Китоб бу — мўъжиза      Бош саҳифа

Стимул нима, мукофот ёки жазо?

Иш унумдорлигини оширишнинг супер инновацион усули.

Стимул нима, мукофот ёки жазо?

Болаликда тўққиз дангаса ва бир абжир йигит ҳақидаги эртакни ўқиганмиз. Аравасоз ака-укалардан тўққиз дангаса бир кунда атиги биргина арава, абжир ука эса, кунига тўққизта арава ясаркан. Бунинг устига, дангасалар нима қилиб бўлса-да абжирга кун бермасликка, уни ишлатмасликка уринишаркан.

Ҳаётда меҳнаткаш-абжирлар ишлаб турса, дангасаларнинг асл қиёфаси яққол кўриниб қолади. Шунинг учун улар бошқаларнинг оёғидан чалишни ўзларига асосий касбу ҳунар қилиб олишади...

Эртак-ку, ўз йўлига, лекин эртакдаги ғоялар ҳам осмондан олинмаслигига кейинчалик кўп гувоҳ бўлдик. Эртак ҳаётдаги айрим воқеаларнинг бадиий-мажозий талқини эканини кейинчалик тушуниб ета бошладик.

Бугун орадан кўп йиллар ўтиб, бир кунда тўққиз арава ясаган абжир аравакаш йигит тафаккурни қайта-қайта банд этаверади. Рост, кунлик иш унумдорлиги ҳайратланарли даражада юқори кишилар бугун ҳам йўқ эмас. Лекин...

Ажриқдан сўрашибди:

— Сен жуда бақувват ўтсан, сенга ҳеч қандай қаршилик писанд эмас. Шундай бўлганинг ҳолда нега қишда ҳам кўкариб чиқавермайсан? Ахир, бунга кучинг етади-ку?

Шунда ажриқ шундай жавоб берган экан:

— Баҳорда кўкариб, нима рўшнолик кўрдимки, қишда ҳам кўкарсам...

«Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти яқинда яна бир хайрли ишга қўл уриб, «Ёш раҳбар» энциклопедик луғатини нашр этди. Янги нашрнинг тақдимотида иштирок этган олим, журналист ва ноширлар ушбу луғат, айниқса, ёш раҳбар-ходимларга эҳтиёж кўпайиб бораётган бугунги кунимиз учун жуда аҳамиятли эканини таъкидлашди.

Ушбу энциклопедик луғатдан ўн етти соҳага оид сўз ва атамалар жой олган. Янги иш бошлаган ёш раҳбар ишни самарали ташкил қилиш, ҳужжатлар юритиш, ходимлар билан муносабат чоғида фойдаланиши мумкин бўлган истилоҳларнинг маъно-мазмуни изоҳлаб берилган. Қисқаси, бу луғат ҳар бир ёш раҳбарнинг иш столида туриши зарур бўлган асосий китоблардан бири десак, муболаға бўлмайди.

Китобдаги сўзлардан бири устида алоҳида тўхталиб ўтишга тўғри келади.

Стимул. Ҳар бир атамада бўлгани каби бу сўзнинг ҳам луғавий ва истилоҳий маънолари бор. Бугунги кунда аксарият уни «бирон ишга қизиқиш туғдирадиган, рағбатлантирадиган, ундайдиган нарса, омил» сифатида тушунади. «Ҳар бир ишда стимул бўлиши керак», деганда халқ қилинган меҳнат қумга сингган сувдай изсиз кетмаслигини, унга ўзига яраша жавоб бўлиши зарурлигини назарда тутади. Юқорида эсга олинган эртакда абжир йигитнинг меҳнати халқда муносиб қадр топди. Моли харидоргир бўлди. Эл унинг моҳир ва меҳнаткашлигини улуғлаб, араваларини бир зумда сотиб олди. Агар шу йигитнинг меҳнати қадр топмаса, харидор унинг эмас, ялқов ва дангаса тўққиз ака-уканинг молини юқори тутса, абжирда ишлашга ҳафсала қолармиди?..

Ўша эртак қаҳрамонлари бугун ҳам орамизда бор. Улар уст-боши ва қиёфасини хиёл ўзгартириб, турли корхона ва ташкилотларда хизмат қилиб юришибди. Уларнинг орасида ҳам кун бўйи ўзини ишлаётган қилиб кўрсатадиганлар ва ростакамига тер тўкиб ишлайдиганлари кўп. Раҳбарларнинг уларга муносабати ҳам турлича. Айрим раҳбарлар ходимнинг меҳнат муносабатларида стимул масаласини ходимни ишга қизиқтириш, уни қўллаб-қувватлаш, моддий-маънавий рағбатлантириш, деб тушунади. Имкони етса, моддий, етмаса, маънавий-руҳий жиҳатдан кўмакчи, елкадош бўлади. Баъзан раҳбарнинг бир оғизгина ширин сўзи ходим учун катта-катта моддий рағбатдан кўра афзалроқ бўлиши мумкин. Ширин сўз эса ҳамиша, ҳар жойда топиладиган матоҳ. Ҳазрат Навоий инсонга яхшилик қилишни истаган киши унга қўли билан бирон моддий неъмат бера олмаса-да, истаса, тили билан яхшилик қила олиши мумкинлиги ҳақидаги фикрини гўзал мисраларда ифодалаганди: 

Хайр муяссар гар эмас эл била, 

Нафъ тегурмак ҳам ўлур тил била.

Қачонки, меҳнат қадр топмаса, маҳнаткашда ишлашга рағбат, ҳафсала қолмайди. Шунда ўз-ўзидан иш унумдорлиги йўқолади. Унумдорликни сақлаш ва мунтазам ошириб боришда ана ўша стимул тушунчасининг ўрни беқиёс. Ёш раҳбар буни билиши ҳамда инобатга олиши зарур.

Табиийки, сизда ҳамма раҳбарлар ҳам бирдай бўлавермайди-да, деган фикр пайдо бўлади. Ахир, ходимини ишдан ҳафсаласини совутиб, уни ноҳақ айблаб, жазолаб, иш умумдорлигини чиппакка чиқарадиган ёш раҳбарлар ҳам йўқ эмас-ку, деб ўйлайсиз. Тўғри, бундан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Ҳамма гап ўша «стимул»ни қандай тушунишга боғлиқ.

Бу сўзнинг асл луғавий маъноси лотинчада «ҳайвонларни ҳайдаш учун белгиланган учли таёқ» деганидир. Ёш раҳбар бу сўзни шу маънода тушунса, қўл остидаги ходимларига ҳам шу тарзда муомала қилади. Ҳуда-беҳуда қаттиқ ва аччиқ гапириш, кўпчилик олдида ходимни изза ва мулзам қилиш, асоссиз жазога тортиш, ходимга ва унинг меҳнатига менсимаслик назари билан қараш ёш раҳбарнинг иш услубига айланади. Бундай меҳнат жамоасидан аввалига файз-барака, кейинчалик фидойи ходимлар ҳам бирин-кетин кета бошлайди. Қарабсизки, бир пайтлар гуллаб-яшнаган корхона ёш раҳбарнинг уқувсиз муносабати туфайли абгор бир аҳволга тушиб қолади...

Битта сўз.

Биргина тушунча.

Тушунишдаги икки хил ёндашув.

Яна ҳазрат Алишер Навоийга қайтсак. У зот «инсонга фаҳм-фаросат ва ақл бир хилда берилган»ини ёзган. Шундай бўлса-да, тушунчалар бир хил эмас. Биргина сўздан кимдир мукофотлашни тушунади, яна кимдир жазолашни.

Иш ҳам, ҳаёт ҳам нимани қандай тушунишимизга боғлиқ эмасмикан-а?

 

Туробжон АБДУРАЗЗОҚ




Ўхшаш мақолалар

Умид билан яшаш бахти

Умид билан яшаш бахти

🕔16:32, 08.11.2018 ✔20

Инсон юрагига таскин берувчи бутунлай янги нигоҳ ва янги нафас.

Батафсил
Шундай қилиш керакки…

Шундай қилиш керакки…

🕔18:54, 01.11.2018 ✔41

«Фақат ўзни ўйлаб яшаш мумкин эмас, буўлим. Худбинликтентаклик».

Батафсил
Бугунги адабиёт олдидаги вазифалар бошқачами?

Бугунги адабиёт олдидаги вазифалар бошқачами?

🕔09:38, 26.10.2018 ✔56

Ҳақиқий адабиётнинг вазифаси инсон қалбини пок асрашдир.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар