Инсон ўзинг      Бош саҳифа

Товуқ қувган полвон

Қишлоғимизга тўйга боргандим. Тўй бўлаётган хонадоннинг етти болорли меҳмонхонасида гурунг авжга чиқиб турган эди. Ташқаридан баковулнинг:

Товуқ қувган полвон

— Ҳайдайверинг! — деган чорлови эшитилди. — Қани, меҳмонлар, ичкариланг! Ҳой, Шомурод, меҳмонларни торт!

Узун бўйли, қорни чиққан, мўйлови бир текис қиртишланган, хўппа семиз одам қўлини кўксига қўйиб, тўй эгаларига қуллуқ қилганича, ортидаги икки кишини эргаштириб, меҳмонхона остонасида оёқ илди.

«Иҳи-иҳи» дея сохта йўталди. Бу: «Биз келдик, тўрдан жой борми?» дегани эди.

Меҳмонхонадагилар истар-истамас оёққа турди.

— Ёппа ассалому алайкум! — деди янги келган мўйловли меҳмон.

— Келинг, келинг! — деди оқсоқоллардан бири. — Қани, Самад полвон, тўрланг, қани...

— Ўтираверинглар, бизга шу...пойгакроқ ҳам бўлаверади! — деди у.

— Йўқ-да, полвон! — деди оқсоқол. — Тўрлайверинг! Келинг, қани, қабатимдан. Гурунгни қиздирасиз-да сиз.

Полвон ортиқча мулозамат кутиб ўтирмади.

— Бу одамнинг ҳунари кўп, болам, — деди бояги оқсоқол менга қараб. — Ҳозир ўзи гурунг беради. Тўғрими, полвон? — деди оқсоқол ва кейин мени таништирди: — Бу йигит бизга меҳмон бўп кепти, бир гулдирайсиз энди.

Полвон дегичи яхшилаб жойлашиб олгач, кулди:

— Биз нимаям деймиз, оқсоқол. Бизнинг давримиз ўтди энди...

Оқсоқол рози бўлмади:

— Мана, икковимиз тенг-тўшмиз, лекин бизни бирга кўрган одам сизни менинг укам деб ўйлайди. Ҳали жуда бардамсиз. Мана, биз қаридик, десак, адолатдан бўлар...

— Ие, шундайми... — деди полвон мақтовлардан эриб кетиб. Сўнг гуппилиги тутди: — Лекин рост айтасиз, оқсоқол. Мана, масалан мен, манови мен, саксонга чиқдим, лекин ҳалиям товуқни бир қувишда ушлайман...

Ҳамма қийқириб юборди.

— Полвон бува, анави, меҳмондорчилик қилганингизни айтиб беринг? — деб қолди менинг ёнимда ўтирган бир киши.

Полвон жилмайди. Дастурхонга тикилиб, кулди.

— Ҳа, уми? — деди юз-кўзи қувнаб. У бу латифасини даврада фақат менгина эшитмаганимни сезиб, каминага қараб гапира бошлади: — Кўп бўп кетди унгаям, ука. Ҳув омон-омон замонлар эди. Мудирликдан тушгандан кейин қўлимиз анча калта бўлиб қолди. Ишдан унум, чўнтакдан барака кетди. Аввалгидай кунда-кунора базми-жамшид қилолмай қолдик. Меҳмон ҳам дастурхони борникига келаркан-да. Қийналиб қолганимизда остонамизни одам ҳатламай қўйди.

Бир куни денг, кечга томон уйда ётувдим. Қачонлардир бирга ишлаган ҳамкасбларим келиб қолди. Кампирга тезда бир товоқ гўшт қовуриб кел десам, уйда эт тугаганига уч кун бўлди, дейди. Ночор аҳволда қолдим. Неварани Болли қассобникига жўнатай десам, ундан шундоғам қарз эдим, бетим бўлмади.

Охири шартта меҳмонлар олдига кириб, баланд овозда чой айттирдим. Невара чой келтирди. Сўнг изидан кампирни чақиртирдим. Кампир дераза ортидан туриб, «ҳов», деди.

— Кампир! — деб бақирдим жиддий қилиб. — Бу дейман, овқат десам, неча кундан бери фақат гўшт қовуриб берасан. Эгов урса, дами қайтадиган тишларим бор эди-я. Худонинг берган куни гўшт чайнайвериш ҳам тоза жонга тегиб кетди-ку! Азиз меҳмонлар кепти, бор, бир тухум қовуриб кел! Булар ҳам маза қилишсин! Пиёз қўшиб, тунов кунгидай ширин қилиб пишир!..

Қўл калталик қурсин. Бир ёмон вазиятдан шуйтиб чиқиб кетганмиз-да, ука...

Даврада ўтирганлар маза қилиб кулишди. Оқсоқол:

— Бу одам мактабдан қандай қочганини эшитгансизлар-а? — деб сўраб қолди.

— Йўқ, йўқ, — деди даврадагилар жўрттага. — Айтинг, оқсоқол!

— Бир минг тўққиз юз... нечанчи йил эди, полвон? — деб сўради оқсоқол ундан.

— Етмиш олтинчи йил эди, оқсоқол.

— Эса шундан гапиринг-да ўзингиз? — дея тилидан илди оқсоқол.

— Қўйсанглар-чи, — деди полвон жилмайиб. — Меҳмон укамнинг олдида одамни уялтирманглар-да энди.

— Айтинг-айтинг, қани? Бизнинг майна кирди-чиқди бўлиб қолган...

— Ҳа, майли. Қўймадинглар-да.

У яна менга қараб гапира бошлади:

— Ўша йили соат тўққизмиди, ўнмиди, хулласи, эрталаб эди. Мен мактабда эдим, у пайтлар домуллачилик ҳам қилар эдик-да, — дея қўшиб қўйди полвон. — Берилиб дарс ўтаётгандим, бирдан оёғим ости зириллади. Хона деворлари ғичирлаб, эшик-дераза шарақлаб кетди. Ер қаттиқ қимирлай бошлади. Жоним чиқиб кетди. Эшикка югурай десам, эшик синфхонанинг нариги бурчагида, мен эса бу бурчагида столда ўтираман. Югурсам ҳам чиқишга улгурмайман деган ўй яшин тезлигида миямга келди. Ўйлаб ўтиришга вақт йўқ эди. Шунда бир сакраб деразага чиқдиму, ўзимни ташқарига отдим. Полвон эмасманми, гурсуллаб тушдим, ер яна қимирлаб кетгандай бўлди. Кейин қарасам, дераза ойнаси чил-чил синиб, пешонам тилинибди. Қонаб, сим-сим оғрияпти. Ер силкиниши тўхтаса ҳам алламаҳалгача синфхонага кира олмадим. Ҳовлида айланиб юрдим. Сўнг синфга қайтиб кирсам, болаларнинг ранги докадай оқариб кетган. Бир-иккиси устимдан кулди: «Домла, ер қимирласа, устозлар биринчи бўлиб шогирдларини қутқармайдими? Сиз бўлсангиз, бизни қолдириб, ўзингизни деразадан отдингиз-а?» дея ўртага олди. Мен ҳам бўш келмадим: «Ахир, мен устозманми?» дедим. «Ҳа» дейишди. «Устоз бўлсам, сенларни доим ўйлашим керакмиди? Мен шундай қилдим-да: сенларга йўл кўрсатдим. Шу ердан қочинглар, дедим. Сенлар бўлса, ўтиравердинглар. Мен ким учун қон кечдим ахир?» дея уларнинг ўзини айбдор қилиб қўйдим...

Яна кулги кўтарилди. Баъзилар тиззасига уриб кулди.

— Энди товуқ қувганингизни айтинг, полвон бува? — деди ётиб олиб кулаётганлардан бири.

— Ие, бўлди-ей, — деди полвон кулиб. — Нима, мен бу ерда латифа айтгани келдимми? Ана, паловниям опкелди. Менга латифа айттириб қўйиб, ўзларинг паловни уриб олмоқчисизлар-да, а? Анойини топиб олибсизлар. Ундан кўра, камбағални тинч қўйинглар, қорни бир тўйсин. Уйда тухум ейвериш ҳам жонга тегиб кетди-ку...

— Самад бува, охирги бир саволга жавоб бера қолинг? — деди бир йигит қувлик қилиб.

— Ундай бўлса, майли, сўрай қол, — деди полвон.

— Боя саксон ёшдаям товуқни бир қувишда ушлайман, дедингиз. Товуқни ушлаб, нима қиласиз ўзи?

— Нимаям қилардим, — деди полвон товоққа қўл чўзаётиб. — Ушлаб, жимжилоғим билан қачон тухум қўйишини билиб оламан-да...

 

Жасур КЕНГБОЕВ




Ўхшаш мақолалар

Ростгўйлар

Ростгўйлар

🕔17:38, 11.10.2018 ✔129

Раҳбар деганлари бу даражада ростгўй бўлмаслиги керак-да. Эса ходимларининг ҳолига вой деяверинг.

Батафсил
Почта мудири билан суҳбатим

Почта мудири билан суҳбатим

🕔11:18, 04.10.2018 ✔47

Антон ЧЕХОВ

Почтмейстердан бир сўм солинган пакетни олатуриб:

Батафсил
Бир бурда нон

Бир бурда нон

🕔11:17, 04.10.2018 ✔43

Умрининг сўнгги куни қазоси кўзига қир бўлиб кўринган дам кекса генерал ўғлини ёнига чақирди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Ростгўйлар

    Ростгўйлар

    Раҳбар деганлари бу даражада ростгўй бўлмаслиги керак-да. Эса ходимларининг ҳолига вой деяверинг.

    ✔ 129    🕔 17:38, 11.10.2018
  • Почта мудири билан суҳбатим

    Почта мудири билан суҳбатим

    Антон ЧЕХОВ

    Почтмейстердан бир сўм солинган пакетни олатуриб:

    ✔ 47    🕔 11:18, 04.10.2018
  • Бир бурда нон

    Бир бурда нон

    Умрининг сўнгги куни қазоси кўзига қир бўлиб кўринган дам кекса генерал ўғлини ёнига чақирди.

    ✔ 43    🕔 11:17, 04.10.2018
  • Олча гуллаган кун

    Олча гуллаган кун

    Қобил ота бомдод намозини ўқиб бўлгач, аёлининг ҳаққига узоқ дуо қилди. Жойнамоздан оҳиста қўзғалар экан, деразадан ҳовлига мўралади.

    ✔ 72    🕔 11:38, 20.09.2018
  • Ҳаёт бу — саёҳат

    Ҳаёт бу — саёҳат

    «Кутиш хонасида ўтирганимда шифокорнинг онамга секин пичирлаётганини кўрдим. Тахминимча, у қон таҳлилимнинг натижалари ҳақида сўзлаётган эди. Бир ҳафта ичида бу ерга учинчи марта келишим эди ва мен ҳам асабийлашар, ҳам қўрқардим. Мен ўйлаган нарса содир бўлгандек эди...»

    ✔ 68    🕔 11:37, 20.09.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар