Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Шифокорга муҳтож поликлиникалар

Поликлиника капитал таъмирга берилгани сабабли аҳоли шийпондан фарқи йўқ бинодан нажот излашга мажбур.

Шифокорга муҳтож поликлиникалар

Тўрт йилча аввал бир танишимнинг отаси қаттиқ оғриб қолди. Тез ёрдам машинасида қишлоқдан то туман марказий шифохонасига етиб боргунча жони узилди. Сабаби кейин ойдинлашди: ўт пуфагида тош бор экан. Шифохонага етмасдан ўт пуфаги ёрилиб, заҳар баданга тарқаб кетибди...

Иссиқ жоннинг иситмаси бор. Шу боис кундалик ҳаётимизда бундай ачинарли ҳолатлар учраб туради. Аксарият чекка-чекка ҳудудларимизда одамлар хасталаниб қолса, жони азобланиб, туман марказидаги шифохонага боришга мажбур эди.

«Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак», деган тамойил кундалик ҳаётимизда ўз аксини топа бошлагач, кўплаб жабҳаларда сезиларли ишлар амалга оширилди. Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимида ҳам бир қатор тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда. Жумладан, давлат раҳбарининг бевосита ташаббуси билан аввалги эски қишлоқ врачлик пунктлари тубдан ислоҳ қилиниб, уларнинг негизида қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил этилмоқда. Ҳар бирига тез ёрдам машинаси бириктирилиб, олий тоифали шифокорлар жалб қилиняпти. Энг муҳими, ҳар бир оилавий поликлиника ҳузурида ижтимоий дорихона очиляпти. Ижтимоий дорихоналардаги дори-дармонлар марказдан бериладиган бўлди. Бу, ўз навбатида, барча оилавий поликлиникалар қошидаги ижтимоий дорихоналарда дори-дармон бир хилда бўлишини таъминлайди.

Яқинда Сирдарё вилоятининг Гулистон, Сирдарё, Оқолтин туманларидаги оилавий поликлиникаларда бўлиб, уларда яратилган шароитларни кўздан кечириб, одамларни ўйлантираётган муаммолар билан қизиқдик. 

Шийпонми бу ё поликлиника?

Сирдарё тумани 29-оилавий поликлиникаси. Очиғи, у вақтинчалик жойлашган бинони кўрган одам ҳеч муболағасиз эски замонлардаги дала шийпони бўлса керак, деб ўйлайди. Бино димиққан, поли, тешилиб кетган, пастқам шифти кўчиб ётган бўлса-да, гавжум. Тор йўлакни чақалоқлар йиғиси тутган. Ижтимоий дорихона ҳақида-ку, умуман гап бўлиши мумкин эмас. Оналар навбати билан боласини эмлатмоқда. Ҳайронсан киши, аслида эмлаш дегани тоза-озода, рисоладагидек шароитга эга тиббий масканларда бажарилиши керак эмасми?

— Поликлиникамиз тумандаги Собир Раҳимов ҳамда Жума Маманов номидаги қишлоқ врачлик пунктлари негизида ташкил топган бўлиб, етти ярим мингдан зиёд аҳолига хизмат қилиб келмоқда, — дейди катта ҳамшира Озода Ваҳобова. — Аввалги қишлоқ врачлик пунктида 2,7 минг аҳоли қамраб олинган эди. Жорий йилнинг апрель ойидан у поликлиникамиз капитал таъмирлашга берилгани боис, вақтинчалик аввалги Жума Маманов номли қишлоқ врачлик пунктининг эски биносидан поликлиникамиздаги таъмирлаш ишлари тугагунга қадар фойдаланиб турамиз. Ҳақиқатан ҳам, бу ерда тиббий кўрик учун шароит йўқ. Лекин шундай бўлишига қарамай, имкон қадар хизмат вазифамизни бажариб келмоқдамиз. Ўз биномиз таъмирдан чиққач, замонавий жиҳозлар билан таъминланган поликлиникада иш бошлаймиз.

Катта ҳамшира айтган таъмирланаётган бинога ҳам бордик. Иш қизғин эса-да, қурувчилар бошлиғи айтганидек, қурилиш ишлари жорий йилнинг августида ниҳояланишига ишонгимиз келмади. Бинодаги қурилиш ҳолатини кўргач, албатта...

29-оилавий поликлиникага айлантирилган бинодаги ишлар ўз ниҳоясига етгунга қадар аҳоли шийпондан фарқи йўқ, гигиена талабларига умуман жавоб бермайдиган эски бинодан нажот излашга мажбур.

«Дастурга тушган» тез ёрдам хонаси

Сирдарё туманидаги 27-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида саккиз минг аҳолига иккита олий тоифали шифокор тиббий хизмат кўрсатади. Лекин уларни иш жойидан топишнинг иложи бўлмади. Сабаби, олий тоифадаги врачлар танқислиги боис улар бошқа поликлиникада ҳам ярим ставкада фаолият юритар экан. Шу боис уларнинг бу ерда бўладиган қабул кунлари эшикка ёзиб қўйилган. Беморлар шунга қараб келишади.

Поликлиника қошидаги ижтимоий дорихонада ҳам бўлдик.

— Ҳар бир қишлоқ врачлик пунктига келадиган зарур дори-дармонлар тақсимланган, — дейди умумий амалиёт шифокори. —  Аслида ижтимоий дорихонада 120 хил дори бўлиши керак. Шундан 37 хилдаги дори-дармон узлуксиз туриши шарт. Бемор ҳар қандай шароитда ҳам поликлиника ҳузуридаги ижтимоий дорихонадан ана шу дори-дармонни топа олиши зарур.

Афсуски, мутасадди айтган 37 хилдаги дори-дармонни бу дорихонадан сўрашнинг ҳожати йўқ. Чунки у ерда фақат бинт, спирт, йод, пахта, иситмани туширадиган бир-икки доридан ташқари ҳеч вақо йўқ.

Умумий амалиёт шифокорининг айтишича, тез ёрдам хонаси ҳам ҳозирча шу бинода. Дастурга тушган. Яқин келажакда унга алоҳида янги бино қуриб берилар экан.

Яхшиямки, айрим мутасаддилар учун дастур деган баҳона бор. Бирор камчилик аниқланса, осонгина дастурга тушганини рўкач қилади-қўяди.

Бемор келмайдиган шифохона

Оқолтин туманида ўн икки минг нафар аҳолига хизмат кўрсатадиган 16-сонли Фарғона қишлоқ оилавий поликлиникасида уч нафар олий тоифали шифокор ишлайди.

Эшикдан ичкари кириб борар эканмиз, қизиқ ҳолатга дуч келдик. Поликлиникада битта бўлса-да, оғриб келган беморни учратмадик. Бундан бу қишлоқда ёки ҳеч ким касал бўлмайди ёки бўлмаса, мазкур касалхонадаги врачлар шу қадар тажрибалики, ҳамма касалларни даволаб бўлган, деган хулосага келиш мумкин.

Бу ерда шароит анча тузук, ижтимоий дорихона ҳам кўнгилдагидек. Барча зарур дори-дармонлар мавжуд. Бироқ Сирдарё вилоятининг бошқа туманларидаги каби асосий муаммо олий тоифали шифокорларнинг етишмаслигида экан.

Оқолтин тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Ғафур Абдураимовнинг айтишича, аҳолидан тушаётган эътирозлар ҳам, асосан, шу туфайли бўляпти. Бир шифокор, керак бўлса, уч-тўрт вазифани бажаришига тўғри келмоқда. Оқибатда шифокор қабулига элликдан ортиқ бемор йиғилиб кетади ва бу норозиликка сабаб бўляпти.

Авваллари тез ёрдам машинасини чақирсак, камида бир соат атрофида етиб келарди. Камига дори қутиси ғариб, атиги уч-тўрт хил дори-дармон бўларди. Бу, ўз навбатида, бемор ёнидан пул сарфлаб, биринчи тиббий ёрдамни олишига тўғри келарди. Бугун бунга чек қўйилди. Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаси билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги соҳасида оқилона тизим йўлга қўйилди. Ҳозир тез тиббий хизмат машинаси дори қутисига барча дори-дармон марказдан берилади. Аввалгига ўхшаб, туман бюджетига қараб ўтирилмайди. Бу ҳам аҳолининг саломатлиги йўлида қилинаётган амалий ишлар самарасидир.

Бугун ана шундай ижобий ўзгаришлар сабаб халқимизнинг эртанги кунга ишончи ортмоқда. Бир пайтлар туман марказий шифохоналаридагина бўлган тез тиббий ёрдам машиналари энди ҳар бир оилавий поликлиникада бор. Ҳарқалай, энди тез ёрдам машиналари ҳақиқатан ҳам тез ёрдам кўрсата олади. Энди беморлар оддийгина кўричаги ёки ўт пуфагининг ёрилиб кетгунича шифохонага етолмай жон бермайди. Бугунги ўзгаришларни кўриб, шундай фикр уйғонади кишида...

Албатта, бундай ўзгаришлар Сирдарё вилоятида ҳам яқин-орада тўлиқ ўз ифодасини топишига ишонгимиз келади. 

 

Ўз мухбиримиз




Ўхшаш мақолалар

Нон нархи ошди. Буни мутасаддилар қандай изоҳлайди?

Нон нархи ошди. Буни мутасаддилар қандай изоҳлайди?

🕔11:49, 20.09.2018 ✔33

Нон нархи нега бирданига салкам икки баробарга қимматлашиб кетди? Бунинг асл сабаби нимада? Xs.uz онлайн нашри бу саволларга  мутасаддиларнинг фикрини ўрганди.

Батафсил
«Ечим рапорти» ёки муаммо қолиб журналистдан кир ахтариш тўғрими?

«Ечим рапорти» ёки муаммо қолиб журналистдан кир ахтариш тўғрими?

🕔11:48, 20.09.2018 ✔26

Мақоладан сўнг ёрдамга муҳтож оила тақдирида ўзгариш бўлдими?

Батафсил
Танқиддан сўнг Сирдарёда нима ўзгармоқда?

Танқиддан сўнг Сирдарёда нима ўзгармоқда?

🕔11:48, 20.09.2018 ✔40

Газетамизнинг 2018 йил 12 июлдаги 28-сонида чоп этилган «Шифокорга муҳтож поликлиникалар» сарлавҳали мақолада Сирдарё вилоятидаги оилавий поликлиникалар хусусида сўз юритилган эди. Ушбу мақола юзасидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги муносабат билдирди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар