Жиноят ва жазо      Бош саҳифа

Баднафслик тузоғи

Ўз нафсини Ватан мудофаасидан устун қўйганлар қилмиши.

Баднафслик тузоғи

Она юрти, Ватани учун қалқон бўладиган эр-йигитларни танлаб-саралаб олиш ҳамда уларни мудофаага жалб қилиш ишига масъул бўлган ўттиз ёшли йигит ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилиб, баднафслик тузоғига тушиб қолди. Энг ачинарлиси, унга бу ишида ўз раҳбари раҳнамолик қилган.

Ватанни асраш, уни ҳимоя қилиш, кўз қорачиғидек тутиб, шу йўлда жонини тикиб меҳнат қилиш шунчаки ҳавойи гап эмас, аслида. Бундай гапларни қуруқ сўзлар билан ифодалаш ҳамманинг ҳам қўлидан келади. Аммо шу ғояни қалбга муҳрлаш, шу йўлда собит туриш инсондан ҳақиқий ватанпарварлик матонатини талаб қилади.

Қассобга ёғ қайғуси...

Сирдарёлик Одил Пўлатов Сардоба тумани Пахтаобод шаҳарчаси, «Файзлиобод» маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳарбий стол нозири лавозимига ишга қабул қилинганида Ватан мудофааси учун сидқидилдан хизмат қилишга бел боғлаган эди. Энди эса баднафслик домига тушиб, хизмат лавозимига гард теккизиб, эл-юрт олдида шарманда бўлиб, одил суд олдида пушаймонлик билан жавоб берди.

Ўтган йилнинг 28 сентябрь куни Одил Пўлатов тумандаги ёшларни сафарбарлик чақируви резервига йўналтириш учун уйма-уй юрганида ўша ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаро Ғ.Халиловнинг айни пайтда бироз бетоблигидан хабар топди. У ҳам чақирилувчилар рўйхатида бор эди. Туман мудофаа ишлари бўлими чақириққача ёшларни тайёрлаш бўлинмаси бошлиғи Онарбой Шомуродов билан биргаликда фуқаро Ғ.Халиловнинг уйига бориб, СЧРга зудлик билан бориши зарурлигини маълум қилишди. Фуқаро эса айни пайтда имкони йўқлиги, тўғрироғи саломатлиги ёмонлигини билдирди. Асли нияти бошқа бўлган масъуллар ушбу вазиятдан «унумли» фойдаланиб қолиш пайига тушишди. Фуқаро Ғ.Халиловга пул эвазига сохта ҳужжат тайёрлаб беришни таклиф қилишди. Лекин бу ҳужжат тегишли давлат органлари қўлига тушиб қолмаслиги кераклигини ҳам қистириб ўтишди. Ғ.Халилов эса, бундай қинғир ишга рози бўлмади. Умиди чиппакка чиқаёзган масъуллар Ғ.Халиловни пул эвазига кейинги чақирув муддатигача тинч қўядиган бўлишди. Келишилган пулнинг бир қисмини олиб, қолганини имкон борида яна етказиб беришини талаб қилиб, чиқиб кетишди.

Бузоқнинг югургани...

Ғ.Халилов — табиати тоза йигит. Туман мудофаа бўлинмаси масъулларининг бундай найрангларига алданиб, уларнинг ноғорасига ўйнашни ўзига эп кўрмади. Келишилган пулнинг қолган қисмини бояги масъулларга беришдан олдин бу ҳақда тегишли идораларни ҳам огоҳлантириб қўйди.

Келишилган куни тушга яқин  Ғ.Халилов пулни олиб, О.Пўлатов ва О.Шомурадов олдига борганда ҳеч нарсадан хабари йўқ ходимлар «ўз улушлари»ни иштаҳаси карнай бўлиб кутиб олишди. Улар бу пайтда ўзлари осонлик билан қўлга киритаётган пуллар кимёвий кукун билан ишлов берилгани ҳамда махсус қалам билан «пора» сўзи ёзилганини хаёлига ҳам келтирмаган эди.

Ушбу иш юзасидан бошланган тергов жараёни ҳолат юзасидан текширув ишларини олиб борди. Ҳодисанинг ҳар бир иштирокчисини тинглади, кўрсатма, ҳужжат ва далилларни ўрганди. Охири, ўз хулосаларини судга тақдим этди. Ишни кўриб чиққан Тошкент ҳарбий суди судланувчи  О.Пўлатов ва О.Шомурадовни бир гуруҳ бўлиб, олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, фирибгарлик, яъни алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш жиноятини содир этганликда айбли деб топди. Уларга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «б» банди билан ҳар ойлик иш ҳақининг ўн фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда олти ой муддатда ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Ибрат кўзи

Ҳукм ўқилди. Белгиланган жазо ижросига киришилди. Ҳуқуқбузарлар жазосини олди. Шу билан ҳаммаси тугадими?

Афсуски, йўқ.

Инсондаги ўзгалар мулкига меҳнатсиз, қинғир йўллар билан эга бўлиш иштиёқига суднинг биргина ҳукми нуқта қўя олмайди. Бу кези келганда ҳар бир инсонга тегишли бўлган нафс иштиёқи. Кўзга кўринмайдиган бу иштиёқ бора-бора бир кун ўз эгасини баднафслик тузоғига илинтириши муқаррар.

Ҳалол меҳнат билан кун кўриб, қаноатли бўлиб яшаш бошқалар нонини туя қилиб, эл-юрт орасида шарманда бўлишдан, қонун олдида жиноятчи сифатида жазога тортилишдан, ўз оиласи, қариндош-уруғ ва яқинлари олдида юзи шувут бўлиб, надоматга қолишдан ҳамда виждон қийноғида яшашдан афзал эканини тушуниб етиш ва шу асосда яшаш инсониятнинг энг катта муваффақиятидир. Ҳар бир оилада тарбия топаётган фарзандлар эса ота-онадаги нуқсонларнинг жонли нусхаси эмас, муваффақиятлар давомчиси бўлиши шарт.

Порахўрлик чегара билмас ва туганмас иллат, деймиз. Бу иллатнинг қулоч ёйишида унга хайрихоҳ бўлган иккинчи томон ҳам йўқ эмаслигини эса баъзан ўйламаймиз. Ушбу иккинчи томон — ўзимиз. Ҳар бир инсон биргина ҳолатнинг олдини олишга ҳисса қўша олмаса-да, шундай нохуш ҳолатга кўр-кўрона иштирокчи ёки лоқайд томошабин бўлиб турмаса, ижобий натижага албатта эришиш мумкин.

 

Абдукарим АВАЗБЕКОВ




Ўхшаш мақолалар

Баднафслик тузоғи

Баднафслик тузоғи

🕔11:42, 06.09.2018 ✔49

Ўз нафсини Ватан мудофаасидан устун қўйганлар қилмиши.

Батафсил
Кечириляпти, аммо тузалмаяпти. Нега?

Кечириляпти, аммо тузалмаяпти. Нега?

🕔11:41, 06.09.2018 ✔37

Ҳатто аёли ва фарзандини ҳам ўйламайди...

Батафсил
Уйдирмаларни ким айтяптию ким тарқатяпти?

Уйдирмаларни ким айтяптию ким тарқатяпти?

🕔10:57, 24.08.2018 ✔72

Минг бир чиғириқдан ўтказилиб айтилган гап ҳақиқатми?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар