Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

Нутқнинг кўринмас қудрати

Моҳир сўз устаси Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ таҳририятимиз меҳмони бўлди. У билан нутқ ва нотиқлик борасида суҳбатлашдик.

Нутқнинг кўринмас қудрати

— Инсон қалбига нутқ орқали йўл топамиз. Навоий ҳазратлари:

Сўз келди аввалу жаҳон сўнгра,

Не жаҳонки,  кавн ила макон сўнгра

деганлар. Демак, дунёнинг яратилиши биргина бўл, деган сўз билан бўлди. Йўқ бўлиши ҳам ўша биргина сўз билан бўлади.

Фақатгина инсонга хос бўлган учта тушунча бор. Уни қандай қўллашимизга қараб, биз бир-биримиздан фарқланамиз. Булар — сўзлаш, тинглаш, англаш. Сўзлаш — маърифатдан, тинглаш — маданиятдан, англаш — маънавиятдан. Мана шу учови нотиқликнинг қон томири, жон томири. Жамиятдаги ҳар қандай тизимнинг бошқарув механизмида биринчи ўринда нутқ туради. Ана шунинг учун ҳам ҳар бир нарсанинг калити бор. Мулоқотнинг калити — нутқ. 

Биринчи Президентимизнинг ­эътирофлари бор эди: «Инсон қалбига йўл аввало таълим ва тарбиядан бошланади». Бу ўринда таълимнинг калити нутқ билан, тарбиянинг калити хулқ билан бўлади. Нутқий ва хулқий маданияти омухта бўлмаган инсон комил инсон эмас. Нутқий ва хулқий маданиятга эга бўлмаган авлодни баркамол авлод дейиш мумкинми? Ана шу нуқтаи назардан нутқни бирламчи дейишимизнинг сабаби бор.  Мана, мутафаккирлардан бири шундай дейди: «Чиройли сўзлаш турган пайтда пул, ҳокимият, мансаб ва машҳурликнинг менга кераги йўқ. Мен уларга эга бўлсам ва чиройли сўзлашга эга бўлмасам, бойлигу шуҳратни бир кунда йўқотаман. Агар чиройли сўзлаш маҳоратига эга бўлсам, уни янада ўстиришим мумкин».

— Сизни халқ достончилигининг моҳир билимдони — адабиётшунос олим, фаол ва пешқадам маънавият тарғиботчиси, қалами ва сўзи ўткир журланист, бир қанча кўрсатувларнинг муаллифи ва бошловчиси сифатида биламиз. Лекин сизни кўпчилик моҳир ва нуктадон воиз сифатида танийди. Ўзингиз-чи?  Нотиқликни нима деб биласиз?   

— Мен олдин буни соҳа деб билдим. Кейин касб деб англадим. Кейин ҳунар бўлса керак, деб тушундим. Санъат деб ҳам билдим, фан деб ҳам англадим. Бугун эса, нотиқлик мен учун аслида тақдир эканини ҳис қилиб турибман. Ҳамманинг тақдири бир хил бўлавермайди, бу ҳаммага ҳам насиб қилавермайдиган тақдир.

Бирорта нотиқнинг ҳаёти силлиқ бўлган эмас. Мана, оддий мисол: ҳазрат Навоий халқнинг дардини ўйлаб айтган гаплари, қилган ишлари учун Астрободга ҳокимлик тамғаси остида давлат ишларидан четлатилди. Аслида бу сургун эди. Нутқнинг қудрати бўлмаганда ота билан бола невара Мўмин мирзо сабаб қирпичоқ бўлиб, икки томондан минглаб мўмин мирзолар ўлиши ҳеч гап эмас эди.

Баъзан оилаларда уриш-жанжаллар бўлиб туради. Уларнинг ўртасига тушиб, яраштириб қўйиш учун инсонда билим, ҳаётий тажриба, мавқе билан бирга, керакли гапни топиб, таъсирчан қилиб етказиб бера олиш маҳорати ҳам  бўлиши зарур.

Инсон ўз касбига қизиқса, уни севсагина, фидойилик билан ишлай олади. У ўз касбининг шайдоси, гадосига айланади. Энди уни бериладиган маош ҳам қизиқтирмай қўяди.

— Фарзанд тарбиясида нутқий маҳорат қай даражада самара беради?

— Биз болаларга тўғри сўзни таъсирчан тарзда етказиб бермасак, бошқалар бундан ғаразли мақсадда фойдаланиши мумкин. Мана, ўйлаб кўринг, Ўзбекистонда диний экстремистик оқимнинг телевидениеси, радиоси ёки газетаси борми? Йўқ! Унда нега улар халқнинг муайян қатламини ортидан эргаштирди? Ваҳоланки, бизнинг маънавиятчиларимиз қўлида кўплаб оммавий ахборот воситалари бор-ку?! Бу механизм нима учун кутилган самарани бермади? «Фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши фақат маърифат билан баҳсга киришиш мумкин», эканининг яққол исботи бу.

Бир нарсани тан олиш керак, бизда берилаётган таълим — номига. Ўқувчи бугун фандан безса, эртага Ватандан безади. Ватандан безса, индинга ватангадо бўлади. Ватангадо бўлса, охирул-оқибат кафангадо бўлади. Мана, энди ўқитувчи аслида нима иш қилиши лозимлигини тушуниб олаверинг. Агар болаларга бугунги ҳаётимиз, бунёдкорлик ишларимиз, ким эдигу ким бўлганимизнинг моҳиятини тўғри ва таъсирчан усулда етказиб бера олсак, унинг онгида ёт ғояга ўрин қолмайди.

Ҳар қандай касаллик руҳиятдан танага кўчади. Бизнинг медицинамиз эса, фақат танани даволайди.

— Лекин баъзи болаларга маънавият, ахлоқ ҳақида гапирсангиз, эртак эшитаётгандай бўлади. Уларни бундай гаплар билан таъсирлантириш қийин.  Бунинг боиси нима деб ўйлайсиз?

—  Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида улғайган бир авлод қандай бўлмасин, пул топиш фикри устуворлигини ҳаётда кўриб-кузатиб ўсди. Уйда ота-она унга «Ана, ўқитувчингни кўряпсанми? Ўқиб нима бўлди? Мана, амакинг учта олийгоҳни тугатган, лекин фалончи  тракторчи ундан кўпроқ пул топади», деган гапларни айтиб, таълим-тарбия бергани ҳам рост. Бу гаплар боланинг ҳаётга қарашини юзакилаштириб қўйди. Бир қараганда ота-она болани тадбиркорликка чорлагандек бўлади. Лекин ҳамма нарса ниятга боғлиқ. Ният хайрли бўлса, оқибат хайрли бўлади.

— Ҳозирги турли ахборотлардан болани ҳимоялашнинг қандай усуллари бор?

— Болани китоб ўқиб, уни англаб, фикрлайдиган қилиб ўстиришимиз керак. Китоб ўқишдан мақсад — уқиш. Китоблар ҳам ҳар хил бўлади. Китобни танлаб-саралаб ўқиш учун бадиий дид керак. Дид бўлмаса, танлаб ўқий олмайди.

Бир куни ўғлим дарсда уйга вазифа қилиб берилган шеърни менга ёддан ўқиб берди. «Хўп, жуда яхши ёдлабсан. Хўш, бу билан шоир нима демоқчи?» деб сўрасам, «Йўқ, буни ўқитувчимиз сўрамайди», дейди. Энг катта фожиа ана шу ердан бошланади. Болага матнни тўтига ўхшатиб ёдлатамиз, шу билан бўлди. Қотиб қолган, догмага айланган қолиплардан воз кечиш вақти етди, чунки бизга тўтиқушлар керак эмас.     

Жуда кўп омиллар ота-она ва ўқитувчига боғлиқ. Айниқча, ўқитувчига.  

Рус педогогларидан бири Василий Сухомлинскийнинг шундай гапи бор: «Ўқитувчи маҳорати ўсишининг энг муҳим шарти бу — ўқитувчининг бўш вақтидир. Ўқитувчида бўш вақт қанча кам бўлса, у шунча руҳан синади. У қанчалик ҳужжатбозлик, мажлисбозлик, қоғоздаги иш режалари-ю ҳисоботлар билан банд бўлса, ўқувчи-талабага берадиган ҳеч нарсаси қолмайди тобора. Вақт бу — ўқитувчининг энг катта руҳий бойлигидир».

Ўқитувчида ўз устида ишлаш, изланиш учун етарли вақт бўлмаса, ўз фаолиятига юзаки ёшдашиш бошланади. Моҳият бир ёқда қолиб, ўқувчига фақат қолипни ёдлатади, холос. Шунинг учун бизда ижодкорлик ўрнини саксон фоиз ижрочилик эгаллаб олди. Раҳбар кун бўйи топшириқ бажаради, қўл остидагиларга буйруқ беради. Кейин юқоридан яна нима топшириқ бўларкан, деб кутиб туради. Ҳамма ишни ўз вақтида тўла-тўкис бажаради. Лекин шу ишнинг моҳияти ҳақида ҳеч ўйлаб кўрмайди. Оч қорним, тинч қулоғим, деб юраверади. Бундай психология янгиланиши керак. Бусиз бирон натижага эришиб бўлмайди. 

— Журналистика сиёсатми ё санъат? Бу масалада фикрингиз қандай?

— Бу кимнинг қандай кўз билан қарашига боғлиқ. Журналистикани ким қандай тушунса, унга шундай хизмат қилади. Неъмат Аминов «Адабиёт ёруғликдир, уни чегаралаб бўлмайди», деган эди. Ҳамма нарсани санъат даражасига чиқариш мумкин, бу маҳорат дегани. Менинг назаримда, журналистика чинакам санъат. Журналистика халққа ё йиғлатиб, ё кулдириб, таъсир қилдими, у албатта, санъат ҳисобланади.

Лекин журналистика бирёқлама бўлиб қолмаслиги керак. У холис бўлиши зарур. Ёшликдан бизни мақтаб-мақтаб ўстиришган. Аслида мақтов — бу сўйишдир. Шундай ҳадис бор. Беҳуда мақтов — лаганбардорлик. «Лаганбардорлар қузғунлардан баттардир. Чунки қузғунлар ўликларни ейди, лаганбардорлар тирикларни», деган экан бир файласуф.

— Биласиз, журналист халқдан, одамлардан ахборот олади, уни саралайди, таҳлил ва таҳрир қилади ва кўпчилик учун фойдали тарзда оммага етказади. Аммо интервью пайтида айрим кишилардан бир оғиз гап олиш жуда қийин. Унинг «нотиқлиги» шу даражадаки, у умуман гапирмайди ёки сўраган нарсангизни айтмай, нуқул мавзудан «айланиб ўтади». Унинг ичидаги гапини суғуриб олиш учун нутқий чечанликнинг самараси борми?

— Албатта! Баъзан суҳбатдошингиз ҳеч қачон сиз кутган нарсани айтиб беролмайди. Шундай пайтларда айрим журналистлар суҳбатдошининг нутқини ҳам ўзи ёзиб қўя қолади. Журналист ўзидан интервью олади. «Ҳа, сиз ундай демоқчисиз, сиз бундай демоқчисиз», деган гаплар билан ўзи берган саволга ўзи жавоб бера бошлайди. Лекин суҳбатдошдан керакли маълумотни ола билиш учун диққат муҳим аҳамият касб этади. Диққат билан бошланган суҳбат ўз-ўзидан очилиб, давом этиб кетаверади. Бир томон вазиятдан келиб чиқиб савол беради, иккинчи томон шунга мувофиқ жавоб қайтаради.

Яна суҳбат самимий, дилдан қилиниши, суҳбатдошнинг «қитиқ пати»ни топа билиш керак. Шунда у сиз билан очилиб гаплашади. Керак бўлса, суҳбат қилинаётган мавзу бўйича суҳбатдошдан кўра кўпроқ маълумотга эга бўлиш керак.

...Америкада бир болакай овқат қилаётган онасининг олдига югуриб бориб, «Ойи, бизникига келган ана у киши балиқчими?» деб сўрабди. Онаси: «Нега бундай деяпсан?» деса, «У балиқ ҳақида шунчалик кўп нарса билар эканки...» дебди бола. «Йўқ, у президент Рузвельт, сенинг балиққа қизиқишингни билгани учун шундан сўз очган, кўрдингми, сен уни менга мақтаяпсан», деган экан она.

Суҳбатдошнинг ёши, жинси, миллати, ихтисослиги, қизиқиши — ҳамма-ҳаммасини инобатга олиб, у билан гаплашишга ҳар томонлама тайёр бўлиб, кейин суҳбатга киришиш керак, аслида. Акс ҳолда, ундан керакли маълумотни олиб бўлмайди. Бундай суҳбатнинг таъсири ҳам, фойдаси ҳам йўқ. Тасаввур қилинг: боғчага таклиф қилинган домла болажонларга эр-хотинлик муносабатлари ҳақида маъруза қилса, бундан болажонларга бирон наф бўладими?..

Бизда яхшилик кўпроқ гапирилади, ютуқларимиз эътироф этилади, шу орқали мақсадга эришишни кўзлаймиз. Ғарбда эса, журналист кўпроқ нуқсонларни айтади, уларни йўқотишга эътибор қаратади, шу билан мақсадга эришишни кўзлайди. Мақсад битта, лекин мақсадга борадиган йўллар турлича.

— Кучли нотиқ бўлиш учун инсондан нималар талаб қилинади?

— Нотиқликда кучли қувваи ҳофиза керак. Диққат билан хотира нотиқ учун бошдаги икки кўз каби муҳим. Жуда кўп нарсани биладиган киши диққатини жамлолмаса ёки керакли ўринда керак нарсани эслолмаса, фойдаси йўқ. Нутқида узилиш-бузилиш бўлади, кераксиз сўзлар аралашиб қолади.

Хорижий телеканалларда кўп кузатганмиз, еттинчи синф маълумотига эга оддий чилангарга микрофон тутса, бир текис ва равон гапириб кетади. Бизда эса каттакон раҳбар, мактаб директори ёки ҳар куни юзлаб болага дарс берадиган ўқитувчи ҳам микрофон ёки камера олдида ўзини йўқотиб қўяди. Микрофон тутсангиз, «Нима дейишим керак ўзи?» деб сўрайди. Уларда етарлича билим бор, тажриба бор, маълумот бор, лекин нутқий малака йўқ. Бунинг учун нотиқлик қозонида қайнаши керак. Бир неча саҳифалик матнни овоз чиқариб ўқиш, бошқалар олдида фикрини эркин баён қилишга одатланиш, ўрни келганда бадиҳагўйлик билан вазиятдан келиб чиқиб, муносиб ва таъсирчан жавоб қайтариш машқига эга бўлиш нотиқликнинг таъсирчан механизми ҳисобланади. Биз ўқитувчи, раҳбар, депутат, сиёсатчи ва барча хоҳловчиларни ана шу соҳага ўргатиш учун яқинда «Нотиқлик санъати академияси», деб номланган нодавлат таълим муассасасини ташкил қилдик. Мақсадимиз жамиятдаги барча соҳада кучли ва таъсирчан нотиқлар тайёрлаш.

— Бир пайтлар академик Матёқуб Қўшжоновнинг пешқадам шогирдларидан бўлгансиз. Нотиқлик борасида ҳам устозингиз Қўшжонов домла бўлганми?

— Домладан жуда кўп нарсаларни ўрганганман. Домла матнларни ўзлари ўқиб, ўзлари ёза олмай қолган пайтлари шахсий котиби сифатида китоблар ўқиб берар ва асарларини ёзиб олардим. Бир ўқишда овоз чиқариб эллик саҳифа матнни ўқиганман. Яна бадиий асардаги ҳар бир қаҳрамонга алоҳида ўзига хос овоз бериб ўқиганман. Домлага ўқиб бериш баробарида жуда кўп китоблар билан ўзим ҳам танишиб чиқдим. Домла менинг мутолаага бўлган меҳримни уйғотган.

Домла ҳар куни ёзарди. Қўл қаламдан чиқиб кетмаслиги керак, ғадир-будир бўлса ҳам ҳар куни ёзиб туриш керак, дерди.

Домланинг табиатидаги мард, олижаноб, бошқаларга нисбатан ҳамиша ёрдам қўлини чўзувчи, олим сифатида фидойи ва самимий инсонлигига кўп гувоҳ бўлганман. Бир йили домла Шароф Рашидов ижоди ҳақида «Талант саховати» китобини ёзди. Китоб Шароф акага манзур бўлди. Бир гал иккаласи учрашиб қолганда Шароф ака домлага миннатдорлик билдириб: «биздан нима хизмат?» деб сўрабди. Шунда домла: «бошингиз омон бўлсин, бошқа тилагимиз йўқ», деб жавоб берибди. Ўша пайтларда домланинг қизи оиласи билан ижара уйда яшарди. Бир гал суҳбат орасида домлага шуни эслатдим. Домла мийиғида жилмайиб шундай деганди: «Олим одам бировдан тама ҳам қилмайди, унга шама ҳам қилмайди».

Бундай олижанобликни бошқаларда топиш қийин... 

Сўзлашда оҳанг ва овоз имкониятларини ўрганишда истеъдодли, моҳир нотиқ Қодир Маҳсумов менда катта таассурот қолдирган. Кейинчалик бу устоз санъаткор ҳақида «Тошкентдан гапирамиз...» номли китобда батафсил фикр юритганман. 

Суҳбатдошимиз ҳақида:

Раҳимбой Жуманиёзов — Ўзбекистoн Республикaси Фaнлaр aкaдемияси мукoфoтининг лaуреaти вa «Энг яxши вoиз» Республикa кўрик-тaнлoвининг сoвриндoри, филoлoгия фaнлaри нoмзoди, доцент, Antique world — «Aнтик дунё» Xaлқaрo илмий aкaдемиясининг aкaдемиги.

«Xaлқ дaҳoсининг кўзгуси», «Эски ўзбек ёзуви», «Xaлқ ижoди – ҳaқ ижoд», «Ҳaрфлaр тилгa киргaндa», «Aлифбo», «Дoнг қoзoнгaн дoстoн», «Туркий сaвoд», «Ҳaрфлaр гулшaни», «Янги aлифбoдaн сaбoқлaр», «Ғoявий тaрбиядa нoтиқлик сaнъaти», «Кoмилжoн Oтaниёзoв зaмoндoшлaри xoтирaсидa», «Янгиликлaр ёзиш вa тaҳрир қилиш», «Эли эъзoзлaгaн бaxшининг бaxти», «Нутқий мaҳoрaт», «Мaънaвият тaрғибoтчиси», «Тaълим, тaрбия, тaфaккур, тaрaққиёт», «Муoмaлa мaдaнияти», «Дил – қулф, тил – кaлит», «Туркий қирoaт қирoли» нoмли китoблaри чoп этилгaн.

«Қoрa илoн» ҳaмдa «Бегoнa» вa «Oтa» нoмли бaдиий фильмлaрнинг прoдюсери вa ҳaммуaллифи.

Суҳбатни

Ғулом БОБОЖОНОВ

ёзиб олди.




Ўхшаш мақолалар

Гулчеҳра Иброҳимбекова:  «Бегона баҳор»ни бошимдан ўтказганман»

Гулчеҳра Иброҳимбекова: «Бегона баҳор»ни бошимдан ўтказганман»

🕔16:57, 18.10.2018 ✔7

Саҳнага чиқиб, ўйнаётган роли — қаҳрамонига нисбатан томошабин қалбида меҳр ё нафрат уйғота олиш санъаткор истеъдодидан дарак беради.

Батафсил
Маънавият — мавҳум тушунча эмас

Маънавият — мавҳум тушунча эмас

🕔11:51, 30.08.2018 ✔129

Одам бўлиш ва одамдек яшашнинг оддий қоидаларини тушуниш шунчалик мураккабми ёки ўзимиз мураккаблаштиряпмизми?..

Батафсил
«Қўрқоқлик – буюк куч!»

«Қўрқоқлик – буюк куч!»

🕔11:37, 09.08.2018 ✔168

Таниқли драматург Шароф Бошбековнинг қаҳрамонлари жилмайиб туриб, ўз фожиаси ҳақида сўзлайди. Камчиликлари, қусурларини яшира олмайдиган содда-гўл персонажлари тақдирига кулиб эмас, ачиниб қараймиз.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Гулчеҳра Иброҳимбекова:  «Бегона баҳор»ни бошимдан ўтказганман»

    Гулчеҳра Иброҳимбекова: «Бегона баҳор»ни бошимдан ўтказганман»

    Саҳнага чиқиб, ўйнаётган роли — қаҳрамонига нисбатан томошабин қалбида меҳр ё нафрат уйғота олиш санъаткор истеъдодидан дарак беради.

    ✔ 7    🕔 16:57, 18.10.2018
  • Маънавият — мавҳум тушунча эмас

    Маънавият — мавҳум тушунча эмас

    Одам бўлиш ва одамдек яшашнинг оддий қоидаларини тушуниш шунчалик мураккабми ёки ўзимиз мураккаблаштиряпмизми?..

    ✔ 129    🕔 11:51, 30.08.2018
  • «Қўрқоқлик – буюк куч!»

    «Қўрқоқлик – буюк куч!»

    Таниқли драматург Шароф Бошбековнинг қаҳрамонлари жилмайиб туриб, ўз фожиаси ҳақида сўзлайди. Камчиликлари, қусурларини яшира олмайдиган содда-гўл персонажлари тақдирига кулиб эмас, ачиниб қараймиз.

    ✔ 168    🕔 11:37, 09.08.2018
  • Нутқнинг кўринмас қудрати

    Нутқнинг кўринмас қудрати

    Моҳир сўз устаси Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ таҳририятимиз меҳмони бўлди. У билан нутқ ва нотиқлик борасида суҳбатлашдик.

    ✔ 185    🕔 12:04, 02.08.2018
  • «Актёр таниқли эмас, севимли бўлиши керак»

    «Актёр таниқли эмас, севимли бўлиши керак»

    Cамимий, оддий ва камтар актриса Наргиза АБДУЛЛАЕВА — омади чопган санъаткорлардан. «Чархпалак», «Бегона баҳор», «Жийда гули», «Ўткинчи бахт» сингари фильмлардаги роллари орқали халқимиз кўнглига чуқур кириб борган актриса ҳаётда ҳам инсоний фазилатлари билан ҳурмат-эҳтиромга лойиқ эканини кўпчилик яхши билади. Икки оғиз суҳбатини олган киши борки, ундаги самимиятга маҳлиё бўлади-қолади...

    ✔ 239    🕔 10:37, 12.07.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар