Жиноят ва жазо      Бош саҳифа

Суд оқлади, айб олиб ташланди

«Буюртма» асосида жиноятчига айланган одам адолатни қандай тиклади?

Суд оқлади, айб олиб ташланди

У мактаб йилларидаёқ ўз олдига катта мақсад қўйиб, унга етиш учун дадил интилди. Ватан шаънини асраш, одамлар тинчлиги ва осойишталигини сақлашни муқаддас бурч деб билди. Тўғри танланган касб, албатта, инсонни камолга етказиши, шубҳасиз. У ҳам мақсадига эришди: олий ҳарбий билим юртини аъло баҳоларга тамомлаб, Ватан хизматига кирди.

Вақт ўтгани сари тажрибаси ортди, соҳасида катта муваффақиятларга эришиб, раҳбарлик пиллапояларини бирма-бир босиб ўта бошлади. Лекин бу узоққа чўзилмади. Бошида қора булутлар тўпланиб, рахна сола бошлади...

Кейинги пайтларда оммавий ахборот воситаларида турли лавозимда меҳнат қилган, аммо баъзи сабабларга кўра, туҳматга учраб, жиноий жавобгарликка тортилган шахслар ҳақидаги хабарлар тез-тез бериляпти. Бир умр ҳалол меҳнат қилиб, фидойилик кўрсатган инсонлар айрим ғаразли кимсаларнинг қўли билан жиноятчига айланиб қолгани ачинарли ҳол, албатта. 

Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳада қонун устуворлигини таъминлаш, адолатни қарор топтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли ана шундай юртдошларимизнинг — ноҳақ қамалган фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланяпти.

...Гапимиз аввалида айтганимиз — бошига шундай иш тушган фуқаро Адҳам Қорабоев эди. Унга қўшиб, уч нафар ички ишлар ходимига нисбатан 2016 йилнинг кузида Оҳангарон тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 241-моддаси бўйича (жиноятни қасддан яшириш) жиноий иши очилди. 2017 йил 2 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар суди томонидан айбли деб топилиб, ҳукм ўқилди. Адҳам Қорабоев Президентимизнинг 2016 йилдаги амнистия тўғрисидаги тегишли қарорига биноан жазодан озод қилинди. Аммо ундан жиноятчи деган тамға олиб ташланмади.

— 2004 йил Тошкент олий ҳарбий техник билим юртини тамомлаб, устозларимнинг тавсиясига кўра, мазкур билим юртида взвод командири лавозимида иш бошладим, — дейди Адҳам Қорабоев. — 2005 йилдан Тошкент вилояти Янгийўл туман ички ишлар бўлимида турли лавозимларда фаолият юритдим. 2015 йилда Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ички ишлар бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари этиб тайинландим. Ҳаммаси ана шундан сўнг бошланди. Бир йиллик раҳбарлик фаолиятим давомида ҳар хил тўсиқларга учрадим. Ўз манфаати йўлида ҳар нарсага тайёр, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб келган айрим ходимларга қаршилик кўрсатишим натижасида, касбдошларим орасида менга қарши тиш қайрайдиганлар кўпайди.

Кунлардан бир куни қўл остимдаги штаб командири билан қаттиқ тортишиб қолдим. Уни қилмишига яраша жазоладим. Шу бўлди-ю, устимдан хизмат текшируви ўтказилди. Мени раҳбарликка нолойиқ деб топишди. 2016 йил 30 июль куни Тошкент вилояти ички ишлар бошлиғининг буйруғига асосан, нафақага чиқарилдим.

2016 йил сентябрь-октябрь ойларида мени Оҳангарон прокуратурасига чақиришди. Гап шундаки, ишлаб юрган давримда қўл остимдаги уч нафар ички ишлар ходими — Оҳангарон туман ички ишлар бўлимининг катта тезкор вакили Азиз Комилов, жиноят қидирув ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими катта тезкор вакили Хуршид Шониёзов ва Дилмурод Чиннибековга нисбатан жиноят иши қўзғатилган экан. Дастлаб, гувоҳ тариқасида сўроқ қилинишимни айтишди. Кейинчалик худди шу модда билан ўзимга ҳам жиноят иши очилди. Бизга нисбатан жиноий иш қўзғатилишига битта воқеа сабаб бўлган эди.

2016 йил 7 июль кунига ўтар кечаси бир фуқаро Оҳангарон тумани марказий шифохонасига соат тунги учларда ярадор аҳволда мурожаат қилади. Шифокорларга номаълум шахс кўчага чақириб, номаълум жисм билан қорнига санчиб, тан жароҳати етказганини айтади. Навбатчи ҳамшира дарҳол Оҳангарон тумани ички ишлар бўлимига хабар беради. Шу куни навбатчиликда бўлган ходимлар шифохонага зудлик билан етиб боришади. Улар жабрланувчи билан суҳбатлашганда: «Уйда эҳтиётсизлик қилиб йиқилиб тушдим. Ҳеч кимдан шикоятим йўқ», дейди. Унинг бу гапини ички ишлар ходимлари менга қўнғироқ орқали етказишган. Жабрланувчининг бу жавобидан сўнг ички ишлар ходимлари ундан ҳеч кимга шикоятим йўқ, деган тилхат ёздириб, ортига қайтишади. Ҳеч кимга даъвоси бўлмагач, у бахтсиз ҳодиса сифатида талқин қилиниб, жиноятларни рўйхатга олиш китобига киритилмаган. Орадан маълум вақт ўтгач (мен у пайтда нафақага чиқарилган эдим), қандайдир сабабларга кўра, туман прокуратураси уч нафар ички ишлар ходимини чақириб, аризасини олади. Улар аризада ўша пайтда бўлган воқеани батафсил ёзиб беришади. Шу аризага биноан, бизга жиноятни марказлашган ҳисобдан яширган, деган айблов билан жиноят иши қўзғатилади.

Аслида жиноят ҳисобланмайдиган хатти-ҳаракатлар учун тўрт нафар ички ишлар ходими жиноий жавобгарликка тортилиб, жазо тайинланиши оқибатида уларнинг ҳаёти издан чиқди. Энг ачинарлиси, бир умр жиноятга қарши курашиш йўлида жон куйдириб ишлаган бу йигитларнинг оиласи, маҳалласи, яқинлари олдида боши эгилди. Гарчи уларни жиноятчи деб топган бўлса-да, айбсиз эканини ич-ичидан ҳис этиб, бир куни адолат албатта, қарор топишини кутиб, яшашди.

2018 йил 6 апрель куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят Олмалиқ шаҳар суди ўз биносида мазкур ишни қайта кўриб чиқди. Ҳар бир ҳолат синчиклаб ўрганилди, гувоҳлар сўроқ қилинди. Натижада ушбу жиноятни содир этмаганимиз тасдиқланди. Икки ходимга нисбатан олдинги иш жойига тикланиши ва кўрилган моддий зарар тўлаб берилиши хусусида ҳукм чиқарилди.

Ҳа, ҳақиқат эгилиши, букилиши мумкин, лекин синмайди. Баъзан адолат талаблари бузилиши мумкин, бироқ кун келиб, ҳақиқат, албатта, қарор топади.

 

Орифхон НИГМАНОВ,

Жиноят ишлари бўйича

Олмалиқ шаҳар суди раиси




Ўхшаш мақолалар

Баднафслик тузоғи

Баднафслик тузоғи

🕔11:42, 06.09.2018 ✔61

Ўз нафсини Ватан мудофаасидан устун қўйганлар қилмиши.

Батафсил
Кечириляпти, аммо тузалмаяпти. Нега?

Кечириляпти, аммо тузалмаяпти. Нега?

🕔11:41, 06.09.2018 ✔47

Ҳатто аёли ва фарзандини ҳам ўйламайди...

Батафсил
Уйдирмаларни ким айтяптию ким тарқатяпти?

Уйдирмаларни ким айтяптию ким тарқатяпти?

🕔10:57, 24.08.2018 ✔82

Минг бир чиғириқдан ўтказилиб айтилган гап ҳақиқатми?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар