— Ойбика-а-а...

Панжарага суянганча, хаёлга берилган қизча тарбиячисини кўрган бўлса-да, пинагини бузмай, бир нуқтага тикилиб тураверди. Қизчанинг эътиборини ўзига қарата олмаган тарбиячи ўпкалаган бўлди.

Меҳр

— Ойбика, шунча чақирсам ҳам қарамайсан-а?! Тушлик бошлангани қачон эди, юрмайсанми?

Тарбиячи опа қизчанинг бошини меҳр билан силаганча, ошхона томон бошлади. Улар киришганда болалар аллақачон овқатланишни бошлаб юборган, қошиқ-товоқларнинг шақир-шуқури эшитиларди...

Ойбиканинг «Меҳрибонлик уйи»га келганига икки ойдан ошган. Бу ернинг шарт-шароитига ҳали кўникмаган, болаларга эмин-эркин қўшилолмасди. Тенгдошларидан ўзини олиб қочади, ҳатто, улар билан гаплашмайди. Ёлғиз қолди дегунча, уйидан олиб келган қўнғир айиқчасини маҳкам қучоқлаганча, панжара ортидан ўтиб-қайтаётган йўловчиларни кузатади. Кўчадаги ўткинчилар орасидан ота-онасини қидиради. Гўё бугун-эрта улар келади-ю, уни бу ердан олиб кетадигандай. Бу ҳолат икки ойдан буён такрорланса-да, на отаси ва на онаси келди, на одамлар орасида уларга ўхшаш қиёфани топди.

Қўшниси Гулчеҳра хола ҳар гал уни кўргани келганида: «Даданг билан онанг эрта-индин сафардан келиб, сени бу ердан олиб кетади», дейди. Қизча бунинг ёлғонлигини, ота-онаси энди бу дунёда йўқлигини билса-да, улар тирик деб, ўзини ишонтиргиси келарди. Мабодо «Гулчеҳра хола, бу гапингиз ёлғон» деса, хола аразлайди-ю, кўргани келмай қўяди, деб қўрқади. Қизалоқ ота-онасининг бу дунёда йўқлигидан эмас, Гулчеҳра холанинг келмай қўйишидан кўпроқ қўрқади. Хола бир-икки кун хаялласа, ўзини қўйгани жой тополмай қолади.

Мана, Гулчеҳра хола келиб-кетганига ҳам бугун бир ҳафта бўлди. Негадир ундан дарак йўқ. Ойбика эрталабдан бери йўл пойлайди. Ҳозир ҳам тарбиячи опа уни ошхонага етаклаганида икки кўзи дарвозада қолди. Гўёки ошхонага кирса, хола келади-ю, панжара олдида унинг йўқлигини кўриб, қайтиб кетадигандай. Чунки у ҳар сафар холани узоқдан кўрар ва «Мен бу ердаман», деб қўл силкитарди-да! У ҳозир ҳам овқат еяпти-ю, хаёли кўчада...

Холани кўрмаганига ичикаётган Ойбикани тушликдан сўнг дугоналари билан бирга қўярда-қўймай циркка олиб кетишди. Энди нима бўлади?.. Гулчеҳра хола келса, Ойбика йўқ, қайтиб кетадими? Йўқ, хола уни кутади.

Қизалоқ томоша охиригача зўрға чидаб ўтирди. Қайтиб келишганда, ҳеч ким унга «Сени кўргани келишди», демади. Шундай бўлса-да, панжара олдига бориб, холани кута бошлади.

Тарбиячи опа энди уни кечки овқатга олиб кетди. Ойбика истар-истамас бир-икки қошиқ еган бўлди. Овқатдан сўнг болалар телевизор олдига жойлаша бошлади, қизча ётоқхонасига йўналди.

У ўзини жуда ёлғиз ҳис қила бошлади. Бу ердаги болаларнинг келиб кўрадиган кишиси бор, уни эса ҳеч ким сўраб келмайди, ҳеч ким эркалаб-суймайди, пешонасидан ўпмайди. Ойбиканинг кўзларида ёш ҳалқаланди. Қўнғир айиқчасини қучоқлаганча каравотига чўзилди. Салдан кейин хонага тарбиячи опа кириб келди.

— Ойбика, қизим, турақол!... Ҳозир юз-қўлларимизни ювамиз...

Шундай деб, тарбиячи опа қизчанинг юз-қўлларини ювиб, сочларини таради, кейин қўлидан тутганча катта хонага бошлади. Хона нимқоронғи эди. Улар эшикдан кириши билан хона бирдан ёришди. Ойбиканинг кўзлари қамашди. Шу пайт болаларнинг: «Туғилган кунинг муборак бўлсин, Ойбика!» — деган хитобига қоришган қарсаклар янгради.

Ойбика хона тўрида оппоқ айиқча кўтарган аёлни кўриб, беихтиёр жилмайди. Гулчеҳра хола!.. Қизалоқ хола томон талпинди. Унинг қучоғида биринчи марта онасиникидек иссиқ тафтни ҳис этди...

 

Гўзалой МАТЁҚУБОВА




Ўхшаш мақолалар

Ростгўйлар

Ростгўйлар

🕔17:38, 11.10.2018 ✔129

Раҳбар деганлари бу даражада ростгўй бўлмаслиги керак-да. Эса ходимларининг ҳолига вой деяверинг.

Батафсил
Почта мудири билан суҳбатим

Почта мудири билан суҳбатим

🕔11:18, 04.10.2018 ✔47

Антон ЧЕХОВ

Почтмейстердан бир сўм солинган пакетни олатуриб:

Батафсил
Бир бурда нон

Бир бурда нон

🕔11:17, 04.10.2018 ✔43

Умрининг сўнгги куни қазоси кўзига қир бўлиб кўринган дам кекса генерал ўғлини ёнига чақирди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Ростгўйлар

    Ростгўйлар

    Раҳбар деганлари бу даражада ростгўй бўлмаслиги керак-да. Эса ходимларининг ҳолига вой деяверинг.

    ✔ 129    🕔 17:38, 11.10.2018
  • Почта мудири билан суҳбатим

    Почта мудири билан суҳбатим

    Антон ЧЕХОВ

    Почтмейстердан бир сўм солинган пакетни олатуриб:

    ✔ 47    🕔 11:18, 04.10.2018
  • Бир бурда нон

    Бир бурда нон

    Умрининг сўнгги куни қазоси кўзига қир бўлиб кўринган дам кекса генерал ўғлини ёнига чақирди.

    ✔ 43    🕔 11:17, 04.10.2018
  • Олча гуллаган кун

    Олча гуллаган кун

    Қобил ота бомдод намозини ўқиб бўлгач, аёлининг ҳаққига узоқ дуо қилди. Жойнамоздан оҳиста қўзғалар экан, деразадан ҳовлига мўралади.

    ✔ 72    🕔 11:38, 20.09.2018
  • Ҳаёт бу — саёҳат

    Ҳаёт бу — саёҳат

    «Кутиш хонасида ўтирганимда шифокорнинг онамга секин пичирлаётганини кўрдим. Тахминимча, у қон таҳлилимнинг натижалари ҳақида сўзлаётган эди. Бир ҳафта ичида бу ерга учинчи марта келишим эди ва мен ҳам асабийлашар, ҳам қўрқардим. Мен ўйлаган нарса содир бўлгандек эди...»

    ✔ 68    🕔 11:37, 20.09.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар