Ёшлар      Бош саҳифа

Ёшлар нега жиноятга қўл урмоқда?

«Эшитдингизми, қўшни маҳалладаги фалончибойнинг арзандаси безори ўртоқлари билан ўзининг уйига ўғирликка тушибди. Отасининг фалон сўм пулини ўмариб, ғойиб бўлганмиш…», «Юқори синф ўқувчилари жанжаллашиб қолиб, бир ўқувчи пичоқ билан икки-уч болага тан жароҳати етказган. Болалардан бири зудлик билан шифохонага ётқизилган. Ҳозирда у жонлантириш бўлимида...»

Ёшлар нега жиноятга қўл урмоқда?

Бу каби совуқ хабарларни гоҳ-гоҳ эшитяпмиз. Катта ҳаёт остонасидаги ёшларимиз қўл ураётган айрим жиноятлар эса этингизни жимирлатади.  Навқирон авлод вакилларининг қинғир қилмишлари камаймаётгани бу мавзуга қайта-қайта мурожаат қилишга, унинг туб илдизларини чуқурроқ ўрганишга ундамоқда.

Вақт ва меҳр танқислиги

Мунаввара ЁҚУББЕКОВА,  филология фанлари доктори:

— Аксарият хонадонлардаги катталарнинг иш ва бошқа кундалик юмушлар билан мунтазам равишда банд бўлиши вояга етаётган ўғил-қизларига ажратилиши лозим бўлган вақтни ўғирлаб қўймоқда. Натижада болаларнинг ижтимоий, маданий, маънавий-ахлоқий мувозанатида салбий ўзгаришлар юз бераётгани кўзга ташланади. Эътибор қилсангиз, айрим ёшларнинг онгу шуурида, хулқ-атворида, маданий-маърифий қадриятларимизга муносабатида бўшлиқ, беписандлик аломатлари сезилади.

Тўғри, тарбиянинг барча учун бирдек белгиланган аниқ рецепти йўқ. Бироқ ҳеч бир китобда ёзилмаган қонун-қоидалар борки, баъзи ота-оналар бундан бехабар. Улар ўзининг ота-оналик масъулияти ва бурчларини фақатгина моддий таъминот билан ўлчайди. Боласини энг қиммат спорт иншоотларига олиб бориши, энг зўр ўқитувчиларни ёллаши мумкин. Бироқ бу билан фарзанд тўлақонли тарбияли ва ўқимишли бўлиб қолмайди. Аввало, унинг маънавияти, одоб-ахлоқи бекаму кўст бўлиши учун оила деб аталмиш қўрғонда соғлом ва барқарор муҳитни таъминлаш, фарзанд тарбияси билан ҳар дақиқа шуғулланиш лозим. Ана шунда боланинг сирдоши ҳам, дўсти ҳам ота-онаси бўлади. У меҳр ва эътиборни ташқаридан изламайди.

Ёшлик — бебошлик эмас

Маҳмуд АШУРОВ,  Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Тайлоқ тумани бўлими етакчиси:

— Ўз тажрибамдан келиб чиққан ҳолда айтаман: ёшлар ўртасида содир этиладиган жиноятларнинг аксарияти билимсизликдан келиб чиқади. Яна бир тоифа ёшлар борки, улар қаровсизлик ёки нафсини тия олмасликдан енгил-елпи ҳаётни кўзлаб, шу йўлга киради. Лекин ҳаммаси ҳам қилган ишининг моҳияти ва оқибатини тўла англаб етмаган ҳолда, жиноятга қўл урган бўлади. Агар уларга қилмишининг жазоси ва келтирадиган зарарини теран тушунтириб, тўғри йўлга солсангиз, улар қайтиб бу қинғир йўлга қадам босмайди.

Айнан шу мавзуга доир бир мисол келтирмоқчиман. Туманимизда ўтган йили тўрт нафар ёш биринчи марта жиноят содир этгани ва ҳақиқатан пушаймонлигини ҳисобга олиб, Ёшлар иттифоқи туманимиз бўлими кафиллиги асосида суд залидан озод этилган эди. Ҳозирги кунда уларнинг барчаси иш билан банд бўлган намунали фаол ёшлар қаторига қўшилган.

Демак, ёшларни тўғри йўлга солиш мумкин. Энг муҳими, уларни ахборотсиз қолдириб бўлмайди. Фойдали, энг аввало, ҳуқуқий маълумот ва ахборотларни мунтазам етказиб туриш лозим. Назаримда, оммавий ахборот воситаларида тарбиянинг ана шу жиҳатига эътиборни янада кучайтириш, телеканалларимизда мафкурамизга хизмат қиладиган, одоб-ахлоқли бўлиш, юксак маънавиятга эришиш, инсоф-диёнатга чорловчи ижтимоий роликларни кўпайтириш лозим. Шунда ёшларимиз онгида жиноят қилишдан тийилиш инстинкти шаклланади.

Бебаҳо онлар —  ёшлик чоғидир

Муҳиба ШУКУРОВА,  ўқитувчи:

— Киши яшаётган муҳит унинг кимлиги, қандайлиги ҳақида яхшигина маълумот беради. Масалан, боланинг қандай муҳитда вояга етаётгани, кимлар билан дўст тутинаётгани ва вақтини нимага сарфлаётганини кузатиб туриб, унинг ички дунёсини билиб олиш мумкин.

Узоқ йиллик фаолиятим давомида кўп кузатганман: негадир, аълочи ўқувчиларимнинг фарзандлари ҳам аълочи, сал дангаса шогирдларимнинг жигаргўшалари ўзларига ўхшаб ишёқмасроқ бўлиб чиқади. Тўғри, бу ирсият билан боғлиқ бўлиши мумкин, аммо мен буни йиллар давомида шаклланган оилавий муҳит таъсири, деб биламан.

Ёшлар жиноятга қўл урмаслиги учун, аввало, ота-оналар ёки болага масъул шахслар тарбияда қаттиқ турмоғи керак. Ота-онанинг дунёқарашида ноқислик сезилар экан, фарзанддан кутилган натижани олиш мушкул. Бир фарзанднинг рисоладагидек вояга етиб, ҳаётда ўз ўрнини топиши нафақат ота-она, балки бутун жамият учун катта манфаатдир.

Умрнинг энг бетимсол, жўшқин ва бебаҳо онлари ёшлик чоғидир. Унда ғайрат ва шижоат, муҳаббат ва жасоратнинг қудратли манбаи бор. Ана шу манбадан нотўғри йўлда, қинғир мақсадларда фойданиш ҳар қандай одам ҳаётини барбод, келажагини зимистон қилиши мумкин. Инсон ёшлигидан ўзини эҳтиёт қилишни, ҳар қайси йўлни тутишдан олдин мулоҳаза юритишни ўрганмоғи керак. Ана шунда ёшлик ўйинқароқлиги деб билган нарсаси бора-бора жиноят кўчасига тортиб кетиши ҳам ҳеч гап эмаслигини англаб етади.

 

Наргиза ЮНУСОВА

ёзиб олди.




Ўхшаш мақолалар

Рус ёшларини нима билан мафтун этдик?

Рус ёшларини нима билан мафтун этдик?

🕔18:55, 01.11.2018 ✔39

Ўзбекистон — Россия ёшлари ҳамкорлигининг янги босқичи бошланди.

Батафсил
Ниҳоят, адолат қарор топди

Ниҳоят, адолат қарор топди

🕔17:45, 11.10.2018 ✔85

Телефон ва «шпаргалка»дан фойдаланмай, тўртинчи йили талаба бўлдим.

Батафсил
Аскар суд залидан  озод этилди

Аскар суд залидан озод этилди

🕔17:44, 11.10.2018 ✔83

Беш йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо бекор қилинди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар