Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Дарёга етаётган жароҳат

Айримларнинг лоқайдлиги туфайли дарё қирғоқлари абгор ҳолга тушиб қолмоқда.

Табиат неъмати чексиз эмас

Зарафшон воҳаси ҳудуди асосий манба — Зарафшон дарёси ҳисобидан сув билан таъминланади. Дарё неча асрлар давомида мозий ва кўҳна тарихнинг, давру замонларнинг туганмас тасмасидек ўтиб боряпти. Бир қатор мамлакатларнинг ҳудудларини кесиб ўтгани боис трансчегаравий дарё номини олган. Зарафшон Тожикистон сарҳадларидан бошланиб, Самарқанд яқинидаги Чўпонота тепалиги остида иккига, яъни Оқдарё ва Қорадарёга ажралади. Шу боисдан икки дарё оралиғини одамлар қадимдан Миёнкол дея атаб келади. Бу икки дарё Хатирчининг Амир Темур фермерлар уюшмаси ҳудудида бирлашиб, кейин яна Зарафшон дарёсини ташкил этади.

Бу дарё болалигим кечган қишлоқдан унчалик олис эмас. У боғ-роғларни, поёни йўқ экинзорларни обиҳаётга қондиради. Зарафшон, айниқса, кўкламда тўлиб-тошиб оқади. Унинг қирғоқларида қамиш, туронғи, жинғил, бурган, шумтол, ёввойи тол сингари дов-дарахтлар билан қопланган қалин тўқайзорлар кўп учрайди. Дарёда қум ва шағал ўта сероб. Негаки, уни бу табиат неъмати билан узлуксиз равишда таъминлаб турадиган манба бор-да. Аммо дарё бу бойлигидан истаган киши хоҳлаган миқдорда олиши мумкин дегани эмас.

Яқинда қизиқ ҳолат содир бўлди. Тонг саҳар Тошкентдан машинада йўлга чиқиб, уч соат деганда Самарқанд шаҳрига кириб келдик. Дастлаб бизни Чўпонота адирлари қарши олди. Сўнг бироз юргач, халқаро аэропорт, автовокзал яқинидаги дарёга етдик. Йўлнинг шундоққина ёқасида ёйилиб, пишқириб оқаётган сувлик кўзга ташланди. Шунда дарё ичида «Зил»га шағал ортаётган иккита экскаваторга кўзим тушди. Қизиқишим устун келиб, улар томон илдамладим. Шу пайт мени назоратчи ёки комиссия дея хаёл қилган «шоввозлар» ура қочиб қолса бўладими. Кейин маълум бўлишича, бу «учар»лар мўмай пул ишлаш илинжида бу ерда яширин равишда шағал қазиётган экан.

«Учар»лар ўмарган бойлик

Ўша воқеа сабаб, дарёдаги шағал ва қумни  ташиб кетаётганлар тўғрисида ўйлаб кетдим. Тўғри, дарё ва канал қирғоқларини емирилиш ва ўприлишига олиб келадиган бундай ҳолатларга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 сентябрда «Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 декабрда «Дарё ўзанларини тозалаш ва қирғоқларни мустаҳкамлаш ишларини амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлаш, дарё ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш борасида зарур чоралар кўрилмоқда.

— Олиб борилган текширишлар натижасида дарё ўзанлари ва қирғоқларига тегишли бўлган ҳамда ноқонуний эгаллаб олинган ерлар анча-мунчани ташкил этиши аён бўлди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси сув, ер ресурслари ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Нўъмонжон Шакиров. — Келинг, яхшиси, фикримизни аниқ мисоллар ёрдамида ифода этсак. Масалан, Тошкент вилоятида 76 та, Сурхондарё вилоятида 62 та, Қашқадарё вилоятида 62 та, Сирдарё вилоятида 33 та, Наманган вилоятида 21 та, Самарқанд вилоятида 16 та, Жиззах вилоятида 9 та, Фарғона вилоятида 7 та, Навоий вилоятида 5 та, Хоразм вилоятида 4 та, Бухоро вилоятида 3 та, Андижон вилоятида 1 та Тошкент шаҳрида 5 та ва Қорақалпоғистон Республикасида 2 та хўжалик юритувчи субъектига бириктирилган ер майдонлари бекор қилинди. 2017 йилнинг октябрь ойидан 2018 йилнинг июнь ойига қадар ҳудудий экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор рейдлар натижасида жами 456 та ҳуқуқбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 446 нафар фуқаро ва 10 та юридик шахсга нисбатан жами 155 миллион 400 минг сўм миқдорида маъмурий чоралар кўрилди.

Юқорида айтганимиздек, дарё қирғоғига дахл қилишга, яъни ноқонуний тарзда шағал ва тош қазиб олишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқлиги меъёрий ҳужжатларда аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган. Афсуски, шундай бўлишига қарамасдан, қонунни назар-писанд этмасдан, дарёдаги «бойлик»ни ўмариб, пуллаётганлар учраб турибди. Мисол учун, Яккабоғ туманидаги «Яккабоғ нурли келажак сари» масъулияти чекланган жамияти ҳудуддаги Қизил дарёдан ноқонуний равишда қум ва шағал қазиб олгани маълум бўлган. Сирдарё туманидаги «Фаол» сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудидаги Рустам хусусий корхонаси қумни ноқонуний қазиш ва ортиш билан шуғулланаётгани аниқланиб, прокуратура органлари томонидан судга кўриб чиқиш учун юборилган. Хуллас, бундайлар сафи жуда кенг. Бундай кимсалар инсоф, табиатга меҳр-оқибат ҳисларидан бутунлай бегона бўлса керак. Уларни йўқликка юз тутаётган табиат, экологик муаммолар сираям қизиқтирмайди. Кўнглимни ўртаётган ана шундай масалаларга муносабатини билиш мақсадида Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Собиржон Валиевга юзландим.

— Кўнглимдаги гапни қўзғадингиз. Очиғи, одамнинг она табиат устидан зўравонлиги ҳар доим мудҳиш оқибатлар, мислсиз фалокатларни олиб келган, — дейди Собиржон Валиев. — Она табиатга ҳукмронлик қилиш, уни менсимасликнинг нечоғли аччиқ ва заҳарли «мева»лар бергани, ундан бугунги кунга қадар бутун бошли эллар жабр чеккани тарихдан маълум. Шундай бир кезда, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Навоий сингари ҳудудларни сув билан таъминлаб келаётган Зарафшон дарёсидан шағал ва қумни хўжасизларча қазиб олиш ҳолатлари ҳам ҳудуд аҳолиси учун хавф солмай қолмайди. Бугун табиатга зарар етказаётганлар ҳам бегона эмас, биз ва сизнинг элдошларимиздир. Биргина, ўтган йилнинг ўзида бундай ҳолатларнинг юздан ошиғи қайд этилди. Айбдорлар жаримага тортилди. Лекин фақатгина айбдорни бўйнига жарима босган  билан бир иш чиқмайди-да.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасидан олинган маълумотларга кўра, Пастдарғом тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Қорадарё ўзанидан фуқаро Ш.Сафаров 60 метр куб қум-шағал аралашмасидан ноқонуний равишда фойдалангани натижасида 219 минг сўм миқдорида зарар етказган. Ундан кўрилган зарар тўлиқ ундириб олинган. Оқдарё туманидаги «Шерзод булоқлари» фермер хўжалиги раҳбари Д. Рустамов 480 метр куб ҳажмда қум-шағал ажратмасидан ноқонуний фойдаланиб келгани сабабли унга 449 минг сўм миқдорида жарима белгиланди. Яна бир оқдарёлик фермер Б.Қувондиқовнинг қилиғи эса ҳаммасидан ошиб тушди. У фермер хўжалиги учун ажратилган ер майдонига балиқхона қуриш учун экологик экспертиза хулосаси олмай туриб 80 метр квадратда ўзбошимчалик билан шағал-тош қазиб олиб давлатга зарар етказгани аён бўлди. Ундан кўрилган зарар миқдори тўлиғича ундириб олинди.

Оққан дарё оқмай қолмас

Зарафшон бўйларида яшаган одамлар энг кўҳна даврлардан бошлаб дарёни муқаддас ва азиз деб билганлар. Уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаганлар. Бу ерларда ибтидоий деҳқончилик миллоддан аввалги тўртинчи-бешинчи минг йилликлардан бошланган. Хуллас, эл орасида ҳалигача мазкур дарё билан боғлиқ турфа фикрлар юради. Шу тобда тожик адабиётининг забардаст вакили Мирзо Турсунзоданинг Зарафшон дарёсига бағишлаб ёзган мана бу мисралари хаёлда жонланади: «Олам ўзгарди, менинг дарём, ўшалдирсан ҳамон, Одам ўзгарди лекин сен гўзалдирсан ҳамон». Ростдан ҳам, дарё асл ҳолича қолмоғи керак. Ана шунда у ўзлигини йўқотмайди.

Билимсизлик гирдоби

Дарё бағридан узлуксиз равишда қум ва шағал қазиб олинишига сабаб нима, деган оғриқли савол шу тобда ўртага чиқади. Саволга жавоб топишга уринаман. Прокуратура органлари дарёдан ноқонуний равишда қум ва шағал қазиб олаётган фуқароларга нисбатан 34 та жиноий, 116 та маъмурий иш қўзғатди. Келтирилган зарар миқдори 8,4 миллиард сўмни ташкил этган. Ваҳоланки, «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти мутахассислари олиб борган изланишлар натижасида республикада ҳалигача ўзлаштирилмаган 90 та қум ва шағал конлари бор экан. Энди улардан расамади билан фойдаланиш керак.

— Масаланинг туб илдизлари экологик билимсизликка, чор-атрофдаги воқеа ва ҳодисаларга лоқайд муносабатда бўлишга бориб тақалади, — дейди Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси сув ресурслари бўлими бошлиғи Акмал Жумаев. — Биласиз, бу йил сув танқислиги кузатиляпти. Зарафшон дарёси 2018 йил суғориш мавсумида дарё сув таъминоти ўртача кўп йиллик меъёрдан 70-75 фоиз миқдорида келмоқда. Шундай бир шароитда ҳам ­дарёдаги шағал ва қумга кўз олайтириш ҳолатлари учраб турибди. 

Тўғри, бир замонлар дарё ва сув ўзанларини обод қилиш масаласи эътибор марказида бўлиб келган. Бунинг учун ҳукумат томонидан 38 миллиард 700 миллион сўм маблағ ажратилди. Аслида сел тошиши хавфи бўлган ўзанларни таъмирлашга бу маблағ камлик қилади. Шунинг учун бу маблағ эндиликда аниқ мақсадлар учун йўналтирилади. «Хавфсиз дарё» номли унитар корхонанинг лойиҳаси тайёр бўлай деб қолди. Аҳамиятлиси, мазкур корхона дарё ва сой қирғоқларини мустаҳкамлаб бориш билан банд бўлади. Харажатлар давлат бюджети ҳамда тадбиркорлар маблағи ҳисобидан қопланади.

Ўзбекистон Респуликаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 9 июлдаги «Ички бозорни қум-шағал материаллари билан барқарор таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори соҳани янада такомиллаштириб, мавжуд қонунбузарликларга узил-кесил чек қўйишга ҳуқуқий асос яратди. Ўйлаймизки, бу ҳужжат то шу кунга қадар дарё бағридан қум ва шағални чекланмаган миқдорда қазиб олиб, она табиатга зиён-заҳмат етказаётган  кимсалар фаолиятига чек қўяди. Зеро, халқ бот-бот такрорлагани каби  оққан дарё оқмасдан қолмас...

 

Улуғбек ЖУМАЕВ,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Шароит яратишми ёки пул ундириш?

Шароит яратишми ёки пул ундириш?

🕔18:05, 06.12.2018 ✔45

Мардикорлар дардини ҳам кимдир тинглайдими?

Батафсил
«10 баробар тез», «кафолатланган», «чексиз» ва «арзон»...

«10 баробар тез», «кафолатланган», «чексиз» ва «арзон»...

🕔17:43, 06.12.2018 ✔29

«Ўзбектелеком» интернет нархи ва тезлиги борасидаги ваъдасини бажардими?

Батафсил
Аризачи қўлида «қилич»,  директорда «қалқон»,  ўртада сарсон  ўқитувчилар...

Аризачи қўлида «қилич», директорда «қалқон», ўртада сарсон ўқитувчилар...

🕔16:17, 29.11.2018 ✔77

Бир фуқаронинг таҳририятимизга кетма-кет мурожаати, қолаверса, вазиятни жойига бориб ўрганишни сўраб қилган илтимоси билан Самарқанд вилояти Нуробод тумани «Оқсой» МФЙ Товоқбулоқ қишлоғида бўлиб, 51-умумтаълим мактабида журналистик текширув ўтказдик.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар