Аниқ саволга аниқ жавоб      Бош саҳифа

«Х» вариант», «бункер», «ректор гуруҳлари» бўлмайди...ми?

«Бу йил имтиҳонлар қандай бўларкан?..» «Х» вариант» чиқармикан?..» «Бункер» ишламасмикан?..» «Ректор гуруҳлари» бормикан?..»

«Х» вариант», «бункер», «ректор гуруҳлари» бўлмайди...ми?

Ҳар йили тест имтиҳонлари олдидан абитуриентлар оғзида шу гап айланарди. Бу эса, репетиторга қатнаб, билимини бойитиб, ўз кучи билан ўқишга кирмоқчи бўлган ёшларнинг шаштини пасайтириб, ишончини сўндирарди. Сабаби оддий: минг тайёрланманг, бир олғир абитуриент ўрнингизга ўқишга кириб турган бўларди-да.

Ниҳоят, бугун бунга ҳам ечим топилди. Давлатимиз раҳбарининг бевосита топшириғига биноан, жорий йилдан давлат тест имтиҳонлари бутунлай янгича тизимда ўтказиладиган бўлди. Тест синовлари 1 августдан 15 августгача ўтиши белгиланганидан аксарият абитуриентнинг хабари бор, албатта. Лекин у қай тарзда ўтиши, тартиб-интизом қандай бўлиши, тест синовларида қандай янги қоидалар амал қилиши барчага бирдек қизиқ.

 — Бу йил имтиҳонлар фақат 1 августда эмас, балки 1 августдан 15 августга қадар икки сменада ўтказилади, — дейди Давлат тест марказининг бошқарма бошлиғи Улуғбек НУРАЛИЕВ. — Бир сменада камида 30 минг нафар абитуриент имтиҳондан ўтади. Бир кунда икки смена бўлишини инобатга олсак, кунига 60 минг абитуриент давлат тест синовларида иштирок этади. Натижаси эса, имтиҳоннинг эртаси куни маълум қилинади. Тест саволларининг жавобларини зудлик билан текшириб берадиган иккита махсус ускуна сотиб олинган. Улар бир пайтда ўттиз мингта жавоб варақасини текшира олади. Ундан фойдаланиш бўйича хорижлик мутахассислар ходимларимизга малакавий машғулотлар ўтиб кетишди.

— Ҳудудлар кесими бўйича нима дея оласиз?

— Тошкент шаҳри, Тошкент, Сирдарё вилоятидаги олий ўқув юртларига ҳужжат топширган абитуриентлар имтиҳонларни пойтахтда топширади. Қолган вилоятдагилар эса ўша жойнинг ўзида давлат тест синовларида қатнашади.

— Тест саволларини жойларга жўнатиш ва қабул қилиш жараёни қандай кечади?

— Ўзбекистон ҳаво йўллари ва Давлат фельдегерлик хизмати билан ҳамкорликда тест синовлари материалларини ўз вақтида белгиланган ҳудудларга етказилиши ва олиб келинишини таъминлаш юзасидан режа жадвали ишлаб чиқилиб, тасдиқланган. Демак, тест саволларини жойларга аниқ ва ўз вақтида етказиш борасида ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

— Имтиҳон ўтадиган бинолар қандай талаблар асосида танлаб олинмоқда?

— Тест синовлари ўтказилиши белгиланган бинолар, биринчи навбатда, кўп абитуриентни сиғдира олишига қараб танлаб олинган. Уларни жиҳозлаш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар иш олиб бормоқда. Хусусан, биноларни тест синовларига бекаму кўст ҳозирлаш туман ҳокимликлари зиммасига, уларни видеокузатув қурилмалари билан жиҳозлаш эса, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги зиммасига юклатилган.

Тошкент шаҳрида тўртта ҳудудда тест синовлари бўлиб ўтади. Ҳар бир бинода битта сменада 8 минг 290 нафар абитуриент тест синовларида қатнашади.

— Имтиҳоннинг шаффофлигини таъминлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Имтиҳон бўладиган барча бинога шахсни идентификациялаш воситалари, видеокузатув камералари, ота-оналар кутиш жойларига мониторлар ўрнатилди. Ҳар бир ота-она абитуриентларнинг имтиҳон топшираётганини кузатиб туриши мумкин. Бундан ташқари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва умумий ўрта таълим мактабларининг ўқитувчиларидан жами 8 минг 330 нафари тест синовларининг шаффофлигини таъминлаш учун саралаб олинган. Уларнинг маълумотлар базаси шакллантирилган.

— Демак, «х» вариант», «ректор гуруҳи», «бункер» деган ноҳалол нарсаларга барҳам берилади, шундайми?

— Жорий йилда бу ҳақда умуман гап бўлиши ҳам мумкин эмас. Бугунги саъй-ҳаракатларнинг барчаси, аввало, сиз айтаётган ана шу жараёнларни бартараф этиш ва ҳаққонийликни таъминлаш, олий ўқув юртларига фақат билимли абитуриентларни саралаб олиш мақсадида амалга ошириляпти. Ҳатто, ўн беш кун давомида бўлиб ўтадиган тест синовларидаги саволлар биринчи, иккинчи, учинчи ёки ўнинчи кундагиси билан бир хил бўлмаслиги чораларини ҳам кўрганмиз. Шу боис, баъзи бир абитуриентлар биринчи ёки иккинчи кунда имтиҳонда қатнашган абитуриентлардан саволлар варақасини ёки жавобини билиб оламан, деган хом хаёлга берилиб юрмаслиги керак. Бунинг фойдаси йўқ.

Шу ўринда яна бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Агар бирор бир шахс абитуриентларга бу йилги тест саволларининг жавобини олиб бераман, деб ваъда берган бўлса, бундай шахсларга ишонмаслик лозим. Ёшларимиз осон пул ишлаш илинжида юрган фирибгар кимсаларнинг алдовига чув тушиб қолмасин.

— Абитуриент ўзининг қайси бинода ва қай вақтда имтиҳон топшириши мумкинлигини қандай билади?

— Абитуриентлар Давлат тест маркази сайти орқали ДТМ қоғозидаги махсус рақамини киритган ҳолда, ўзининг қаерда, қачон тест синовларини топшириши ҳақида билиб олиши мумкин.

— Бу йилги имтиҳонларга қанча вақт ажратилади?

— Тест синовларини топшириш давомида 30 та саволга бир соат, 60 та саволга икки соат, 90 та саволга эса уч соат вақт ажратилади. Абитуриентлар тест синовларига фақат паспорт ва имтиҳонга кириш рухсат варақаси билан киритилади. Ҳар бир абитуриентга имтиҳондаги жараёнлар алоҳида тушунтирилмайди. Аксинча, у ўтирадиган столда йўриқнома бўлади ва шу йўриқномада барча маълумот баён этилган. Улар шунга қараб, титул варақасидаги ёки савол варақасидаги бирор камчиликни аниқласа, дарҳол назоратчига хабар беради ва у алмаштирилади.

 

«Оила даврасида» мухбири

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ

ёзиб олди.




Ўхшаш мақолалар

Энг қийин вазиятда — энг осон кўмакчи

Энг қийин вазиятда — энг осон кўмакчи

🕔11:40, 20.09.2018 ✔25

Ходим иш вақтида жароҳатланди. Шундай ҳолатда суғурта ташкилотига умид қилса бўладими?

Батафсил
«Гувоҳномада муҳр бўлмаса, чипта ол...»

«Гувоҳномада муҳр бўлмаса, чипта ол...»

🕔11:39, 20.09.2018 ✔23

Олий ўқув юртларида турли сабабларга кўра сентябрь ойида талабаларга талабалик гувоҳномасига муҳр уриб бериш кечикади. ​​​​​​​

Батафсил
«Гувоҳномада муҳр бўлмаса, чипта ол...»

«Гувоҳномада муҳр бўлмаса, чипта ол...»

🕔11:39, 20.09.2018 ✔23

Олий ўқув юртларида турли сабабларга кўра сентябрь ойида талабаларга талабалик гувоҳномасига муҳр уриб бериш кечикади. ​​​​​​​

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар