Давр нафаси      Бош саҳифа

Ўқитувчининг ижтимоий мавқеи ошади

Замоннинг ўзи «инсон капитали»га сармоя киритишни кўпайтиришни тақозо этмоқда.

Ўқитувчининг ижтимоий мавқеи ошади

Кейинги йилларда коллеж ва лицейларга кўпроқ эътибор қаратилиб, умумтаълим мактабларини замон талабларига мослаштириш, уларни яхлит тизимга бирлаштириш масаласи четда қолди. Ушбу тизимга бюджет маблағлари охирги навбатда ажратиб келинди, халқ таълими ходимлари ўз вазифасидан ташқари бошқа ишларга мунтазам жалб қилинди. Оқибатда таълим сифати пасайиб кетди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 17 июль куни умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда бу алоҳида таъкидланди.

Таълим соҳасининг барча босқичларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш бўйича қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 сентябрдаги қарорига мувофиқ, Халқ таълими вазирлигининг бошқарув тизими такомиллаштирилди, асосий вазифа ва фаолият йўналишлари белгилаб берилди. Яқинда вазирлик раҳбариятида ўзгаришлар амалга оширилиб, ўқув-тарбия жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ўқитувчиларнинг ижтимоий мавқеини юксалтириш орқали таълим сифатини ошириш бўйича кўплаб вазифалар қўйилди.

Бугун мамлакатимиздаги 9,7 минг мактабда 5,2 миллион ўқувчи таълим олади, ўқув-тарбия ва бошқарув жараёнида 450 мингдан зиёд ходим меҳнат қилади.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда ўқитувчилар болалар билан ишлаш ўрнига, ота-оналардан пул йиғиш, турли текширувчи комиссияларни «рози қилиш» билан овора бўлиб қолди. Бу эса, давомат тушиб кетиши, ўқувчиларнинг қаровсиз қолиши, тарбияси бузилиши ва айрим ҳолларда турли зарарли оқимларга қўшилиши ҳолатларини келтириб чиқарди.

Давлатимиз раҳбари масаланинг кўлами ва таълим тизимининг ўзига хослигидан келиб чиқиб, аввало, ўқитувчининг ижтимоий мавқеини ошириш зарурлигини таъкидлади. Мисол учун, Жанубий Корея, Япония, Германия, Канада каби давлатларда ўқитувчининг маоши мамлакатдаги ўртача ойликдан 1,5 баробар кўп. Мамлакатимизда эса ўқитувчининг маоши ўртача ойликнинг атиги 79 фоизини ташкил этади.

Шунингдек, ўқитувчиларнинг мавқеини ошириш учун уларни бегона ишларга жалб қилишни, фаолиятини текширишни чеклаш керак. Бунинг учун ўқитувчининг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қиладиган махсус ҳуқуқий хизматни шакллантириш, ижтимоий роликлар яратиб, уларнинг обрўсини ошириш зарур.

Давлатимиз раҳбари тизимга юқори малакали мутахассислар жалб қилишни, Халқ таълими вазирлиги ҳузурида уларни рағбатлантириш мақсадида алоҳида жамғарма ташкил этишни таклиф қилди.

Яна бир муаммо мактабларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича бир неча давлат дастури қабул қилиниб, амалга оширилганига қарамай, уларнинг 60 фоизи таъмирталаб аҳволда қолаётганидир. Асосий сабаб эса қурилиш-таъмирлаш ишларига «нопок» пудратчилар жалб этилаётганида. Шу муносабат билан тегишли мутасаддиларга халқ таълими тизимида махсус инжиниринг компанияси ташкил этиш бўйича таклиф бериш топширилди.

Шавкат Мирзиёев умумий ўрта таълим сифатини янги босқичга кўтариш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Бунда давлат таълим стандартлари ва ўқув режаларини ўқувчининг ҳар бир синфда қайси кўникмаларга эга бўлишини инобатга олган ҳолда, қайта кўриб чиқиш керак. Олий ва мактабгача таълим тизимлари билан узвийликни таъминлашга ҳам эътибор бериш лозим.

Шу билан бирга, энг замонавий услублар асосида дарсликлар яратиш ва чоп этиш, мактабларда технология, муҳандислик фанлари, математика, санъат, чет тиллари йўналишларини кучайтириш, уларга тааллуқли лабораторияларни қайта жиҳозлаш керак бўлади. Бу ўқувчиларда кўпроқ мустақил таълим олиш кўникмасини шакллантиришга ёрдам беради.

Ҳа, ўқувчи мактабни баркамол, мустақил ҳаётга тайёр инсон бўлиб битириши ўқитувчининг фаолиятига бевосита боғлиқ. Шундай экан, аввало, ўқитувчининг ижтимоий мавқеини юксалтириш ана шу эзгу орзу-умидларимизга эришишнинг муҳим асосидир.

 

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг  Kun.uz мухбирига маълум қилишича:

— Умумий ўрта таълим тизимида иш ҳақи даражаси оширилади. Бу мактаблардаги ўқитувчилар таркибининг мустаҳкамланишига олиб келади. Айни дамда республика мактабларида 11 минг вакансия мавжуд. Бундан ташқари, 66 мингдан зиёд педагог олий маълумотга эга эмас;

— Халқ таълими вазирлиги тизими ходимларини уларнинг вазифасига кирмайдиган ишларга (тозалаш ишлари, шанбаликлар, ободончилик ишлари, турли йиғилиш ва мажлисларда бўлиш, коммунал хизматлар тўлови ва кўрсаткичларни текшириш билан боғлиқ хизматларга) жалб қилиш тақиқланади;

— вазирлик билан мувофиқлаштирилмаган халқ таълими муассасалари текширувлари йўқ қилинади;

 — Ўқитувчиларга имтиёзли кредитлар асосида ижтимоий уйлар ва автомашиналар берилади. Шунингдек, ўқитувчиларнинг оила аъзоларига ёрдамчи хўжалик юритиш учун қорамол ва паррандалар сотиб олиш, иссиқхоналар, лимонарийлар яратиш учун имтиёзли кредитлар ажратилади.

ЎзА материаллари асосида тайёрланди.




Ўхшаш мақолалар

Адабиёт мамлакатларни, миллатларни яқинлаштиради

Адабиёт мамлакатларни, миллатларни яқинлаштиради

🕔11:47, 09.08.2018 ✔28

Миллий адабиётимиз дунё бўйлаб ўрганиляпти ва эътироф этиляпти.

Батафсил
Ким ютади, ким ютқазади?

Ким ютади, ким ютқазади?

🕔12:14, 02.08.2018 ✔63

Улар эртага ким бўлиши ҳақида сизу биз бош қотиряпмизми?

Батафсил
Ҳаёт шодликларининг калити

Ҳаёт шодликларининг калити

🕔11:56, 26.07.2018 ✔57

«Президентимизга кўзларимда ёш билан миннатдорлик билдираман!»

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар