Инсон ўзинг      Бош саҳифа

Элликқалъалик Дерсу Узала

Совлиқ ҳомиласи уч ойлик бўлгач, ўн кун шувоқзорда боқилади. Шунда тери сифатли, гули қаттиқ бўлади.

Элликқалъалик Дерсу Узала

«...Ўзи негадир бу тун кўзимга уйқу келмай, ёнбошлаб радио эшитиб ётгандим. Шовқинни эшитиб, ташқариладим. Қўрадаги бўғоз совлиқлар томон энди юрмоқчи бўлганимда, ёнимдан лип этиб катта бир бўри ўтиб кетди. Дарров, ғужумдан ясалган тўқмоқни олиб, қўра ичига кирдим. Қарасам, бир бўри қўйларга човут солмоқчи бўлиб турибди. Қўлимдаги тўқмоқни сермадим. Лекин бўри бунга парво ҳам қилмади. Кўз олдимда битта қўчқорни ёриб ташлади. Кейин эпчиллик билан семизгина тўқлини елкасига ортмалади-да, кўздан ғойиб бўлди. Бўрибосарларимни чақирдим. Итлар етиб келганда бўри сал нарида кутиб турган шериклари билан кетиб бўлганди. Хуллас, бўриларнинг сурув оралашига барҳам берилди. Тўғри, бу менга иккита ушоқ молга тушди. Яхшиям ўзим ҳужумга ўтмаганим. Кўравериб, тўқнаш келавериб, уларнинг феълини тушуниб қолганман. Ҳар ҳолда бақир-чақирим иш берди-ку?!»

Қидирбой кўке айтиб берган бу воқеага ўз ҳаёти давомида кўп дуч келган. Ҳар сафар ҳам ақлини ишлатгани сабаб қийин вазиятдан чиқиб кетган. Қолаверса, узоқ йиллик тажриба ҳам қўл келади бунда. Ахир, муштдайлигидан бери Қизилқум яйловларини кезади, пишиб кетмасинми?

Асов арғумоқнинг қуйилиши

Қидирбой кўке тўриққа кетма-кет қамчи босди. От олдингидек, икки оёғини осмонга кўтариб тикка бўлмади, пишқириб ўқдай олдинга интилди. Бугун чўпон Жангли яйловдаги асов отларни ушлаб, уларни қўлга ўргатишни ният қилган. Бундай отлар тутилиб, жиловлаб турилмаса, бутунлай ёввойилашиб кетади. Кейин уларни бўйсундириш қийин бўлади.

Яйловхўжа исмли ёшулли билан чўлга йўл солдик. Чўпонинг бир суҳбатини олиш, кундалик турмуш-тарзи билан танишиш ниятида. Қидирбой чўпонни Жангли яйловидан топдик. Етиб борсак, тўрт-беш шериги билан асов, ёввойилашиб кетаёзган айғирларни ушлаш билан овора экан. Қўлидаги каноп арқонни сиртмоқ қилди-да, чаққонлик билан отнинг бўйнига отди. Яна икки азамат ҳам бараварига бу ишни такрорлади. Уч томондан бўйнига арқон тушган от икки оёқда турди. Лекин унинг уриниши зое кетди. Шу тариқа бир муддат асовланиб, ўзини ҳар ёнга ташлаб турган айғир ювош тортди. Худди шуни кутган чўпон айғир устига эгар урди ва сакраб миниб олди...

— Болалигимдан отам қабатида қўй боқаман, — дея ўтовга таклиф қилди чўпон. — Шамолу чанг-тўзонлар ўйнайдиган аёзли ва жазирама биёбон кўнглимга қандайдир яқин. Чўлда ўзимни эркин тутаман. Аслида чўпонлик касбининг ўз сир-синоати, жозибаси бор. Ана шу нарса мени ўзига оҳанрабодек тортган бўлса керак. Чўлу биёбон гўёки очиқ китоб. Фақат уни ўқишни билиш керак. Қўй ортидан яйлов кезаман. Камлик кўрганим йўқ. Чўлдаги бўри, тулки, эчкиэмар, ёввойи мушук, кийик, йўрғатувалоқ, бургут, қирғий, каклик, тўрғай сингари жониворларга, ўсимликлар оламига меҳрим тушган. Яйловни тўлдириб маъраб юрган қўй-қўзи, йилқи-туяларни кўрсам, яйраб кетаман. Саҳрода сув чиқарадиган қудуқларнинг аҳамияти катта. Ундан доим сув чиқиб туриши керак. Шу пайтгача йиғилган муаммолар эса, аста-секин ўз ечимини топиб боряпти.

Яйлов кишилари орли ва бир сўзли бўлади. Бугун Қизилқумнинг адоқсиз яйловларида сурув ортидан юрган чўпонларнинг мақсади ўзларига ишониб топширилган жамоат чорваси сонини кўпайтириш, эл-юрт маъмурчилигига ҳисса қўшиш. Ана шундайлардан бири Қорақалпоғистон Республикаси, Элликқалъа туманидаги Кампиртепа, Ултир, Жангли яйловларида сурув ортидан юрган бош чўпон Қидирбой Матбоевдир.

Қидирбой кўке ихтиёрида уч юз эллик бошдан зиёд совлиқ бор. Бу йил ҳар юз бош совлиқдан бир юз йигирмадан ошириб қоракўл қўзи олди. Давлатга ҳам бир неча юзлаб сифатли тери топширган. Шу билан бирга, режани ошириб жун ва гўшт етказиб берди. Шахсий қўрасида ўз моли, йилқи-туяси бор, албатта. «Тўрт томон фақат қумлик бўлган жойда яшаганингдан кейин чорванинг барча туридан бўлгани яхши», дейишади чўл одамлари.

Масаланинг осон ечими

...Қидирбой кўкенинг олдига ўғли югуриб келди. «Ота, қўйларнинг тиши тушиб кетяпти, ўтламай қўйишди. Озиб-тўзиб кетишяпти. Не қиларимни билмай қолдим, шунга олдингизга келдим», деди ҳовлиқиб. Иккови отларда Кампиртепа томон жўнадилар.

— Қўйларга вақти-вақти билан туз беришни ёдингдан чиқарганга ўхшайсан, — деди-да, қўй қумалоғини чўп билан у ёқ-бу ёққа юмалатиб кўрди. — Ҳа, ўйлаганимдек экан. Туз опке.

Ўғли дарров туз олиб келди. Охурдаги тузни ялаган бутун отар тушликдан сўнг ғимирлаб қолди. Бўлди, қўй қўзғалдими, демак, ҳаммаси жойида. Ўшанда ўғил отасининг кўп нарса билишига яна бир бор амин бўлди. Бундан ғурурланиб ҳам қўйди. Биргина туз сабаб бутун отар сақлаб қолинди.

Қидирбой чўпон оиласидаги барча фарзандлари, аёли чорва билан андармон. Қўрада йигирма бош қорамол, эчки-улоқ, туя, йилқи, курка бор. Ана шулар рўзғорининг кам-кўстини таъминлайди. Ахир, кексалар «катта рўзғорга нима керак бўлса, кичик рўзғорга ҳам шу нарса зарур», деб бежиз айтмаган. Турмуш ўртоғи, қиз ва келинлари билан туя, йилқи соғади, урчуқда жун йигириб, пайпоқ, пайтава, нимча тўқийди. Бу маҳсулотлар табиий ва кўп йилга чидайди, изғиринлардан ҳимоя қилади.

Содда ҳақиқат

 «Дерсу Узала» бадиий фильмини ҳаммамиз томоша қилганмиз, албатта. Мазкур киноасарда Дерсу Узаланинг она табиатга бўлган беқиёс муҳаббати акс этган. Бир қарашда одамлар унча менсимайдиган, кўримсизгина Дерсуда борлиққа бўлган муносабат, қараш бутунлай ўзгача, инкор этиб бўлмас. Хўш, мавзумизга бунинг қандай алоқаси бор, деб ўйлашингиз турган гап. Гап шундаки, қаҳрамонимизда ҳам, худди Дерсудаги каби хислатларни кўрдик. У бепоён қумликлар билимдони экан. Қидирбой кўке суҳбат чоғида бир гапни кўп такрорлади: «Инсон оёғи остидаги заминда бола-чақасини боқади, ундан ризқ-рўз ундиради. Шундай экан, едириб-ичириб, ризқлантирадиган заминни топтамаслик зарур». Бу унинг содда ҳақиқати.

Қидирбой чўпон қишлов бошланишидан олдин қўйларни яйловнинг узоқ-узоқларига ҳайдаб кетади. Қўрага яқин янтоқзор, шувоқзор, саксовулзорларни қаҳратон қиш совуқлари ва қўзилатиш мавсуми учун асрайди. Совлиқларнинг ҳомиласи уч ойлик бўлгач, ўн кунча шувоқзорда боқади. Шундай қилинса, терисининг сифати яхши, гули қаттиқ ва ялтироқ бўлар экан. Ўша машҳур «қора», «қорақалпоқ сури», «антиқа» сингари қоракўл териларининг бежиз, довруғи оламга кетмаган. Кампиртепа, Нисан, Саримой, Оқдигар, Ултир, Жангли яйловларида боқилган қўйлардан худди ана шундай бебаҳо тери олиш мумкин экан.

...Олис яйловдаги қўй-қўзиларнинг маъраши, осмонда мағрур қанот қоқаётган бургутнинг «қийй-қийй»и билан қўшилиб ажиб бир оҳанг ҳосил қилади. Қидирбой чўпон ана шундай манзара шайдоси. Унда чўл ҳаётига муҳаббат кучли. Айтишича, ана шу меҳр борган сари кучайиб борар экан...

 

Улуғбек ЖУМАЕВ,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Гурунг

Гурунг

🕔16:04, 29.11.2018 ✔41

Қален СИДИҚОВА

Қишнинг чилласи. Аёз бобо юз-қўлни чимчилайди. Эшикда оғзингдан тўкилган тупугинг ерга тушмайди.

Батафсил
Қалдирғочлар баҳорда келади

Қалдирғочлар баҳорда келади

🕔13:02, 16.11.2018 ✔73

Мақсуд ҚОРИЕВ

Бу воқеа Тошкентда ер қимирлаган ўша даҳшатли унутилмас йилда бўлиб ўтганди.

Батафсил
Аччиқ келажак...

Аччиқ келажак...

🕔13:01, 16.11.2018 ✔83

Фозил ўзининг тўрт яшар ўғилчаси билан қариялар уйидан қайтиб келарди. Бутун хаёлини неча кунлардан бери банд қилиб юрган муаммонинг ечим топганига ўзида йўқ шод эди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Гурунг

    Гурунг

    Қален СИДИҚОВА

    Қишнинг чилласи. Аёз бобо юз-қўлни чимчилайди. Эшикда оғзингдан тўкилган тупугинг ерга тушмайди.

    ✔ 41    🕔 16:04, 29.11.2018
  • Қалдирғочлар баҳорда келади

    Қалдирғочлар баҳорда келади

    Мақсуд ҚОРИЕВ

    Бу воқеа Тошкентда ер қимирлаган ўша даҳшатли унутилмас йилда бўлиб ўтганди.

    ✔ 73    🕔 13:02, 16.11.2018
  • Аччиқ келажак...

    Аччиқ келажак...

    Фозил ўзининг тўрт яшар ўғилчаси билан қариялар уйидан қайтиб келарди. Бутун хаёлини неча кунлардан бери банд қилиб юрган муаммонинг ечим топганига ўзида йўқ шод эди.

    ✔ 83    🕔 13:01, 16.11.2018
  • Душман қадри

    Душман қадри

    Максим ГОРЬКИЙ

    Ўн балки тўққиз ёшимда Васька Ключарев исмли душманим бор эди. Ўзимнинг тенгқурим. Муштлашишда унга тенг келадигани йўқ эди.

    ✔ 103    🕔 18:50, 01.11.2018
  • Муроса

    Муроса

    Раҳима опа шу кунларда ўғли ва келинининг ўзаро муомаласидан сиқилиб юрарди. Дастурхон атрофида ҳам ҳар икки гапнинг бирида ўғли келинига пўписа қилади, ҳақоратлайди.

    ✔ 107    🕔 18:50, 01.11.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар