Инсон ўзинг      Бош саҳифа

Бировнинг ҳақи

Икромнинг ҳовлиси қишлоқнинг чеккасидаги уйлар бир томонлама жойлашган кўчада. Катта йўлдан уйларгача бўлган, ҳужжатларда «зеленая полоса» деб юритиладиган бир парча ерни одамлар ўзларига томорқа қилиб олишган.

Бировнинг ҳақи

Тўғри қилишган экан, кўчанинг олди эрта баҳордан ям-яшил бўлиб кўзингизни қувнатади. Кузакда иш кўп. Шуни ўйлаб меҳнат таътилига чиққан Икром икки кундан бери томорқасида куймаланади. Кайфияти яхши. Ҳосил баракали бўлган экан, помидор ҳам, бақлажону карам ҳам мўл, оиласига бемалол етади. Энди сабзини ковлаб олса...

— Ҳорманг қўшни, ҳорманг, — ён тарафдан Матмурод чўтирнинг шанғиллаган овози келди. — Уста деҳқон бўлиб кетибсизку, бу дейман, сабзи сотяпсизми?

Салом-алигу одатдаги ҳол-аҳвол сўрашувдан кейин Икром унинг саволига жавоб берди:

— Сотадиган сабзимиз йўқ, биласиз-ку, биз ўзимизга етгудеккина экамиз.

— Йўғ-э, — негадир Матмурод бирдан ҳайратга тушди, — бўлмаса, анави кимники? Қани, бу ёққа юринг-чи.

Сўнгги пайтлар қишлоқдаги одамлар томорқасида етиштирган у-бу нарсасини сотадиган бўлишса, катта йўлнинг бўйига чиқаришни одат қилишган. Ўтган-кетган хоҳласа олаверади-да. Ишга берилганидан эътибор қилмаган экан. Асфальт йўлнинг ёқасида, Икромнинг уйининг шундоқ рўпарасида бир қоп сабзи турган эди.

— Меники эмас, — қопни ушлаб кўриб деди Икром, — биров бозордан сотиб олиб шу ерда тура турсин, деб қўйиб кетган, чиқар. Улов топиб опкетгани келар...

— Оббо, мен сизникими деб ўйлабман, — Матмуроднинг овозида афсус оҳанги зоҳир бўлди, кўзлари ғалати йилтиллаб кетди. — Ўттиз килоча бор. Қизиқ, энди буни нима қилсак экан-а?

Юмуш билан андармон бўлганигами, Икром бунга кўп ҳам эътибор беравермади. Ҳозир йиғим-теримнинг вақти. Бировнинг машинасиданми, аравасиданми тушиб қолгандир-у, эгаси билмай кетавергандир, деб кўнглидан ўтказиб қўйди-да, ишлайверди. Бироқ шу куни Матмурод чўтирнинг ороми бузилди. Нотинчланиб, уч-тўрт марта уйининг эшигини очиб қопга қараб-қараб қўйди. Тушга яқин пилдираганича Икромнинг қошига келди.

— Ҳосилингиз яхши бўпти, — деди қўшнисининг ишини бироз  кузатиб тургач. — Дўхтир бўлсангиз ҳам деҳқончиликни биларкансиз. Йўқ, асли келин меҳнаткаш-да, — келин деб у Икромнинг аёли Моҳирани назарда тутаётган эди. — Муаллимман, деб ўтирмайди. Сал қўли бўшаса, томорқага югуради. Бизнинг келинлар бўлса... Э, уларнинг баҳонаси болалари...

Матмурод чўтирнинг икки келинининг ҳам қўлида гўдаги бор. У бечоралар ёш болалари билан қайси бир ишга улгурсин. Шуни ўйлаб Икром сал ғалати бўлди.

— Ҳа, айтгандай, сабзининг эгаси келмадими? — чўтир шунчаки оҳангида сўради.

— Йўқ, келмади, — у ишдан тўхтаб қаддини тиклади, — эгаси чиқса, олиб кетар.

— Эгаси бормикан ўзи?

— Қизиқ экансиз-ку, — қўшнининг гапи Икромга ғалати туюлди, — ҳеч замонда эгаси йўқ нарса бўларканми?

— Ҳа, энди сўрадим-да. ­Аммо-лекин сабзингиз зўр бўпти. Бизники унчаликмас,  билмадим, баҳоргача етадими, йўқми. Ҳойнаҳой, бозордан сотиб оларман-ов... — у минғирлай-минғирлай уйига кириб кетди.

— Жуда ғалати одам-да шу, — эрига кўмаклашаётган Моҳира қошларини чимириб норози тўнғиллади. Қўшнисини аввалдан хушламасди у. — Индамасанг, хотинларга ўхшаб келинларининг ғийбатини қилади. Бировнинг экин-тикини билан нима иши бор экан. Тавба...

— Қўявер, нима қилса ҳам қўшнимиз.

Тушликдан сўнг икки соатча ўтгач, кўзларидан уйқудан эндигина уйғонгани билиниб турган Матмурод яна пайдо бўлди. Индамай келиб бир чеккага ўтириб олди. Нимадан гап бошлашни билмай, у ёқ-бу ёғига қаранди.

— Икромбой, бу қишнинг ғамини едингизми?

— Нима эди?

— Кўмир олдингизми, демоқчи эдим.    

— Шу кунгача иш билан бўлиб қўлим тегмади, оламан, — деди истамайгина. — Бир машина тўктирсам, қишни бемалол ўтказамиз.

— Дуруст, — қўшни кафтини тўлдириб нос чекди. — Мен ҳам олай дейман-у, рўзғорда пул бўлмай турибди-да. Шунга ўзим ҳам ҳайронман. Сизларники яхши, эр-хотин ҳар бирингиз отнинг калласидай ойлик оласизлар...

Энди Икромнинг ростакамига энсаси қотди. «Ё пир-ай, ёлғон дегани ҳам сал эви билан-да. Икки ўғли кўп йиллардан бери бизнес қилади. Қўраси тўла мол бўлса, «Нексия»си бор одам...»

— Нега пул йўқ дейсиз? — синовчан сўради Икром. — Одамлар бу йил сизни уйига ўттиз тонна шоли тўкди, дейиш­япти-ку?!

— Тўғри, — Икромнинг гапи ёқмагани чўтирнинг юзи ўзгарганидан сезилди, — бироқ бу зорманданинг сарф-харажати ҳам катта-да. Уруғи пул, ўғити пул, яна ўроқчига пул... Сабзининг эгаси чиқмадими? Ҳеч ким сўраб келмадими?

— Эгаси чиқмади. Чиқса, келиб олиб кетар, ўзим бериб юбораман. Бу бировнинг ҳақи, — Икром гап тамом, дегандай томорқанинг нариги четига қараб юрди.

— Ай!.. Шу нарсани ҳеч ким сўраб келмаса кераг-ов, яна билмадим... — Матмурод алланеларни сўзлаганча  кўздан ғойиб бўлди.

Кечгача ишлаб анча юмушни бажариб қўйишди. Ковлаб олиниб баргидан ажратилган ҳосилни олти қопга жойлашди. Кун бўйи тинмаганиданми уларни ичкарига ташийман деб Икром анча ҳориди. Охирги энг катта қопга гал етганида:

— Етар, — деди у хотинига, — шу биргинаси тура турсин…

Енгил-елпида юриб оғирни кўрмаган-да, донг қотиб ухлаб эрталаб анча кеч уйғонди. Чойини ичиб ёқар-ёқмас кўча тарафга чиқса… тавба. Матмурод чўтир бажрайиб кечаги бир қоп сабзининг ёнида ивирсиб юрган экан. Салом-аликни насия қилди.

— Қўшни, бу сабзининг эгаси йўққа ўхшайди, — унинг ёқимсиз юзида қувонч акс этди. — Мана, бир кун ўтди, энди ҳеч ким келмайди. Эгаси чиқмаса, мол топиб олганники бўлади, ҳе-ҳе-ҳе. Тўғрими? Не дедингиз?

Икром бир муддат меровсираб қолди. Чўтирнинг мақсадини тушунгач,   вужуди ўт бўлиб ёниб нафратдан қалтираб кетди. «Астағфируллоҳ! Кечадан бери нега шу атрофда гирди-капалак юрибди, десам, гап бу ёқда экан-да. Бировнинг ҳақидан қўрқмайди бу… Ҳе садқаи одам…» Ғазабини босиб туролмади, сўкмоқчи эди-ю, шайтонга ҳай берди, беихтиёр ўзидан каттани сенсираб юборди:

— Билганингни қил-э!

Матмурод бир силташда қопни елкасига ташлаб шошилиб уйига кириб кетганидан сўнг  кўчанинг бошида эшак-арава миниб келаётган бола кўринди. Йигитнинг кўнгли бир нарсани сезгандай бўлиб каловланди. Улов эгасини таниди: баҳорда қазо қилган Ашурбой тракторчининг катта ўғли — Ботир. У салом бериб,  қимтиниб сўз бошлади:

— Икром ака, кеча ижара еримизга эккан сабзини ковлаб олгандик. Ўзимизга тегишлисини аравага юклаб уйга жўнатсам, укам бир қопини тушириб қўйибди. Қўшниларимиз «Икромнинг уйининг рўпарасида, йўлнинг ёқасида бир қоп кўринди. Дўхтирнинг у-бу сотадиган одати йўқ эди, шу сеникимасмикан, бир хабар олиб кўр», дейишди. Шунга… — хижолат бўлганидан болакайнинг озғин юзи қизариб, овози бўғилиб кетди, элдошига ҳадиксираб қаради, — келганимни кўнглингизга малол олманг…

Матмуроднинг бояги ишидан дили хуфтон бўлган Икром беихтиёр сергак тортди. Ўзи тушунмаган алланедандир қувониб кетди. «Келганимни кўнглингизга олманг, деб андиша  қилганингга раҳмат. Ёш бўлсанг ҳам фаҳм-фаросатинг жойида экан. Йўқотган нарсанг шу ерда эди, боягина манави қўшним энди  меники бўлди, деб ўзиники қилиб олди десам, бу беғубор болакайнинг одамлардан кўнгли совийди. Сўнг икки дунёда ҳам ҳеч кимга ишонмайдиган бўлади. Йўқ, ундай қилмайман».

— Э, Ботиржон-эй, нега қисинасан, — муштдай бошига рўзғор ташвиши тушиб  юпунгина кийинган, ўзининг аҳволидан уялиб турган болага меҳри товланди. Бўғзини аччиқ бир нарса куйдиргандай бўлди. Кеча сўнгги қопни ичкарига киритмаганига ич-ичидан қувонди. «Худо ўзи кўнглимга солган экан-да». — Келиб жуда тўғри қилдинг.  Уканг йўлда бораётиб тушириб қўйганини билмасдан аравасини ҳайдаб кетаверганга ўхшайди, ёш ахир ҳали.  Мен эгаси  келиб қолар, деб атайлаб чеккага олиб қўювдим. Ана, турибди.

Боланинг кўзларида қувонч порлади. Иккови олма дарахти тагидаги сабзини аравага юклашди. Икромнинг руҳи алланечук енгил тортиб жилмайди. Шу пайт Матмуроднинг ҳовлиси тарафда бировнинг шарпаси кўринди-ю, «лип» этиб ўзини ичкарига олди…

 

Содиқжон ИНОЯТОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси




Ўхшаш мақолалар

Гурунг

Гурунг

🕔16:04, 29.11.2018 ✔41

Қален СИДИҚОВА

Қишнинг чилласи. Аёз бобо юз-қўлни чимчилайди. Эшикда оғзингдан тўкилган тупугинг ерга тушмайди.

Батафсил
Қалдирғочлар баҳорда келади

Қалдирғочлар баҳорда келади

🕔13:02, 16.11.2018 ✔73

Мақсуд ҚОРИЕВ

Бу воқеа Тошкентда ер қимирлаган ўша даҳшатли унутилмас йилда бўлиб ўтганди.

Батафсил
Аччиқ келажак...

Аччиқ келажак...

🕔13:01, 16.11.2018 ✔83

Фозил ўзининг тўрт яшар ўғилчаси билан қариялар уйидан қайтиб келарди. Бутун хаёлини неча кунлардан бери банд қилиб юрган муаммонинг ечим топганига ўзида йўқ шод эди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Гурунг

    Гурунг

    Қален СИДИҚОВА

    Қишнинг чилласи. Аёз бобо юз-қўлни чимчилайди. Эшикда оғзингдан тўкилган тупугинг ерга тушмайди.

    ✔ 41    🕔 16:04, 29.11.2018
  • Қалдирғочлар баҳорда келади

    Қалдирғочлар баҳорда келади

    Мақсуд ҚОРИЕВ

    Бу воқеа Тошкентда ер қимирлаган ўша даҳшатли унутилмас йилда бўлиб ўтганди.

    ✔ 73    🕔 13:02, 16.11.2018
  • Аччиқ келажак...

    Аччиқ келажак...

    Фозил ўзининг тўрт яшар ўғилчаси билан қариялар уйидан қайтиб келарди. Бутун хаёлини неча кунлардан бери банд қилиб юрган муаммонинг ечим топганига ўзида йўқ шод эди.

    ✔ 83    🕔 13:01, 16.11.2018
  • Душман қадри

    Душман қадри

    Максим ГОРЬКИЙ

    Ўн балки тўққиз ёшимда Васька Ключарев исмли душманим бор эди. Ўзимнинг тенгқурим. Муштлашишда унга тенг келадигани йўқ эди.

    ✔ 103    🕔 18:50, 01.11.2018
  • Муроса

    Муроса

    Раҳима опа шу кунларда ўғли ва келинининг ўзаро муомаласидан сиқилиб юрарди. Дастурхон атрофида ҳам ҳар икки гапнинг бирида ўғли келинига пўписа қилади, ҳақоратлайди.

    ✔ 107    🕔 18:50, 01.11.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар