Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Халқ давлатга қандай яқинлашди?

Йиллар давомида ҳал этилмай келаётган муаммолар ўз ечимини топа бошлади.

Халқ давлатга қандай яқинлашди?

«Биз кейинги пайтда одамлар билан мулоқот қилишни унутиб қўйдик.  Уларнинг ичига кириб, очиқ ва самимий гаплашиш, дардини эшитиш бизнинг фаолиятимизда, афсуски, охирги ўринга тушиб қолди...»

Президентимиз Шавкат ­Мирзиёевнинг

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасидан.

Мамлакатда осойишталик, жипслик, жамиятда эса адолат қарор топишини истаган давлат доим халқнинг дардига қулоқ тутмоғи, унинг иссиқ-совуғидан хабар олмоғи лозим. Бу минг йиллар давомида ўз исботини топиб келаётган тарихий ҳақиқат.

Эсланг: ўтмишимизда не-не одил подшолар, хонлар халқнинг турмуш даражаси, ҳаёт тарзи ва ижтимоий аҳволига ҳар доим кўз-қулоқ бўлиб туриш учун турли воситалардан фойдаланган. Баъзи ҳукмдорлар ҳеч ким танимайдиган ҳолда халқ ичида юриб, вазиятни ўз кўзи билан кўрган эса, айримлари махсус ходимлар орқали хабардор бўлиб турган. Шунингдек, албатта, ҳар бир раҳбарнинг фуқаролар билан учрашиш учун белгиланган вақтлари жорий этилган. Бундай учрашувларда ҳам юрт раҳбарининг ўзи ёки унинг махсус вакили қатнашиб, элнинг арзу додини тинглаган.

Буларнинг барчаси одамлар орасида ижтимоий тенглик ва адолатни қарор топтириш, яшаш учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш, иллатларга қарши курашиш ҳамда ҳалол меҳнат орқасидан фаровон ҳаёт кечиришни рағбатлантиришга қаратилган. Давлат ва халқ ўртасида мана шундай икки томонлама манфаатли мулоқотнинг йўлга қўйилиши тарихимизда миллий давлатчилигимизнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилган. Халқ манфаатларининг доимий ҳимоячисига айланган давлат эса, ўз куч-қудратини янада юксалтириб бораверган. Бу омил жамият ривожи ва фаровонлигида етакчи аҳамият касб этгани ҳам шундан.

Унутилган вазифа

Бугун яна ана шу тарихий таомилларимизга юз тутилаётгани чин маънода халқимизнинг дилидаги иш бўлди. Давлат, аввало, халқ манфаатларининг асосий ҳимоячиси экани фақат қонун ҳужжатларидагина эмас, амалда ҳам ўз ифодасини топ­япти. Юртдошларимиз бунга ўз ҳаёти ва фаолияти мисолида гувоҳ бўлиб турибди.

Раҳбарнинг асосий вазифаси жамиятда ўзига ишониб тоширилган амални сидқидилдан бажариш асносида ўз қўл остидагиларга, шу тариқа жамиятга ва халққа хизмат қилишдан иборат. Ҳар бир раҳбар ўз жамоасига энг кўп хизмат қилувчи кишидир. Агар у ўзининг, аввало, хизматчи эканини унутиб қўйса, адолат қўрғонига шикаст етади.

Афсуски, ўтган йиллар ичида ўз вазифасини суиистеъмол қилиб, ишга лоқайдлик билан ёки хўжакўрсинга ёндашадиган айрим мансабдорлар пайдо бўлди. Ана шундай лоқайд ва худбин амалдорларнинг кирдикорлари туфайли халқнинг давлатга ва унинг идораларига бўлган ишончига дарз кетди.

«Биз кейинги пайтда одамлар билан мулоқот қилишни унутиб қўйдик, — деган эди Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида. — Уларнинг ичига кириб, очиқ ва самимий гаплашиш, дардини эшитиш бизнинг фаолиятимизда, афсуски, охирги ўринга тушиб қолди...» 

Турли соҳалардаги бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, қонунга зид кўплаб идоравий йўриқномаларни бекор қилиш, ставкаси оптимал бўлган банк кредитлари ажратиш, тадбиркорлик бўйича ноқонуний текширишларга барҳам бериш, ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаолиятида адолат мезонининг қарор топиши фуқароларимизни йиллар давомида қийнаб келаётган эди. Шунингдек, уй-жой қурилиши, коммунал, транспорт ва савдо хизмати, энергия таъминоти, йўлларнинг ҳолатини яхшилаш ҳам халқимиз ҳаётидаги оғриқли нуқталарга айланганди.

2016 йилнинг кузида истиқлол тарихида ўзига хос саҳифа очган янги тизим — фуқаролар мурожаатларини виртуал қабул қилиш йўлга қўйилди. Бош вазирнинг интернет тармоғида электрон қабулхонаси ташкил этилди. Бу тажрибавий усул халқимизнинг дилидаги иш бўлди.

Ушбу қабулхонага фуқаролардан келиб тушган неча юз минглаб мурожаатларда кўтарилган ҳаётий муаммолар жойлардаги ҳокимлик ва идоралар, тегишли мутасаддилар ўз вақтида ҳал этиши зарур бўлган, лекин лоқайдлик билан панжа ортидан қараб келинаётган масалалар нақадар кўплигини кўрсатди. Бу борада «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинганига қарамай, унинг ижросини назорат қилиш ўз ҳолига ташлаб қўйилган эди.

«Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак ва бу ҳақиқатни аввало барча бўғиндаги раҳбарлар яхши тушуниб олиши зарур», — дея куюниб гапирган эди ўшанда Президентимиз.

Ўзига хос механизм

Шундан сўнг мамлакатимизда халқ билан мулоқотнинг такомиллашган янги тизими — Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ҳамда жойларда Халқ қабулхоналари фаолият кўрсата бошлади. Мамлакатимизда халқ билан мулоқотнинг сифат жиҳатидан бундай мутлақо янгича тизими жорий қилингани барча соҳаларда ўз ижобий самарасини бера бошлади. Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари аҳоли мурожаатларини холисона кўриб чиқилишини таъминловчи ўзига хос назорат механизмига ҳам айланди.

Бунинг натижасида сансалорлик ва бефарқлик каби салбий ҳолатларга барҳам берилиб, йиллар давомида ҳал этилмасдан келинаётган муаммолар ўз ечимини топа бошлади. Халқ қабулхоналари халқнинг дарду ташвишларига ҳамфикр, суянч бўладиган масканга айланди.

«Ишимиз ҳал бўлди»

Бағдод тумани Истиқлол маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Қодиржон Бойқўзиев II гуруҳ ногирони. Шунга қарамай, оиласи таъминоти учун ҳам ҳисса қўшиши жуда муҳим эди. Бағдод туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига 2017 йил кузида иш сўраб қилган мурожаатидан бирон наф чиқмади. Фуқаро 2018 йил июлида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонасига мурожаат қилди. Шундан сўнг фуқаро ўн беш кун ичида Бағдод тумани Тиббиёт бирлашмасига ишга жойлаштирилди.

«Мурожаатим қисқа вақт ичида ижобий ҳал қилинганидан мамнунман», — дейди фуқаро Қодиржон Бойқўзиев.        

Пайариқ тумани Қоракесак қишлоғидаги мактаб қурилишида шартнома асосида ишлаган фуқаро Шуҳрат Бобобековга иш берувчи ойлик иш ҳақи тўлашдан бош тортган. Натижада у ўзи шартнома тузган ширкат билан ишламасликка қарор қилган. Ишлаш учун хорижга кетганидан сўнг турмуш ўртоғи Насиба Бобобекованинг Халқ қабулхонасига қилган мурожаати ижобий ҳал қилиниб, ойлик иш ҳақи тўлалигича ундириб берилди.

«Уч нафар фарзандимиз бор, — дейди Насиба Бобобекова. — Турмуш ўртоғим хорижга ишлагани кетганидан кейин бир муддат қўлимиз калта бўлиб қолди. Шунда хўжайинимнинг ўзи ололмаган иш ҳақини талаб қилиб, Халқ қабулхонасига мурожаат этдим. Ҳақимизни ундириб беришди... Яхшиям,  адолатни тиклайдиган, халқни ҳимоя қиладиган шундай тизим бор экан. Бунинг учун ҳамма мутасаддидан мамнунмиз».

Булар, албатта, давлатнинг халқ хизматига камарбаста бўлаётгани мисолидаги денгиздан бир томчи, холос. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига 2016 йил 24 сентябрдан бугунги кунга қадар жами 2 миллион 202 минг 284 та (2018 йилда 691 034 та мурожаат) келиб тушган бўлиб, уларнинг 60,3 фоизи (1 327 977 таси) қаноатлантирилган.

Жойлардаги Халқ қабулхоналарида 600 мингга яқин фуқаро қабул қилиниб, мурожаатларнинг 72 фоизи қаноатлантирилди. Аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида вилоят, туман-шаҳарлар раҳбарларини жалб қилган ҳолда Халқ қабулхоналарида 68 мингта шахсий қабуллар, чекка ва олис ҳудудларда 20 мингга яқин оммавий (сайёр) қабуллар ўтказилди.

Хоразмлик жамоатчи мухбиримиз Болтабой Муҳаммад Қурбон жойларда ташкил этилган ана шундай сайёр қабуллар ҳам халқнинг оғирини енгил қилишда катта самара бераётгани ҳақида қуйидагича ҳикоя қилади.

Келажакка умид

Шовот туманидаги «Қундуз» маҳалласида яшовчи ёшгина йигит Жўрабек Рўзимовни ҳаёт турли синовларга дучор қилди. Бахтсиз ҳодиса сабабли бошидан лат еди, бироқ вақтида даволанолмагани учун бир умрга ногирон бўлиб қолди.

Бу ёқда турмуш ўртоғи ва уч нафар фарзанди билан, айрим сабабларга кўра, бошпанасидан ҳам айрилди. Маҳалла аҳли уларга бошпана берди. Жўрабекнинг ногиронлик нафақаси рўзғорини тебратишга етмайди. Турмуш ўртоғи ишлайин деса, иш йўқ.

Шундай оғир аҳволда қолган оила сайёр қабулларнинг бирида Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчиси Фарҳод Эрмоновга ёрдам сўраб мурожаат қилдию келажакка умид пайдо бўлди. Оила бекаси ишга жойлаштирилди. Энг муҳими, уларга маҳалласидан шахсий уй-жой қуриш учун ер майдони ажратиб берилди. Туман ҳокимлигининг ташаббуси билан ушбу ер майдонида ҳомийлар кўмагида бугунги кунда уй қад ростламоқда. 

— Вилоят ҳокимининг қабулидан сўнг ҳаётимиздаги жиддий ўзгаришлар бамисоли эртакка ўхшайди. Аёлим ишли бўлди. Менинг,  фарзандларимнинг ҳолидан хабар олишди. Энг муҳими, энди бизнинг ҳам ўз уйимиз бўлади. Мурожаатимга бефарқ бўлмаган ҳокимларимизга, мен каби миллионлаб ёрдамга муҳтожларга бераётган эътибори учун Президентимизга, биздан ўз саховатини аямаётган ҳомийларга, мушкул кунларда ўз кўмагини аямаган маҳалладошларимга чексиз миннатдорлик билдираман», — дейди Жўрабек Рўзимов. 

— Ростдан ҳам ушбу оила қисмати аянчли эди, — дейди туман ҳокими ўринбосари Дилфуза Тоғонова. — Жўрабек ўз яқинларидан кўрмаган  яхшиликни маҳалладошларидан, давлатимиздан кўрди. Аслида бу оилага ёрдам қўлини чўзган маҳалладошларини, уларнинг ҳолидан хабар топиб, ёрдамга келган саховатпеша тадбиркорларни бегона дейишга тилинг ҳам бормайди. Бугунги кунда юртимизда барча соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг замирида инсон манфаати турибди. «Ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳеч бир оила давлатимиз назаридан четда қолмаслиги керак», деган шиор бугунги кунда туманимиз хотин-қизлар қўмитасининг иш фаолияти асосига айланган. Биз маҳаллаларда уйма-уй юриш орқали, бундан икки-уч йил олдин фақат орзу бўлган, ҳозирда халқимизнинг муаммо ва ташвишларини аниқлаш ва ечимини топишда муҳим аҳамиятга эга турли даражадаги сайёр қабулларнинг роли жуда катта. Булар замирида Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» деган тамойилнинг амалдаги ижроси мужассам.

Қувонарлиси шуки, Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами арафасида туманда Жўрабек Рўзимов сингари ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор инсонларнинг ўн саккиз нафари намунавий арзон уй-жойларга эга бўлди.

Дахлдорлик туйғусининг кучи

Халқ билан мулоқот борасида жорий этилган янги тизим нафақат фуқаронинг муаммоларига ечим топишда кўмакчи бўляпти, балки жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, шу билан бирга, ҳар бир фуқарода Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини мустаҳкам қарор топтиришга ҳам муносиб ҳисса қўшяпти. Аҳоли давлат ва жамият бошқаруви тизимидаги турли масалаларга ўз муносабати, нуқтаи назари, фикр-мулоҳаза ва таклифларини эркин билдиряпти. Баъзи бир ўткир муаммолар айнан халқ, жамоатчилик фикри асосида бартараф этилиб, ижобий ечим топяпти. 

«...Жиззах вилояти Зомин тумани марказидан «Зомин» санаторийсига борадиган йўлда «Зомин халқ боғи» бошланадиган жойда шлагбаум ўрнатилган. Бу ердан ўтадиган ҳар бир кишидан 8 600 сўм тўлов олинади. Бу тўловнинг ҳар бир тийини давлат ғазнасига тўлиқ топширилишини таъминлаш ҳамда аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида мазкур жойга банкомат қўйилиши анча самарали бўлар эди. Тўловлар бундай шаклда амалга оширилса, «туя» қилишлар юз бермайди, давлат ҳам, халқ ҳам манфаатдор бўлади».

Жиззахлик Қурбонбой Бозоров Халқ қабулхонасига шу таклифни билдирган. Фуқаронинг ушбу мурожаати инобатга олиниб, мазкур боққа тўлов асосида киришнинг ҳуқуқий асоси, ундан тушаётган тушумларнинг давлат ғазнасига йўналтирилиши, бу борада аҳолига яратилаётган қулайликлар ҳақида очиқ маълумотлар тақдим этилган. Халқнинг давлатга, давлат идораларига бўлган ишончи бу.

Раҳбарлар — халқ хизматида

Булар халқ билан мулоқот ҳамда фуқаролар манфаатини ҳимоя қилиш борасида йўлга қўйилган янги тизимнинг айрим лавҳалари, холос. Ҳозирда ҳар бир корхонада алоҳида фуқаролар қабулхонаси ташкил қилингани, барча раҳбарларнинг виртуал қабуллари ташкил этилгани, ишонч телефонлари ишлаётгани ҳам халққа хизмат қилинаётганининг айрим кўринишларидир. Шунингдек, давлат хизматлари кўрсатиш борасидаги янги ислоҳотлар фуқароларни узоқ муддат ҳужжатлар тўплаш ҳамда бунинг учун тўрт-беш идоранинг эшигида навбат кутиш каби оворагарчиликлардан қутқарди. Ҳар бир туманда давлат хизматлари кўрсатишга ихтисослашган янги бир тузилма иш бошлади. Бундай ислоҳотлар, айниқса, тадбиркорлик фаолиятини бошлаётганлар учун жуда қўл келяпти. Илгари биргина давлат рўйхатидан ўтиш учун вилоятдан пойтахтга бориб, сарсонгарчиликда жавоб кутиб юрилган бўлса, ҳозирда бу каби ишларни ҳар бир фуқаро ўз туманидан чиқмасдан қисқа фурсатда уддалаши учун қулай шарт-шароит яратиб берилди. Бу билан вақт ва маблағ тежалади, ортиқча қоғозбозликнинг олди олинади, сарсонгарчиликка йўл қўйилмайди. Энг муҳими, халқнинг иши битади ва давлатдан рози бўлиб яшайди. Халқ билан мулоқотни йўлга қўйиш ва элга хизмат қилишдан кўзланган асосий мақсад ҳам шу аслида.        

Мана, жорий йилда Виртуал қабулхона электрон тизимининг янги талқини ишга туширилиши натижасида фуқароларимиз интернет орқали тўғридан-тўғри ҳуқуқий маслаҳатлар, муаммоли саволлари бўйича асослантирилган жавоблар ҳамда давлат идоралари раҳбарларининг қабуллари тўғрисида маълумотлар олиш имконига эга бўлди. Бу эса, халқни давлатга янада яқинлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Эришилган натижалар билан чекланиб қолмасдан, халқ билан мулоқот тизимини янада такомиллаштириш, аҳолининг дарду ташвишларини янада чуқурроқ, яқиндан ўрганиш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда. Бугунги кунда давлат идоралари вакиллари муайян масала бўйича мурожаат келиб тушишини кутиб ўтирмасдан, хонадонма-хонадон юриб, аҳолини безовта қилаётган муаммоларни ўрганиши лозим. Ижтимоий-иқтисодий муаммоларни таҳлил қилиш, ҳал этиш бўйича ишларни кучайтириш даркор.

Бу борада ҳудудлараро тажриба алмашиш тизими жорий этилгани муаммоларнинг аксариятини тезкорлик билан жойида ечиш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилиш ва масалага комплекс ёндашиш имконини бермоқда.

Мутасадди идоралар вакиллари томонидан уйма-уй юриб ҳақиқий ҳолатни ўрганиш натижалари бўйича ягона маълумотлар базасини шакллантирувчи «hudud.uz» электрон дастури ишлаб чиқилди. Ушбу дастур мавжуд муаммоларни маҳаллалар, секторлар ва соҳалар кесимида таҳлил этиш, ҳудудлардаги секторлар фаолиятини мониторинг қилиш ҳамда амалга оширилаётган ишлар устидан самарали назорат ўрнатиш имконини бермоқда.

Ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, уй-жойга муҳтож фуқаролардан 3 минг нафарига бу йил имтиёзли уй ажратиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар 1500 нафар фуқароларимизга уй-жой топширилди. 1488 нафар фуқаро касаначилик асосида меҳнатга жалб қилиниб, улар учун барқарор даромад манбалари яратилди.

Ўтган давр мобайнида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг мурожаатлари асосида 16 мингдан ортиқ протез-ортопедик воситалари, 15 мингдан ортиқ ногиронлик аравачаси, 6 минг 950 та эшитиш мосламаси ажратилди.

Қайд этиш лозимки, амалга оширилаётган бу ишларнинг замирида инсон манфаатларини таъминлаш, фуқароларимизнинг конституцион ҳуқуқларини муҳофазалаш, энг муҳими, халқни давлатдан рози қилишдек улуғ мақсад мужассамдир.

Бу мақсад эса, давлатимиз раҳбари айтганидек, вақтинчалик эмас, доимий аҳамият касб этади. Янада аниғини айтсак, стратегик мақсадга айланиб улгурди. Ушбу йўлда ортга қайтиб бўлмайди. Шуни ҳаммамиз, айниқса, барча бўғиндаги раҳбарлар чуқур англаб етмоғимиз лозим.

 

Абдукарим АВАЗБЕКОВ




Ўхшаш мақолалар

ЗАҲАРГА АЙЛАНАЁТГАН ТАОМЛАР

ЗАҲАРГА АЙЛАНАЁТГАН ТАОМЛАР

🕔16:42, 08.11.2018 ✔28

Овқатдан заҳарланиш нега кўпаймоқда? Бунга ким айбдор? Уларни текширишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқми?

Батафсил
Одатий тадбир ёки  азалий муаммо

Одатий тадбир ёки азалий муаммо

🕔16:41, 08.11.2018 ✔21

Совуққина қоронғи хона, 2-3 та эски компьютер, бир четда тахи бузилмаган газеталар, стол устида чойнак ва чойдан сарғайган пиёла...

Батафсил
Оилада бирйўла 4 йўқотиш...  Вазирлик нима дейди? 

Оилада бирйўла 4 йўқотиш... Вазирлик нима дейди? 

🕔19:02, 01.11.2018 ✔56

Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Дилхуш кўчаси 37-уйда яшайдиган фуқаро А.Акбаров хонадонида 2018 йил 31 октябрь куни қайд этилган гуруҳли овқатдан заҳарланишда гумон ҳолати бўйича Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Республика бош давлат санитария шифокори С.Саидалиев расмий  ахборот берди:

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ЗАҲАРГА АЙЛАНАЁТГАН ТАОМЛАР

    ЗАҲАРГА АЙЛАНАЁТГАН ТАОМЛАР

    Овқатдан заҳарланиш нега кўпаймоқда? Бунга ким айбдор? Уларни текширишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқми?

    ✔ 28    🕔 16:42, 08.11.2018
  • Одатий тадбир ёки  азалий муаммо

    Одатий тадбир ёки азалий муаммо

    Совуққина қоронғи хона, 2-3 та эски компьютер, бир четда тахи бузилмаган газеталар, стол устида чойнак ва чойдан сарғайган пиёла...

    ✔ 21    🕔 16:41, 08.11.2018
  • Оилада бирйўла 4 йўқотиш...  Вазирлик нима дейди? 

    Оилада бирйўла 4 йўқотиш... Вазирлик нима дейди? 

    Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Дилхуш кўчаси 37-уйда яшайдиган фуқаро А.Акбаров хонадонида 2018 йил 31 октябрь куни қайд этилган гуруҳли овқатдан заҳарланишда гумон ҳолати бўйича Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Республика бош давлат санитария шифокори С.Саидалиев расмий  ахборот берди:

    ✔ 56    🕔 19:02, 01.11.2018
  • Диққат, sms:  «Пиёда, қоидани буздингиз»

    Диққат, sms: «Пиёда, қоидани буздингиз»

    Пойтахтимиздаги «Алишер Навоий» ва «Амир Темур» кўчаларини боғлайдиган чорраҳада турибман. Соатга қарадим-да, пиёдаларни кузата бошладим. Мақсадпиёдалар йўлакчасидан ўтиш пайтида қанча фуқаро қоидабузарликни содир этишини кузатиш. Вақт кетди...

    ✔ 52    🕔 19:01, 01.11.2018
  • Кўприк қулагунча кутамизми?

    Кўприк қулагунча кутамизми?

    Бунёдкорлик ишлари ўз-ўзидан бўлмайди. Унга давлатимизнинг, яъни халқимизнинг миллиардлаб маблағи сарфланади.

    ✔ 46    🕔 19:01, 01.11.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар