Мустаҳкам оила      Бош саҳифа

Ошённи бузаётган кўринмас куч

Айбдор ва сабаб кўп, ечимини ҳамма билади. Аммо ажрашишлар давом этаверади... Нега?

Ошённи бузаётган кўринмас куч

Аввалига жаҳл устида, арзимаган сабаб туфайли ажрашди. Аёл боши билан икки болани тарбиялаб, боқишдек оғир юкни елкасига олди.

Бироқ... вақт ўтибгина бу қарорининг нечоғли хато эканини англай  бошлади. Аммо синган кўза тикланармиди. Ўзини ўққа-чўққа уриб, пул топишга мажбур бўлди. Шунчалар берилиб кетганидан, ҳатто жиноятга қўл урганини ҳам билмай қолди.

...Инсон ҳаётда ҳар бир хатти-ҳаракати учун жавоб беради. У ҳам икки норасида фарзандини ўзгалар қўлида қолдириб, бугун панжара ортида. Кўзи ёшга тўлиб, чекаётган афсусу надоматлари эса, вақтни ортга қайтара олмаслигини яхши билади.

Бахт нима ўзи? Бандаси ўз оиласи, яқинлари, турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан тугал бўлгандагина бахтни ҳис этиб яшаши мумкин. Ахир, ёнимизда суянадиган, оғир кунларда елкадош бўладиган одамнинг борлиги ҳар қандай дардимизни аритади. Жамият учун наф келтириб, меҳнат қилишда ҳам уларнинг кўмагига таянамиз.

Аммо юқоридаги каби ҳолатлар худди тун қоронғиси каби қалбларимизни зулматга айлантиради. Юрар йўлимизни, қилар ишимизни йўқотиб қўямиз. Биз-ку майли, ота ёки она меҳридан мосуво фарзандларимизнинг қалбига етган жароҳат изларига ҳеч нарса малҳам бўла олмайди. Улар бутун умр ўзи кўра олмаган меҳр-мурувват аламини бошқалардан олишга ҳаракат қилади. Қарабсизки, бир оиланинг бузилиши жамият ҳаёти учун ҳам қанчалар оғир вазиятни юзага келтиради.

22 минг норасида нидоси

Тўғри, кимгадир ақл ўргатиш, маслаҳат бериш осон. Аммо ­оилада муроса қилинмаса, эр-хотин бир-бирини тушунмаса, кечиримли бўлмаса, бахтга етишиш имконсиз. Бугун жамиятимизда одамларга қанча кўзгу тутилмасин, оила бузилишининг салбий оқибатлари тушунтирилмасин, ажримлар камаймаяпти.

Хўш, бунинг асл сабаблари нимадан иборат? Оилаларнинг парокандаликка юз тутишида кимларнинг «ҳисса»си кўпроқ бўляпти?

— 2018 йилнинг  биринчи ярмида 11 минг 287 та оила суд орқали ажралишга ариза берган, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари, Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Холмўмин ЁДГОРОВ. — Уларнинг деярли 90 фоизида вояга етмаган фарзандлари борлигини инобатга олсак, ўртача 22 минг бола отасиз ёки онасиз ҳолда, тирик етим бўлиб ҳаёт кечиришга мажбур бўлиши ойдинлашади. Ажрим биз учун ўткир масалага айланмоғи лозим. Масаланинг моҳияти ҳам мана шунда. Ахир, ўзингиз айтинг: ота-онадан меҳр кўрмаган бола эртага кимга меҳр кўрсатади?

Бундай ҳолатнинг олдини олишда биринчилардан бўлиб маҳалла жонбозлик кўрсатиши керак. Низолашаётган оила судга келгандан кейин, ўртадан ҳаё пардаси кўтарилгач, уни асраб қолиш амримаҳол.

Яқинда вояга етмаганларнинг жазони ижро этиш муассасасида бўлдик. У ердагиларнинг деярли 90 фоизининг ота-онаси ажрашган ёки болаларини ташлаб, иш излаб бошқа юртларга кетган. Ажримлар келтириб чиқарадиган энг катта ижтимоий муаммолардан бири ҳам айнан ёш авлод тақдирига дахл қилиши билан боғлиқлиги масаланинг нақадар жиддийлигини кўрсатади.

Яқинда бир танишимиз келин туширди. Хонадон катталари тўйдан уч ой ўтар-ўтмас, куёвболани хорижда ишлаб келишга жўнатиб юборди. Бу ҳолат кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Ҳақиқатан ҳам, эндигина оила қурган ёшларни бир-биридан айириш нечоғли тўғри? Янги хонадонга аста-секин кўника бошлаган келиннинг руҳиятига ёнида турмуш ўртоғининг йўқлиги қандай таъсир кўрсатади?

Мана, орадан бир йилга яқин муддат ўтса ҳамки, куёвдан дарак йўқ. Келин эса, олам-олам умидлар билан фарзанд ўстир­япти. Аслида биз ваҳима билан бонг ураётган ажрашишларга мана шундай кичик, кўз илғамайдиган омиллар сабаб бўлиб қолмаяптими? 

Бу ишда маҳаллалар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш кутилган натижани бериши мумкин. Маҳаллага зиёлилар, ёзувчи-шоирлар, оила масаласида кучли мутахассисларни чақириб, ёшлар билан учрашувлар ташкиллаштирилса, барча ўзини қийнаган саволларига жавоб олса, ажримлар камайиб, оилалар мустаҳкамланиши, шубҳасиз. 

Шу мақсадда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ташаббуси билан ёшларни ­оилавий ҳаётга тайёрлаш, оила муқаддаслигини тарғиб этиш, яраштириш комиссиясининг фаолиятини такомиллаштириш, намунали оилалардаги ижобий тажрибаларини оммалаштиришга қаратилган қатор тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Қайнона  қабул қилмаса...

— Оилавий ажримлар ҳамон энг оғриқли нуқталаримиздан бўлиб қолмоқда, — дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора МАЪРУФОВА. — Ҳудудларда бўлганимизда кўп муаммолар нотўлиқ оилаларда келиб чиқаётганини кузатяпмиз. Халқимизда оилага янги аъзо — келин келса, хонадон эгалари нақадар суюнади. Бироқ бугун айрим қайноналар уларни ҳатто хонадонига рўйхатга қўйишга ҳам қарши чиқяпти. Бу илк қадамданоқ низоларнинг келиб чиқишига сабаб бўляпти. Шу боис бундай вазиятларда кайвони, нуронийларнинг, айниқса, маҳалла фаолларининг кўмаги жуда зарур. Тўйнинг эртаси куниёқ маҳалла масъуллари шу оилага келиб, келинни рўйхатдан ўтказиш таклифини билдирса, қаршилик қилаётган қайноналар инсофга келади, унча-мунча муаммонинг олди олинади. Шу мақсадда қайноналар кенгашини ҳам туздик. Улар кўплаб оилаларни сақлаб қолишга ҳаракат қиляпти.

Бизни қийнаётган яна бир муаммо катта ёшлилар ўртасида ажримнинг кўпайиб бораётганидир. Бир туманда бўлганимизда йигирма-ўттиз йил бирга яшаган, ҳатто қайнота-қайнона бўлган 5-6 та оила келди. Уларни умуман яраштириб бўлмади. Аслида бундай одамлар ёш ­оилаларга намуна бўлиши керак эмасми? Афсуски, ҳаётимизда учраб тураётган бундай хунук ҳолатлар барчамизни ҳушёр торттириши лозим.

Ҳа, муаммо кўлами кенгайиб боргани сари ўзидан шунча катта асорат қолдиради. Оиласи бузилаётган қайси эркак ёки аёл хурсанд бўлади, дейсиз. Ҳар қандай кўнгли совиган одамнинг ҳам юрагининг бир четида оиласини тиклаш, бирга яшаб, турмушини ширингина давом эттириш истаги тинчлик бермайди. Фақат қандайдир кўринмас тўсиқлар, сабаблар бунга йўл қўймайди, холос. Қарабсизки, қалбидаги қарама-қарши ҳислар туғёнидан инсоннинг ҳаловати йўқолади. Қилаётган ишида унум қолмайди. Асабийлик сабаб фарзандларига ҳам етарлича эътибор қилмайди, саломатлиги ёмонлашади.

Шу боис ҳам бу масалага сиртдан кузатувчи бўлиб туриш ярамайди. Айниқса, мутасадди ташкилотларнинг бу борадаги масъулияти янада катта бўлиб бормоқда.

— Низо ва келишмовчиликларнинг олдини олишни кўнгилдан, ниятдан бошлашимиз керак, — дейди «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Баҳриддин УМАРОВ. — Ажримларнинг олдини олиш учун қанча кўп ҳаракат қилинмасин, самарадорлик негадир кам. Шу сабаб, аввало, руҳиятни, қалбни ва онгни тозалаш зарур. Айниқса, ёшларни оилага психологик, маънавий жиҳатдан тайёрлашимиз лозим.

«Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази тажриба сифатида йигитларни оилага тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Таълим масканларида ва учрашувларда уларнинг кўп нарсадан бехабар экани яққол намоён бўлди. Оила қадрияти, мезонлари ҳақида яхши билмайди. Шарқона қадриятга кўра, эркакларга хонадон устуни сифатида қаралади. Оиладаги муҳит учун ҳам у жавобгар. Қайси оилада отанинг ўрни ва таъсири юқори бўлса, ўша оилада барқарорлик кузатилиши бежиз эмас.

...Сўзимиз аввалида аянчли тақдири тилга олинган аёл қисмати ҳақида гапирган эдик. Бу атрофимиздаги мингдан бир ҳолатнинг тасвири эди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари, Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Холмўмин Ёдгоровнинг айтишича, оилавий ажрим остонасида турганларга ушбу аёл тақдири тасвирланган лавҳа кўрсатилганда, уни томоша қилиб ўтирганлар орасидан тўрт-беш оила вакиллари «биз ярашдик», деб чиқиб кетишган. Яна беш юздан ортиқ оилаларни яраштиришда мана шу лавҳанинг аҳамияти катта бўлди.

Қовун қовундан ранг олади, деб бекорга айтишмайди. «Кўзгу»да ўзини таниб қолган инсон ҳам атрофдагиларнинг чеккан зиён-заҳматидан ўзига керакли хулоса чиқарар экан. Муддаомиз аён: зеро, жамиятда битта бўлса ҳам оиланинг сақлаб қолиниши бир неча жоннинг бахтли ҳаёт кечириши деганидир. 

 

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Саробга ишониб, бузилган қўрғон

Саробга ишониб, бузилган қўрғон

🕔11:42, 20.09.2018 ✔17

Кечагина турмуш ўртоғига бераётган меҳрни виртуал оламга тортиқ қилаётганлар...

Батафсил
Оила шаънини эсдан чиқармаяпсизми?

Оила шаънини эсдан чиқармаяпсизми?

🕔11:41, 20.09.2018 ✔12

Бугун  ахборот кўламининг шиддати, деворларни-да ёриб кираётган бир даврда турли хабарлар одамлар онггига турлича таъсир қилиши, шубҳасиз. Ахборот хуружининг олдини олиш учун ҳар бир журналистдан бирор хабарни беришдан олдин мушоҳада юритиб кўришни, этикага амал қилишни талаб этади. Айниқса, ахборот бирон шахс, оиланинг обрўси ё шаънига дахлдор бўлса.

Батафсил
Ошённи бузаётган кўринмас куч

Ошённи бузаётган кўринмас куч

🕔11:21, 13.09.2018 ✔46

Айбдор ва сабаб кўп, ечимини ҳамма билади. Аммо ажрашишлар давом этаверади... Нега?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Саробга ишониб, бузилган қўрғон

    Саробга ишониб, бузилган қўрғон

    Кечагина турмуш ўртоғига бераётган меҳрни виртуал оламга тортиқ қилаётганлар...

    ✔ 17    🕔 11:42, 20.09.2018
  • Оила шаънини эсдан чиқармаяпсизми?

    Оила шаънини эсдан чиқармаяпсизми?

    Бугун  ахборот кўламининг шиддати, деворларни-да ёриб кираётган бир даврда турли хабарлар одамлар онггига турлича таъсир қилиши, шубҳасиз. Ахборот хуружининг олдини олиш учун ҳар бир журналистдан бирор хабарни беришдан олдин мушоҳада юритиб кўришни, этикага амал қилишни талаб этади. Айниқса, ахборот бирон шахс, оиланинг обрўси ё шаънига дахлдор бўлса.

    ✔ 12    🕔 11:41, 20.09.2018
  • Ошённи бузаётган кўринмас куч

    Ошённи бузаётган кўринмас куч

    Айбдор ва сабаб кўп, ечимини ҳамма билади. Аммо ажрашишлар давом этаверади... Нега?

    ✔ 46    🕔 11:21, 13.09.2018
  • Жар ёқасидаги оила

    Жар ёқасидаги оила

    «Нима кийсамам, сизга ёқмайди. Янги кўйлагам кўзингизга эски кўринади. Ўзи қачон ёққанман сизга?..»

    ✔ 64    🕔 11:46, 06.09.2018
  • Чин эркаклар қандай тарбияланади?

    Чин эркаклар қандай тарбияланади?

    Ҳақиқий эркак ким? Бу сўз қандай инсонга нисбатан айтилади?

    ✔ 60    🕔 11:45, 06.09.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар