Жиноят ва жазо      Бош саҳифа

Кечириляпти, аммо тузалмаяпти. Нега?

Ҳатто аёли ва фарзандини ҳам ўйламайди...

Инсон ҳаётда қоқилса ё адашиб жиноят кўчасига кириб қолса-ю, кечирилиб, унга имкон берилса, жазоси енгиллаштирилса, нима қилади? Қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган бундай одам ақл-идроки, иродасини ишга солиб, ҳаётини тўғри йўлга тушириб олишга интилади, албатта. Ўзи-ку, майли, оиласи ва фарзандларининг келажаги учун ҳам бу хатони бошқа такрорламайди.

Бироқ қилмишидан тўғри хулоса чиқармайдиган, кечиримнинг моҳиятини англамай, яна қинғир йўлдан юришни давом эттирадиган кимсалар ҳам, афсуски, топилади.

...2016 йил 5 декабр куни кечки соат 20:30 да катта сержант У.А. хизмат юзасидан пойтахтимизнинг Яккасарой туманида жойлашган халқаро ташкилотлардан бирининг ваколатхонаси биносига кираётиб, машинаси эшигини қулфлашни унутади. Орадан бироз вақт ўтиб, унга машинасини бегона киши очганини айтишади. Шошиб кўчага чиққан У.А. уни кўриб қоча бошлаган ўғрининг ортидан қувади. Унга яна икки гувоҳ ҳам эргашади. Ниҳоят Нукус кўчасига етгач, тутиб олишади ва уни ҳудуд профилактика инспекторига топширишади.

У.А.нинг машинасини титкилаб, ўғрилик жиноятини содир этишга уринган бу кимса 1981 йилда Тошкент шаҳрида туғилган А.Т. бўлиб, гиёҳванд модда таъсирида бўлгани аниқланади. Тинтиб кўрилганда, ёнидан спирт шишасига солинган, қўлда тайёрланган психиатроп модда ва шприц топилади.

Суд-тергов жараёнида аниқланишича, А.Т. муқаддам уч бор судланган: 1999 йилда 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган, жазосининг бир йилини ўтагач, унга имкон берилиб, амнистия билан муддатидан олдин озодликка чиқарилган.

2005 йилда эса, у яна жиноятга қўл уриб, 3 йиллик ахлоқ тузатиш ишларига жалб этиш билан жазоланган. Бироқ ахлоқ тузатиш ишлари ҳам, афсуски, А.Т.га дарс бўла олмади.

У бундан ҳам оғирроқ жиноятлар қилишга «қодир»лигини намойиш этди. Оқибатда 2009 йилда унга нисбатан Шайхонтоҳур туман суди 10 йиллик қамоқ жазосини тайинлади. Оила аъзолари уни кафилликка олиб, кечирим сўрашгач, А.Т.га яна имкон берилди ва 2015 йил январида озодликка чиқарилди.

А.Т.нинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзанди бор. Букрини гўр тузатади деганларидек, А.Т. ўзига берилган имкониятдан фойдаланиш, эрлик ва оталик масъулиятини ҳис этиб, ҳалол меҳнат қилиш ўрнига яна қинғир ишларини давом эттиради. Ўз рўзғорини ҳалол ризқ билан боқиш учун бетиним меҳнат қилиш ўрнига ҳаётнинг ўта жирканч, қоронғи томонини танлайди. Турли психиатроп моддалар билан гиёҳванд модда тайёрлаб, уни мунтазам истеъмол қилиб юради. Боз устига, бировнинг мулкига кўз олайтириб, ўғрилик қилишга уринади.

Судланувчи А.Т.нинг хатти-ҳаракатлари дастлабки тергов томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25, 169-моддаси 1-қисми, 276-моддаси 2-қисми «б» банди билан ўғрилик, яъни бировнинг молини талон-тарож этишга суиқасд қилиш, гиёҳвандлик воситалари ёки психиатроп моддаларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, эгаллаш каби жиноят аломатлари билан айбдор, деб топилди.

Суд А.Т.нинг шахсини, ижобий таърифланганини, қарамоғида бир нафар вояга етмаган фарзанди борлигини, қилмишидан чин дилдан пушаймонлигини ва жабрланувчининг давоси йўқлигини инобатга олиб, жазоларни қисман қўшиш йўли билан 3 йилу 6 ой муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди. А.Т.га назорат қилувчи органнинг рухсатисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик, спиртли ичимликлар сотадиган ҳудудларда бўлмаслик, судланган шахслар билан мулоқот қилмаслик, Ўзбекистон ҳудудидан чиқмаслик ва интернетдан фойдаланмаслик шартлари қўйилди.

Гиёҳвандликка қул бўлган инсоннинг ўзини ўнглаши, бу иллатдан қутулиши осон эмас. Аммо норасида фарзандининг келажагини, камолини ўйлаб астойдил ҳаракат қилинса, иродани мустаҳкамлаш, ҳар қандай иллатдан халос бўлиш мумкин.

Кўр ҳам ҳассасини бир марта йўқотади. А.Т. эса учинчи бор ана шу ҳассасини йўқотди, таъбир жоиз бўлса, ҳаётини тўғри йўлга бошловчи мувозанатдан чиқди. Эҳтимол, бу сафар у ўз қилмишлари ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўрар, халқимизнинг, давлатимизнинг кечиримлилиги мағзини чақар, қонунларимизнинг инсонпарварлиги моҳиятини англаб етар. Виждони уйғониб, бировнинг ҳақига хиёнат қилиб барака топмаслигини, ота сифатида фарзанди ва оиласи учун қайғуриш унинг зиммасидаги эр йигитлик бурчи эканини тушунар.

Суднинг ҳам, яқинларининг ҳам умиди шу.

 

Зилола ХУДОЙБЕРДИЕВА




Ўхшаш мақолалар

Яна «Боровский», яна пичоқбозлик!..

Яна «Боровский», яна пичоқбозлик!..

🕔18:51, 01.11.2018 ✔39

Ўқувчиларга суд қандай жазо берди? Ёшлар жиноятчилигига йўл очиб бераётган омиллар нима?

Батафсил
Бешик йиғлаган оқшом

Бешик йиғлаган оқшом

🕔17:39, 11.10.2018 ✔91

Она қорнига сиққан, тор бешикка сиққан, аммо кенг дунёга сиғмаган бадбахт болалар!

Батафсил
Еттинчи пушаймон

Еттинчи пушаймон

🕔17:38, 11.10.2018 ✔74

Яна у суднинг қора курсисида ўтирибди. Демак, илгари содир этган жиноятларидан тўғри хулоса  чиқармаган...

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар