Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Тадбиркори бой юртнинг қудрати

Бу ислоҳотлардан мақсад битта: халқни бой, давлатни қудратли қилиш

Тадбиркори бой юртнинг қудрати

«Биз иқтисодиётимизни янада эркинлаштириш, тадбиркорларга кенг йўл очиб бериш сиёсатини бундан кейин ҳам қатъий давом эттирамиз. Ҳал қилувчи аҳамиятга эга бу соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унинг олдида пайдо бўладиган тўсиқларни бутунлай олиб ташлаш масаласи давлат раҳбари сифатида менинг доимий эътиборим ва назоратимда бўлади».

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Меҳнат таътилида пойтахтдан уйга — қишлоққа келганимни эшитиб, фермер амаким нўхат йиғиштиришга ҳашарга чақириб қолди. Менинг чекимга ишчи-ҳашарчи топиб, тонгда далага етказиш вазифаси тушди. Шу ҳам иш бўлибдими, қишлоқда ким кўп —  бекорчи, ишсиз кўп, дея ўйладим...

Лекин ишонасизми, бўшман деган одамни топа олмадим. Ҳозир далада иш қизғин, мавсум-ку дерсиз? Йўқ. Фермерларнинг айтишича, бу йил ҳамал киргандан буён ишчи дегани қаҳат, билагида кучи бор барча банд: ё ўзининг томорқасидаги ҳосилни йиғиштириш билан ёки тирикчилик дардида кимнингдир даласида меҳнат қиляпти экан. Баъзилар томорқачи ва фермерлардан олдиндан бир-икки ҳафталик иш олиб қўйган (навбат тузган). Уч кун деганда Гумсой ва Ғўбдин қишлоқларидан, бу ёғи Лалмикор шаҳарчасидан зўрға йигирма чоғли ишчи тўплай олдим, холос.

— Ғаллаорол туманида бу йил нўхат кўп экилди, — дейди фермер Шуҳрат Ҳамидов. — Туман ҳудудининг асосий қисми лалми ерлар. Ҳосил чўғи йилнинг қандай келишига боғлиқ. Авваллари, кетма-кет қурғоқчил келишига қарамасдан, фермерларга ғалла экиш мажбурий эди. Натижа маълум: режа ҳам бажарилмасди, деҳқон ҳам куйиб қоларди. Шу йил ҳокимликнинг ўзи сув танқислигини эътиборга олиб, нўхат экишни тавсия қилди. Одамлар ислоҳотлардан мамнун, эртанги кунга ишонч билан ишлаяпти.

Асосийси, одамлар меҳнатга қайтмоқда. Узоққа бормайлик, яқин бир-икки йил олдин ҳам ишсиз, боқиманда кўп эди. Кун ўтса бўлди. Баъзи оилаларда на ота-она, на фарзандлар ишларди. Кам таъминланган оилаларга ёки икки ёшгача болаларга бериладиган нафақага кўз тикиб, шунга кўникиб қолган қанча эди. Бу ёқда болалар кетма-кет катта бўляпти. Қишлоқ жойларда уларнинг ҳаммасига иш қаерда дейсиз? Эплагани хорижга ишга кетар, қолгани бекорчиликдан пешинда кўчага чиқиб, кун бўйи тоза ҳавога раҳбарлик қилиб ўтирарди...

Президентимиз ҳақиқатда одамларни уйғотди. Томорқа аҳолининг бандлиги, даромад манбаи эканига ишонтира олди. Мана, бу йил ўзим билган Ғаллаорол туманининг Ғўбдин, Гумсой, Чақа, Солин, Олмали, борингки, ҳатто, Лалмикор шаҳарчасида ҳам нўхат экмаган оила қолмади. Сувли ерларда ғалладан бўшаган майдонларга ловия, мош, кечки картошка эккани қанча.

Бунинг ҳаммаси меҳнатни талаб қилади. Май-июнда нўхат ўтоқ бўлди. Бир гектар ерни 300 минг сўм эвазига ўтоқ қилдирдик. Мана, ҳозир нўхатни йиғиш гектарига 350-400 минг сўмга чиқди. Кунлик иш 35-40 минг сўм. Ҳатто, Лалмикор шаҳарчасидан қанча одам ишга чиқса ҳам ишчи етишмайди. Бир оила (5 киши) 3 кунда 2 гектар ернинг нўхатини йиғади. Бу ҳар 3 кунда 700-800 минг сўм дегани. Ҳафтасига 1,5 миллион, ойига 6 миллион сўм рўзғорга кириб турса, қани, ишламайдиган одам қоладими? Ҳозир ишлайман деганга баҳордан кеч кузаккача юмуш бор. Одамларнинг қўли пул кўрди. Топган пулига рўзғорини бутлаяпти. Фарзандини ўқитяпти. Қўрасига мол бойлаяпти...

Ўқ илдизлар

Бугунги улкан ўзгаришларнинг ибтидоси ёдингиздами? Шиддатли ислоҳотлар бошланиб, режалар кенг қамровда олинди. Очиғи, ҳайбаракаллачиликка ўрганиб қолган эканмизми, оламшумул лойиҳалар, дастурлар, долларда қайд этилган етти-саккиз хонали сонлар одамларни ҳайратга солди. Бироқ кўнгилнинг бир четида бу мақсадлар амалга ошармикан деган ишончсизликка ўхшаш ҳадик ҳам йўқ эмасди. Ўша кунлари мен соҳада катта тажрибага эга ҳисобчи-иқтисодчи дўстим Муҳаммад Ўроловга ана шундай саволларни берганим эсимда.

Суҳбатдошим узоқ ўйланиб, иқтисоднинг уч ўқ илдизига қўйилган сунъий тўсиқ олиб ташланмас экан, ислоҳотлар кутилган натижа бермаслигини таъкидлади: «Биринчиси — валютанинг эркин конвертацияси, иккинчиси — нақд пул етишмовчилиги ҳамда нақд пул, пластик ва пул ўтказиш (перечисление) орасидаги фарқни йўқ қилиш, учинчиси солиқ юкини енгиллаштириш...»

Орадан кўп вақт ўтмади. Иқтисод ва жамият ривожига тўсқинлик қилаётган муаммолар бирин-кетин ўз ечимини топа бошлади. Коррупцияга қарши кураш бошланди. Халқ дардига қулоқ тутиладиган замон келди. Жамоатчилик назорати ўз кучини кўрсата бошлади. Айниқса, Президентимизнинг телевидение орқали «Тадбиркор йўлига тўсиқ бўлишни давлат сиёсатига хиёнат, деб қабул қилиш керак» деган сўзлари жамиятимизда катта акс-садо берди.

«Қора бозор» кўланкаси

 Кечаги кун.

— 2010 йилнинг бошларида Россия компанияларидан бири билан ишлаб чиқариш технологиясини сотиб олишга шартнома туздик, — дейди гулистонлик тадбиркор Санжар Алимов. — Келишувда 30 иш кунида технология умумий қийматининг 75 фоизини тўлашим белгиланганди.

Бунинг учун ўша пайтда банкка зарур суммадаги пулни қўйиш, кейин Марказий банк рухсати билан хорижий валютани сотиб олиш мумкин эди. Ишим тезроқ битишини кўзлаб, бирйўла валюта топширишни маъқул кўрдим. Пойтахтдаги уйимни пуллаб, етмаганига «қора бозордан» валюта сотиб олиб банкка топширдим. Аммо бирин-кетин маънисиз ва тушунарсиз тўсиқларга дуч келавердим. Дастлаб, банкда мендан валютани қабул қилиб, нима учундир уни пластик картамга Марказий банк курсида сўмга айлантириб ташлашди. Оқибатда мен банкка нақд валюта эмас, гўёки пластик карта орқали сўм топширган бўлиб чиқдим. Кейин валютанинг Марказий банк ва «қора бозор» курсидан ташқари биржа курси ҳам борлигига гувоҳ бўлдим. Ажабланарлиси, валютанинг биржа баҳоси «қора бозор» курсидан салкам икки баробар қиммат эди. Ўз қўлим билан валютани топшириб, яна шу валюта сотиб олиш учун салкам саккиз ой  югурдим. Валютанинг учта курси орасидаги фарқдан кўрган зараримни эса, тасаввур қилиш қийин эмас...

 Бугунги кун.

Санжар Алимов ўша кунларни бугун худди эртакдек айтиб беради. «Ишлаб чиқариш қиламан, четдан замонавий технология олиб келаман, деган ташаббусни бугун барча давлат органи қўллаб-қувватлаяпти. Ҳокимликдан тортиб, сектор бошлиғигача назоратга олади, ҳатто прокуратура ҳам ёрдамга келади. Валюта масаласида-ку, муаммо қолмади ҳисоб», дейди у.

Президентимизнинг 2017 йил 2 сентябрдаги «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилиниши халқимиз, айниқса, тадбиркорларнинг орзуси эди. Ҳужжат билан юридик ва жисмоний шахсларнинг чет эл валютасини эркин сотиб олиш, сотиш ҳамда маблағларини ўз хоҳишига кўра эркин тасарруф этиш ҳуқуқлари таъминланди. Миллий валютанинг чет эл валютасига нисбатан курсини белгилашда фақатгина бозор механизмларига асосланиш тартиби йўлга қўйилди.

— Хитойдан болалар ўйингоҳи олиб келдим, — дейди пойтахтимизнинг Юнусобод туманида яшовчи тадбиркор Зиёвуддин Арсланов. — Банк ҳисоб рақамимдаги пулларни бир  кунда АҚШ долларига айлантириб, хорижга ўтказиб берди. Энг асосийси, болалар ўйингоҳлари учун берилган имтиёз, яъни бож тўловидан озодлиги ишимда жуда қўл келди. 

Жорий йилда Халқаро валюта жамғармаси экспертлар гуруҳи республикамизда амалга оширилаётган банк-молия ва иқтисодиёт тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини текшириб, ўз хулосасини эълон қилди. Таъкидлаш жоизки, дунёнинг исталган мамлакатидаги молиявий-иқтисодий вазият ҳақида мазкур ташкилот тақдим этган ахборот жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳаққоний ва холис, деб қабул қилинади. Ана шу нуфузли ташкилот хулосасида иқтисодиётни либераллаштириш борасида ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошираётган Ўзбекистон бутун минтақа фаровонлиги учун катализатор вазифасини ўташи мумкинлиги таъкидлангани катта эътироф бўлди. Бунга ўз-ўзидан эришилгани йўқ.

Фойда ўзимизда қолди

 Кечаги кун.

— Европа мамлакатларига пайпоқ экспорт қиламан, — дейди тадбиркор Бахтиёр Раҳматуллаев. — Хомаёшни маҳаллий корхоналардан ва Малайзиядан сотиб оламан. Барча солиқ ва тўловларни вақтида тўлайман. Шунга қарамасдан, йиллар давомида маҳсулот экспортидан тушган валюта тушумининг 75 фоизини давлатга сотишга мажбур эдик. Оқибатда биргина валютани сўмга айлантириш операцияси асносида экспортерлар фойдасининг тенг ярмидан айриларди. Тадбиркорлар фаолиятини кенгайтиришдан, экспорт ҳажмини оширишдан манфаат кўрмасди. Айримлар «яширин иқтисодиёт» («теневая экономика») йўлига ўтиб олишга мажбур бўлди. Корхоналарда икки хил бухгалтерия юритилди. Бу, ўз навбатида, коррупция тегирмонига сув қуярди.

 Бугунги кун.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида экспорт муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланди. Экспортни ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи тизимли муаммолар олиб ташланди. Маҳсулотлар  ва хизматлар сотувидан тушган валюта тушумидан мажбурий тўлов, 2017 йилнинг бошидаёқ дастлаб 50 фоизга, кейин 25 фоиз, 2017 йилнинг 1 августдан эса, бутунлай бекор қилинди. Экспортчилар валюта тушумини сотиш мажбуриятидан тўлалигича озод этилди.

Яқинда Бахтиёр Раҳматуллаев билан кўришдим. Пайпоқ ишлаб чиқариш корхонасини пойтахтдан Жиззахга кўчирибди, бошқарувни яқинда пенсияга чиққан отасига топширибди. Ўзи эса, ип-калава ишлаб чиқариш корхонасини ишга тушириш ҳаракатида экан. «Энди ишлайдиган вақт келди. Бу кунлардан фойдаланиш, унинг қадрига етиш керак. Чунки бу тўсиқларни олиб ташлаш давлатимизга осон бўлгани йўқ», дейди тадбиркор.

Ўтган бир ярим йил мобайнида экспортни рағбатлантириш, имтиёзлар яратиш бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатларининг амалий натижаси билан жорий йилнинг 5 ойида 4 миллиард 576 миллион доллар ҳажмида экспорт амалга оширилган. Бу ўтган йилнинг ушбу даврига нисбатан қарийб 21 фоизга кўпдир.

«Меҳнатни қўшмасдик...»

 Кечаги кун.

Оиламиз билан ўн йилдан зиёд боғдорчилик ва полиз маҳсулотлари етиштириб келамиз, — дейди мирзачўллик Ҳасан Шерматов. — Йиллар давомида юртимиздан мева, сабзавот ва полиз маҳсулотларининг чет элга экспорти чеклаб қўйилди. Ёки алоҳида саноқли фирмаларгагина рухсат берилди. Ҳосил мўл йиллар ўрик, шафтоли, олма, айниқса, полиз экинлари сувтекин бўлиб, қанчаси увол бўларди. Ишонасизми, ўтган йили бир юк машина иккинчи пишиқ қовунни чорвадорларга (молга озуқа сифатида) атиги эллик минг сўмга берган вақтимиз бўлди. Даромадни ҳисоблаганда меҳнат ва куч сарфини қўшмасдик...

 Бугунги кун.

Жорий йилда Ўзбекистон гилоси экспорт ҳажми бўйича жаҳонда 5-ўринга чиқди. Аслида юртимиз салоҳияти учун бу паст, аммо дастлабки қадам учун яхши кўрсаткич. 2018 йилда «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси таркибидаги «Ўзагроэкспорт» АЖ илк бор фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан етиштирилган гилос мевасини Фьючерс шартномалари орқали xарид қилиб олди. Нархлар навига қараб, 8 мингдан 24 минггача белгиланди. Гилосдан катта даромад кўриб, деҳқончилигини янада кенгайтириш пайига тушиб қолган ҳамюртларимиз орасида Ҳасан ота ҳам бор.

Солиқ — юлиш дегани эмас...

 Кечаги кун.

— Солиқчи келишидан безиб қолгандик, — дейди пойтахтда колбаса ва пишлоқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари, шахсини маълум қилишни истамаган тадбиркор. — Даромадимизни ҳисоботларда камайтириб кўрсатишга мажбур эдик. Товар айланиши ошдими, солиқчи келиб, қарзимиз бўлмаса-да, унинг чораклик режасини ёпиш учун кейинги ойларга ҳам олдиндан солиқ тўлаш ёки у айтган бирор-бир корхонанинг солиқдан қарздорлигини ёпиб бериш «илтимос» қилинарди. Ёки ҳомийлик қилишимизни сўрарди. Афсуски, бундай «илтимос»ларнинг охири кўринмасди. Акс ҳолда,  қилдан қийиқ ахтарилиб, бирор-бир камчилик аниқланиши тайин. Ўшандай вазиятда базўр кун кўраётган, ночор корхона бўлиб кўриниш афзал эди...

 Бугунги кун.

Президентимиз ташаббуси билан жорий йилда Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ишлаб чиқилди. У солиқ юкини камайтириш ва солиқ солиш тизимини соддалаштиришни кўзда тутади. Концепция доирасида 2019 йил 1 январдан тадбиркорлар учун қатор енгилликлар жорий этилди. Жумладан, давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг айланмасидан (ялпи тушумидан) ундириладиган мажбурий ажратмалар бекор қилинди. Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизгача  пасайтирилди. Дивидендлар кўринишидаги даромадлар бўйича тўлов манбаидан ушлаб қолинадиган фойда солиғи ставкаси 10 фоиздан 5 фоизгача камайтирилди. Бундай имтиёзлар рўйхатини анча давом эттириш мумкин.

Биз фақат кечаги кун билан бугунимизни таққослаш ниятидан узоқмиз. Асосий мақсадимиз яратилаётган шарт-шароитларнинг асл моҳиятини англаш, ислоҳотларнинг қадрига етишни айтмоқчимиз, холос.

«Ҳар бир оила — тадбиркор»

Президентимиз ташаббуси билан айнан шу ном билан давлат дастури қабул қилинди. Дастур халқимизга нима беради? Таъкидлаш лозимки, кенг миқёсдаги ушбу дастур муайян бир соҳа ёки тармоқни қамраб олмасдан, айнан ҳар бир оилани, оила аъзоларини, фарзандларини тадбиркорлик билан шуғулланиши, уларнинг барқарор даромад олишини таъминлаш, мамлакатимизнинг ҳар бир туман ва шаҳрида, энг аввало, олис ва табиий иқлим шароити оғир ҳудудларда аҳолининг моддий шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи сифати ва даражасини оширишни кўзда тутади.

Дастур доирасида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун — энг кам иш ҳақининг 150 баробаригача, кичик бизнес субъектлари учун — 1000 баробаригача ва тадбиркорлик субъектларининг инвестициявий лойиҳаларини кредитлаш учун  — 1000 баробардан ошиқроқ миқдорда йиллик 7 фоиз миқдоридаги узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ажратилади.

Жорий йилнинг 10 июнидан намунавий тарзда Андижон вилоятининг туман ва шаҳарларида «Ҳар бир оила — тадбиркор» ҳудудий дастури амалга оширилиши бошланди. Бунинг учун 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ажратилиши белгиланган.

Комплекс ёндашув

— Биз ниҳоят масалага комплекс, яъни кенг қамровли ёндашувни бошладик. Қайси соҳани олмайлик, у балиқчилик бўладими ёки лимон етиштиришми, албатта, «йўл харитаси» тузилиб, моливий-ҳуқуқий асослари яратилмоқда, — дейди иқтисодчи Улуғбек Ҳамдамов. — Биргина анорчиликни олайлик. Фарғона вилоятида 300 гектар ерга анорчиликка ихтисослашган агрофирма фаолияти йўлга қўйилди. У мевани етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилишгача бўлган босқични қамраб олган. Яна унга экотуризм ҳам қўшилган.

2018 — 2020 йилларда Исроил давлатидан қадоқлаш, Италиядан маҳсулотни тозалаш ва саралаш ускуналари, Нидерландиядан музлатгич агрегатлари келтириб ўрнатиш мўлжалланмоқда. Бу ишлар йўлга қўйилгандан сўнг, агрофирмада йилига 2 минг тоннадан зиёд  анор шарбати, 3 минг тонна сараланган анор доначалари, 4 минг тонна қадоқланган анор тайёрланади.

Уйида ишласа ҳам пенсия олади

— Ака, ишонасизми бир парча ерга беш килограмм картошка уруғи қадаб, эллик килограмм  ҳосил олдик. Оиламизга бу қишгача етади, — дейди синглим амаким даласида бирга нўхат терар эканмиз. — Бўшаган ерга гўнг солиб, яна кечки картошка, турп ва шолғом экдик. Нима учун шу ишларни аввалдан қилмаганмиз? Рўзғорнинг бир томони бут бўлар экан...

Ҳа, томорқадан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича яратилган тизим ўз натижасини беришни бошлади. Халқимиз азалдан ҳовлисида экин экиб, қорамол, қўй, товуқ боқиб рўзғор тебратган. Президентимиз томорқачиликни ҳар бир  хонадонга, оилага яна олиб кирди. Айнан уйида ишлаётган одамларнинг меҳнатини рағбатлантиришга, уларнинг бандлигини таъминлаб, даромад кўришига шароит яратди ва халқимизни ҳалол меҳнатга ундади. 

Шу сабабли томорқада маҳсулот етиштираётган, қорамол ёки 50 та паррандаси бўлган хонадоннинг ишсиз аъзоси 1 минимал иш ҳақи миқдорида пенсия жамғармасига тўлов қилса, 1 йиллик кафолатланган иш стажига эга бўлиши белгилаб қўйилди. Бу имтиёз уйида деҳқончилик қилаётган аҳоли, айниқса, аёллар, ёшларнинг бандлигини таъминлаб, келажакда пенсия олишига замин яратади.

* * *

... Амаким томорқасида ҳосил йиғишдан олдин, узоқ дуо ўқиди. Ишчиларга қувват сўради, топгани яхши кунларга буюришини тилади. Ҳашарчилар қаторида ўзи ҳам мўл ҳосил кўтаришни  ният қилди.

Ҳа, деҳқоннинг ҳақиқати оддий. Унинг учун ҳаёт қонуни — ҳар бир оиланинг ўз тадбиркорлик иши бўлса, рўзғори бут, ҳаёти хотиржам ҳолда боласини ўқитса — энг олий бахт шу.

Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев юртимизнинг қайси ҳудудига бормасин, одамлар билан ҳар учрашувда халқимизни бой қилиш, одамларнинг давлатдан рози бўлиб яшаши учун барча имкониятларни ишга солиш ҳақида куюниб гапиради. Мана, давлатимиз раҳбари қайғураётган иш бўл­япти: одамларнинг дунёқараши ўзгарди, турмуш даражаси ва сифати ҳам шунга яраша яхшиланмоқда.

Олиб борилаётган ислоҳотларнинг асл мазмун-моҳияти ҳам шунда аслида.

 

Бахтиёр ҲАМИДОВ,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Ойликка яшайдиган одам

Ойликка яшайдиган одам

🕔16:44, 08.11.2018 ✔35

Тўй қилиш учун борини йиғади, пул топади. Орзу-ҳавас учун фарзандига тўй қилади. Энг қизиғи, тўйга пулни қариндош-уруғ ва танишларидан қарз олиб тўплайди.

Батафсил
«Ҳоким келибди...»

«Ҳоким келибди...»

🕔16:43, 08.11.2018 ✔35

Уйимизга узоқ қариндошимиз меҳмон бўлиб келди. Уч-тўрт кун туриб, ўғлини институтга жойлаб, қишлоққа қайтиб кетди. Аммо институтда ташкилий ишлар туфайли боласи учун бозор-ўчар қилиб, шу ҳафта охирида яна қайтиб келди.

Батафсил
Ирода

Ирода

🕔16:43, 08.11.2018 ✔24

Бундан анча йил аввал дадам қийналиб қолган бир одамга: «Қўлингдан келса, косиблик қил», — дея маслаҳат берганларида у бу ишдан ор қилгани ёдимда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Ойликка яшайдиган одам

    Ойликка яшайдиган одам

    Тўй қилиш учун борини йиғади, пул топади. Орзу-ҳавас учун фарзандига тўй қилади. Энг қизиғи, тўйга пулни қариндош-уруғ ва танишларидан қарз олиб тўплайди.

    ✔ 35    🕔 16:44, 08.11.2018
  • «Ҳоким келибди...»

    «Ҳоким келибди...»

    Уйимизга узоқ қариндошимиз меҳмон бўлиб келди. Уч-тўрт кун туриб, ўғлини институтга жойлаб, қишлоққа қайтиб кетди. Аммо институтда ташкилий ишлар туфайли боласи учун бозор-ўчар қилиб, шу ҳафта охирида яна қайтиб келди.

    ✔ 35    🕔 16:43, 08.11.2018
  • Ирода

    Ирода

    Бундан анча йил аввал дадам қийналиб қолган бир одамга: «Қўлингдан келса, косиблик қил», — дея маслаҳат берганларида у бу ишдан ор қилгани ёдимда.

    ✔ 24    🕔 16:43, 08.11.2018
  • «Ўзбекнинг кимлигини кўрсатиб қўйдим»

    «Ўзбекнинг кимлигини кўрсатиб қўйдим»

    Оддий аскар ўзбекни тинглашга мажбур қилди. Майор тилини тишлаб қолди.

    ✔ 59    🕔 18:56, 01.11.2018
  • Қимматга тушаётган арзон уйлар

    Қимматга тушаётган арзон уйлар

    «Марҳамат,  янги уй!  Аммо таъмирлаб оласиз».  Бунга ким қандай изоҳ беради?

    ✔ 36    🕔 18:56, 01.11.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар