Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Мажбурий меҳнат барҳам топдими?

Одамларни, айниқса, ижтимоий соҳа одамларини мажбурлаб ободонлаштириш, тайёргарлик ишларига чиқариб қўйиш — сиёсатга хиёнат қилишдир. Агар бундан буён аҳоли, айниқса, шифокор, ўқитувчи, талабалар ободонлаштириш ишларига жалб қилинса, жазо жуда қаттиқ бўлади.

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Мажбурий меҳнат барҳам топдими?

Яқин йилларгача баҳор бошланиши билан ўқувчию ўқитувчиларни даладан топардингиз: ягана, ўтоқ. Кузда эса, шифокордан тортиб, давлатдан ойлик оладиган корхона-ташкилот ходимларигача пахта йиғим-теримига жалб этиларди. Камига, баъзи ҳудудларда йўллар ёқасини тозалаш ҳам ана шу одамлар чекига тушарди.

Ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги муаммога айланиб улгурган бу каби масалаларга кўз юмиб келинганини бугун тан олмай иложимиз йўқ. Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича баландпарвоз ҳисоботлару таги номаълум қўшиб ёзишлар, оила-рўзғорини бутлаш учун хорижга ишга кетган юртдошларимиз тақдирига бепарволик кабилар халқ манфаатлари қатори мамлакат тараққиётига ҳам жиддий ғов бўлиб келгани рост.

Хўш, бу борада бугун қандай ўзгаришлар юз бермоқда? Бирор амалий натижага эришилдими? Одамлар ҳаётида енгиллик бўлдими?

Жавобгарликка тортилади, агар...

Хабарингиз бор, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майда «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, фуқароларимизни ҳар қандай шаклдаги мажбурий меҳнатга, жумладан, пахта терими билан боғлиқ мавсумий ишларга мажбуран жалб қилишга нуқта қўйиш кўзда тутилган. Яъни, барча давлат ва хўжалик бошқарув органлари раҳбарларига фуқароларни, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларни мажбурий меҳнатга, хусусан, туман ва шаҳар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, металл чиқиндилари ва макулатура йиғиш, шунингдек, бошқа турдаги мавсумий ишларга жалб қилиш ҳолатларини зудлик билан бартараф этиш, бунга асло йўл қўймаслик вазифаси топширилган. Бу энди иш жойларидан пахта даласига юбориш, иш вақти ва ундан ташқари пайтларда мажбуриятимизга кирмайдиган юмушларга буюриш батамом тўхтатилишини англатади.

Бироқ амалиётда ҳукумат қароридан кейин ҳам бунга юзаки қарайдиган ва қўл остидагиларни мажбурий меҳнатга жалб қилишда давом этадиган мутасаддилар учраб турибди. Мана шундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида ҳозир Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан махсус алоқа тармоқлари ишга туширилмоқда. Унга кўра, фуқаро бирор-бир мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига дуч келса,  (@mehnathuquqbot) телеграмм тармоғига ёки ­(bot.mehnat.uz) электрон ахборот тизимига хабар йўллаши мумкин.

Бундан ташқари, мавсумий ишлар бошланишидан олдин пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, ихтиёрий равишда пахта теримига чиқиш истагида бўлган фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида terim.uz электрон ахборот тизими ва @terimuzbot телеграмм дастури яратилди. Фуқароларнинг ушбу тармоқлар бўйича йўллаган мурожаатлари вазирликнинг тегишли органлари томонидан ўрганилиб, зарурий чора-тадбирлар кўрилади.

Ишсизлар камайдими?

Мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича чора-тадбирлар янада кучайтирилгани қувонарли, албатта. Бироқ мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларга қулай, доимий даромад манбаини яратиш масаласи ечилдими? Фақат юртимизда эмас, бутун дунёда долзарб муаммога айланиб улгурган ишсизлик ва ишсизлар сони камайишига эришилдими?  

Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича сўнгги пайтлар юртимизда кўламли ислоҳотларга қўл урилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги «2018 йилда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш давлат дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2018 йил 14 июлдаги «Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Келинг, шу ўринда айрим далил ва рақамларга мурожаат этсак.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотига кўра, 2018 йил январь-июль ойларида 200 та туман(шаҳар)даги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига иш сўраб мурожаат қилган 381,7 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Улардан 140,2 минг нафари доимий ишларга ҳамда 241,5 минг нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилган.

Меҳнат бозорида аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож тоифалари бандлигини таъминлаш учун маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда, банд қилинган (квота) иш ўринларига 32,3 минг нафар фуқаро жойлаштирилди. Захира қилинган иш жойларига 6,3 минг нафар ёлғиз ота, оналар ҳамда 14 ёшгача бўлган фарзанди бор ва ногирон болалилар, 19,6 минг нафар таълим муассасалари битирувчилари, 993 нафар муддатли ҳарбий хизматни ўтаганлар, 988 нафар ногирон, 1,3 минг нафар пенсия ёшига яқинлашиб қолганлар, 1,3 минг нафар жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилганлар ва 1,8 минг нафардан ортиқ бошқа тоифадаги фуқаролар ишга жойлаштирилди.

Ишсизларнинг меҳнат бозоридаги рақобатга бардошлилигини ошириш ва бандлигини таъминлаш мақсадида 10,4 мингдан ортиқ ишсиз фуқаро тикувчилик, тўқувчилик, элек­трик, пайвандчилик, бўёқчилик, сувоқчилик, компьютер техникаси оператори ва бошқа талаб юқори касбларга ўқитилди.

Иқтисодиёт тармоқларида янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва фаолиятини кенгайтириш воситасида иш ўринларини ташкил этиш орқали 64,9 мингта иш ўрни яратилган.

Қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар, кўп қаватли турар-жойлар ва йўл-муҳандислик инфратузилма қурилиши ҳисобига 24,8 мингта иш ўрни яратилган. Ижтимоий соҳа инфратузилмасини ривожлантириш ҳисобига 5,8 мингта иш ўрни ташкил этилган.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига эса 74,2 мингта иш ўрни очилган, жумладан, миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали 19,4 минг кишининг бандлиги таъминланган. 

Қулай шароит ва кафолат борми?

Статистик маълумотларга кўра, мамлакатимиз бўйича банд бўлган 13 миллион 191 минг фуқародан 636 мингдан зиёди ноқулай меҳнат шароитида ишлаб келмоқда. Бу борада республика миқёсида фаолият юритаётган меҳнат шароитлари бўйича 16 та, лаборатория томонидан 1644 та корхона ва ташкилотнинг 43,3 минг нафарга яқин ходими банд бўлган иш жойларидаги меҳнат шароитлари аттестациядан ўтказилиб, уларга қулай шароит яратиб бериш бўйича мутасаддиларга тегишли тавсиялар берилди.

Хорижда вақтинчалик ишлаётган юртдошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.  Хусусан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлиги ўртасида имзоланган бандликка рухсат бериш тизими бўйича ишчи кучини Корея Республикасига юборишга доир меморандумга асосан, 2017 йилда 2613 нафар, 2018 йилнинг 5 ойида 1023 нафар фуқаро ишлаш учун Корея Республикасига юборилган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали 2017 йилда 922 нафар фуқаро Россияда ишга жойлаштирилган бўлса, 2018 йилнинг 5 ойи давомида бу рақам 380 нафарни ташкил қилди. Агентлик, унинг ҳудудий филиаллари ҳамда меҳнат органлари томонидан яна 12,5 мингга яқин фуқарога маслаҳат бериш, рўйхатга олиш ҳамда имтиёзли чипталар берилиши орқали уларнинг Россияда меҳнат фаолиятини олиб боришига кўмаклашилди.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июлдаги «Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори муҳим одим бўлди. Мазкур қарорга кўра, эндиликда Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган юридик шахслар 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириши мумкин.

Шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида ташкил этилаётган Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида зўравонлик, мажбурий меҳнат ва камситишдан жабрланган, меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилган, оғир молиявий аҳволга тушган, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, тирикчилик учун маблағсиз қолган фуқароларни ҳуқуқий, ижтимоий ҳимоя қилади. Уларга моддий ёрдам кўрсатади.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг хорижий давлатларда ваколатхоналари очилиб, чет элда ишлаётган юртдошларимиз учун янада қулайликлар яратилади.

Ҳа, давлатимиз ўз оиласи тўкинлиги, қолаверса, шу Ватанимиз, халқимиз фаровонлиги йўлида меҳнат қилаётган ҳар бир юртдошимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, ҳимоя қилишга бел боғлаган. Меҳнат борасида «мажбурий» деган нарсани фуқароларимиз ҳаётидан чиқариб ташлаш мақсад қилинган. Унинг ўрнини ҳақиқат ва адолат мезонларига тўла асосланган ихтиёрийлик, қулай шароит кабилар эгалламоқда.  

Фуқароларимиздан талаб қилинадиган масала эса битта: ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билиш ва яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш.

 

Азиз МАТЁҚУБОВ




Ўхшаш мақолалар

Нон нархи ошди. Буни мутасаддилар қандай изоҳлайди?

Нон нархи ошди. Буни мутасаддилар қандай изоҳлайди?

🕔11:49, 20.09.2018 ✔17

Нон нархи нега бирданига салкам икки баробарга қимматлашиб кетди? Бунинг асл сабаби нимада? Xs.uz онлайн нашри бу саволларга  мутасаддиларнинг фикрини ўрганди.

Батафсил
«Ечим рапорти» ёки муаммо қолиб журналистдан кир ахтариш тўғрими?

«Ечим рапорти» ёки муаммо қолиб журналистдан кир ахтариш тўғрими?

🕔11:48, 20.09.2018 ✔12

Мақоладан сўнг ёрдамга муҳтож оила тақдирида ўзгариш бўлдими?

Батафсил
Танқиддан сўнг Сирдарёда нима ўзгармоқда?

Танқиддан сўнг Сирдарёда нима ўзгармоқда?

🕔11:48, 20.09.2018 ✔14

Газетамизнинг 2018 йил 12 июлдаги 28-сонида чоп этилган «Шифокорга муҳтож поликлиникалар» сарлавҳали мақолада Сирдарё вилоятидаги оилавий поликлиникалар хусусида сўз юритилган эди. Ушбу мақола юзасидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги муносабат билдирди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар