Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Ота уйига ўт қўйган ким?

«Айб ўзида, болани бошидан талтайтирмаслик керак эди... Бу эркатой ҳали чўпонни тириклайин гўрга тиқади».

Ота уйига ўт қўйган ким?

Қишлоғимизда кимки жажжи ўғил-қизини меъёридан мўлроқ суйиб, эркалаб гапирса ё еру кўкка ишонмай авайлаб-пийпаласа, катталар дарров танбеҳ берарди: «Болани кўп талтайтирма!»

Жиддий эътибор бермаган эканман: нега шундай? Ахир, одам дегани боласини яхши кўрса, эркаласа, ота-оналик меҳрини берса, нимаси ёмон?

Энди ўйласам, жигарбандига меҳр кўрсатиш ва эркалаш ҳам меъёридан ошиб кетса, ундан ёмони йўқ экан.

Қайсидир йили қишлоғимизда бир совуқ хабар яшин тезлигида тарқалди. Эмишки, умр бўйи одамлар чорвасини боқиб, чўпонлик ортидан умргузаронлик қилган бир бобонинг мўйлови сабза уриб қолган кенжаси ўз бўйнига сиртмоқ солибди.

Кейинроқ тафсилотини билдик: чол пешин маҳали даладан қайтган мол-ҳолдан хабар олгани оғилхонага кирса, тўсинга бир нима осилиб турган эмиш. Хира тортган кўзини ишқалаб яхшилаб қараса, кенжаси...

Бобой дод солиб, жон ҳолатда уни оёғидан кўтарибди. Қараса, «мурда» енгилгина, пўла эмиш. Не кўз билан кўрсинки, кенжаси ўз кийим-боши ичига сомон тиқиб, шишириб, болорга осиб қўйибди. Бўлари бўлган чўпон ўғилларини йиғиб, кенжани ўртага олибди.

Кенжатой — эрка бўлиб ўсган, тантиқ бола эди. Ундан айрилиб қолишдан қўрқиб кетган отанинг сўров-қистовига жавобан бир оғизгина жавоб қайтарибди: «Тунов куни янги костюм-шим олиб бермадингиз-ку?!. Тўйга кийиб бормоқчи эдим...»

Ҳалиям эсимда, ўшанда бу хабарни эшитган киши борки, бири кулса, иккинчиси чўпонни айблаган эди: «Айб ўзида, болани бошидан талтайтирмаслик керак эди... Бу эркатой ҳали чўпонни тириклайин гўрга тиқади».

Қишлоқда бундай гаплар осонликча унут бўлиб кетмайди. Ўша воқеа бошқа айрим нохушликларга ҳам хамиртуруш вазифасини бажарганини айтиш аянчли, албатта...

Глобал қичқириқ

Халқимизда хўроз ҳамма жойда бир хил қичқиради, деган мақол бор. Афсуски, бу ўзбекона ибора таг-замиридаги ҳақиқат аллақачон юртимиз сарҳадларидан ташқарига чиқиб, глобал аҳамият касб этгандай, гўё.

Яқинда хориж сайтларида ҳам, ўзимизнинг ижтимоий тармоқларда ҳам бир таажжубли хабар тарқалди: Индонезияда — Шарқий Ява провинциясининг Понорого округидаги Жамбон туманида 16 ёшли ўсмир бола ўз уйини ёқиб юборибди.

Хабарни ўқиб, дарров «Лўлидан ботир чиқса…» деган мақол хаёлимга келди ва ҳодиса тафсилотига қизиқдим. Воқеа сабабини билгач, ёқамни ушладим: во дариғ! Ўсмир ота-онаси янги телефон олиб бермагани учун ўз уйига ўт қўйиб, кулга айлантирибди-я!

Бечора ота тантиқ ўғлининг истагини зудлик билан бажара олмагач, биратўла Рамазон ҳайити байрамида телефон совға қилишини айтган. Бундан жаҳли чиққан ўғил эса, узоқ кутишни хоҳламай, уйни култепага айлантирган.

Хабарда ёзилишича, бу йигитча аввалроқ ҳам ота-онаси унга мотоцикл олиб беришдан бош тортганида уларни ўлдириш билан таҳдид қилган экан...

Ёмонликни яхшиликка айлантиради

Юқорида баён қилинган ҳар икки ачинарли ҳолат ҳам латифа эмас, бўлган воқеа.

Иккиси ҳам бир-бирига ҳамоҳанг тарзда кечган: индонезиялик ота ҳам худди ҳамқишлоғим чўпон бобога ўхшайди, элликни қоралаган фермер. Эрка болалар ҳам ўхшаш: бири отасининг молига, иккинчиси эса жонига қасд этган. Бироқ моҳияти ўзгармаган: иккиси ҳам арзимаган матоҳ учун отага қарши исён қилган.

Хўш, яккам-дуккам бўлса-да, учраб турадиган бундай хунук воқеалар нима учун юз беради ўзи? Фарзандлар ношудлиги, калтабинлиги, жоҳиллигига нималар сабаб бўлади? 

Назаримда, бундай қилмишлар фақат ва фақат оиладаги тарбия «маҳсули», болани ҳаддан зиёд эркалатиш, раъйига қараш, оғзидан чиққан истагини бир зумда муҳайё қилиш туфайли содир бўлади. Ота-она бунда, эҳтимол, «боламга яхши бўлсин, кўнгли ўксимасин», деган ниятда ғамхўрлик қилар. Бироқ ўйлагани амалга ошаверган, бунга ўрганиб қолган боланинг кўнгли ўртанмасдан қолмайди барибир. Кун келиб, у вояга етади. Албатта, бўй-бастига яраша унинг талаб ва истаклари ҳам улғайиб боради. Ота-она эса, бориб-бориб кучдан қолади. У маҳалгача, эҳ-ҳе, ҳар кимнинг ҳам давлату даромади бир зайлда қолавермайди-ку. Ана ўшанда тантиқ фарзандларнинг юқоридагидек қилғилиқлари бўй кўрсатиб қолса борми, жабрини фақат ота-онанинг ўзи тортармикан?..

Аслида фарзандни аввал-бошданоқ сабр-қаноатга ўргатмаса, кейин жуда қийин, дейди ёши улуғларимиз. Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний ёзади: «Сабр шундай бир кучли нарсадурки, шаҳватни иффатга, ғазабни шижоатга, шиддатни ҳилмга, катталикни тавозуъга, ёмонликни яхшиликға айлантирмакға қуввати етар».

Дарҳақиқат, эртасини ўйлаган одам тарбиянинг ана шу қиррасини маҳкам тутади. Яъни, зурриёдининг уст-бошини эмас, ички оламини безаш, чўнтагини тўлдириш эмас, ақлини пешлаш, ҳою ҳавасини эмас, онгини ўстириш ҳақида қайғуради. Ана шунда боласи улғайгач, борингки, қўли калта бўлиб қолган ота раъйини қайтарса ҳам сабр-қаноат қилади. Абдулла Авлоний айтганидек, ўша чоғда боланинг тантиқлик ғазаби ўзи меҳнат қилиб эришишдек шижоатга, қасд қилишдек шиддати мулоҳазакорликдек ҳилмга, бошини сиртмоққа солиш ёки уйга ўт қўйишдек ёмонлиги ота-онанинг соғлиғини ўйлаш, оилага кулфат келтирмасликдек яхшиликка айланади. Жоҳиллик эса ақл-фаросатга дўнади.

Албатта, сиртдан кузатиб туриб, ҳаммамиз ҳам ана шундай хулоса қилгимиз келади. Шундай экан, оилада фарзанд тарбиясида эътибордан четда қолган арзимас жиҳат ҳам келгусида фожиали оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ёддан чиқариб бўлмайди.

Ҳар қандай инсон ўзидаги барча бойликни, моддий меросни бу ёруғ дунёни тарк этаётганида қолдириб кетади. Аниқроғи, шунга мажбур бўлади. Бироқ тарбия борасида тескари иш қилмоқ зарур. Киши ўзидаги жамики яхши хислатларини ўлими олдидан эмас, зурриёдларининг мурғаклигидан тенг тақсим этиб бориши лозим.

Ана шунда бўйи чўзилиб, улар воя етса-да, бир парча матоҳ учун ота уйига ўт қўймайди. Падари бузруквори ва волидаси қалбини жароҳатлашга уринмайди...

 

Меҳр МАЛИК




Ўхшаш мақолалар

Уйни бўлишдингиз, ота-онани-чи?

Уйни бўлишдингиз, ота-онани-чи?

🕔11:44, 20.09.2018 ✔23

Кексайганда уларга аслида ким ғамхўрлик қилиши керак?

Батафсил
Кўролмайдиган кимса

Кўролмайдиган кимса

🕔11:43, 20.09.2018 ✔27

Одам ўз ихтиёри билан очиқ кўрликни танлаши мумкинми?

Батафсил
Ахлоқнинг чегараси

Ахлоқнинг чегараси

🕔11:26, 13.09.2018 ✔67

Жамиятни бало-қазодан сақлайдиган буюк посбон нега бедор эмас?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Уйни бўлишдингиз, ота-онани-чи?

    Уйни бўлишдингиз, ота-онани-чи?

    Кексайганда уларга аслида ким ғамхўрлик қилиши керак?

    ✔ 23    🕔 11:44, 20.09.2018
  • Кўролмайдиган кимса

    Кўролмайдиган кимса

    Одам ўз ихтиёри билан очиқ кўрликни танлаши мумкинми?

    ✔ 27    🕔 11:43, 20.09.2018
  • Ахлоқнинг чегараси

    Ахлоқнинг чегараси

    Жамиятни бало-қазодан сақлайдиган буюк посбон нега бедор эмас?

    ✔ 67    🕔 11:26, 13.09.2018
  • Бу заминнинг жозибаси бор

    Бу заминнинг жозибаси бор

    Ақлимни таниганимдан Имом ­Бухорий номини эшитиб катта бўлдим. Олдин катталардан эшитган бўлсам, кейинчалик ўзим турли китобларда бу номни тез-тез учратардим. Бу буюк шахсга меҳрим, ихлосим йилдан-йилга ортиб бораверди.

    ✔ 69    🕔 11:58, 30.08.2018
  • Меҳнатни отам қилди, қадрини бугун топдик

    Меҳнатни отам қилди, қадрини бугун топдик

    Отам косиблик орқасидан рўзғор тебратганлар. Ўн уч жонни косибликнинг оғир меҳнатидан келган уч-тўрт сўм пул билан эплаб туришган.

    ✔ 77    🕔 11:57, 30.08.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар