батафсил
«Гувоҳномада муҳр бўлмаса, чипта ол...»

«Гувоҳномада муҳр бўлмаса, чипта ол...»

🕔11:39, 20.09.2018 ✔21

Олий ўқув юртларида турли сабабларга кўра сентябрь ойида талабаларга талабалик гувоҳномасига муҳр уриб бериш кечикади. ​​​​​​​

Батафсил
«Гувоҳномада муҳр бўлмаса, чипта ол...»

«Гувоҳномада муҳр бўлмаса, чипта ол...»

🕔11:39, 20.09.2018 ✔21

Олий ўқув юртларида турли сабабларга кўра сентябрь ойида талабаларга талабалик гувоҳномасига муҳр уриб бериш кечикади. ​​​​​​​

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар