Мустаҳкам оила      Бош саҳифа

Ориятни ҳимояга олган маликалар

Ушбу спортчилар хонадонининг ўзгача бир анъанаси бор: муҳокама қатъий, жазо тайин...

Ориятни ҳимояга олган маликалар

Айрим ота-оналар қиз болани спорт машғулотларига беришни лозим кўрмайди. «Спорт билан шуғулланган қизнинг ҳам қоматида, ҳам феъл-атворида ўғил болаларга ўхшаш жиҳатлар пайдо бўлади», дейдиганлар ҳам бор. Аслида спорт қиз боланинг саломатлигига ҳам, хулқ-атворига ҳам қанчалар ижобий таъсир қилишини ҳамма ҳам билмайди.

Рустам Турдиевнинг хонадонида бўлганимизда айни шу ҳақиқатнинг исботини кўрдик.

…Меҳмонхона тўридаги токчага чиройли қилиб териб қўйилган олтин медалларга боқиб, кишининг ҳаваси келади. Уларнинг ҳаммасида катта қилиб, «1» рақами ёзилган. Медаллар атрофида эса чемпионатлардан берилган дипломлар жой олган.

— Фарзандларингиз фақат олтин медаль олишганми? — сўрадик Рустам акадан.

Рустам ака эса саволимизга жавоб тариқасида бизни бошқа хонага бошлади. Болалар дарс тайёрлашига мослаб жиҳозланган хонанинг у бошидан бу бошигача узун столь қўйилган. Столь устида кумуш ва бронза медаллари бирма-бир жой олган. Диплом ва фахрий ёрлиқлар ҳам чиройли териб чиқилган.

— Ҳамма медаллар нариги жавонга сиғмагани учун фақат олтин медалларни қолдириб, қолганини бу жойга териб чиққанмиз... — дейди  Рустам ака. Кейин мукофот қоғозларига ҳайрон қараётганимизни кўриб, тушунтирди. — Фарзандларим ҳар бири 100 тадан диплом ва фахрий ёрлиқлар олиб келишга ваъда беришган. Булар мактабда ва спорт мусобақаларида берилган.

Асли сурхондарёлик Рустам Турдиев собиқ кураш устаси, ҳозирда уруғчилик саноатида тадбиркор. Пойтахтимизнинг Бектемир туманида истиқомат қилади. Унинг бир эмас, тўрттала фарзанди ҳам спорт билан шуғулланади. Икки қизи ва ўғли ўзбек жанг санъатининг моҳирлари. Кенжа қизи эса гимнастика билан шуғулланмоқда. Улар мамлакатимизда ва хорижда бўлиб ўтган чемпионатларда мунтазам иштирок этиб, юқори ўринларни эгаллаб келишмоқда.

Ирода Қодирова пойтахтимиздаги 289-мактабнинг 8-синфини тугатди. У ўн бир ёшида юртимиз чемпиони бўлди. Ўтган 2017 йилда — 13 ёшида эса Кореяда ўтказилган жаҳон чемпионатида биринчи ўринни эгаллаб, байроғимизни кўкларга кўтарди. Иккинчи қизи Дилдора 13, ўғли Улуғбек 11 ёшда. Улар ҳам бир неча бор республика чемпионатларида ғолиб бўлишган. Ирода ва Улуғбек қора, Дилдора қизил белбоғ соҳиби. Саккиз ёшли Диёрахон гимнастика ва рақс билан шуғулланяпти.

Олманинг тагига олма тушади, деганларидек, болалардаги спортга бўлган ҳавас отамерос. Рустам аканинг ота-боболари кураги ерга тегмаган полвон бўлишган.

— Воҳадан полвонлар кўп чиққан, биласиз, — дейди Рустам ака. — Бизнинг ота-боболаримиз кураш усталари бўлишган. Мен ҳам узоқ йиллар кураш билан шуғулланганман. Жаҳонга чиқишни, чемпион бўлишни орзу қилардим. Ўқувчилик пайтим кураш мусобақаси туман босқичида ғолиб бўлиб, вилоятга чиққанман. Лекин вилоят босқичига мени олиб кетишмаган... Ўшанда ноҳақлиқ ва адолатсизликдан дилим оғриганди. 

— Мана, фарзандларингиз орзуингизни ушалтирибди-ку…

— Ироданинг чемпион бўлганини эшитиб, дадаси йиғлаб юборгандилар, — дея суҳбатни давом эттирди Рустам аканинг рафиқаси Зиёда Турдиева. — У кишининг армонлари қизимиз орқали рўёбга чиқди. Ҳар қандай ота-она учун фарзандининг камоли ва ютуғидан юксакроқ шараф, хурсандчилик бўлмаса керак.

— Болаларингизни неча ёшидан спортга бергансиз?

— Дадаси доим болаларимни спорт машғулотларига бераман, деб ният қилиб юрардилар, — дейди Зиёда опа. — Лекин бунга ҳеч қулай имкон бўлмасди. Олти йил олдин маҳалламизда спорт зали очилди. Ўзбек жанг санъати бўйича мураббий Баҳодир Назаровга учта боламни бирга олиб борганман. Бир ойга қолмай, мураббий болаларимда иқтидор борлигини, охиригача шуғулланса, катта натижаларга эришишини айтганида, янада ишончимиз ошди. Дадаси ишда бўлгани боис болаларни машғулотларга ўзим бир дақиқа ҳам кечиктирмай вақтида олиб борардим. Дастлаб мослашолмай, эринчоқлик қилган кезларида ҳам уларни руҳлантириб, бошлаган ишни охиригача олиб боришга ундадик. Олти ой ўтиб улар бирма-бир мусобақаларда ғолиб бўлишни бошлади ва республика чемпионатларида иштирок этишди.

Спортчи болалар фақат мусобақалардагина эмас, балки мактабда ҳам илғор экан. Уларнинг кундалигида тўрт баҳони тополмайсиз, ҳисоб.

 — Болаларимнинг ҳар бир фандан олаётган билими ва баҳоларини ўзим назорат қиламан, — дейди Рустам ака. — Ота-оналар мажлисига ҳам фақат ўзим бораман. Ўқитувчиларининг ҳаммасини яхши танийман. Агар болаларим бирон куни мактабдан тўрт баҳо олиб келишса, ўша куни дастурхон атрофида муҳокама бўлади. Кундаликнинг тўрт баҳо қўйилган саҳифасига ота-она имзоси деган жойига мен эмас, онаси имзо қўяди. Шунинг ўзи болаларимга катта жазодек таъсир қилади. Ҳар доим уйга вазифаларни вақтида тайёрлашга, дарсларда фаол бўлишга, ўқитувчининг сўзидан чиқмасликка интилишади. Шукр, ҳозиргача фарзандларимнинг биронтаси ҳақида ёмон сўз ёки дакки эшитмаганман.

— Жанубий Кореяда шоҳсупада турганимда дадам ва онамнинг шунча ҳаракатларини оқлаганим, орзусини рўёбга чиқарганимни ўйлаб, севиндим, — дейди Ирода. — Ота-онам ҳар доим бизни олдинга интилишга ундашади. Шунингдек, телевизордан бирон янгилик айтилса, ўша нарсани ҳам ҳаммамиз бирга муҳокама қиламиз. Менинг орзуим журналист бўлиш. Яқинда журналистика алоҳида университет бўлганини эшитиб, келажакда ўша ерга ўқишни ният қилдим. Бадиий асарлар, айниқса, шеърлар ўқишни, ёд олишни жуда ёқтираман.

Ирода акварель бўёқларида жуда чиройли расм солади. У чизган суратлар ҳали бирон мутахассиснинг қўлига тушмаган бўлса-да, профессионал деб баҳолашга арзийди. 

— Менинг энг севимли машғулотим китоб дўконини айланиш, — дейди Дилдора. — Дадам бизни тез-тез китоб дўконига олиб борадилар. У ерда ўзимиз китоб танлаймиз. «Китоб олами» дўконидаги кўп китобларни ўқиб чиқишга улгурдим. Айниқса, инглиз тилидаги эртаклар ва қўлланмаларни ўқишни яхши кўраман. Келажакда инглиз тили ўқитувчиси бўлмоқчиман.

Зиёда опадан қиз боланинг спорт билан шуғулланиши унинг уй-рўзғор юмушларидан қўли чиқиб кетмайдими, дея сўрадик.

— Бошида кўпчилик шундай фикрни айтишган. Лекин бизнинг ниятимиз қатъий эди. Қизларим мусобақаларга қатнашиб, ғолиб бўлишгач, кўп қўшниларимиз ва танишларимиз ҳам болаларини спортга беришди.

Болаларимни илк бор машғулотларга олиб борганимда қийналишганди, кейин аста-секин мослашишди, чиниқишди. Бўйлари ҳам тез ўсди. Энг қизиғи, уларнинг ўзини тутиши феъл-атворида ўзгариш бўлди. Шуни тушундимки, спорт, айниқса, қиз боланинг саломатлигига яхши таъсир этади.

 Қизларни рўзғорга ўргатиш, асосан, аёлнинг қўлида. Дадаси доим ишда мен эса болаларим билан биргаман. Қизлар рўзғорни ўзлари тўлиқ қўлларига олишган, сўзимдан чиқишмайди. Мактабда меҳнат дарси ва тўгараклардан тўқиш, «карвинг» санъати ва қисман чеварликни ўрганишган.

Бу хонадонда эътиборимизни тортган яна бир жиҳат, болаларнинг бир-бирини «сизлаб» чақириши, одоби, опа-укаларнинг ўзаро ва ота-онасига бўлган ҳурмати бўлди. Дастурхон атрофида ўтириш, катталарга ҳурмат ва бошқа хислатларни ўргатишда ҳам бу хонадоннинг ўз қоидалари бор экан.

Тарбиянинг намунали ёки нуқсонли бўлиши ҳам ота-онанинг маҳоратига, эътиборига боғлиқ. Гўзал тарбия кўрган бола атрофидагиларга ҳам шунга яраша ўрнак, ўз келажагига эса моҳир меъмор бўла олади. Аксинча бўлса…

Фарзандларини шу даражада комил қилиб вояга етказаётган Рустам ака ва Зиёда опа бола тарбиясида, оилавий аҳилликда ҳар томонлама кўпчиликка ўрнак бўлишга арзийди…

Бахтиёр НАЗАРОВ, «Ўзбек жанг санъати» федерацияси Тошкент шаҳар бўлими ижрочи директори, мураббий:

Ўзбек жанг санъати спорт тури ташкил топганига бу йил 9 йил бўлади. Мана шу қисқа муддатда ушбу спорт тури билан шуғулланувчилар сони кун сайин ортмоқда. Ирода, Дилдора ва Улуғбек менинг иқтидорли шогирдларимдан.

Ирода 2013 йилдан бошлаб «Ўзбек жанг санъати» билан шуғулланиб келмоқда. У бу спорт сирларини тезда ўзлаштириб олишга улгурди. Илк мусобақаси 2014 йилда Чирчиқ шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Кубоги эди. Дастлабки мусобоқаданоқ ўз вазн тоифасида 3-ўринни эгаллаганидан жуда хурсанд бўлгандим. 2017 йилда Жанубий Корея давлатида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида қатнашиб, олтин медални қўлга киритгани биз учун яна бир катта ютуқ бўлди. Ҳозирда Ирода Қодирова Ўзбекистон ва Жаҳон чемпиони, спорт усталигига номзод ва  1-даража қора белбоғ соҳиби.

Ирода ҳар томонлама фаол. У ҳатто, Тошкент шаҳар бўлими терма жамоасининг ёш аъзоларининг маҳоратини оширишда катта мураббийларга ёрдам беради. Синглиси ва укаси ҳам интизомли, зийрак, чаққон, эпчил, тиришқоқлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлмоқда. Умид қиламанки улар бундан кейин нафақат спорт, балки бошқа соҳаларда ҳам ўзини намоён этади ва юртимиз шаънини жаҳон ареналарида муносиб ҳимоя қилади.

 

Зилола ХУДОЙБЕРДИЕВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Элидан айрилган одам

Элидан айрилган одам

🕔17:44, 11.10.2018 ✔27

Улар бу номусга чидай олишмади. Уятдан ё ўлиб, ё кетиб қутулиш мумкин, холос...

Батафсил
Эрни қўлга ўргатиш дарси

Эрни қўлга ўргатиш дарси

🕔17:43, 11.10.2018 ✔30

Чин бахтга сабр-қаноат ва соф кўнгил билан эришиш мумкин. Олий маълумот бунга етарли эмас.

Батафсил
Ҳаёт йўлини ёритувчи чироқ

Ҳаёт йўлини ёритувчи чироқ

🕔11:27, 04.10.2018 ✔50

Андижонлик Самандаровлар оиласидаги файзнинг сири нимада?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Элидан айрилган одам

    Элидан айрилган одам

    Улар бу номусга чидай олишмади. Уятдан ё ўлиб, ё кетиб қутулиш мумкин, холос...

    ✔ 27    🕔 17:44, 11.10.2018
  • Эрни қўлга ўргатиш дарси

    Эрни қўлга ўргатиш дарси

    Чин бахтга сабр-қаноат ва соф кўнгил билан эришиш мумкин. Олий маълумот бунга етарли эмас.

    ✔ 30    🕔 17:43, 11.10.2018
  • Ҳаёт йўлини ёритувчи чироқ

    Ҳаёт йўлини ёритувчи чироқ

    Андижонлик Самандаровлар оиласидаги файзнинг сири нимада?

    ✔ 50    🕔 11:27, 04.10.2018
  • Буви тарбиясини олган қиз

    Буви тарбиясини олган қиз

    Келин бўлиш арафасида турган қизларга бир-биридан гўзал таърифлар айтилади. Қизнинг ҳаёсию ибоси, ширинсўзлиги, чиройда танҳолигию, чеварликдан хабардорлиги ҳам қолиб кетмайди. Бир гап борки, бу таъриф бўй етган қизнинг харидорини янаям оширади, остона супурувчилари кўпаяди.

    ✔ 54    🕔 11:27, 04.10.2018
  • «Опам яна келарканлар…»

    «Опам яна келарканлар…»

    Мадина жаҳл устида нарсаларини йиғди. Зарурми, зарур эмасми буни ўйлаб ўтирмасдан боласининг кийимларини думалоқлаганича сумкага жойлади.

    ✔ 61    🕔 11:26, 04.10.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар