Давр нафаси      Бош саҳифа

Молиялаштириш нега кечиктирилмоқда?

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманидаги иккита қишлоқ «Обод қишлоқ» дастурига киритилиб, қурилиш ва ободонлаштириш ишларига 7 миллиард 173 миллион сўм маблағ ажратилган.

Молиялаштириш нега кечиктирилмоқда?

«Саманбай» овул фуқаролар йиғини Қушферма овули ва «Бақаншақли» овул фуқаролар йиғини Қайшили овулида ушбу дастур асосидаги ишлар режадагидан анча орқада қолмоқда. Бунинг сабаби — молиялаштиришнинг кечикаётганлигида.

«Бақаншақли» овул фуқаролар йиғинидаги 26-умумтаълим мактабининг спорт зали таъмири учун 982 миллион сўм ажратилган. Спорт залининг томи тўлиқ олиб ташланиб, атрофи қайта таъмирга тайёр ҳолга келтириб қўйилган. Лекин қурувчилар кўринмайди. Хўш, спорт зали қачон иш бошлайди? Ахир, ҳадемай янги ўқув йили бошланади-ку?! Бу кетишда спорт зали қурилиши ҳали-бери битмаслиги аниқ.

— Спорт зали қурилиши жуда секин бормоқда. Янги ўқув йили бошланмасдан аввал топширилиши керак эди, — дейди мактаб директори Сапура Узоқова. — Лекин ишлар бу аҳволда. Янги ўқув йилигача ишлар тугалланмайдими, деб қўрқаман.

Нукус тумани ҳокими ўринбосари Марат Узоқбергенов спорт залининг томи учун алоҳида махсус ускуналар тайёрланаётгани, шу ускуна ўрнатилиши билан қолган ишлар тез юришиб кетишини таъкидлади.

Биз спорт зали лойиҳаси билан танишиш истагимиз борлигини билдирдик, афсуски, объектнинг сметаси ҳам, лойиҳаси ҳам ҳозиргача тайёр эмас экан.

Ушбу мактаб биноси қошидаги 140 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасасига айлантирилиши режалаштирилаётган «Гулбоғ» оромгоҳига таъмирлаш ишлари учун 1 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган. Бу ердаги ишлар ҳам кўзни қувонтирмайди. Жорий йил сентябрь ойида топширилиши керак бўлган ушбу объектни молиялаштириш кечиккани сабабли таъмирлаш ишлари энди бошланибди.

Қишлоқ обод бўлиши учун хусусий уй-жойлар ҳам таъмирланиши керак. Лекин қишлоқдаги кўпчилик уйлар ҳануз таъмирталаб. Албатта, бунинг учун маблағ зарур. Қишлоқ аҳолисининг кўпчилигининг молиявий имконияти кўтармайди. Шунинг учун аксарият хонадонлар банкдан олинадиган кредитга умид боғлаган. Бироқ бу масалада ҳам банкда муаммоларга дуч келинмоқда. Сабаби, банк фақат бюджет ташкилотларида ишлайдиганларгагина кредит бера олар экан. Нафақадаги киши ололмайди. Қишлоқда кредит олишга хоҳиш билдираётган аксарият хонадонларда эса фақат нафақадагилар бюджетдан пул олади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашидан олинган маълумотларга кўра, «Обод қишлоқ» дастурига киритилган мазкур қишлоқларнинг қурилиш ва ободонлаштириш ишлари учун 16 миллиард 558 миллион сўм ажратилиши керак эди. Лекин юқорида таъкидланганидек, бу рақам 7 миллиард 173 миллион сўмга тушган. Нукус тумани ҳокими ўринбосари М.Узоқбергеновнинг таъкидлашича, молиялаштириш имконияти шуни тақозо этган.

«Саманбай» ОФЙнинг Қушферма овулига кираверишдаги йўлга тўшалган шағал тошлар устига яқин кунларда бетон қоплама ётқизилиши керак. Аммо маблағ масаласи туфайли бу йилги режадан қолиб кетган.

Ижтимоий объектлардаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари ортга сурилаётганига ягона сабаб — молиялаштириш масаласи кеч ҳал бўлаётганида.

Умуман, туманда ичимлик сув, электр энергияси, газ таъминотини яхшилаш масаласи деярли ҳал бўлган. Қишлоқ аҳолиси илгари ичимлик сувдан қийналиб келган бўлса, эскирган қувурлар янгисига алмаштирилиши одамларнинг мушкулини осон қилди. Яъни, аҳоли турмуши фаровонлашди. Шунингдек, бетартиб тортилган газ қувурлари, сифатсиз электр энергияси таъминоти каби муаммолар ҳам бартараф этилган. Гап энди «Обод қишлоқ» дастури доирасида амалга ошириладиган ишларни тўла ва ўз вақтида молиялаштиришда қоляпти, холос.

 

Е.ҚАНОАТОВ,

ЎзА мухбири




Ўхшаш мақолалар

Барча газ тўлдириш шохобчалари ва газ баллонли машиналар текширувдан ўтказилади

Барча газ тўлдириш шохобчалари ва газ баллонли машиналар текширувдан ўтказилади

🕔11:48, 20.09.2018 ✔21

Республикамизда автотранспорт воситалари ёнилғиси сифатида нисбатан арзон метан ва пропан газидан кўпроқ фойдаланилмоқда.

Батафсил
Ватан равнақи фарзандлар камолига боғлиқ

Ватан равнақи фарзандлар камолига боғлиқ

🕔11:31, 13.09.2018 ✔42

Янги фармонга кўра тизимдаги муаммоларни ҳал этиш нимадан бошланади?

Батафсил
Миср эҳромлари яқинлашмоқда

Миср эҳромлари яқинлашмоқда

🕔11:52, 06.09.2018 ✔69

Ўзбекистоннинг Миср билан алоқалари мустаҳкамланишининг муҳим нуқтаси.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар