Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Эҳсон ҳалол, холис ва исрофсиз бўлиши зарур

Шайх Абдулазиз МАНСУР,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Эҳсон ҳалол, холис ва исрофсиз бўлиши зарур

 

Кўзланган мақсад муҳтож ва фақирларга моддий ёрдам кўрсатиш эканини айримлар унутиб қўймоқда.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим!

Муқаддас Ислом динимиз мўътадил дин бўлиб, ундаги барча амаллар мўътадилликка асосланган. Ҳаддан ошиш ва меъёрдан чиқиш эса шариатимизда қаттиқ қораланади. Шу жумладан, динимизда хайру эҳсонга тарғиб этилган бўлиб, унда ҳам ҳаддан ошиш, исрофгарчилик, манманлик ва риёкорлик қилишдан қайтарилган.

«Манманликка йўл қўйманг

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтоннинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига ўта ношукр эди» (Исро сураси, 26-27-оятлар).

Силаи раҳм, хайр-эҳсон ва турли садақаларни амалга ошириш — муқаддас динимиз талаби. Аммо унда ҳам меъёрдан ташқари чиқмаслик, яъни исрофга йўл қўймаслик Аллоҳ таоло томонидан талаб этилади.

Қуръони каримда хайр-эҳсон қилишда ўртаҳол бўлганлар Аллоҳнинг суюкли бандалари экани таъкидланган:

«Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасидамўътадилдир» (Фурқон сураси, 67-оят).

Ҳадиси шарифларда ҳам исрофдан қайтарилиб, тежамкорликка тарғиб ва ташвиқ этилади. Жумладан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Аллоҳнинг ноз-неъматларидан хоҳлаганча) еб-ичинглар, яхши кийиниб, хайр-эҳсон қилинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангиз деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Шунингдек, бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бойликда ҳам, фақирликда ҳам, ибодатда ҳам мўътадиллик қандай ҳам яхшидир», — деганлар (Имом Баззор ривояти).

Тежамкорлик тўғрисидаги ҳадиси шарифда эса: «Тежамкор одам ҳеч қачон қашшоқлик кўрмайди», дейилган (Имом Аҳмад ривояти).

«Аҳли сунна вал жамоа» ақидамиз бўйича, инсон ўзининг намоз, рўза, ҳаж, хайру садақа, тиловати Қуръон ва шу каби савобли амалларини маййитлар руҳига бағишласа, албатта, савоби етади. Шунга кўра марҳумларга савобини бағишлаб, руҳларини шод этиш мақсадида одамларга эҳсон дастурхони ёзиш жоиз. Динимизда бундай зиёфат вазима деб аталади. Бундай эҳсоннинг савоби яна ҳам улуғ бўлиши ҳамда келган меҳмонлар руҳий ва маънавий озиқ олиб кетиши учун амри маъруф шаклида ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Чунки мўмин-мусулмонлар жамланган вақтда уларга амри маъруф қилиш, уни эшитиш, эшитганига амал қилиш ҳам улуғ савобли ишлардандир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

«Уларнинг кўпгина шивир-шивирларидасадақа беришга ёки эзгуликка буюришга ёхуд одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрмаган бўлсаяхшилик йўқдир. Кимда-ким Аллоҳ ризоси учун шуни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз» (Нисо сураси, 114-оят).   

Мақсадшукроналик

Эҳсон нафақат зиёфат кўринишида, балки муҳтож оилаларга, қарздорлар ва имконияти чекланган шахсларга ёрдам бериш, меҳрибонлик ва қариялар уйларига хайрия қилиш, ободонлаштириш ишларига кўмаклашиш, талабалар ҳамда илм-маърифат тарқатиш йўлида юрган кишиларни моддий қўллаб-қувватлаш каби амалларнинг ҳам савоби беқиёс бўлиб, мана шундай ишларни қилиб савобини марҳумларнинг руҳига бағишлаш ҳам шариатимиз кўрсатмаларидандир.

Динимизда жорий бўлган никоҳ валимаси ҳамда ақиқа тўйларини қариндош ва яқин қўшнилар доирасида, дабдабасиз, исрофгарчиликсиз ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, никоҳ валимасидан мақсад шаръий никоҳни эълон қилиш бўлса, ақиқадан мурод жонлиқ сўйиб, Аллоҳга шукрона келтиришдир. Бу икки мақсад озчилик доирасида ҳам ҳосил бўлаверади.

Исломда жорий этилган барча амаллар, жумладан, қилинадиган хайру эҳсонлар ҳам Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлиши учун шариат кўрсатмасига мувофиқ бўлиши шартдир. Хўш, Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлиши учун қандай шартларга риоя қилиш лозим?

Бунинг бир неча шартлари бор.

Биринчиси, эҳсон учун сарф қилинаётган мол-мулк ҳалол йўл билан топилган бўлиши шарт. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида марҳамат қилганлар:

«Банда ҳаромдан мол топиб, садақа қилса, қабул қилинмайди. Эҳсон қилса, молига барака кирмайди. Ортида қолдирса, фақат дўзахга захира бўлади. Албатта, Аллоҳ таоло гуноҳни гуноҳ билан ўчирмайди, балки гуноҳни савоб билан ўчиради. Албатта, нопок нарса нопок нарсани ўчирмайди» (Имом Аҳмад ривояти).  

Иккинчиси, холис Аллоҳ учун, савоб умидида бўлмоғи шарт. Одамлар кўрсин, мақтасин, деб, риё учун қилинган эҳсон мақбул эмас. Қуръони каримнинг Нисо сураси, 37-38-оятларида мол-дунёларини хайрли ишларга сарф этишга бахиллик қиладиган, эҳсон қилган тақдирда ҳам одамлар кўрсин, мақтасин, деб қиладиган кишиларни Аллоҳ ёқтирмаслиги, балки улар кибрли ва мақтанчоқ кишилар экани баён қилинган. Риёкорлик билан қилинган эҳсон эвазига ҳеч қандай савобга эришиб бўлмаслиги, аксинча, оғир гуноҳга ботилиши Қуръони карим Бақара сурасининг 264-оятида очиқ айтилган:

«Эй, имон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин деб берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақалари­нгизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг! У (риёкор) устини тупроқ қоплаган силлиқ қояга ўхшайди; устига жала ёққанда, (тупроқ ювилиб) сип-силлиқ тошнинг ўзини қолдиради. Улар топган (ва сарфлаган) бойликларидан ҳеч нарсага эга бўла олмайдилар. Зотан, Аллоҳ кофирлар қавмини ҳидоят сари йўлламагай».  

Савобли иш риёкорлик ва одамлар ичида обрў орттириш нияти билан бажарилса, у Аллоҳнинг наздида қабул қилинмайди, балки унинг савобини кетказиб қўйиши ҳам муқаррардир.

Учинчиси, исрофга йўл қўймаслик. «Исроф» деганда фақат таомнинг ортиб қолиши ёки оёқости бўлишини тушунмаслик керак. Балки ноўрин жойга қилинган сарфу харажат ҳам исрофдир. Чунки хайр-эҳсон ва зиёфат беришдан асосий мақсад — муҳтож ва фақирларга моддий ёрдам кўрсатишдир.

Демак, исроф бўлмаслиги учун, авваламбор, эҳсон қилувчи киши кимларга ва қаерга эҳсон қилиниш лозимлигини билмоғи ва шундан сўнг ўша ҳақдор ўринларга бермоғи шарт. Акс ҳолда, ўз эгаларига берилмаган эҳсон қабул бўлмайди.

Имонимизга ҳавола қилинди

Афсуски, кейинги вақтларда халқимиз орасида тўй тантаналарида ҳаддан зиёд исрофга йўл қўйиш, ким ўзарга тўй қилиш, шуҳратпарастликка ружу қўйиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бундан ташқари, никоҳ базмларини азалдан ота-боболаримиз амал қилиб келган ҳамда дунёда ўзининг бетакрор ва беқиёс ўрнига эга бўлган миллий ва диний қадриятларимизга мутлақо зид бўлган тарзда ташкиллаштириш, бунинг оқибатида ортиқча дабдаба ва риёкорликка берилиш ҳолатлари содир бўлмоқда.

Юқорида зикр этилган ояти карималар ва ҳадиси шарифлардан келиб чиқиб, кейинги пайтларда диёримизнинг кўп жойларида тўй, маросим ва маъракаларда ортиқча исрофгарчилик, риёкорлик, шуҳратпарастлик ва манманликка йўл қўйилаётгани, уларда азалий миллий ва диний қадриятларимизни менсимаслик ҳоллари авжга чиқаётганини эътиборга олган ҳолда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво лойиҳасини тайёрламоқда.

Унда тўй, маросим ва маъракаларни ўтказиш ҳар бир вилоят ва туманнинг ўзига хос маҳаллий урф-одатлари инобатга олиниши зарурлиги ҳам белгилаб қўйилган. Ҳозиргача тўй-маъракаларимиз ҳақида қатъий ҳуқуқий меъёрлар ўрнатилмагани халқимизнинг шариатимиз кўрсатмалари асосида кўп йиллик урф-одат, анъана ва қадриятларимизга таянган ҳолда ўтказилиши зарурлигидандир. Никоҳ базмларида келин-куёв ва уларнинг дўсту дугоналарининг кийинишлари ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган миллий урф-одатларимизга ва шарқона одоб-ахлоқимизга мос келадими? Келин бўлмишларнинг ғарбона қимматбаҳо тўй либосларини бир неча соатларга фалон маблағ эвазига олишлари-чи? Шарму ҳаёсиз тарзда даврада рақс тушишларига катталар — ота-она, маҳалланинг обрўли кишилари фақат томошабин бўлиб туриши қанчалик тўғри? Баъзи «санъаткорлар»нинг қулоқни қоматга келтирадиган даражада чиқишлари ва маънавиятимизга муносиб бўлмаган қўшиқларни куйлашларини бирон қонун билан чеклашдан олдин ҳар кимнинг виждонига ҳавола қилингани таъсирчанроқ эмасми? Келин-куёв ҳақида танишув ва ишқий саргузаштлардан иборат бўлган ҳаёсиз видеолавҳаларни намойиш этиш кабилар шарқона маданиятимизга мос бўлмаган, динимиз кўрсатмаси ва миллий қадриятларимизга мутлақо тўғри келмайдиган «оммавий маданият» таъсирида пайдо бўлган маънавий таҳдид эканини қачон англаб етамиз? Буларнинг барчаси динимизга, миллий анъана, қадрият ва урф-одатларимизга салбий таъсир кўрсатиши аниқ. Имон софлиги, виждон поклиги, ишларимизни ўзаро бамаслаҳат қилишимиз, қилаётган амалларимизга эътиборли бўлишимиз бундай пайтда бизга асқатади.




Ўхшаш мақолалар

Уйни бўлишдингиз, ота-онани-чи?

Уйни бўлишдингиз, ота-онани-чи?

🕔11:44, 20.09.2018 ✔23

Кексайганда уларга аслида ким ғамхўрлик қилиши керак?

Батафсил
Кўролмайдиган кимса

Кўролмайдиган кимса

🕔11:43, 20.09.2018 ✔26

Одам ўз ихтиёри билан очиқ кўрликни танлаши мумкинми?

Батафсил
Ахлоқнинг чегараси

Ахлоқнинг чегараси

🕔11:26, 13.09.2018 ✔65

Жамиятни бало-қазодан сақлайдиган буюк посбон нега бедор эмас?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Уйни бўлишдингиз, ота-онани-чи?

    Уйни бўлишдингиз, ота-онани-чи?

    Кексайганда уларга аслида ким ғамхўрлик қилиши керак?

    ✔ 23    🕔 11:44, 20.09.2018
  • Кўролмайдиган кимса

    Кўролмайдиган кимса

    Одам ўз ихтиёри билан очиқ кўрликни танлаши мумкинми?

    ✔ 26    🕔 11:43, 20.09.2018
  • Ахлоқнинг чегараси

    Ахлоқнинг чегараси

    Жамиятни бало-қазодан сақлайдиган буюк посбон нега бедор эмас?

    ✔ 65    🕔 11:26, 13.09.2018
  • Бу заминнинг жозибаси бор

    Бу заминнинг жозибаси бор

    Ақлимни таниганимдан Имом ­Бухорий номини эшитиб катта бўлдим. Олдин катталардан эшитган бўлсам, кейинчалик ўзим турли китобларда бу номни тез-тез учратардим. Бу буюк шахсга меҳрим, ихлосим йилдан-йилга ортиб бораверди.

    ✔ 68    🕔 11:58, 30.08.2018
  • Меҳнатни отам қилди, қадрини бугун топдик

    Меҳнатни отам қилди, қадрини бугун топдик

    Отам косиблик орқасидан рўзғор тебратганлар. Ўн уч жонни косибликнинг оғир меҳнатидан келган уч-тўрт сўм пул билан эплаб туришган.

    ✔ 77    🕔 11:57, 30.08.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар