Китоб бу — мўъжиза      Бош саҳифа

Уфққа ботган тақдирлар

Уфқни ҳеч кузатганмисиз? Унинг рангин туси ортида алам, қайғу, бардош, мардлик, садоқат, ғирромлик, қўрқоқлик, айрилиқ, висол ва ҳижрон яширин...

Уфққа ботган тақдирлар

Саид Аҳмад — ўз даврининг қалами ўткир, сўз сеҳргари каби моҳир ёзувчиси. Турмушнинг аччиқ-чучугини хўп тотган, аниқроғи, ҳаётнинг кутилмаган зарбалари, синовларига дуч келган адиб асарларида ўша ҳақиқатлар нафаси уфуриб туради. Унинг ажойиб асарларидан бири — «Уфқ». Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги йиллар ҳаётини акс эттирган мазкур трилогия 1967 — 1974 йилларда ёзилган бўлиб, халқимиз бошига тушган оғир мусибатлар ва ўзбек элининг мардонавор курашлари тасвирланган. Асар қаҳрамонлари Икромжон, Жаннат, Азизхон, Лутфиниса, Низомжон ва Дилдорларнинг тақдирига бефарқ қарай олмайсиз. Йиғласа — йиғлайсиз, кулса — куласиз, улар билан бирга изтироб чекасиз...

Болаларча беғубор ва самимий ­Азизхоннинг соф муҳаббати уни буюк ишлар қилишга ундайди. Ўзига хос латофат соҳибаси бўлган Лутфиниса акасининг қаҳр ва ғазабидан эрта сўнади. Бахтнинг соясини кўриб, ўзини тутишга улгурмай, ёруғ дунёдан кўз юмади. Катта Фарғона каналини қазишда буюк жасорат кўрсатган Азизхоннинг бошига тушган бу аламли қайғу унинг ҳаётга бўлган муҳаббатини совутади. Дунё гўзаллигини Лутфиниса кўзлари билан кўрган Азизхон учун энди ҳаёт мазмунсиз, бегона... Бироқ у тақдирнинг бешафқат ҳазилига муносиб жавоб берди. Қирқ беш кун давомида қазилган каналдан зилол сув оқа бошлади. Йўқ, бу оддий сув эмас, Азизхон ва Лутфиниса муҳаббатида тобланган, ундан куч олган ва мана шу севги қиссасининг қанчалар соф ва оташин эканини ўзида намоён этган сув... 

Агар ҳаётда ҳамма нарса биз ўйлагандек кечганида, балки қаллоблар, қалб озорлари бўлмасди. Икромжонни умри давомида қилган машаққатли меҳнати эмас, ғам-ғусса адо қилди. Ўз фарзандининг тетапоя қилганини, чинқириғини эшитмаган она — Жаннат ва Икромжонга Турсунбой суюкли ўғил бўлди. Жаннат уни еру кўкка ишонмай катта қилди. Икромжоннинг қалби тўла орзу-умид — бир кун келиб ўғли унинг давомчиси, фахр-ифтихори бўлишини истади. Афсуски, буларнинг барчаси сароб бўлиб чиқди. Бу сароб Жаннатни аро йўлда қурбон қилди. Икромжоннинг қалбини кемириб, юзларига иснод тўрларидан ўргимчак инидек ажинлар туширди.

Иккинчи жаҳон уруши. Қанчадан-қанча инсонларнинг бошини еган қирғин. Уларни ўз кўзи билан кўрган қорачиқлар бахтли кунида ҳам қувончдан порламайди. Доим маҳзуну дилхун. Бу маҳзунлик уруш йилларида қолган яралардан, айрилиқ азобида аланга олган юракдан, ўз кўзи билан минглаб одамлар танасидан юрт учун сизилиб чиққан қонларни кўрганидан. «Қора хат» олиб, уни ўқиб, юм-юм йиғлаган кўзлар, қорачиқларга қувонч қайтармиди...

Икромжонни урушдан қочган қўрқоқ ўғил дарди қийнади.

Бу ўртада эса барча учун суюкли бўлган Зириллама қишлоғи раисининг ўғлидан «қора хат» келади. Хотиним бу дарднинг изтиробини кўтара олмайди, деб унга ошкор қилмади. Ягона фарзандидан жудо бўлди. Ҳатто ўғлини кафанлаш, тупроққа қўйиш ҳам насиб қилмади. Йўқ, у дод-вой солиб йиғламайди, дардини ошкор қилмайди, қилолмайди. У раис, агар у шундай йўл тутса, қолганлар нима қилсин? Бегона юртларда қонга беланган тана, оёқ остида хор бўлган ўғли учун аза очишга ҳам ҳаққи йўқ.

Аҳд-паймон қилган ёрини акасига унашилганини билган Низомжон уйдан бош олиб чиқиб кетди. Балки болакай ёш бўлгани учун келажакда уни қандай синовлар кутаётганини билмагандир. Тақдир шамоли уни Икромжоннинг этаги остига ташлади. Низом куйиб, чандиққа айланган яраларга бироз бўлса-да, малҳам бўлди. Ўзини ­Икромжон ва унинг қишлоғи учун фидо қилди. Эвазига тақдир уни меҳрибон ота, суюкли ёр, доимий бошпана ва фарзандлар билан сийлади.

Дунёга келиб фақатгина яхши умр йўлдош тополган Жаннат. Фарзандларининг ҳеч бири унга вафо қилмади. Турсунбой эса, онасининг ўлимига ягона сабабчи кас бўлди. Фарзандим деб жонини берган, оқ ювиб, оқ тараган боласи, ўлимини кино кўргандек томоша қилишдан бошқа ҳеч нарсага ярамади. Йўқ, Турсунбой ўйлайди, у аҳмоқ эмас! У фақат овқат ейишни ўйлайди. Қизиқ, бундай инсонни одам сафига қўшиш мумкинмикан? Ҳатто ҳайвонлар ҳам ота-онасига меҳрибон бўлади. Жаннат ўз исми билан жаннати аёл бўлди. Бироқ оналик бахтини фидо қилиб, унга жавоб олмаган бахтиқаро она бўлди...

Уфқ бўсағасида... Бу паллага етганда ҳамма бошдан ўтганларини бирма-бир эслайди. Йўқотганларини  қумсайди, соғинади. Умид қилганларини уфқ олиб келган янги тонглардан кутади.

Асарга сўнгги нуқтани қўйгач, Саид Аҳмад қаҳрамонларидан узр сўраган экан. Уларни бунчалар қийнагани ва азобли синовга ташлагани учун. Бу қаҳрамонлар билан бирга яшаган китобхон эса, уларни узоқ вақтгача унутолмайди. Эсласа, юраги оғрийди, қорачиқлар намланади. Бироқ у ёш кўзда қалқиб, юзни силаб тушишига-да ботинолмайди. Чунки уфқ олиб келган янги кунда кўзёшга ўрин йўқ. Бу аччиқ ва изтиробли хотиралар ўтмиш қаърига кўмилган. Юракдаги дардлар бугунги тинчлик нашидасини татиб, унут бўлгандек, гўё.

Аммо қора кунлар ўтмиш қаъридан овоз бериб туради. Бу товушни тинглаб хотиралар жонланади. Юраклар увишади...

Асар поёнида эса, ўқувчи қалбида бир тугун қолади: ўша қаҳрамонлар ўрнида мен, бўлганимда-чи? Қуёшим қай тарафга ботарди? Уфқнинг ранги-туси қандай бўларди?

 

Озода ВАЛИЕВА 




Ўхшаш мақолалар

Китоб ўқимаган она

Китоб ўқимаган она

🕔11:41, 20.09.2018 ✔17

Катта-ю кичикка ёд бўлиб кетган бу асарни билмаслик фожиа, қолаверса, уят эмасми?

Батафсил
Стимул нима, мукофот ёки жазо?

Стимул нима, мукофот ёки жазо?

🕔11:20, 13.09.2018 ✔27

Иш унумдорлигини оширишнинг супер инновацион усули.

Батафсил
Тарих қайта тилга кирди

Тарих қайта тилга кирди

🕔11:19, 13.09.2018 ✔31

Ўзбек халқи кўчманчи ё келгинди эмаслиги илмий исботини топди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Китоб ўқимаган она

    Китоб ўқимаган она

    Катта-ю кичикка ёд бўлиб кетган бу асарни билмаслик фожиа, қолаверса, уят эмасми?

    ✔ 17    🕔 11:41, 20.09.2018
  • Стимул нима, мукофот ёки жазо?

    Стимул нима, мукофот ёки жазо?

    Иш унумдорлигини оширишнинг супер инновацион усули.

    ✔ 27    🕔 11:20, 13.09.2018
  • Тарих қайта тилга кирди

    Тарих қайта тилга кирди

    Ўзбек халқи кўчманчи ё келгинди эмаслиги илмий исботини топди.

    ✔ 31    🕔 11:19, 13.09.2018
  • Уфққа ботган тақдирлар

    Уфққа ботган тақдирлар

    Уфқни ҳеч кузатганмисиз? Унинг рангин туси ортида алам, қайғу, бардош, мардлик, садоқат, ғирромлик, қўрқоқлик, айрилиқ, висол ва ҳижрон яширин...

    ✔ 62    🕔 10:56, 24.08.2018
  • Асардан олган ибрат

    Асардан олган ибрат

    Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, бирор асарни мутолаа қилган ўқувчи, шу асар ҳақида  ўттиз фоиз маълумотга эга бўлар экан. Уни мустаҳкам тушуниши учун  эса, асарни таҳлил қилиш ва уни ўқиган инсон билан фикрлашиш катта аҳамиятга эга. Шунда асар ҳақида жуда кўп маълумот ёдда қолар экан. 

    ✔ 48    🕔 10:55, 24.08.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар