Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Товуқлар ўлди, аммо... 81 ёшли кампирда не айб?!

Банкдагиларга фарқи йўқ, суғуртачилар четда, агрофирма эса «ўйин»дан аллақачон чиққан...

Товуқлар ўлди, аммо... 81 ёшли кампирда не айб?!

«Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак», деган тамойил кундалик ҳаётимизга татбиқ қилингач, кўплаб соҳаларда самарали ишлар амалга оширилди. Хусусан, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, бандлигини таъминлаш мақсадида банк тизимида ҳам қатор қулайликлар яратилиб, фуқароларга имтиёзли кредитлар ажратилди. Бундай имкониятдан аксарият одамлар фойдаланди. Кимдир кредит маблағи эвазига чорва кўпайтиришни ният қилган бўлса, яна бирови паррандачиликни ривожлантириш ҳаракатига тушди. Айниқса, кўпчилик кредит орқали товуқ боқишни йўлга қўйди. Лекин бир товуққа ҳам дон керак, ҳам сув деганларидек, бу соҳанинг-да ўзига яраша қийинчиликлари борлигини товуқ боқиб, оғзи куйганлар яхши билади.

Республика ишчи гуруҳи ўрганишлар давомида банкдан олинган кредит эвазига паррандачиликни йўлга қўйиш ниятида иш бошлаган ана шундай оилага рўбарў бўлди. Ўрганишлар давомида хонадондаги муаммо анча жиддий экани аниқланди.

Келинг, яхшиси, гапни Қўштепа тумани «Шакар» МФЙда яшовчи Хуршида Тожибоеванинг ўзидан эшитайлик.

Тилла тухум туғадиган товуқ

— Турмуш ўртоғим билан баъзи сабабларга кўра, ажрашдик, — дейди Хуршида Тожибоева. — Икки фарзандим билан ота уйимга қайтиб келдим. Рўзғорга ёрдамлашиш ҳамда икки боламни боқиш мақсадида укам билан бирга 2017 йил 17 апрелда Халқ банки туман филиалидан кредит олдик. Кредит «Файз агро кафолат экспорт» агрофирмасининг ҳисоб рақамига ўтказиб берилди. Агрофирма донасини 33 минг сўмдан ҳисоблаб, 180 та товуқ берди. Аслида бизга ажратилган кредитга 200 товуқ олишимиз керак эди...  Қолган 20 товуқни суғурта тўлови ва йўл хизматига, деб олиб қолишди.

Товуқларни олаётган вақтимизда агрофирма раҳбари Алиёр Ибрагимов паррандалар тўққиз ойлик экани, камида икки йил тухум қўйишига кафолат берган эди. Лекин уч кун давомида 180 та товуқдан 70 та тухум олдик. Шундай бўлса-да, рўзғоримизга секин-аста барака инишини ўйлаб, борига шукр қилаётган эдик. Афсуски, товуқлар тўртинчи кундан бошлаб, 30 та, ўнинчи кунга бориб, бор-йўғи 5 та тухум берди. Бу ҳам етмагандай, дардисарлар ўз-ўзидан бирин-кетин нобуд бўла бошлади. Хунобим ошиб, агрофирмадан бунинг изоҳини сўрасам, улар уялмай-нетмай, барча айбни ўзимизга тўнкади. Эмишки, гўёки биз товуқ боқишни билмаган эмишмиз. Товуқларга «алоҳида эътибор ва ғамхўрлик» кўрсатилмаса, улар тухум қўймас экан. Нобуд бўлишига сабаб эса, жайдари товуқларга берадиган донни бу «ойимтилла» товуқлар емас эмиш. Шу боис улар очлик эълон қилиб, ўлиб қолганмиш. Биз уларга агрофирманинг махсус витамин қўшилган озиқ-овқатларидан беришимиз керак экан. Аттанг, бу ноёб тилла тухум туғадиган товуқ экан, биз буни вақтида англамабмиз-да!?.

Дардимни Халқ банки филиали мутасаддиларига баён қилсам, улар ҳам нима бўлишидан қатъи назар, олинган кредитни ўз вақтида тўлаб қўйишимни айтди. Хуллас, менинг аҳволим ҳеч кимни қизиқтирмади. Аслида Халқ банки менга ажратилган кредитни ўз қўлимга бермай, ўша товламачи агрофирмага ўтказиб бергани учун ҳам мен тараф бўлиши керак эмасми? Ахир, мен товуқларни ўлдириш ниятида бу ишга қўл урмаганман-ку?! Ҳали орадан бир ой ўтмасдан, парранда ўлиб қолса, нега кредит тўлашим керак? Мен уларни фойда қиламан деб олганман, ахир! Устига-устак, товуқлар суғурта қилинган. Агрофирма раҳбари икки йил яшайди ва тухум қўяди, деб кафолат берган. Нега банк ходимлари шуни инобатга олмаяпти?..

Ҳа, охирги пайтларда банк томонидан ажратилаётган кредитлар фуқаронинг ўзига эмас, балки бирор бир фирма ёки корхонанинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилаётгани бежиз эмас экан-да. Бундан балки банк ва фирма эгалари барака топаётгандир, лекин калтак яна келиб, ночор халқнинг бошида синяпти. Рўзғорини обод қилиш мақсадида бир ишни бошласа-ю, уни ҳар томондан «тушириш» пайида бўлишса, бир ишни ҳали тузук-қуруқ эпламасдан пулига куйиб қолаверса, устига-устак, унга ҳеч ким ёрдам бермаса, айтинг, бошини қай деворга уриб ёрсин?

Иштирокисиз иши кўрилди

— Халқ банкининг туман филиали ва агрофирма менга қулоқ солмагач, туман ички ишлар бўлими ходимларига арз қилдим, — дея сўзида давом этади Хуршида Тожибоева. — Афсуски, улар ҳам менга ёрдам беришмади.

Олинган кредитни тўламаётганим учун Халқ банки бизни судга берибди. Буни қарангки, судда ҳам бизга нисбатан адолатсизлик бўлди. Марғилон туман фуқаролик суди ишни 4 июнь куни соат 11:00 га белгилаган экан. Аммо биз бундан кеч хабар топдик. Бизга чақирув қоғози ўша куни соат 14:00 да етиб келди. 5 июнь куни эрталаб, судга етиб борсам, суд бизнинг иштирокимизсиз, бизни эшитмасдан, банкка 6 миллион сўм фоизи билан ундирилиши ҳақида қарор чиқарибди. Судянинг айтишича, айнан кредит масалаларида айбдор томоннинг сўзлари эшитилмасдан туриб ҳам қарор қилаверар экан. Бунга уларнинг тўла қонуний асоси бор эмиш. Адолат истаб, судга борган ва оқибатда айбдорга айланиб қайтган одамнинг аҳволини энди ўзингиз бир тасаввур қилиб кўринг-а.

— Ҳозирги шароитим аввалгисидан ҳам оғирлашиб кетяпти, — дея сўзини давом эттирди Х.Тожибоева. — Катта ўғлимнинг оёғи тўрт йилдан буён ревматизм билан оғрийди. Бу юрагида асорат қолдиряпти. Юрак клапанида сезиларли нуқсони бор 14 ёшли ўғлим 16 ёшгача операция қилинмаса, ҳаёти хавф остида қоларкан. Шифокорлар иккинчи фарзандимнинг ҳам битта буйрагида ўзгариш борлигини айтишди. Уни ҳам даволатишим керак. Биз билан бирга яшайдиган тоғам Ботирали Мирзаев Россияга ишлашга кетиб, у ердан ногирон бўлиб қайтди. Саккиз йил муқаддам аёли вафот этган. Сўққабош тоғамнинг ҳам қарови зиммамизда. Укам ҳам ҳеч қаерда ишламаяпти. Ўзим доимий иш ўрнига эга эмасман. Уйда кундузи чеварчилик қиламан, кечқурун нон ёпиб, бозорга олиб бораман.

...Қаердан ҳам ўша кредитни олган эканман. Ташвишим икки ҳисса ортмаган ва шу кунлар бошимга тушмаган бўлар эди. Энди кредит тўловини қандай қоплайман — бошим қотган. Ахир, товуқлар фойда келтирмай, ўлиб кетди-ку?!

Ҳаётнинг аччиқ синовларидан кўзларига ёш қалққан ва фарзандларининг саломатлигига қайғураётган бу ёлғиз онанинг аҳволи ҳақиқатан ҳам жуда оғир. Лекин ҳеч бир мутасадди ҳозирча бу муштипар инсонга ёрдам беришни хаёлига ҳам келтираётгани йўқ.

Минг афсуски, кредит эвазига товуқ олиб, мана шу аёл аҳволига тушаётганлар кам эмас.

Пул олган ўзга-ю, балога қолган бошқа

 — Қайинакам Абдуҳамид Якубов ва овсиним Зуҳра Якубова ҳам яхши умидлар билан 2017 йил 15 майда Халқ банки филиалидан 3 миллион сўм кредит эвазига «Файз агро кафолат экспорт» агрофирмасидан товуқ олишган эди, — дейди «Файз» маҳалла фуқаролар йиғини Мусаффо кўчаси 135-уйда яшовчи ­Рўзихон Бозорова. — Лекин товуқлар қариб қолган экан. Бир ойча тухум бериб турди. Учинчи ойга ўтгач, товуқлар ўла бошлади.  Қайин­акам 2017 йил 31 июнда кутилмаганда қазо қилди. Овсиним ҳам икки томонлама зарбага бардош бера олмай, 2017 йил 14 октябрда оламдан ўтди.

Ҳозир кредитни 81 ёшга тўлган қайнонам тўлаяпти. 300 минг сўм пенсия олади. Куни кеча июнь ойи учун 184 минг тўлади. Аслида кредитни товуқларни суғурта қилган «Халқ суғурта» компанияси тўлаб бериши керакмасми? Унда суғурта қилишдан мақсад не? Ёки бу ҳам одамларни шилишнинг бир йўлими?

Мен ишламайман. Эрим мардикорчилик қилиб, рўзғорни аранг тебратади. Оилада етти жонмиз. Қайинсинглим ҳам 2-гуруҳ ногирони. Нима учун 81 ёшли қайнонам емаган сомсасига пул тўлаши керак? Буни бизга ким тушунтириб беради? Қани адолат? Нега суғурта компанияси ўз вазифасини бажармаса-да, унга ҳеч қандай қонуний чора кўрилмайди-да, кунини зўрға кўраётган одамларнинг бурни қонатилаверади?

Ҳа, аёлнинг куюнганича бор. Тартибга кўра, бирор бир буюм ёки мавжудот суғурталанган бўлса, келажакда ўша нарса туфайли унинг эгасига зарар етса, кўрилган зарарни суғурта компанияси тўлаб бериши шарт. Шундай экан, товуқлар ўзи ўлиб қолганми ёки қасддан ўлдирилганми — қатъи назар, суғурта компаниясининг ўз масъулиятидан юз буришга асло ҳаққи йўқ.

Ишчи гуруҳи аралашуви билан туман прокуратураси томонидан Рўзихон Бозорованинг манфаатларини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судига суғурта компаниясига нисбатан даъво киритилиши таъминланди.

«Товуқларимиз «ҳалол» эди...»

Мазкур вазият юзасидан «Файз агро кафолат экспорт» МЧЖ компанияси ҳамда туман Халқ банки филиали мутасаддиларидан изоҳ сўрадик. «Файз агро кафолат экспорт» МЧЖ компанияси раҳбари Алиёр Ибрагимовнинг айтишича, товуқлар тарқатилган вақтда соғлом бўлган. Олган одам масъулиятсизлик қилиб, уларга яхши қарамаган. Улар ҳар бир товуқ устида «алоҳида ишлаб», аҳолига «ҳалол ва виждонли», ўз харажатини қоплаб, фойда орттирмагунча ўз эгасига хизмат қилишга тайёр, худди хизматга шай аскардай қилиб сотган. Афсуски, товуқ боқишга уқувсиз аҳоли уларнинг не машаққатлар билан «ҳалол тарбиялаб, вояга етказган» товуқларига бемеҳрларча муносабатда бўлган. Натижада бечора товуқлар ўлиб қолган.

Мутасаддининг жавобидан кўриниб турибдики, товуқларда айб йўқ, ҳамма айб аҳолининг ўзида! Компания раҳбари айтганидек, товуқ боқишга ҳам алоҳида уқув керак-да! А, лаббай?

Халқ банки филиали юристи Камолиддин Исмоиловнинг айтишича эса, кимки банкдан кредит олган бўлса, уни албатта, тўлиқ қайтариши шарт. Товуқларнинг ўлиб қолиши ёки тухум қўймаслиги билан уларнинг бир чақалик иши йўқ. Улар аҳоли тадбиркор бўлсин, дастурхони тўкин-сочин бўлсин, деб интилмоқда экан.

Мутахассисларнинг айтишича, товуқ аслида 125 кунда тухумга киради, 150 кунда эса даромад бера бошлайди. Уни бу ҳолатга олиб келгунча яхшилаб парваришлаш керак. Бугунги кунда тахминан 35 минг сўмга ана шундай даромадбоп ҳолатга келади. Лекин энди тухумга кирган товуқни ҳеч ким 33 минг сўмга бермайди. Бир ёшли товуқ жойи ўзгарса, туғиши қийин кечади. Саккиз хил ем ейди, унинг тўрт хили витаминдан иборат. Одамлар юз-икки юзта товуғи учун саккиз хил емни муҳайё қила олмайди. Кун исиб ёки совиб кетса ҳам товуқ етарли тухум бермайди. Ваҳоланки, аҳолида на тажриба ва на зарур билим бор. Шундай экан, банк кредитни кўр-кўрона ажратишдан олдин унинг қайтарилиш шароитини, аҳолига қанчалик нафи тегишини ўрганиб кўриши керак эмасми?

Ўрганишлар чоғида аксарият оилалар, айниқса, кам таъминланганлар имтиёзли кредитлар асосида олинаётган парранда, чорва молларини боқиш, кўпайтиришда эътибор қаратиладиган жиҳатларни билмаслигига гувоҳ бўлдик.

Хўш, энди савол туғилади: оддий одамнинг саводи йўқдир, бўлган воқеаларни судга айтиб, орани очиқ қилишга борингки, савия-даражаси ҳам етмаган экан, нима учун фуқаролик ишлари бўйича судя жаноблари сайёр суд мажлиси чақириб, вазиятга аниқ ойдинлик киритмаган? Нима, улар бу ишни қилиши учун ҳам юқоридан буйруқ келиши керакми?

Дўппини бошдан олайлик-да, бир ўйлаб кўрайлик. Ўзи иқтисодий жиҳатдан қийналиб, кунини зўрға кўраётган одамларга кредит ажратиб, уни ўз хоҳлаганича ишлатишига қўймай, бирор ферма ёки корхонага бириктириб, касал товуқ ва ўламса чорва молини зўрлаб ўтказиб, аравасини аранг тортаётган фуқароларни баттар қийнаб қўймаяпмизми? Моддий аҳволи оғир, кам таъминланган оилаларнинг аҳволини яхши ният билан кредит бериб, кутилмаганда шароитини янада мураккаблаштирмаяпмизми? Эшикни тақиллатиб, «Кредит олсангиз, барака топасиз», деган банк раҳбарияти товуқ ўлгач, арзу додни эшитмаслик учун қулоғини икки қўли билан маҳкам тўсиб олса, суғурта ташкилоти тайёрига айёр қабилида иш тутса, аҳолининг турмуш даражаси ошадими ёки баттар пастга қулайдими? Агрофирма тузмасдан тўғридан тўғри кредит ажратиб қўйилаверса бўлмасмиди? Улар товуқ бериш билан бирга, аҳолига методик ёрдам кўрсатиши керакмасми?

Назаримизда, иш шу тизимда давом этаверса, бунинг охири вой бўлиши мумкин. Одамлар суғурта компаниясига ҳам, банк тизимига ҳам ишонмай қўяди. Бу, ўз навбатида, давлатдан норозилик кайфиятини уйғотиши ҳеч гап эмас.

 

Лазиз РАҲМАТОВ,

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ




Ўхшаш мақолалар

Сув муаммоси ортидан келаётган дард

Сув муаммоси ортидан келаётган дард

🕔11:08, 19.07.2018 ✔42

Пойтахтнинг шундоқ биқинида тоза ичимлик сувнинг ҳар бир литри фалон сўмдан сотилаётганидан кимнинг хабари бор?

Батафсил
Шифокорга муҳтож поликлиникалар

Шифокорга муҳтож поликлиникалар

🕔10:45, 12.07.2018 ✔43

Поликлиника капитал таъмирга берилгани сабабли аҳоли шийпондан фарқи йўқ бинодан нажот излашга мажбур.

Батафсил
Сурат кимники?

Сурат кимники?

🕔10:45, 12.07.2018 ✔50

Янги паспорт учун суратга тушишнинг ўзига уч кун овора бўлдим. Қаққайганча айтилган нуқтага тикилиб турдим. Бўлди, паспорт тайёр бўлганда, ўзимиз қўнғироқ қиламиз, дейишди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Сув муаммоси ортидан келаётган дард

    Сув муаммоси ортидан келаётган дард

    Пойтахтнинг шундоқ биқинида тоза ичимлик сувнинг ҳар бир литри фалон сўмдан сотилаётганидан кимнинг хабари бор?

    ✔ 42    🕔 11:08, 19.07.2018
  • Шифокорга муҳтож поликлиникалар

    Шифокорга муҳтож поликлиникалар

    Поликлиника капитал таъмирга берилгани сабабли аҳоли шийпондан фарқи йўқ бинодан нажот излашга мажбур.

    ✔ 43    🕔 10:45, 12.07.2018
  • Сурат кимники?

    Сурат кимники?

    Янги паспорт учун суратга тушишнинг ўзига уч кун овора бўлдим. Қаққайганча айтилган нуқтага тикилиб турдим. Бўлди, паспорт тайёр бўлганда, ўзимиз қўнғироқ қиламиз, дейишди.

    ✔ 50    🕔 10:45, 12.07.2018
  • Товуқлар ўлди, аммо... 81 ёшли кампирда не айб?!

    Товуқлар ўлди, аммо... 81 ёшли кампирда не айб?!

    Банкдагиларга фарқи йўқ, суғуртачилар четда, агрофирма эса «ўйин»дан аллақачон чиққан...

    ✔ 118    🕔 12:50, 05.07.2018
  • Сифат, адолат ва шаффофлик

    Сифат, адолат ва шаффофлик

    Таълимнинг бош мезонига айланадиган уч тамойил.

    ✔ 68    🕔 12:42, 05.07.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар