Саҳар — узоқдан азон овози эшитилмоқда. Аҳён-аҳёнда уйдаги хўрозлар ҳам шукрона билдиргандай қичқиради.

Данак

Нуроний отахон ҳар куни шу пайтда ўрнидан туриб, нонуштага ҳозирлик кўради. Аввал кампирига бир боқиб қўяди. У ширин ором оляптими ёки аллақачон уйғоқу, ўзини пайсалга соляптими. Ҳарқалай чол энди уни бир туртиб уйғотолмайди. Бунга виждони йўл қўймайди. Ўзи истаганида тура қолсин.

Отахон дўсти берган бир халта данакни олиб, гилос дарахтининг тагига борди. Ўша ерда астагина уларни чақди. Қуёш ёруғ оламга саломини айтиб бўлмагунча у бир ликоп мағизни бадастирлаши керак. Беш-олти бўлак қора бўлка нон ҳамда мағиз билан нонушта қилиб олишгач, чолу кампир яна кулбаи вайронаси йиртиғини ямашга тушади. Гоҳида меҳнатдан эзилиб кетишса, «Фарзандларимизни бекаму кўст ўстирибмизу, яхши тарбия беролмадикмикан?..» деб қўйишади. Шунда чол «Аслида ким ҳам боласини бетарбия бўлсин дейди, Яратганнинг ўзи инсоф берсин. Ҳамманинг ўзига боғлиқ одамийлик» дея аччиғи келиб қолади.

Кампирнинг миясига қон қуйилгач, чоли унга ширинсўзроқ, кўнглига қарайдиган бўлган. Завжасининг дардга чалинишида ўзини айбдор деб билгани учунми, суянадигани аёли бўлганиданми у кампирини эъзозларди.

— Дадаси, бирор марта болаларинг ундай, бундай деб мени койимадингиз. Гарчи уларга яхши тарбия бермапман чоғи, ҳаммаси уйланиб, ўзини ўйлайдиган бўлиб кетди... — деса:

— Қўявер, куюнма, бир кун келиб эси кириб қолади уларингни, — дерди.

Хушвақтжон бир неча бор ота-онасини қишлоқдан олиб кетгани келди. Бироқ қариялар унашмади.

— Сен «иш-иш» деб уй-жойга қарамайдиган бўлиб қолдинг. Қачонки, рўзғорингни бадастир, озода тутганингда, ўшанда қайтаман, деб оёқ тираб олди.

— Кулгига қолдим. Қариганда ота-онангни хўрлатиб қўйибсан, деб юзимга ҳам айтишяпти.

— Ҳа-а, орингиз келяптими? У ҳолда шароитингизни тўғриланг. Мен онангиз билан бу ерда жуда маъқул кун кўряпман.

— Болам «кетдик, кетдик», деб келасан фақат. «Отам-онам еб-ичарингиз, яшашингиз не», деб бир марта сўрамайсан, — дея аранг гапирди кампир. Миясига қон қуйилгач, у зўр-базўр сўзлайдиган бўлганди.

— Ахир, уйда еганингиз олдингизда емаганингиз ортингизда эди-ку. Уйга борайлик, нима десангиз олиб келаман — деди ўғли кўзи олазарак бўлиб.

— Менга шарт қўйма. Биз шу ерда қоламиз. Сен бизга ақл ўргатма. Қачонки, пандимни хумкаллангни ишлатиб англамагунингча...

Аслида ота шаҳарда жуда яхши умргузаронлик қиларди кампири ҳам ортиқча уринмасди. Бироқ ҳовлидаги, катта томорқадаги юмушлар уларнинг бўйнида эди. Ана шулар чолнинг жонига текканди. Қарилик гаштини сурай демай ҳали ўғлининг, ҳали келинининг хизматига югурган, ишкому томорқани парваришлаган, қийшайган бели билан ер чопган. «Э, бор-э», деди-да кампирини олиб, қишлоққа жўнаворди. Нима фарқи бор, қишлоқда ҳам шу ишларни қилади-да. Қайтага эрта-ю кеч офисда ўтириб, уй ишларига мутлақо бефарқ бўлиб қолган ўғли-ю, келинининг бефаросатлигидан холи.

Ёшларга жазо ва сабоқ бўлсин, деб ҳам улар уйни тарк этишганди.

Отам билан онамни қариганида сарсон қиляпсан, деб акалар ҳам кун бермаяпти кенжа ўғилга. Ўзлариям аслида бир гўр. Мана, қишлоққа келишганига уч ойдан ошибди, бир марта ота-онасини кўргани келишмади. Аҳён-аҳён қўнғироқ қилиб қўйишади-да, гап сўнгида «Хушвақт келиб турибдими, ош-овқатингиздан хабар оляптими?» деб сўрашиб, камига «Ишлар кўпайиб кетди-да, ўтиб қоламиз» дея ўзларини суғурта қилишарди. Чол ҳам, кампир ҳам тилини тишлайди, телефонда насиҳат қилгиси келмай, жаҳлини ичига ютишади.

Аслини олганда ота-онани ҳурмат қилиш, ғамхўр бўлиш барчага бирдай. Чол ана шу фикрни болаларига кўп айтган. Лекин ўғиллар...

Вақт ивирсилагани сари Хушвақтнинг соғинчи ошаверди. Ишдан кеч қайтгач, унга ҳовли-жой аниқ-тиниқ кўринмасди. Дам олиш кунлари барвақт уйғониш қаёқда, эринибгина иссиқ ўрнидан уйғонди. Уй ичи-ю ташқарига бир қур синчиклаб назар солди. Ҳамма жой расво. Бир аёлидан жаҳли чиқди, бир ўзидан ранжиди. Хотинини роса койиди. Чиқинди челакни олиб, ҳовли ва томорқани бироз тартибга келтиргандек бўлди. Чириб кетган экинларни йиғиштириб чиқди. Қўлига белкурак олиб, қаттиқ ерни юмшатди. Ахир, кеч куз ер юмшоқ бўлармиди. Бошқалар аллақачонлардир хазонларни йиғиштириб кенг томорқанинг чигилини ёзиб бўлган. Ерни аранг чопган Хушвақтжоннинг қўли қадоқ бўлиб кетди.

— Дадам бу ерларни инқиллаб-синқиллаб чопардилар. Лекин сира нолимаганлар. Секин ҳаракат қилсалар-да, иши пухта эди, — шу сўзлар хаёлига келди-ю дили зил кетди.

Ерга қараб, қилган ишидан кўнгли тўлмади.

Эртасига ишига боргач, анча тетик ишлади. Столида тўпланиб ётган барча ҳужжатларни кўриб чиқиб, унмаган ишини дўндирди. «Отам, рост сўзлаган эканлар, жисмоний меҳнат қилса, одам ўзини анча тетик ҳис қиларкан!» Хушвақтжон уй ишларини ҳам назорат қила, аёлини тергай бошлади. Илгаригидек, барчасига қўл силташ йўқ.

Орадан кунлар, ҳафталар ўтди. Чолу кампир уйга қайтамиз демасди. Бир куни чол тўрт ўғлини чақирди. Барчалари бозор-ўчар қилиб келишиб, кабобхўрлик қилишга келишди. Кабоб ҳам тайёр бўлди. Иштаҳа билан уни тановул қилиб ўтиришарди. Қариялар эса битта кабобни аста шошилмай оғзига солишар, тансиқ таомга унчалик талпинишмасди.

Ўғил ва келинларининг иштаҳаси карнай бўлиб турган пайтда чол каталакдай уйини сотиб, пулини фарзандларига бўлиб бермоқчилигини айтди.

Катта ўғил: «Яхши фикр, яқинда «Lacetti»ни сотиб, «Prado»га ўзгартирмоқчи эдим. Озроқ етмаётганди. Бир йили, эсингиздами, уйингизни буткул таъмирдан чиқариб берганман. Тўғри, анча бўлди бунга».

Иккинчи ўғил: «И-е, ака, битта сизмас, харажат қилган, мана, биз кўча бошидан сим тортиб электр қувватини ўтказганмиз. Бизга ҳам улуш тегиб қолар-а, ота».

Учинчи ўғил: «Бизнинг ҳам бу уйни таъмирига меҳнатимиз сингган. Қўқон дарвоза-ю, панжараларини ўзим қўйдириб берганман, — дада янги ошхона очмоқчи эдим. Ўшанга жиндай етмай турганди...»

Чол-кампир оғзида олтини бордай, индамай ўтиришар, аммо ҳайратдан қизариб кетишганди. Ғазаб отига минган чол ўзини аранг босди.

— Ҳмм-м, кенжа ўғил, сизга қанча керак? — деди ота пинагини бузмай.

Хушвақт акаларининг гапидан ранжиди, қовоғи осилиб кетганди.

— Уйга қайтиб, чироғимни ёқиб ва баракани кўпайтириб ўтирсангиз бас, ота!

— Ана! Ҳартугул биттасида сал-пал инсоф борга ўхшайди. Эшитдингми, онаси, бизнинг мол-дунёмизга ўчмасга ўхшайди, — деди чол кампирига боқиб. Онанинг кўзидан астагина маржон ёшлари тўкиларди холос.

Ҳам кавшаниб, ҳам терга ботиниб пул дардида куйиб-пишиб ўтирган ўғиллар бири тиқилиб қолди, бири томоқ қириб қўйди, учинчиси қизариб-бўзариб кетди. Атрофни жимжитлик қоплади. Чол чурқ этмади. Бироқ дилида «Пулга меҳр қўйиб кетибсанлар. Сенларнинг миннатли кабобингдан кўра, саҳарда қаттиқ данак чақиб, кампирим билан хотиржам ўтирганим яхши!» дея дилидан ўтказди.

 

Зилола ЖАЛОЛОВА




Ўхшаш мақолалар

Олча гуллаган кун

Олча гуллаган кун

🕔11:38, 20.09.2018 ✔11

Қобил ота бомдод намозини ўқиб бўлгач, аёлининг ҳаққига узоқ дуо қилди. Жойнамоздан оҳиста қўзғалар экан, деразадан ҳовлига мўралади.

Батафсил
Ҳаёт бу — саёҳат

Ҳаёт бу — саёҳат

🕔11:37, 20.09.2018 ✔13

«Кутиш хонасида ўтирганимда шифокорнинг онамга секин пичирлаётганини кўрдим. Тахминимча, у қон таҳлилимнинг натижалари ҳақида сўзлаётган эди. Бир ҳафта ичида бу ерга учинчи марта келишим эди ва мен ҳам асабийлашар, ҳам қўрқардим. Мен ўйлаган нарса содир бўлгандек эди...»

Батафсил
Данак

Данак

🕔11:14, 13.09.2018 ✔34

Саҳар — узоқдан азон овози эшитилмоқда. Аҳён-аҳёнда уйдаги хўрозлар ҳам шукрона билдиргандай қичқиради.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Олча гуллаган кун

    Олча гуллаган кун

    Қобил ота бомдод намозини ўқиб бўлгач, аёлининг ҳаққига узоқ дуо қилди. Жойнамоздан оҳиста қўзғалар экан, деразадан ҳовлига мўралади.

    ✔ 11    🕔 11:38, 20.09.2018
  • Ҳаёт бу — саёҳат

    Ҳаёт бу — саёҳат

    «Кутиш хонасида ўтирганимда шифокорнинг онамга секин пичирлаётганини кўрдим. Тахминимча, у қон таҳлилимнинг натижалари ҳақида сўзлаётган эди. Бир ҳафта ичида бу ерга учинчи марта келишим эди ва мен ҳам асабийлашар, ҳам қўрқардим. Мен ўйлаган нарса содир бўлгандек эди...»

    ✔ 13    🕔 11:37, 20.09.2018
  • Данак

    Данак

    Саҳар — узоқдан азон овози эшитилмоқда. Аҳён-аҳёнда уйдаги хўрозлар ҳам шукрона билдиргандай қичқиради.

    ✔ 34    🕔 11:14, 13.09.2018
  • Шапалоқ

    Шапалоқ

    — Қўйинг домла, ўзим юваман. Йўқ-йўқ... Майли. Сизга хизмат бўлади-да энди. Қўлларим қорамойга булғанмаганда ўзим ювардим. Сал оздан қуйинг домла.

    ✔ 29    🕔 11:14, 13.09.2018
  • Манзилсиз йўловчи

    Манзилсиз йўловчи

    «Онанинг кўнгли — болада, боланинг кўнгли — далада, деб шуни айтса керак-да. Йўқ, боласи тушмагур меҳрсиз эмас, ҳар ҳафтада бир марта бўлса-да мени йўқлаб туради.

    ✔ 58    🕔 10:53, 24.08.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар