Жиноят ва жазо      Бош саҳифа

Уйдирмаларни ким айтяптию ким тарқатяпти?

Минг бир чиғириқдан ўтказилиб айтилган гап ҳақиқатми?

Уйдирмаларни ким айтяптию ким тарқатяпти?

Ҳамма бирдек енг шимариб, муаммолардан тўлиқ хабардор бўлиб, уларни ҳал этишга кўмаклашган, жиноятчиликнинг барвақт олдини олган ва унинг туб моҳиятини тушунтирганида эди, бугунги аҳвол ва рақамлар умуман бошқача бўларди. Афсуски, жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ҳанузгача эскича ишлаш тизимидан воз кеча олмаяпмиз.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Журналист елкасидаги масъулият юки ўз вазнидан бир неча баробар оғир. Унинг қўлида одамлар, жамият ҳаётидаги муаммоларга ечим топадиган ўткир қурол — қалами бор. Фақат — Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда, унинг кучини ўтин ёришга эмас, халқ ҳаётини янада яхшилаш, элга наф келтириш учун сарфлаш лозим. Айниқса, ахборот оқими тобора зўрайиб бораётган бир даврда тўғри ва холис ёндашув билангина жамоатчилик фикрини уйғотиш масаласи жуда долзарб.

Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев раислигида 2018 йил 27 июль куни ўтказилган жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати, бу борада ички ишлар органлари ва бошқа давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектр йиғилишида оммавий ахборот воситалари олдига ҳам бир қатор муҳим вазифалар қўйилди.

Ушбу вазифалар қўлига қалам тутган барча журналистни мушоҳада қилишга ундайди. Бугун жиноятчилик профилактикасига алоҳида эътибор қаратиш давр талабига айланмоқда. Аммо уни қандай йўллар ва усуллар билан амалга ошириш керак, деган савол туғилиши табиий. Қолаверса, журналист бирор жиноий иш тўғрисида ёзилган мақоласи орқали қандай қилиб жиноятчиликнинг олдини олишга ҳисса қўшиши мумкин? Аслида унинг бу масалада позицияси нимадан иборат бўлиши керак?

Жиноятчининг кўзини ким очади?

Инсон табиати жуда қизиқ. У ўзининг хатти-ҳаракатларига ҳар доим ҳам холис баҳо бера олмайди. Жиноятга қўл урган киши ҳам ўзини қайсидир маънода ҳақ деб билади. Унинг бу иши жуда катта хато экани, бошқалар ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги эса ташқаридан кузатиб турган одамгагина кўринади. Шундай экан, жамиятда содир бўлаётган турли даражадаги жиноятлар ва уларнинг инсонларга келтираётган талафоти қанчалик кенг ёритилса,  хулоса чиқарувчилар сони ҳам ортади. Ҳатто қўлини қора ишга урган кимсанинг ҳам кеч бўлса-да, кўзи очилади. Бу катта ва масъулиятли вазифа журналист зиммасига юклатилмоқда. Мавзунинг янада таъсирчан чиқишида чуқур таҳлилий ёндашувга талаб ҳар доимгидан юқори. Ҳеч қандай жиноят ўз-ўзидан содир бўлмайди. Бунинг учун шароит ва муҳит йўл очиб беради. Оиладаги тарбия ва атрофидаги дўстларининг таъсири жуда кучли. Қачонки, масаланинг қамрови шундай кенг олинса, натижа бўлади.

Айтайлик, оммавий ахборот воситасида бир ўсмирнинг ўғрилик содир этгани тўғрисида материал берилди. Унда журналист масалани чуқур ўрганиб, муаммонинг асл сабаблари нимада эканини очиб бера олди. Боланинг жиноят кўчасига киришига сабаб ота-онанинг унга етарлича эътибор қаратмагани ёки нотўлиқ оилада тарбия топганидир балки. Нима бўлганда ҳам кўрсатув эфирга узатилган ёки мақола эълон қилингандан кейин уни кўрган ва ўқиганлар бироз сергак тортади. Бир бор бўлса-да, ўзининг ҳаётига назар ташлайди. Фарзандларини ёнига олиб, нималар билан банд эканини суриштиради. Қолаверса, арзимаган сабаб туфайли ажрашиш ёқасига келиб қолган эр-хотинлар аро йўлда қолаётган боласининг келажагини ўйлаб қароридан қайтиши ҳам мумкин. Журналист тайёрлаган материалнинг энг катта ютуғи ҳам шу аслида.      

 Бундай мисоллар талайгина. Аммо ошпаз ширин таом тайёрлаши учун, аввало, маҳсулот тўлиқ бўлиши зарур. Худди шундай журналист жиноятнинг туб илдизига етиб бориши учун шу ишдан хабардор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар кўмагига эҳтиёж катта.   

Журналист  нега сарсон?

Яқинда жойларда ўтказилаётган сайёр судларда кўрилаётган ишлар тўғрисида мақола уюштириш учун ҳамкорлик қилиш юзасидан бир нечта туман судьяларига мурожаат этдик. Ишонасизми, бир ой ўтди ҳамки, натижа йўқ. Ҳар турли баҳона билан ишни орқа суришди, ҳамкорликдан ўзини олиб қочишди. Хўш, бундан ким манфаатдор?

Ҳозиргача ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти билан боғлиқ ёзиладиган мақола учун журналист сарсонгарчиликларга учрайди. Оғзаки саволларга масъулларнинг тоқати йўқ: дарров хат билан мурожаат этишни «маслаҳат» беришади. Шундай бўлгач, тасаввур қилинг, сизга ёпиқ эшик ортида нима борлиги ҳақида таҳлилий мақола ёзиш буюрилди. Энг аввал уни очиш, ортида нималар борлигини пухта ўрганиш талаб этилади. Очмас экансиз, ташқаридан туриб ёзилган тахминлардан ҳеч нарса чиқмаслиги аён. Қўлида етарлича маълумоти бўлмаган журналист қандай қилиб муаммонинг сабабларини кўрсата олади?

Демак, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорлик борасида эскича ёндашувга чек қўймоқ, фаолиятда шаффофликни таъминламоқ лозим. Бу нафақат бизнинг истагимиз, балки Президентимизнинг ҳам талаби. Мана, яқин-яқингача биноси неча-неча қават темир панжара билан ўраб қўйилган айрим стратегик вазирлик ва идоралар ҳам фаолиятидаги шаффофликни таъминлаш, халқ билан яқин бўлиб, мулоқот қилиши учун панжаралари олиб ташланди. Зеро, барчанинг мақсади бир: халқимиз осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика қилиш.

— Жиноят ҳақида ахборот беришнинг ҳам ўзига хос нозик томонлари бор, — дейди Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати бошлиғи Қутбиддин БУРХОНОВ. — Яқинда Қорақалпоғистон Республикасида бир воқеа кўпчиликнинг ­эътиборини тортди. Бир шахсни ўғриликда гумонлаб, уч-тўрт киши келиб уни ўзича жазолаган. Бу видеохабар интернетда яшин тезлигида тарқалиб кетди. Ўғриликда гумонланган шахс ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига маълум қилмасдан, ўзбошимчалик билан жазоламоқчи бўлган фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланди. Ички ишлар ходимлари бориб, вазиятни ўргангандан кейин аниқланишича, у йигит шунчаки ўша ерда бўлган, ҳеч қандай ўғрилик қилмагани аниқланган. Бундай ҳолатларда ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак. Ахир, қайсидир бир юртдошимизнинг ҳуқуқларини поймол қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.  

Ички ишлар соҳасидаги мавзулар жуда нозик. Мавзуни кўпинча қонунга тўғри келмайдиган ҳолларда ёритишади. Шунинг учун мен журналистларни ҳуқуқий соҳага ихтисослашиши керак, деб ўйлайман. Биз доим уларга ёрдам беришга тайёрмиз.

Гумондорни жиноятчи қилмайлик

Ҳа, кўзгуни ўзимизга ҳам бир тутиб кўриш вақти келди. Оммавий ахборот воситаларида, айниқса, охирги вақтларда эълон қилинаётган турли жиноий ишлар ҳақидаги мақолаларга эътибор берайлик. Сарлавҳаларнинг ўзиёқ ҳайратимизни оширади. Ҳайрон қоласиз, очиқдан-очиқ ишлатилаётган қўрқинчли сўзлар, ваҳимали гаплар. Бу билан жиноятчиликнинг олдини оламизми ёки одамлар кўнглига ғулғула солиб, кўзини даҳшатга ўргатиб, кўнгилларга ёзувлик уруғини экамизми?

Материалларнинг матни ҳам кишини кўп ўйлантиради. Уларда содир этилган жиноят тафсилотлари ипидан игнасигача батафсил келтирилади. Аслида шу... шартми? Ахир, муддаомиз, дейлик, ўғрилик қилинган бўлса, уни ким, қандай содир этганидан кўра, бу жиноятга қандай омиллар йўл очиб бергани хусусида сўз юритиш муҳим ва фойдалироқ эмасми? Қолаверса, ҳали аниқ хулоса чиқарилмаган ҳолатларда шов-шувнинг ортидан қувиб, гумондор шахсни жиноятчи деб эълон қилиб юборилаётганини қандай изоҳлаш мумкин?

— Журналист, аввало, ҳар қандай жиноят жамият учун зарарлигини чуқурроқ англаши зарур. Унинг ижтимоий, сиёсий, маънавий таъсирларини билмасдан, чуқур ҳис этмасдан мақсадга эриша олмаймиз, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Сафар ОСТОНОВ. — Масаланинг ортидан кўп югурмаймиз. Таҳлил қилганда ҳам ўзимизнинг фикрларимизни айтамиз, холос. Дейлик, бир ёш йигит жиноят содир қилди. Унинг мактаби, ота-онаси, дўстлари бор. Биз улар билан суҳбатлашиб, фикрларини олишимиз керак. Ота-онасининг қаерда ва қачон хатога йўл қўйганини ўрганиш жуда муҳим. Улар бизнинг хулоса чиқаришимиз учун керакли гапни айтишади. Қолаверса, психологларнинг мулоҳазаси ҳам асқатади.

Жиноятчиликни шиддат билан икки қирғоғини ўпириб оқаётган селга ўхшатсак, журналистика ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари унинг икки четида қолиб кетаётгандек туюлади. Айро ҳолда уни тўхтатишга, талафотларини бартараф этишга курашмоқдаю, ҳеч қандай натижа йўқ. Улар бирлашсагина муаммонинг зиёнини камайтириши мумкин. 

Икки соҳа бир муаммога қарши

Ҳар икки соҳа вакилларининг фикрича, қачонки журналистлар ҳуқуқ соҳасига ихтисослашса, муаммо моҳиятини тўлиқ очиб бера олади.

Хотима ўрнида бир гапни айтишни истадик: эл оғзига элак тутиб бўлмайди! Бугун ҳар қандай ахборот, айниқса, у шов-шувли бўлса, одамлар орасида тез тарқалади. Бундай чоғда ҳақиқат билан уйдирманинг чегарасини билиш осон эмас. Журналист вазиятни ўрганиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки бошқа мутасадди идоралардан тайинли ахборот олгунича, она сути оғзидан келаётгани ҳам сир эмас. Ўз навбатида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳам жамоатчиликка ҳақ гапни етказгунича, ёлғон-яшиқ уйдирма гаплар ҳақиқат тўнини кийиб, одамлар онгини эгаллаб бўлади.

Хўш, бундай шароитда нима қилмоқ керак?

Бизнингча, оммавий ахборот воситалари билан ҳуқуқ-тартибот идоралари яқин ҳамкорликда ишласа, ахборотни яширмасдан, тезкорлик билан ўз вақтида жамоатчиликка етказса, жиноят ҳақиқати очилади, адолат қарор топади.  

 

Шаҳноза АКБАРАЛИЕВА




Ўхшаш мақолалар

Баднафслик тузоғи

Баднафслик тузоғи

🕔11:42, 06.09.2018 ✔48

Ўз нафсини Ватан мудофаасидан устун қўйганлар қилмиши.

Батафсил
Кечириляпти, аммо тузалмаяпти. Нега?

Кечириляпти, аммо тузалмаяпти. Нега?

🕔11:41, 06.09.2018 ✔36

Ҳатто аёли ва фарзандини ҳам ўйламайди...

Батафсил
Уйдирмаларни ким айтяптию ким тарқатяпти?

Уйдирмаларни ким айтяптию ким тарқатяпти?

🕔10:57, 24.08.2018 ✔72

Минг бир чиғириқдан ўтказилиб айтилган гап ҳақиқатми?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар