Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

Маънавият — мавҳум тушунча эмас

Одам бўлиш ва одамдек яшашнинг оддий қоидаларини тушуниш шунчалик мураккабми ёки ўзимиз мураккаблаштиряпмизми?..

Маънавият — мавҳум тушунча эмас

Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари, педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Қуронов билан суҳбат.

Мустақиллигимизнинг 27 йиллигини нишонлаяпмиз. Бу йиллар ичида барча соҳаларда салмоқли ютуқларга эришилгани, шубҳасиз. Бироқ ҳали қилиниши зарур бўлган ишлар ҳам талайгина. Шу жиҳатдан ўтган йиллар давомида маънавият борасида нималарга эришдик ва нималарга эриша олмадик?

— Келинг, аввал 2018 йилдан туриб, 1991 йилга назар ташлайлик. 1991 йилдаги Ўзбекистон. Унинг маънавий ҳаёти. Халқ, жамият пароканда эди. Бир неча бўлакларга бўлиниб, намойишларга чиқиб, бир-бирини ҳақоратлаб, бир-бирини хўрлаб, ягона бир миллий ғоя остида бирлашолмай юрган йиллар эсга тушади. Энди, албатта, 74 йиллик маънавий мустамлакадан бирпасда маънавий озодликка чиқиб бўлмасди-да. Бунинг учун мана шундай оғриқли жараёнлар, маънавий курашлар, ғоявий ўзгаришлар, трансформациялар бўлиши табиий эди. Чунки эскилик билан янгилик курашаётган эди. Ташқаридан бизга киритилган ғоялар билан бизнинг минг йиллик қадриятларимиз, бизни ўзбек қилиб келаётган тутумларимиз орасида кураш кетди. Ақидапарстлик, диний экстремизм деган ёт тушунчалар жуда тезлик билан кириб олди. Одамларимиз орасида гаплари, юриш-туриши, тутуми бошқача одамлар пайдо бўла бошлади. Энди билсак, улар ширин сўзлар билан бизнинг ичимизга суқилиб кириб олган душман ғоялар экан. Афсуски, улар билан курашиш кўп куч ва вақтни талаб қилди. Чунки биз ташқаридан кириб келаётган бегона ғоялар билан курашиш тажрибасига эга эмас эдик.

Лекин аста-секинлик билан тажриба тўплаб, ҳаётимизда маънавият ва маърифат соҳаси ўз ўрнини эгаллай бошлади. Ўтган йиллар давомида биз диний экстремизм, космополитизм, миссионерлик, прозелитизм ғоялари билан курашиб келяпмиз. Айниқса, глобаллашув шароити бу курашларга жуда катта ва янги талаблар қўйди. Шунинг учун маънавият-маърифат соҳасида президент ва ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Бу йилдан-йилга соҳанинг ривожланишига ва пировард натижада маънавият-маърифат Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор йўналиши деган эътирофга сазовор бўлди.

Ҳозирги кунда ҳам ғоявий курашлар тўхтамаяпти. Чунки Ўзбекистон ҳар жиҳатдан бой мамлакат. Шунга кўз тикканлар бор-да. Хавфли томони, бунинг учун очиқ уруш қилолмайди, ғоявий курашга чиқади.

Улуғ аллома-аждодларимизнинг моддий-маънавий мероси қайта тикланди. Ислом динига ҳурмат ва эҳтиром пайдо бўлди. Бунинг биргина мисоли — Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ минбаридан туриб, Имом ал-Бухорий ҳақида гапирганларини эслайлик. Дунёда биринчи марта бундай юксак мақомда буюк аждодларимиз номи тилга олинишининг ўзи жуда катта эътирофдир. Ҳатто, ушбу маърузадан сўнг Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон Президентимизга алоҳида эҳтиромини билдирди.

Булар фақат бизнинг субъектив фикрларимиз эмас, дунё буни тан оляпти. Биз бугун бундай ҳолатларга кўникиб қолганмиз. Лекин агар йигирма-йигирма беш йил ортга назар ташласак, маънавий ҳаётимизда жуда катта фарқни кўрамиз. Шундай дамларда ҳар бир юртдошимизда бундан 27 йил олдинги ҳаётимизга бир бор назар ташлай олиш иқтидори бўлишини истардим. Шунда ҳар биримизда чексиз шукроналик пайдо бўлади. Биз бир-биримиздан, давлатимиздан миннатдор бўлиб, шукроналик билан яшасак, Аллоҳ бизга янада зиёда қилиб бераверади.

Эришган ютуқларимиз билан бирга, албатта, муаммоларимиз ҳам бор. Маънавиятимизнинг энг долзарб мавзуларини эслайдиган бўлсак, бу — ёшлар тарбияси, оилалардаги ажримлар, жиноятчилик, экстремистик, террористик ғояларга қўшилиб қолиш, лоқайдлик, беғамлик, одамлар орасида меҳр-оқибатнинг анчагина пасайиб қолгани...  Булар бугун энг оғриқли нуқталаримиз. Уларга қарши ҳам анъанавий, ҳам замонавий йўллар билан тўхтовсиз, самарали кураш олиб боришимиз зарур.

— Маънавиятга юзаки, ­эътибор қаратишга арзимайдиган тушунча сифатида қарайдиганлар ҳам, афсуски, йўқ эмас. Ҳатто у ҳақда гапирсангиз, устингиздан куладиганлар ҳам бор. Бундай юзаки қарашнинг сабаби нимада деб ўйлайсиз? Бу муаммонинг ечими борми?

— Биласизми, бунинг лингвистик-филологик сабаби бор, деб ўйлайман. Маънавият сўзи бизга араб тилидан кириб келган. Асл мазмун-моҳиятини англамагач, кўпчилик буни, табиийки, юзаки қабул қилади. Бу сўзни ўзимизнинг соф туркий сўзларимиз қаторига қабул қилишга қийналадиганлар талайгина. Мен маърузаларим давомида аудиториядан сўрайман: тарбия сўзи сизга яқинроқми ёки ўргатиш сўзими? Суҳбатдошларнинг тўқсон фоизи ўргатиш сўзини ўзига яқин тутади. Ўрганиш, билиш, англаш ва амал қилиш эса, бу маънавият демакдир. Маънавият фақатгина бадиият ёки тарих соҳасини билиш эмас. Инсон ҳаёти учун зарур бўлган ҳамма соҳани билиш, ўрганиш деганидир. Ҳаёт учун керак бўладиган барча билимни билиш инсоннинг маънавиятини ташкил қилади. Физика, математика, информатика, геодезия каби соҳаларни билиш ҳам, ўз навбатида, бой маънавиятнинг белгисидир. Билмаслик эса, маънавиятсизлик ва жаҳолатдир.

Ҳеч ким ўз-ўзидан маънавиятли шахс бўлиб қолмайди. Маънавиятли бўлиши учун, аввало, инсоннинг маънавий эҳтиёжини уйғотиш муҳим. Инсон баъзан ўзининг тўғри маънавий эҳтиёжи нималигини билмай яшайверади. Кейин унга кимдир ўзининг бузғунчи ғоясини маънавият сифатида тақдим этади ва бу уни қизиқтириб қўяди. Шу зайлда у бир кун келиб жиноятчига айланиши мумкин. Биз болаларни, аввало, маънавий эҳтиёжлардан бошлаб тарбиялаб борсак, уларни маънавиятсизлик хатарларидан ҳимоя қила оламиз. Бунинг учун маънавий тарбия зарур.

Ҳозир Республика Маънавият ва марифат марказимиз узлуксиз маънавий тарбия деган бир лойиҳани ишлаб чиқди. У кенг қамровли трилогия бўлиб, биринчи қисми ҳозир нашрга тайёрланяпти. Ушбу лойиҳа аллома аждодларимиз назарда тутганидек, инсон дунёга келишидан олдиноқ унга маънавий тарбия асосларини яратиб бериш ҳақида баҳс юритади. Яъни, аввало, бўлажак ота-онани биз оила қуришга ва фарзанд тарбиялашга тайёрлашимиз зарур. Биринчи қисм инсоннинг дунёга келишидан олдинги ана шу пухта тайёргарлик жараёнидан бошлаб, уч ёшгача бўлган давригача бўлган муддатни ўз ичига олади. Ёшларнинг оилага муносабатини мана шундай бир тарзда туб илдизидан бошлаб, комплекс ёндашиб тарбиялаб бормасак, маънавият соҳасида муаммоларга дуч келаверамиз.

— Муаммоларимизнинг туб илдизи, биринчи навбатда, баъзи бир ота-оналарнинг ўзлари етарли даражада тарбияланмаганликлари сабабидан экан-да?

— Афсуски, шундай.

Мен яқинда хизмат сафари билан Сирдарёга бордим. Маърузамни тинглаш учун йиғилган ота-оналарга бир савол бердим. «Фарзандларингизни тарбиялаяпсизларми?» Улар бу саволимдан ҳайрон бўлиб, кулишди. «Албатта, тарбиялаяпмиз», дея жавоб беришди. Мен улардан фарзандига қайси йўл билан, қандай усулда тарбия беришаётганини сўрадим. Ҳамма жим бўлиб қолди. Узоқ давом этган жимликдан сўнг бир аёл жазо ва рағбат усулларини тилга олди. Мана, кўряпсизми, биз ҳали тарбияда қайси болага қандай муносабатда бўлишимиз кераклигини ҳам яхши тушуниб етганимиз йўқ. Жазо ва рағбат методи яхши, лекин у ҳамма болага ҳам тўғри таъсир кўрсата олмайди. Шунинг учун тарбиянинг юзга яқин усуллари ишлаб чиқилиб, тавсия қилинган. Юқорида айтганимдек, биз ҳар бир болага унинг маънавий эҳтиёжларидан келиб чиқиб муносабатда бўлишимиз керак.

Баъзи фарзандлар ота-онадан анча узоқлашиб қолгани рост. Чунки ота-она ўз боласи билан ҳеч қачон дилдан суҳбат қурмаган. Боланинг завқ-шавқ билан берган саволига жавобан «Бор, бошимни қотирма», «Чиқ, кўчада ўйна», каби ўта дағал ва қўпол муносабат кўрсатиши натижасида фарзанд қалбига билиб-билмай ўзига нисбатан совуқлик солиб қўйган. Энди бу фарзанд бошқаларни ўз ота-онасидан яқин тутади. Сирлашади, маслаҳат олади, йўриғига юради. Натижада ота-онадан бегоналашиб бораверади.

Бухородаги учрашувлардан бирида айни шу — одамлар орасидаги меҳр-оқибат ҳақида фикрлашдик. Меҳрнинг ўзи нималиги, одамларга қандай қилиб меҳр кўрсатилиши хусусида баҳс-мунозара бўлди. Шунда бир қиз ўрнидан туриб, бир гап айтди: «Мен ҳозир уйга боришим билан ота-онамни қучоқлаб ўпаман». Мен бу учрашувдан кўзланган мақсадимиз шу эканини айтдим ва уни якунладим. Маънавият ҳақидаги гаплар шунчаки мавҳум тушунчалар эмас. У инсон ҳаётида мана шундай эзгу ишларга ундовчи амалий характерга эга. Буни англамаганлар маънавиятни ҳеч қандай таъсири йўқ, шунчаки умумий гаплар деб нотўғри ўйлайди.

— Маънавият-маърифат борасидаги тарғибот ишларимиз — агар уларни бир бошдан санайдиган бўлсак, жуда катта рақамларда ифода этилади. Шу билан бирга, маънавиятга зид бўлган салбий кўрсаткичларимиз — оилавий ажримлар, ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик ёки одамлар орасида меҳр-оқибатнинг кўтарилиши ортидан келиб чиқаётган нохуш ҳолатлар ҳам камаймаяпти. Бундай номувофиқликнинг боиси нимада?

— Бу борадаги тажрибаларимизни яқинда «Маърифат» газетасида бердик. Мақола «Меҳрибон ўғил-қиздан жиноятчи чиқмайди», деб номланганди.

Ҳақиқатда шундай. Ота-онасига, оиласига, ён-атрофдагиларга меҳр-оқибатли бўлган кишидан жиноятчи чиқмайди. Биз фарзандларимизни меҳр-оқибатли қилиб тарбиялаш борасида бош қотирмай қўйдик. Унинг ўрнига жиноят содир бўлгандан кейин жиноятчини кўрамиз, холос. Бу — натижа. Биз аслида ўша жиноятни юзага келтирган сабаб ҳақида ўйлашимиз керак. Бу ҳақда Президентимиз жуда муҳим фикрларни айтди. Масалан, оилада фарзанд ота-она билан уч кундан бери гаплашмаяпти. Нега гаплашмаяпсан, деб уни айблаб дўқ қилишдан олдин ота-онадан ўша уч кун олдин нима бўлганини суриштириш керак. Ҳамма тафсилотларни атрофлича ўрганиш керак. Шундагина бу масалага тўғри ечим топа олиш мумкин. Ишга ёндашув тўғри бўлса, кутилган натижага албатта эришилади.

— Бугун виртуал оламда пайдо бўлган биргина нотўғри талқин яшин тезлигида минглаб, миллионлаб кишига етиб бор­япти. Юқорида ўзингиз тилга олиб ўтдингиз, бугунги глобаллашув жараёни жаҳолатга қарши маърифат билан курашда жуда тезкор ва ҳозиржавоб бўлишни талаб қиляпти. Бизнинг маънавий ҳимоячиларимиз бу жараёнга қанчалик тайёр, деб ҳисоблайсиз? 

— Тўғри айтдингиз. Ғоявий курашларнинг виртуал шакли ҳозир жуда кенг ёйилди. Хусусан, ахборот кураши авж олди. Бунга қарши биз ҳам, албатта, замонавий воситалар билан қуролланиб, қарши кураш олиб боришимиз зарур. Акс ҳолда, ракетага қарши қилич билан курашга тушгандай бўлиб қоламиз.

Республика Маънавият ва маърифат маркази турли ғоявий курашларга қарши анъанавий ва замонавий тарзда курашиш йўлидан боряпти. Турли ҳудудларда жонли мулоқотлар, учрашув ва суҳбатлардан ташқари, ОАВда мунтазам чиқишлар, интернет саҳифалари ва ижтимоий тармоқларда йигирмадан ортиқ электрон тарғибот майдонларимиз бор.

Хурсанд бўладиган томонимиз, бугун интернетда муҳокама қилинаётган мавзуларга муносабат билдираётган юртдошларимизнинг аксарияти тўғри ва бой маънавият эгаси эканини намойиш эта оляпти. Энди бизнинг фарзандларимиз оддий нарсага алданиб, бирпасда йўлдан озиб кетадиган болалар эмас.

 

Ғуломжон БОБОЖОНОВ

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Маънавият — мавҳум тушунча эмас

Маънавият — мавҳум тушунча эмас

🕔11:51, 30.08.2018 ✔71

Одам бўлиш ва одамдек яшашнинг оддий қоидаларини тушуниш шунчалик мураккабми ёки ўзимиз мураккаблаштиряпмизми?..

Батафсил
«Қўрқоқлик – буюк куч!»

«Қўрқоқлик – буюк куч!»

🕔11:37, 09.08.2018 ✔109

Таниқли драматург Шароф Бошбековнинг қаҳрамонлари жилмайиб туриб, ўз фожиаси ҳақида сўзлайди. Камчиликлари, қусурларини яшира олмайдиган содда-гўл персонажлари тақдирига кулиб эмас, ачиниб қараймиз.

Батафсил
Нутқнинг кўринмас қудрати

Нутқнинг кўринмас қудрати

🕔12:04, 02.08.2018 ✔121

Моҳир сўз устаси Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ таҳририятимиз меҳмони бўлди. У билан нутқ ва нотиқлик борасида суҳбатлашдик.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Маънавият — мавҳум тушунча эмас

    Маънавият — мавҳум тушунча эмас

    Одам бўлиш ва одамдек яшашнинг оддий қоидаларини тушуниш шунчалик мураккабми ёки ўзимиз мураккаблаштиряпмизми?..

    ✔ 71    🕔 11:51, 30.08.2018
  • «Қўрқоқлик – буюк куч!»

    «Қўрқоқлик – буюк куч!»

    Таниқли драматург Шароф Бошбековнинг қаҳрамонлари жилмайиб туриб, ўз фожиаси ҳақида сўзлайди. Камчиликлари, қусурларини яшира олмайдиган содда-гўл персонажлари тақдирига кулиб эмас, ачиниб қараймиз.

    ✔ 109    🕔 11:37, 09.08.2018
  • Нутқнинг кўринмас қудрати

    Нутқнинг кўринмас қудрати

    Моҳир сўз устаси Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ таҳририятимиз меҳмони бўлди. У билан нутқ ва нотиқлик борасида суҳбатлашдик.

    ✔ 121    🕔 12:04, 02.08.2018
  • «Актёр таниқли эмас, севимли бўлиши керак»

    «Актёр таниқли эмас, севимли бўлиши керак»

    Cамимий, оддий ва камтар актриса Наргиза АБДУЛЛАЕВА — омади чопган санъаткорлардан. «Чархпалак», «Бегона баҳор», «Жийда гули», «Ўткинчи бахт» сингари фильмлардаги роллари орқали халқимиз кўнглига чуқур кириб борган актриса ҳаётда ҳам инсоний фазилатлари билан ҳурмат-эҳтиромга лойиқ эканини кўпчилик яхши билади. Икки оғиз суҳбатини олган киши борки, ундаги самимиятга маҳлиё бўлади-қолади...

    ✔ 175    🕔 10:37, 12.07.2018
  • «Танқид қилганмиз, аммо душманликни ўйламаганмиз...»

    «Танқид қилганмиз, аммо душманликни ўйламаганмиз...»

    Таниқли журналист қамоқхонадаги икки соатлик суҳбат ҳақида гапириб берди.

    ✔ 297    🕔 11:47, 28.06.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар