Мустаҳкам оила      Бош саҳифа

Ҳар бир оила давлат ҳимоясида

Жамиятимизнинг муҳим бўғинини кафолатлайдиган концепция қабул қилинди.

Ҳар бир оила давлат ҳимоясида

Маҳалламизда бир аёл «Менинг ҳам орзу-ҳавасим бор», дея карнай-сурнайни варанглатиб элга дастурхон ёзди. Тўймисан, дабдабали тўй бўлди ўзиям. Орадан бир ярим йил ўтар-ўтмас келинини гўдаги билан бирга ҳайдаб юборди. Ўзи бош-қош бўлиб, ёш келин-куёвни ажратиб юбораётганда одамлар олдида уялиб қолишни ҳам, эл олдида обрўси тўкилишини ҳам, орзу-ҳавасини ҳам ўйлаб кўрмади…

Афсуски, сўнгги пайтларда арзимаган сабаб билан ажрашиб кетаётган ёш оилалар сони кўпайиб бормоқда. Мамлакатимизнинг қайси вилоятини олиб қарамайлик пароканда бўлган оилалар фоиз кўрсаткичи йил сайин ўсса ўсганки, камаймаган ҳисоб.

Муаммоли, низоли, тўлиқ бўлмаган ва барбод бўлган оилалар сонининг ортиши эса жамиятнинг қиёфаси, ривожига ҳам нуқсини юқтирмай қолмайди. Оммавий ахборот воситалари орқали тинмай муҳокама қилинаётган ўз жонига қасд қилиш, жигаргўшасининг ёки қариндошининг қотилига айланиш, ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган ўсмирнинг жиноят кўчасига қадам қўйиши — буларнинг илдизига назар солинса, айнан носоғлом муҳит, тўлиқ бўлмаган оила ва издан чиққан тарбияга бориб тақалаверади.

Бу долзарб масалани ҳал этиш, оилаларни мустаҳкам, тўкин ва соғломлигига эришиш катта эътибор, изчил саъй-ҳаракатлар, тинимсиз изланиш, баҳамжиҳат ва узлуксиз ҳаракатни талаб этади, албатта.

Бахт учун тўкинлик

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан олимлар, таниқли психологлар, тарихчилар ва соҳанинг бошқа қатор экспертлар билан ҳамкорликда конференция ташкил этилгани, муҳокамада тадқиқотлар, аҳолидан сўровномалар ва мутахассисларнинг таклифлари ўрганилиб, мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган концепция лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва ҳукуматга тақдим этилгани ҳақида газетамизнинг аввалги сонларида маълум қилган эдик. Яқинда давлатимиз раҳбари томонидан ушбу лойиҳа маъқулланиб, «Ўзбекистон Республикаси оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарор қабул  қилинди.

Ушбу концепция юқорида таъкидланган чуқур илдиз отиб кетган ва ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш учун муҳим дастуриламал вазифасини ўтайди. Концепция олти бўлимдан иборат. Унинг ҳар бир бўлими ва бандида оилаларни бахтли ва соғлом қилишга,  келажак авлоднинг баркамол туғилиб вояга етишини таъминлайдиган, соғлом ва мустаҳкам оила қуришда юзага келадиган тўсиқларни бартараф этадиган ҳамда олдини олишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар режаси белгиланган.

— Оила соғлом бўлиши учун ҳам, бахтиёр яшаши учун ҳам, аввало, иқтисодий имконияти етарли бўлмоғи шарт, — дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази директори ўринбосари Дилбар ­Алимжанова. — Энг муҳими, мақсадлари сари қадам ташлай олиши, фарзандларини билимли ва ҳунарли қилиши учун имкони етиши керак. Шу боис концепциянинг бош ғояси «Фаровон оила — жамият равнақининг асоси» деб белгиланди.

Бунинг учун эса аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, муҳтож оилаларга имтиёзли кредитлар ажратиш ва ер участкаларини тақдим этишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш белгиланди. Шу билан бирга, оилани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан, вояга етмаган ёки ногиронлиги бўлган фарзандларни тарбиялаётган ота-оналарни ишга жойлаштиришда кўмаклашиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилади.

Оила билан боғлиқ муаммоларнинг бунчалар чигаллашиб кетишининг бир эътиборли жиҳати мавжуд. Шу кунга қадар оилалар билан ишлаши, уларнинг муаммоларини ҳал қилиши лозим бўлган ташкилотлар тарқоқ ҳолда фаолият юритарди. Масалан, маҳалла институти оилаларни фақат маҳалла кесимида, хотин-қизлар қўмитаси аёллар масаласида, соғлиқни сақлаш тизими она ва бола саломатлиги йўналишида ва шу каби бошқа қатор ташкилотлар ҳам ўз объекти тизимида иш олиб борарди, холос. Ҳар бир бармоқ ўзича ишлаши мумкин бўлмаганидек, бундай тизим ўзини оқламаганини кўриб турибсиз. Энди «Оила» маркази ҳамкорлигида ҳамма бир ёқадан бош чиқариб, баҳамжиҳат ҳаракат қилади. Иқтисодий масалалар — Меҳнат, Молия вазирлиги ва ҳокимликлар билан бирга, ёшлар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда Ёшлар иттифоқи, Халқ таълими вазирлиги билан ҳамжиҳатликда ҳаракат қилинади.

Ўз ҳуқуқини англаса…

Оила аталмиш кичик ватан гуллаб-яшнаши учун унда ҳар томонлама иқтисодий, маънавий, тиббий ва ижтимоий томондан юксалиш бўлиши зурур. Бу занжирларнинг биттасида узилиш бўлса, унда бундай оилани мукаммал ва намунали деб бўлмайди.

— Кўп фуқаролар, афсуски, ўз ҳуқуқларини билишмайди, билганларини тўла англаб етишмайди, — дейди Дилбар Алимжонова. — Шу билан бирга, мавжуд қонунларимизда ҳам камчиликлар, қайта кўриб чиқиш ва тузатиш зарур бўлган жиҳатлар талайгина. Айни шу масалалар ечими концепциянинг «Оила институтини мустаҳкамлашнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий шерикликни кучайтириш» бўлимида кўзда тутилган. Бу борада барча тегишли ташкилотлар билан бирга қонунларни оиланинг турмуш тарзи ва жамиятда ўз ўрнини топишида, ҳуқуқидан фойдаланишига хизмат қиладиган даражада қайта кўриб чиқиш, оила институтини мустаҳкамлашга таъсири ­нуқтаи назаридан баҳолаган ҳолда оилаларга енгиллик яратадиган ҳуқуқий-меъёрий нормалар ишлаб чиқиш қатъий белгиланди. Концепциянинг «йўл харитаси»ни кўрсангиз, ҳар бир ташкилот ва идораларга аниқ муддатда қандай ишлар топширилганини билиб олиши­нгиз мумкин. Оилани бизнесга йўналтириш, ижтимоий аҳволини яхшилаш, ҳомийлик қилиш, кексалар ва болалар, бева ва ночор аёлларни қўллаб-қувватлаш, ажрашиш вақтида аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид нормаларини янада такомиллаштириш белгиланди.

Нега болалар носоғлом?

Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда носоғлом ва ногирон туғилган болалар сони ва ҳатто, гўдаклар ўлими кўп кузатилмоқда. Ҳомиладор аёлларнинг соғлиғида жиддий муаммолар, бола тушиши ҳам кўп. Бунга биринчи галда аёлнинг тиббий саводхонлиги етарли эмаслиги сабаб бўлса, поликлиникаларнинг аёллар саломатлигини назоратга олишда бепарволиги ва энг ачинарлиси, аёлнинг оила аъзолари, турмуш ўртоғи, қайнонасининг ҳам ғамхўрлик қилишни билмаслиги, аксинча, арзимаган сабаб билан унга зуғум ўтказиши ҳам сабаб бўлган.

Бу масалаларда ҳам концепцияда бир қатор чора-тадбирлар белгиланди. Масалан, «Оила» маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси каби барча масъул ташкилотлар томонидан тез орада никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш ва унинг самарадорлигини мониторинг қилиш тизими такомиллаштирилади, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг, туғма нуқсонлар билан болалар туғилишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кучайтирилади.

Оилаларда ички оилавий ва шахсий муносабатларни, хусусан, ота-она ва фарзандлар, эр ва хотин, қайнона ва келин ўртасидаги муносабатларни яхшилаш, оилада можароли ва оғир турмуш шароитини амалий ҳал қилиш механизмлари жорий этилади.

Шунингдек, ёшларни оилага тайёрлаш борасида эса ягона ёндашув ишлаб чиқиб, мактаб, лицей-коллеж ва олий ўқув юртларида ўқув дастурлари қайта тузилади.

— Ҳеч ким эътибор бермайдиган, лекин кўплаб касалликларнинг ва ҳатто, стресснинг сабабчиси бор, — дейди Дилбар Алимжанова. — Бу — тўғри овқатланиш маданияти. Ёш ота-оналар ҳали эндигина ривожланаётган гўдакни нотўғри овқатлантириб, зарур озиқани ё кўп, ё кам бериб, болаларни  носоғлом ўстиришади. Натижада, у улғайганда ҳам камқувват бўлади. Баъзан катталар ҳам қайси пайт қандай овқатланишни, нималар истеъмол қилишни билмайди. Аслида табиатда барча касалликларнинг олдини оладиган ва даволайдиган маҳсулотлар етарли. Афсуски, бу борада аҳолининг билими ҳам, тажрибаси ҳам етарли эмас.

Йўлдан адашган ёшларга ким масъул?

 «Битта боланинг жиноятга қўл уриши — бу қанчалик катта фожиа!..». Президентимиз ёшлар масаласида ўтказган йиғилишда бу сўзларни афсус билан таъкидлаган эди.

Бугун вояга етмаган ёшлар, ҳатто, мактаб ўқувчиларининг жиноятга қўл ураётгани долзарб муаммога айланди. Ёшлар орасида ўз вақтида иш тополмай, ҳаётда ўз ўрнига эга бўлолмай, ҳар хил қинғир ишларга қўл уриш ҳолатлари талайгина. Бунда оиладаги тарбиядан ташқари, тегишли давлат идораларининг ҳам маълум маънода айби бор, албатта. Афсуски, бу борада ҳам масъул ташкилотлар ўзича, айри ҳолда ҳаракат қилгани вазиятни яхшилаш ўрнига, аҳволни тобора мураккаблаштириб бораверган.

Консепцияда белгиланган тизимга кўра, жорий йилнинг ноябрь ойига қадар «Оила» маркази, Бош прокуратура, Ички ишлар Бош бошқармаси, Олий суд, Хотин-қизлар қўмитаси, Дин ишлар бўйича қўмита ва «Маҳалла» фонди биргаликда иш олиб боришади. Ҳуқуқбузарликлар, жиноятчилик, оиладаги можаро ва зўравонликлар, оилалар ажрашиши ҳамда уларнинг ижтимоий оқибатларини комплекс тадқиқ қилиш асосида уларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишади ва шу асосда барча бир ёқадан бош чиқариб ҳаракатга киришади.

Бу борада ахборот технологиялари билан ишлаш ҳам назарда тутилган бўлиб, ёшлар ҳозир энг кўп мурожаат қилаётган интернет тармоқлари ўрганилиб, ушбу тармоқлар орқали ёшларни тўғри йўлга бошлаш, оилавий турмуш тарзи қадриятларини тарғиб қилиш таъсирчан усулларда олиб борилади. Оилалардаги салбий ижтимоий ҳолатларнинг профилактикаси, болаларни уларнинг соғлиғи ва ахлоқига зарар етказувчи маълумотлардан ҳимоя қилишда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган.

Ҳар ким ўз оиласидан кўнгли хотиржам бўлсагина ишида ривож бўлади, халққа нафи тегади. Мустаҳкам ва аҳил қўрғонда катта бўлган, яхши тарбия топган бола, албатта, элнинг корига ярайди, Ватани учун хизмат қилади. Шу боис ҳам инсонларга, оилаларга кўрсатилаётган ҳар қандай кўмак, ислоҳот, аввало, халқимизнинг эртанги куни учундир. Ушбу концепциянинг ҳаётга татбиқ этилиши, ҳар бир оиланинг, ҳар бир инсоннинг давлат ҳимоясида эканини яна бир карра исботлайди.

 

Зилола ХУДОЙБЕРДИЕВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Саробга ишониб, бузилган қўрғон

Саробга ишониб, бузилган қўрғон

🕔11:42, 20.09.2018 ✔36

Кечагина турмуш ўртоғига бераётган меҳрни виртуал оламга тортиқ қилаётганлар...

Батафсил
Оила шаънини эсдан чиқармаяпсизми?

Оила шаънини эсдан чиқармаяпсизми?

🕔11:41, 20.09.2018 ✔23

Бугун  ахборот кўламининг шиддати, деворларни-да ёриб кираётган бир даврда турли хабарлар одамлар онггига турлича таъсир қилиши, шубҳасиз. Ахборот хуружининг олдини олиш учун ҳар бир журналистдан бирор хабарни беришдан олдин мушоҳада юритиб кўришни, этикага амал қилишни талаб этади. Айниқса, ахборот бирон шахс, оиланинг обрўси ё шаънига дахлдор бўлса.

Батафсил
Ошённи бузаётган кўринмас куч

Ошённи бузаётган кўринмас куч

🕔11:21, 13.09.2018 ✔74

Айбдор ва сабаб кўп, ечимини ҳамма билади. Аммо ажрашишлар давом этаверади... Нега?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Саробга ишониб, бузилган қўрғон

    Саробга ишониб, бузилган қўрғон

    Кечагина турмуш ўртоғига бераётган меҳрни виртуал оламга тортиқ қилаётганлар...

    ✔ 36    🕔 11:42, 20.09.2018
  • Оила шаънини эсдан чиқармаяпсизми?

    Оила шаънини эсдан чиқармаяпсизми?

    Бугун  ахборот кўламининг шиддати, деворларни-да ёриб кираётган бир даврда турли хабарлар одамлар онггига турлича таъсир қилиши, шубҳасиз. Ахборот хуружининг олдини олиш учун ҳар бир журналистдан бирор хабарни беришдан олдин мушоҳада юритиб кўришни, этикага амал қилишни талаб этади. Айниқса, ахборот бирон шахс, оиланинг обрўси ё шаънига дахлдор бўлса.

    ✔ 23    🕔 11:41, 20.09.2018
  • Ошённи бузаётган кўринмас куч

    Ошённи бузаётган кўринмас куч

    Айбдор ва сабаб кўп, ечимини ҳамма билади. Аммо ажрашишлар давом этаверади... Нега?

    ✔ 74    🕔 11:21, 13.09.2018
  • Жар ёқасидаги оила

    Жар ёқасидаги оила

    «Нима кийсамам, сизга ёқмайди. Янги кўйлагам кўзингизга эски кўринади. Ўзи қачон ёққанман сизга?..»

    ✔ 77    🕔 11:46, 06.09.2018
  • Чин эркаклар қандай тарбияланади?

    Чин эркаклар қандай тарбияланади?

    Ҳақиқий эркак ким? Бу сўз қандай инсонга нисбатан айтилади?

    ✔ 72    🕔 11:45, 06.09.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар