Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

«Қўрқоқлик – буюк куч!»

Таниқли драматург Шароф Бошбековнинг қаҳрамонлари жилмайиб туриб, ўз фожиаси ҳақида сўзлайди. Камчиликлари, қусурларини яшира олмайдиган содда-гўл персонажлари тақдирига кулиб эмас, ачиниб қараймиз.

«Қўрқоқлик – буюк куч!»

Ёзганлари мутойиба тўни кийгизилган фожиа бўлиб чиқаверади. Нима учун унинг қаҳрамонлари айтган ҳар бир гап хотирамизга чуқур ўрнашиб қолади? Нега у айримлар сингари тутун чиққан жойда ҳозиру нозир, сўралган-сўралмаган ерларда шеър ёки асаридан парча ўқиб юрмайди?

Анчадан бери кўнгилга тугиб қўйганим — шу саволларни драматургга бергим келди. Яқинда Ўзбекистон давлат драма театрида ёзувчининг «Ер барибир айланаверади» номли асарини режиссёр Олимжон Салимов саҳналаштирганини эшитиб, фурсат топилганидан қувондим. Билдимки,  мазкур асар йигирма йилча муқаддам қоғозга туширилган экан. Қизиқ, шунча вақт пьесанинг «назардан четда» қолиб келишига нима сабаб бўлган?

Асар муаллифи, таниқли драматург Шароф БОШБЕКОВ билан кечган суҳбатимизга шу савол хамиртуруш вазифасини ўтади.

— Бу Олимжон Салимов билан ҳамкорликда яратган бешинчи асаримиз, — дейди Шароф ­Бошбеков. — Шу боис бир-биримизни яхши тушуниб, бақамти ишладик. Мазкур пьеса уйдирма (абсурд) жанрида яратилган бўлиб, «Темир хотин» асари билан деярли бир вақтда ёзилган. Қарасам, «Ер барибир айланаверади»да публицистика унсурлари кучлироқ, санъат камроқдай туюлди. «Темир хотин»да эса, иккиси меъёрида. Кейин бутун диққат-эътиборимни «Темир хотин»га қаратдиму, бу асар унинг соясида қолиб кетди. Вақти-соати шу пайтга тўғри келган экан — мана, саҳна юзини кўрди.

Энди спектаклдан қанчалик кўнглим тўлди-тўлмади, деган масалага келсак... 

Бир камбағал одам бўлган экан. У хотини, беш боласи ва кекса ота-онаси билан каталакдай хонада сиқилишиб яшаркан. Жуда қийналиб кетибди. Шунда маслаҳат сўраб, оқсоқолнинг олдига бориб, вазиятни  тушунтирибди.

— Битта эчки сотиб олиб, ўша каталакдай уйингда боқ, – дебди оқсоқол.

— Ие, жиннимисиз?! — дебди камбағал кўзининг пахтаси чиқиб. — Уйим тиқилинч, у ёқ-бу ёққа ўгирилиб ётишнинг ҳам иложи йўқ! Келиб-келиб, дардимни сизга айтдимми?..

Камбағалнинг фиғони фалакка чиқиб йўлда кетиб борар экан, «Халқ уни бекорга оқсоқол қилиб сайламагандир, бир балони билса керак», деб ўйланиб қолибди ва бозордан бир эчки сотиб олибди. Ўша каталакдай уйига келтириб боғлабди. Ана ундан кейин камбағалнинг ­оиласидаги аҳвол дўзахдан беш баттар бўлиб кетибди! Илгари ётгани жой етмаган бўлса, энди ҳаво ҳам танқислашиб қолибди! Камбағал ғазаб отига миниб, оқсоқолнинг ҳузурига борибди.

— Э, маслаҳатингни пишириб е! Аҳвол илгаригидан беш баттар бўлиб кетди-ку! Бу эчки эмас, Худонинг ғазаби экан!..

— Эчки ёқмаса, бозорга олиб чиқиб сотиб юбор, — дебди оқсоқол пинагини бузмай.

Эчкини сотиб юборибди. Дунё кенг бўлиб кетибди, ҳамма хурсанд, ҳамма шод! Камбағал оқсоқолнинг олдига югурибди.

— Э, отангизга раҳмат! — дея миннатдорлик билдирибди, тўлиб-тошиб. — Мана буни ҳаёт деса бўлади!.. Илгари отга ўхшаб, тик туриб, ухлаётган эдик, энди ётиб ухлаяпмиз! Илоҳим, бола-чақангизнинг роҳатини кўринг!..

Мен ҳам спектаклдан эчкисини сотиб юборган камбағалдай хурсандман. Негаки, айрим мутасадди ташкилотларнинг «илтимоси» билан асар жуда кўп қисқартириш ва ўзгартиришларга гирифтор бўлди. Шундай эса-да, «Барибир шунча гаплар айтиб қолинди-ку», деган ўйда розилик бердим.

— Ўтган йилнинг 3 августида давлат раҳбари ижодкор зиёлилар билан учрашганидан сўнг театр соҳасига эътибор янада кучайди. Айниқса, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, репертуарини савияли саҳна асарлари билан бойитишга урғу берилди. Лекин афсуски, театрлар зиммасига қўйилган юксак талаблар даражасидаги натижаларни, баъзи истисноларни ҳисобга олмаганда, ҳали кўрганимизча йўқ. Ваҳоланки, жамият ҳаётида театрларнинг ўрни сезилиб, билиниб туриши шарт. Эҳтимол, бу каби масалалар илдизини бошқа ердан қидириш керакдир?

— Қайси бир газета мухбири билан суҳбатимда «Қўрқоқлик — буюк куч. У ҳар қандай истеъдодни топтаб, ерпарчин қилиб ташлайверади», деган эдим. Ҳа, биз қўрқамиз. Нимадан қўрқишимизни ўзимиз ҳам билмаймиз. Ҳар эҳтимолга қарши қўрқамиз. Театр репертуарини шакллантиришда ана шу қўрқоқликдан қутулишимиз керак. Ҳар шаклни — квадратми, тўғри тўртбурчакми, учбурчакми, трапециями — бурчакларини арралаб, ҳаммасини думалоқ шаклга келтиришга устаси фарангмиз. Шунинг учун ҳам барча асарларимиз дум-думалоқ. Биринчи варағини олиб қўйсангиз, ким ёзганини ҳам билолмайсиз – ҳаммаси бир хил. Боиси охирги чорак аср мобайнида кўп мавзуларда қалам тебратиш тақиқланди...

Бундай шароитда томоша асари ёзадиган ёзувчилар нима қилсин? Ҳеч ким ҳеч нима демайдиган мавзулар — ишқ-муҳаббат, тўй можаролари, қайнона-келин жанжали ва бошқа икир-чикирларни қоғозга туширишга мажбур-да.

Шукр, бугун вазият ўзгарди.

— Қўлига қалам тутган ижодкор кўп-у, ҳаммасининг ҳам қалами ўткир эмас. Ўтмас бўлса-да, қаламни тирикчилик манбаи қилиб олганлар ҳам йўқ эмас. Ҳақиқатгўй, рост сўзни айтишдан тап тортмайдиган ижодкор бўлиб шаклланиш сирини айта оласизми?

— Негадир, кўпчиликнинг фикрига қарши чиқиш одати болалигимдан бор. Эсимни танибманки, кундай равшан бўлиб турган фикрлар, исбот талаб қилинмайдиган тушунчаларга қарши чиқавераман. Мактабда ҳам муаллим «Ким қарши?» десалар, ҳамма ўгирилиб менга қарарди — Шарофжон қарши-да! Қарши бўлганда ҳам «Бу — оқ, бу — қора», деб қайсарлик қилиб, туриб олмасдим. Фикримни исботлашга уринардим, мунозара сўнгида кўпчилик мен томон бўлиб ҳам оларди. Масалан, муаллимимиз «Энг гўзал фасл қайси?» деб сўрасалар, аксарият болалар чуғурлашиб, «Баҳор, баҳор!» дейишарди. Муаллимга ҳам қизиқ бўлса керак-да, «Сен қандай фикрдасан?» деб менга юзланардилар. Шунда камина бир сўз деб турибди-да: «Баҳордай бемаза фасл бўлмайди!  Негаки, баҳор пайтида у ёқни сув олиб кетган, бу ёқни сел олиб кетган, мевали дарахтлар айни гуллаган пайтда дўл ёғиб совуқ уриб кетган, шамол, бўрон, зилзила ва бошқа офатлар айни баҳор ойларида юз беради». Муаллим ўйланиб қолади...

Кейинчалик тушундимки, мен бошқаларнинг фикрига шунчаки қарши чиқмас эканман, мен ўша масалага бошқа ракурсдан қараб, «ойнинг бизга кўринмайдиган томонини суратга олар эканман». Бу ҳол асарларимда ҳам яққол сезилиб турар, эҳтимол.

— Драматик асарларингизнинг аксарияти комедия жанрида. Ҳолбуки, пьесаларингизда кўтарилган муаммолар ёки мавзуларни бошқа йўналишларда ҳам очиб бериш мумкин эди. Восита сифатида нега айнан комедик жанрни танлагансиз, бунинг боиси не?

— Биласизми, бемор соғайиши учун дори ичиши керак. Лекин дориси қурмағур жуда аччиқ ва тахир. Бемор кўнгли айниб, туфлаб ташлайди. Ичмаса,  тузалмайди. Аччиқ дорини ширин қобиққа ўраб берсангиз, ҳар қандай инжиқ бемор ҳам ичади. Ва соғайиб кетади...

— Шекспирнинг «Дунё бу — театр, бизлар эса ундаги актёрлармиз» деган сўзлари моҳиятига эътибор қаратадиган бўлсак, сиз ўзингизнинг бу дунёдаги ролингизни нимада деб биласиз?

— Яратган эгам менга ёзувчилик қисматини раво кўрган экан, ўша айтганимдек, «ойнинг бизга кўринмайдиган томонини суратга олиш»ни асосий вазифам, деб биламан.

— Биргина қалам билан рўзғор тебратиш, оиланинг кам-кўстини бутлаш осон эмас. Бундай қийинчиликлар сизни ҳам четлаб ўтмагани табиий.

Шундай пайтларда «атом кучини ўтин ёриш учун сарфлаш»га ҳам тўғри келгандир балки. Ахир, кутилмаган ҳаётий вазиятлар, мураккабликлар, чигал воқеалар инсонни доимий синовдан ўтказиб боради. Ана шундай пайтларда сизга нима куч бағишлаб, олдинга интилишга туртки берган, йиқилганда ҳам қайта оёққа туришга ундаган?

— Бир жойда устоз Абдулла Қаҳҳор «Аяжонларим» пьесасининг қалам ҳақига битта яп-янги «Победа» русумли машина сотиб олгани, қолганига (қаранг-а, ортиб ҳам қолибди!) ёр-биродарларига зиёфат қилиб бергани ҳақида ўқиганим бор.  «Зап замонлар бўлган экан-да!..» деб, оғзимнинг суви келганди ўша пайтда. Ҳозир пьеса ёзсангизу, қалам ҳақига машина тугул, тўртта балон ололсангиз ҳам дўппингизни осмонга отаверинг!

Иқтисодий муаммоларимни ҳал қилиш имкони бўлган. Лекин сал виждонга хиёнат қилиш талаб этилгани учун ундан воз кечганман. Бундай таклифлар ҳозиргача бўлиб турибди. 1984 йилда собиқ иттифоқ Ёзувчилар союзига аъзо бўлганман. ­Аъзолик гувоҳномасининг кўриниши жуда ваҳимали эди. Кўзи тушган одамнинг капалаги учиб кетарди. Айрим дўстларимиз бу гувоҳнома билан бемалол метрога ҳам тушарди. Мен эса... ёзувчилик шаънимни 5 тийин (метрога кириш нархи)га сотмаганман! Ваҳоланки, айрим ҳамкасбларим шу гувоҳнома билан магазинга кириб, ўша пайтда тақчил бўлган гўшт, колбаса ва бошқа дастурхонбоп неъматлардан бемалол олиб чиқишар эди.

Мен илгари ҳеч кимга билдирмай спектаклларимни кўришни ёқтирар эдим. Бундан на театр раҳбарияти, на ижодий жамоа хабар топарди. Томошабин қаерида куляпти, қай жойида йиғлаяпти, қай пайтда ўйга толаяпти — ҳамма-ҳаммасини билиб оламан. Кейинги асаримни шу таассуротларим асосида яратганман.

— От ўрнини той босар, дейишади. Лекин ижодкорликка нисбатан бу мақолни қўллаш қийин. Чунки ижод — илоҳий неъмат, у ҳар кимга ҳам берилавермайди. Фарзандларингиз орасида изингиздан боришни истаганлар чиқмаганми?

— Худо берган уч қизим бор. Ҳаммаси олий маълумотли, уйли-жойли. Кенжа қизим Камолахоннинг касби меникига яқинроқ. ЎзДЖТУнинг халқаро журналистика факультетини тамомлаган. Корейс тилини яхши билгани боис, кўпроқ таржима билан шуғулланади.

Тағин ҳам ким билади: ижод одамни истаган пайти ўз забтига олиши мумкин...

— Ёзувчи-шоирларни, зиёлиларни жамиятнинг бош мияси, деб биламиз. Шу маънода, бир масалада фикрингизни билмоқчи эдим. Бугун юртимизда тўй-ҳашамларни ўтказиш билан боғлиқ масалалар қизғин муҳокама қилинмоқда. Ҳатто, илк профессионал ўзбек драматургиясидаги намуналар ҳам айнан тўй ва бошқа маросимларимиздаги ортиқча сарф-харажатларнинг аянчли оқибатларидан огоҳ этган. Аммо афсуски, асрлар давомида сақланиб келаётган тўйлардаги даҳмаза одатлар, иллатлардан узил-кесил қутула олмаяпмиз. Нега?

— Бу масалада фақат ўз соҳам нуқтаи назаридан бир фикрни айтмасам бўлмайди. Ўзбек театри ва киносининг моҳияти фақат тўйолди, тўй, тўйдан кейинги можаролардан иборат бўлиб қоляпти. Худди ҳаётда бошқа мавзу қуриб қолгандай. Сиз айтган ортиқча сарф-ҳаражатлардан ташқари, масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Ўлдим-куйдим, дабдабали тўйлар, истаймизми-йўқми, фарзандлар дунёга келиши билан якунланади. Шундоқ ҳам аҳоли сони ошгандан ошиб кетяпти. Ҳар икки йилда Ўзбекистон аҳолиси бир ярим миллионга кўпаймоқда. Аҳоли сонининг кўплиги билан мақтанадиган пайтлар ўтиб кетган. Шунча одамга иш керак, бошпана керак. Масалан, Исландия деган мамлакатда 300 мингга етар-етмас одам яшаркан. Бутун бошли мамлакатда-я! Фаровонлик даражаси ниҳоятда юқори. Ҳадеб маиший мавзуда асар яратаётганлар масаланинг бу томонини ҳам ҳисобга олиб қўйишса, ёмон бўлмасди.

— Кейинги пайтларда оммавий ахборот воситаларимизда қотилликлар, ваҳшийликлар, оғир жиноятлар ҳақидаги кўп маълумотлар ўқияпмиз. Айниқса, мунис ва мўътабар ҳисобланган, фарзанди учун жонини беришга ҳам тайёр ўзбек аёлларининг ўз боласи, қайнонаси, эрининг жонига қасд қилаётгани, тирикчилик важида ҳар турли жиноят йўлига кириб кетаётгани ҳақидаги ахборотлардан ўзимизни қўярга жой тополмай қоляпмиз. Сиз бир пайтлар ёзган ҳар қандай турмуш оғирликларига бардош берган «темир хотин»лар наҳотки энди темир юракли қотилларга айланиб қолаётган бўлса?

— Сўнгги 25-30 йил мобайнида ўзбек аёлининг аҳволи, менимча, баттар бўлса бўлдики, заррача ўзгармади. Илгари ўзбек аёли деганда, нозик елкасига кетмон кўтарган аёлни тасаввур қилар эдик. Энди эса, жуссасидан ҳам катта хўжалик сумкасини кўтариб, майишиб бораётган аёлни тушунадиган бўлиб қолдик. Бор ўзгариш — шу, холос. Ҳамма бало ҳам шунда.

Аёлларимизни асрай олмаяпмиз, назаримда…

— Юртимизда китобхонлик тарғиботига қаратилган саъй-ҳаракатлар бугун миллионлаб ёшларни китоб ўқишга даъват этаётгани рост. Лекин очиғини айтганда, четдан қараган одамга бу бироз бошқача туюлиши мумкин. Чунки китоб ўқишга ундаш, қайсидир маънода, китоб ўқилмаётганидан далолатдир. Ҳолбуки, халқимиз азалдан китобхон ҳисобланган, хонадонларда минглаб китоб сақланган. Бу — отамерос бизга.

Ёшларни ана шу тенгсиз меросга муносиб қилиб тарбиялашда нималарга эътибор қаратиш, амалда қандай ишлар қилиш керак, деб ўйлайсиз? Ёшларимиз қачон ўз маънавий эҳтиёжидан келиб чиқиб, ёппасига китобхон бўлади?

— Ҳар ҳолда, бу яқин орада бўладиган гап эмас. Чунки оддий механизатор, ҳайдовчи, чўпонни қўя турайлик, ижодкор зиёлилар ва илм аҳлининг саводи жуда-жуда ночор аҳволда. Мен оддийгина грамматик саводни назарда тутяпман. Ёппасига саводсизлик ҳукм сураётган ерда китоб ўқишга ундамоқ, китобни тарғибот қилмоқлик — мумкин бўлмаган юмуш. Кўчага чиқиб исталган мактабнинг юқори синф ўқувчисига бирор матнни бериб кўринг — тўғри ўқиб бера олмайди! Хоҳ лотинда бўлсин, хоҳ кириллда (Мен ўқиш деганда нуқта, вергулини жойига қўйиб, ифодали ўқишни назарда тутяпман). Мактабни қўяверинг, олий ўқув юртини битирганларнинг саводини кўриб, ёқа ушлайсан киши.

Саводсизлик ўртамиёналикка олиб келади. Ўртамиёна муаллим, ўртамиёна муҳандис, ўртамиёна архитектор, ўртамиёна бошлиқ, ўртамиёна дўхтир. Хуллас, ҳамма ёқ — ўртамиёна! Ўртамиёналардан ташкил топган жамият қандай бўлади?

Халқнинг саводсиз бўлиб қолишига тил соҳасида ҳали-ҳануз бир тўхтамга кела олмаётган мутасаддилар айбдор, деб ҳисоблайман. Чунки лотин алифбосига ўтиш масаласи ўлда-жўлда бўлиб ётибди. Иккинчидан, бугун ўқитилаётган лотин алифбоси ҳеч нимага ярамайди — мутахассислар қайта ишлаб, ислоҳ қилиши лозим. Ахир, мактабни лотинда битирганларнинг салкам икки авлоди етишиб чиқяпти.  Газета ўқимайдиганлар авлоди! Негаки, мамлакатимизда тўлиқ лотин алифбосида чиқадиган бирорта ҳам газета йўқ («Ғунча» журналидан ташқари). Тилчи олимларимиз нега томошабин бўлиб туришибди, ҳайронман?!

Менимча, зудлик билан лотин алифбосига ўтишимиз керак. Муддат қисқа бўлиши лозим, масалан олти ой. Нашриёт, босмахона, таҳририят ва бошқа идоралар лотин (ислоҳ қилинган)га мўлжалланган дастурлар билан бепул таъминланиши зарур. Олти ойдан кейин кириллда ёзилган барча ёзувлар қонундан ташқари, деб ҳисобланса...

Бу ишларни бугун — ҳозир қилиш керак! Эртага кеч бўлиши мумин...

 

Азиз МАТЁҚУБОВ

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

«Қўрқоқлик – буюк куч!»

«Қўрқоқлик – буюк куч!»

🕔11:37, 09.08.2018 ✔32

Таниқли драматург Шароф Бошбековнинг қаҳрамонлари жилмайиб туриб, ўз фожиаси ҳақида сўзлайди. Камчиликлари, қусурларини яшира олмайдиган содда-гўл персонажлари тақдирига кулиб эмас, ачиниб қараймиз.

Батафсил
Нутқнинг кўринмас қудрати

Нутқнинг кўринмас қудрати

🕔12:04, 02.08.2018 ✔43

Моҳир сўз устаси Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ таҳририятимиз меҳмони бўлди. У билан нутқ ва нотиқлик борасида суҳбатлашдик.

Батафсил
«Актёр таниқли эмас, севимли бўлиши керак»

«Актёр таниқли эмас, севимли бўлиши керак»

🕔10:37, 12.07.2018 ✔100

Cамимий, оддий ва камтар актриса Наргиза АБДУЛЛАЕВА — омади чопган санъаткорлардан. «Чархпалак», «Бегона баҳор», «Жийда гули», «Ўткинчи бахт» сингари фильмлардаги роллари орқали халқимиз кўнглига чуқур кириб борган актриса ҳаётда ҳам инсоний фазилатлари билан ҳурмат-эҳтиромга лойиқ эканини кўпчилик яхши билади. Икки оғиз суҳбатини олган киши борки, ундаги самимиятга маҳлиё бўлади-қолади...

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • «Қўрқоқлик – буюк куч!»

    «Қўрқоқлик – буюк куч!»

    Таниқли драматург Шароф Бошбековнинг қаҳрамонлари жилмайиб туриб, ўз фожиаси ҳақида сўзлайди. Камчиликлари, қусурларини яшира олмайдиган содда-гўл персонажлари тақдирига кулиб эмас, ачиниб қараймиз.

    ✔ 32    🕔 11:37, 09.08.2018
  • Нутқнинг кўринмас қудрати

    Нутқнинг кўринмас қудрати

    Моҳир сўз устаси Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ таҳририятимиз меҳмони бўлди. У билан нутқ ва нотиқлик борасида суҳбатлашдик.

    ✔ 43    🕔 12:04, 02.08.2018
  • «Актёр таниқли эмас, севимли бўлиши керак»

    «Актёр таниқли эмас, севимли бўлиши керак»

    Cамимий, оддий ва камтар актриса Наргиза АБДУЛЛАЕВА — омади чопган санъаткорлардан. «Чархпалак», «Бегона баҳор», «Жийда гули», «Ўткинчи бахт» сингари фильмлардаги роллари орқали халқимиз кўнглига чуқур кириб борган актриса ҳаётда ҳам инсоний фазилатлари билан ҳурмат-эҳтиромга лойиқ эканини кўпчилик яхши билади. Икки оғиз суҳбатини олган киши борки, ундаги самимиятга маҳлиё бўлади-қолади...

    ✔ 100    🕔 10:37, 12.07.2018
  • «Танқид қилганмиз, аммо душманликни ўйламаганмиз...»

    «Танқид қилганмиз, аммо душманликни ўйламаганмиз...»

    Таниқли журналист қамоқхонадаги икки соатлик суҳбат ҳақида гапириб берди.

    ✔ 225    🕔 11:47, 28.06.2018
  • Шифо ва раҳмат манбаи

    Шифо ва раҳмат манбаи

    Қуръонни неча ёшдан бошлаб ёдлаган маъқул? Бу китобнинг шифо бўлиши ҳақида биласизми?

    ✔ 159    🕔 15:46, 31.05.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар