Жиноят ва жазо      Бош саҳифа

Тафаккур ҳужуми

Ўзи билимсиз, ваҳимаси оламни бузади.

Тафаккур ҳужуми

Ҳар бир камолотга етган инсон ўз ҳаётий қараши, мустақил фикрига эга. Уларда собит тура олиш нафақат ўзининг, балки жамият ва юртнинг тақдирида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Аммо орамизда бепарво, лоқайд умр кечираётган кишилар ҳам оз эмас. Бундай каслар ким қайси йўлга етакласа, арзимаган манфаат учун ҳам эргашиб кетавериши ҳеч гап эмас. Айниқса, турли диний таълимотларнинг тарғиботини олиб бораётган кимсалар айнан ана шундай узоқни кўра олмаётган, билимсиз одамларни йўлдан оғдириб олаётгани жуда ачинарли.

Юртимизда айни турдаги ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш йўлида тизимли кураш олиб борилаётганига қарамасдан, бу ишга қўл ураётганлар ҳали-ҳамон учраб турибди.

Жорий йилнинг 8 январь санасида Паркент туман маъмурий суди биносида шундай ҳуқуқбузарлик содир этган бир гуруҳ кимсалар устидан очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди.

Судда йиғилган ҳужжатлар — олиб борилган суриштирув натижасидан аён бўлишича, 12 нафардан иборат ҳуқуқбузар Паркент тумани Заркент қишлоғи «Янгиобод» маҳалла фуқаролар йиғини Хонобод кўчасидаги хонадонларга кириб, одамлар орасида «Иегова шоҳидлари» диний конфессиясига эътиқод қилиш бўйича тарғибот ишларини олиб борган. Телефонларидаги видеоёзувларни   тарқатаётгани аниқланган. Ўзбек тилидаги савол-жавоблар ва ташриф қоғозлари далилий ашё сифатида олинган ва ҳолат юзасидан маъмурий баённома тузилган.        

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2017 йил 13 декабрдаги тегишли хулосасига кўра, ўзбек тилидаги савол-жавоб ёзилган варақалар миссионерлик фаолиятини олиб боришда қўлланилиши мумкинлиги сабаб уларнинг республика ҳудудида тарқатилиши ва фойдаланилиши ман этилган. Худди шунингдек, А.Мирзабабаевага тегишли телефондаги видеофайллар ҳам тарқатилиши мумкин эмас. Аслида «Иегова шоҳидлари» диний ташкилоти давлат рўйхатидан ўтган, бироқ Чирчиқ шаҳридан бошқа ҳудудларда фаолият юритиши ноқонуний ҳисобланиши тушунтирилган.

Суд мажлисида ҳуқуқбузар тариқасида сўроқ қилинган А.Абдуалиев ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан ўз айбига иқрорлик билдирмасдан, «Иегова шоҳидлари» диний ташкилотига аъзо экани, улар ҳеч кимни бу ташкилотга даъват қилмаганини таъкидлади. Улар фуқароларнинг розилиги билан суҳбатлашгани, бирор-бир қонунни бузмагани, уларга асоссиз айб қўйишгани ва айби йўқлиги сабабли ишни тугатишни сўради. Суд мажлисида ҳуқуқбузар тариқасида сўроқ қилинган ташкилотнинг бошқа аъзолари ҳам шу фикрни такрорлашди.

Тўғри, баъзан ҳуқуқбузарлик содир этилган ҳолатларда жавобгар ўз айбига иқрор бўлмаслиги ҳам мумкин. Шу боис ҳолат юзасидан эрта хулоса чиқариш ярамайди. Бундай вақтда гувоҳларнинг фикрини ҳам тинглаш зарур. Иш ҳужжатларида фуқаролар аризасида номаълум шахслар хонадонларга кириб, видеороликларни кўрсатиб, «Иегова шоҳидлари» диний ташкилотининг ғояларига эътиқод қилишни айтиб, уларнинг шахсини аниқлаб, қонуний чора кўришни сўраган.

Суд ҳуқуқбузарларни айбига иқрорлик билдирмасдан берган кўрсатувларини танқидий баҳолади ва уларни жавобгарликдан қутулиш мақсадида берган деб ҳисоблади. Уларнинг айби иш ҳужжатларидаги ариза ва тушунтириш хатлари, экспертиза хулосаси билан ҳам ўз тасдиғини топгани таъкидланди.

Суд ҳуқуқбузарларнинг жазо тури ва миқдорини тайинлашда унинг шахсини, оилавий ва моддий шароитини, шунингдек, содир этилган ҳуқуқбузарликнинг хусусиятини ва аҳамиятини, ёшини, яшаш ва иш жойидан қандай тавсифлангани каби жиҳатларни инобатга олган ҳолда, жарима жазосини тайинлади.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Халқимизга хос бўлган инсонпарварлик, кечиримлилик каби фазилатлар ҳақиқатан ҳам ­эътирофга лойиқ. Балки бу кимсаларнинг қилган ишлари арзимас ва эътиборсиздек туюлиши мумкин. Аммо масаланинг муҳим бир жиҳати ҳам мавжуд. Уларнинг аксарияти миллатдошларимиз бўлишига қарамай, фуқароларни миллий қадриятларимиз ва эътиқодимизга зид йўналишга тарғиб этганини ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. Бу миллатнинг ўзлиги, аждодлардан мерос қолиб келаётган анъаналарнинг емирилишига сабаб бўлиши турган гап. Шундай хатога йўл қўйган кимсаларга ҳам қонун ҳужжатларимизда жазосини енгиллаштиришга имкон берилиши, энг аввало, инсонпарварлик, одамийлик демакдир. Бу уларга ўз қилган хатоларини англаб етишига, уни тўғрилашига яна бир бор имкон яратади.

Шундай қилиб, очиқ суд мажлисида миллатимиз учун келгусидаги яна бир муқаррар кўнгилсизлик, муаммонинг олди олинди. Миссионерлик тармоғининг палак ёзиб кетишига чек қўйилди. Фарзандларимизни йўлдан адаштириш учун сиртдан қўйилган тузоқ олиб ташланди.    

Бундан ким қандай хулоса чиқарганини билмаймиз, бироқ биз жамият ва фуқаролар манфаатини кўзлаб қабул қилинган қонун-қоидаларга доимо риоя этиб яшаш, атрофдагиларнинг ҳуқуқларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш зарурлигини ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим, деган фикрдамиз.  

 

Шаҳноза ШОЖАЛИЛОВА




Ўхшаш мақолалар

Баднафслик тузоғи

Баднафслик тузоғи

🕔11:42, 06.09.2018 ✔48

Ўз нафсини Ватан мудофаасидан устун қўйганлар қилмиши.

Батафсил
Кечириляпти, аммо тузалмаяпти. Нега?

Кечириляпти, аммо тузалмаяпти. Нега?

🕔11:41, 06.09.2018 ✔36

Ҳатто аёли ва фарзандини ҳам ўйламайди...

Батафсил
Уйдирмаларни ким айтяптию ким тарқатяпти?

Уйдирмаларни ким айтяптию ким тарқатяпти?

🕔10:57, 24.08.2018 ✔72

Минг бир чиғириқдан ўтказилиб айтилган гап ҳақиқатми?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар