Китоб бу — мўъжиза      Бош саҳифа

Яшашга ундовчи ишора

Бор-йўғи юз бетлик асардаги улкан ҳақиқат.

Яшашга ундовчи ишора

Дунёда урушнинг аччиқ иси санғиб юрган бир пайтда инсон улуғлигини акс эттирувчи энг сара асарлардан бири яратилди. Уни Американинг чекка ҳудудидаги қалбида тинчлик, осойишталик, меҳр-муҳаббат истовчи адиб Эрнест Хемингуэй яратди. Унинг «Чол ва денгиз» асари ўз замонасининг айни кутилган асарларидан бири эди. Асар 1952 йилда ёзилган бўлса, орадан икки йил ўтиб Хемингуэйнинг Нобель мукофоти соҳиби бўлишида ушбу асар муҳим ўрин тутди.

«Чол ва денгиз» асари ўзгача муҳит, янгича кўринишлар, янги қаҳрамонларни намоён эта олади. Шу сабабли ҳам серқирра ижодкорнинг миллионлаб нусхада чоп этилган бу асари қўлма-қўл бўлиб, мисли кўрилмаган машҳурликка сабаб бўлди.

Китобдаги бош қаҳрамон Сантяго ўзининг ҳақиқий иродасини акс эттира олади. Унинг матонати, оқиллик ва азму қарордан оғишмаслик хусусияти асар бўйлаб ўзгача талқинда акс эттирилади.

Ушбу қиссанинг илк сўзлари шундай бошланади: «Чол қайиқда ёлғиз ўзи Голфстримда балиқ овларди. Денгизга чиқаётганига мана, саксон тўрт кун ҳам тўлди, аммо ҳали биронта балиқ тутганича йўқ». Вазмин ҳароратни улашувчи ҳолат билан бошланма аввалига ўқувчини бироз ортга тортгандек бўлади. Бироқ асарни ўқиб, уни варақлаганингиз сайин асл мазмун-моҳиятни англай бошлайсиз.

Нотинч, таҳликали замонда ҳатто энг бахтли, воқеаларга дуч келган кам-кўстсиз инсон ҳам ташқи муҳитнинг мудҳишлигидан безовталаниб яшайди. Энди ўзингиз тасаввур қилинг: нотинч, бесаранжом замонда ўзига тўқ инсонлар ҳам сўниқ бўлиб яшашаркан, боридан айрилган, бунинг устига, анча кучи кетиб мункиллаб қолган одам бу кўргиликларга қандай чидай олиши мумкин?

Ёзувчи ана шундай оғир бир шароитда ҳаёт кечираётган, борига шукр қилиб, қаноат билан умр кўраётган шахсни шу қадар моҳирлик билан жозибали тарзда акс эттирадики, ўқувчи китобни мутолаа қилиш жараёнида ўзини худди ўзга оламдагидек, китобда ёзилган манзаралар қўйнида яшаётгандек бўлиб қолади. Бу, энг аввало, ёзувчининг ўткир қалами-ю ҳақиқий меҳнати самараси.

Асар бошдан охир юз бетнигина ташкил қилади. Бироқ томлаб ёзилган асардаги улкан маънони моҳирлик билан қамраб олишга эриша олган. Энг асосийси, ҳар қандай ёшдаги ўқувчи онгида тўғри мулоҳаза чиқаришга имкон яратади.

Бош қаҳрамон чол ва унинг денгизда топган мислсиз нафосатли балиғи ҳақида гап кетаркан, балиқчилик касбининг бошқалар англагандан кўра анча мушкул, оғир эканини кўрсатади. Шу орқали ҳар бир касбнинг ўз мушкулоти, машаққати, меҳнати мавжудлигини қистириб ўтгандек бўлади.

Қаҳрамонларнинг ҳар бири ўша даврдаги қайсидир воқеа, тушунча, нарсаларни ифодалагандек. Мисол учун, муаллиф қария Сантяго орқали бутун халқнинг характери, ташқи муҳитининг кўриниши, босимини ифодаласа, денгизнинг аёвсиз, фақат ўз йўналиши бўйлаб ҳаракат қилиши ўша муҳитнинг ҳукумати, юргизаётган сиёсатини кўрсатаётгандек, гўё.

Балиқ образи асардаги энг ёрқин ва гўзал тасвирлардан биридир. Балиқ орқали муаллиф бутун халқнинг қалбида эришилиши мушкул бўлган орзу, ҳавасни ёритгандай бўлади. Қария чол балиқни овлаб маблағ орттиришдан кўра, балиқнинг кўриниш ҳайбати-ю нафосатидан унга бир синоат сифатида ҳайрат билан муносабат билдира бошлайди. 

Китобни мутолаа қилиб бораркансиз, хаёл уммонингизда бугунги тўкин-сочинлик замонига, озодлик байроғи остида ҳаракатланаётганингизга минг бор шукроналар айтгингиз келади. Худди қария Сантягонинг меҳрибон набираси каби сиз учун ҳам кимнингдир қайғуришини англаб танангизга сиғмаётгандек бўласиз.

Бу ҳаётда инсон нимагадир интилиб, ҳаракат қилиб яшайди. Ҳеч бўлмаганда яшаш учун ҳам курашади. Немис ёзувчиси Гёте ўзининг олтмиш йиллик умрини буюк асари «Фауст»ида ёритар экан, бу ҳаёт курашдан иборат эканини баён этади. Ушбу асар таг замирида ҳам айнан ҳаёт учун курашиш зарурлигига ёрқин ишора бор.

Ушбу китоб ҳаётга бўлган қарашларингизнинг бироз бўлса-да, ижобий томонга ўзгаришига туртки бўлишига, чидам, бардош, ирода туйғуларининг янада барқ уришига беминнат хизмат қила олади, деб ҳисоблайман.

 

Озода РЎЗИҚУЛОВА




Ўхшаш мақолалар

Арча нега минг йил яшайди?

Арча нега минг йил яшайди?

🕔11:29, 09.08.2018 ✔21

Сотқинбой — ота-она орзулаган исмми?

Батафсил
Яшашга ундовчи ишора

Яшашга ундовчи ишора

🕔11:29, 09.08.2018 ✔39

Бор-йўғи юз бетлик асардаги улкан ҳақиқат.

Батафсил
Ялтираган ҳар нарса олтин эмас!

Ялтираган ҳар нарса олтин эмас!

🕔11:44, 26.07.2018 ✔47

Қачонгача онгимизни ўзгалар бошқаради?!

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар