Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Ахлоқнинг чегараси

Жамиятни бало-қазодан сақлайдиган буюк посбон нега бедор эмас?

Ахлоқнинг чегараси

Болалигимда ҳар ишнинг чегараси бор, деган гапни кўп эшитардим. Чегара дегани нима? Нега ҳар ишда чегара бўлиши керак? Одобнинг чегараси бўладими? Ахлоқсизликда-чи, чегара борми?

Саволлар кўплигидан дастлаб чегара сўзининг маъносини изоҳли луғатдан излашга тушдим.

«Охир, ниҳоя, поён. Кўчма маънода: чек, меъёр; ўлчов; доира. Одоб чегараси. Чегарадан чиқмоқ — бирор хатти-ҳаракатда меъёрга риоя қилмаслик…»

Болаларга кўпинча тортинчоқ, уятчан, баъзан тартибли, ҳатто интизомли бўлганларига ҳам дакки берилади. Меҳмонга борса, тортинмай олиб-олиб ўтиришга, дўконга кирса, бирор кийимни кийиб кўришга тўғри келса, уялмаслигини таъкидлашса, гоҳида у ёқ-бу ёқдан гапиришга даъват қилинади. Тортинчоқликнинг, уятнинг жойи-ю, гапирмасликнинг ўрни борлигини айтиб, изза қилишади.

— Мумқушга ўхшамай гапир!

— Йиғламай туғилганмисан?

— Тилинг борми? — деб дағдаға қилишади.

Халқимизда бу мавзуда анча-мунча мақоллар ҳам бор.

«Адабни беадабдан ўрган». «Яхшининг ёти бўлмас, ёмоннинг уёти». «Ор этган — армонли кетар». «Уялган — буюргандан қуруқ қолди». «Индамасдан иш чиқар», каби кишини ўйлашга мажбур қиладиган сабаблар қаршисида бошинг қотади. Ёмонликдан тийилса, қўл тортса, чегара. Сўкиш, қарғиш оғиздан чиқиб кетишидан қўрқиб тилини тишласа, ғазабдан, нафратдан, бақириб юборишни истамай ўтириб олса, уриб юборишни хоҳламай қочса, чегара. Гуноҳ, хатолардан қочишга тиришса, хоҳишига қараб таом еса, таъбига мувофиқ ичса, лозим ўринда гапирса, истамаса, жим турса, айб эмас-да...

Улуғлар бенаф сўз айтишдан қўрқиб оғизларига тош солиб юришган экан.

«Ким кўп гапирса, адашади, кўп кулса, ундан ҳаё ва одоб кетади», дейишган.

Ахлоқнинг меъёри бўладими?

«Лаблар ақл дарвозаси, агар уни очсанг, ташқарига чиқиб кетади», деган ғоят доно гап айтилган. Мантиқан қарасак, қорин қоп эмас, зўрлаб ортиғини солсак, ҳақимиз, имконимиз йўқ. Тилнинг вазифаси аён, керакли гапни гапириш, ортиғига жим туриш. «Ҳар не келса, тилингдандур», деб бежиз айтишмаган ахир. «Қалб — сир идиши, лаб — қулфи, тил — калити. Ҳар кимса сир калитини сақласин», деганлар.

Яна шоир айтадики:

Тилимдан бол томмас,  аччиқ ҳам эмас,

Ярайди қалбдагин  изҳор этишга.

Узунмас унчалик,  қисиқ ҳам эмас,

Етади бўйнимдан  тортиб кетишга.

«Дўстинг кимлигини айт»

Олимларнинг фикрича, ахлоқли, одобли ота-она фарзандлари чиройли ва соғлом туғилар экан. Иван Белявскийнинг аниқлашича, бадхулқ кишиларда ёш ўтиши баробарида ҳужайралар соҳасида бузилишлар рўй бериб, сурункали касалликлар пайдо бўлган.

Тилини асраган ахлоқли, одобли кишиларда беш, ўн, ҳатто ўн беш ёшгача беғуборлик сақланиб қолганини билдиришган. Талаффузимиздаги ёки эшитган сўзларимизда маълум миқдорда қувват бўлиши ва унинг генларга таъсири борлиги илмий тадқиқ этилган. Шундай экан, биз ким билан қандай муомала қилишни ўйлаб кўришимиз керак. Ҳатто, дўст танлашда адашмаслигимиз лозим. Инсон атрофидагиларга қараб ҳаётида муҳим қадамларини қўяди. Зеро, «Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади», «Дўстинг кимлигини айтсанг, кимлигингни айтиб бераман» каби пурҳикмат ўгитлар шунчаки айтилмаган-да.

 «Дилбузар»

«Дарахтни тепсанг, йигит ёғилади», — дейди машҳур бир фильмда. Ҳар гал телевизор қаршисига ўтирсак, бувим безовта бўлардилар.

— «Дилбузар» хаёлларингни бузади-да, қизжонларим, шу вақтда кашта тиксанг, тикиш қилсанг, қиз болага ярашадиган иш бўларди.

— Бу ҳамма севиб томоша қиладиган фильм, бувижон, сиз ҳар нарсадан ёмонлик ахтарасиз, бир кўрсак, нима бўпти?

— Бир кўрсанг, бетинг қотади, дейишган, жон қизларим, ўзларингни тарбияли, одобли қизлармиз, бувижонимни, ота-онамни ҳурмат қиламан десаларинг, одобсизлар йўлини тутманглар. Тарбиясизлик билан элга кулги бўлган, ота-онасини, уруғ-авлодини иснодга қўяди. Ҳазир бўлинглар, иснод ёмон. Тарбиясизлар эл оғзида дув-дув гап бўлади. Ота-онасини ҳурмат қилган қиз кўчада йигитлар билан дон олишадими? Тун ярмида йигит билан қўлтиқлашиб қўшиқ айтиб юрадими? Ота-оналар бегонага оғзида авайлаб ўстирган қизини суриштирувсиз тутқазиб қўярканми? Тағин қўшни йигит билан элнинг кўзида қўлтиқлашиб ЗАГСга борармиш. Ота-онанинг бефарқлигини айтмайсанми? Булар ўзбек одати эмас, бу мусулмончиликда йўқ, ўзбекман деган мусулмонман дейди. Ёмон одатлар қалбларга меҳмон бўлса, уни қандай қувиб чиқарамиз, қизларим. Ҳаёни либос, одобни парда қилганнинг юзи шувут бўлиб эгилганини, бўйни синганини кўрмадик, — дерди.

Бу бувимнинг машҳур фильмга камтарона қарашлари эди. Бувимнинг гаплари оқни қорадан, қорани оқдан ажратишимизда туртки бўлди.

— Биз энди буви ёшига келиб, ўсмир қизларимизга улар айтганини айта олдикми? Йўқ, биз болаларимизни ранжитиб қўйишдан қўрқдик, уларнинг кўзига ёмон кўринишдан қочиб, тарбиямизга путур етказдик, — дейди бир устозим.

Албатта, шарм-ҳаё ҳиссиётларни жиловлайдиган туйғу. Одоб меъёри бузилганда уят ёрдамга келиши, яъни уялтириш йўли билан инсон руҳиятига тўғри таъсир ўтказиш мумкин. Ёмон иш қилишдан, ножўя, ноўрин гапиришдан тийилиш инсоннинг ахлоқ мезонини таъминлайди. Ота ўғлини атрофдагиларга онаси, опаси, акасига ҳурмат кўрсатишга ўргатса, бола отанинг ўзига ҳам худди шундай муносабат кўрсатади. Гўдакка ёшликдан сўкишни, ҳақоратни ўргатса, бола улғайгунча бу ҳурматсизликлар ўзига қайтишидан далолат. Халқимизнинг қуш уясида кўрганини қилади, дейиши ўйлаб айтилган гап. Лекин ҳар нарсанинг меъёри бўлгани каби уялтиришниям ўрни бордир демоқчисиз. Ҳуда-беҳуда руҳиятга таъсир ўтказиш баъзан ёмон оқибатларни келтириши, яхшини ёмонга айлантириб қўйиши ҳам мумкин деб ўйларсиз? Йўқ, фарзандни дунёга келтиришдан кўра, уни яхши ахлоқ билан зийнатлаб тарбиялаш муҳимроқдир, дейди кексалар. Сабаби, насл қолдириш бошқа жонзотларга ҳам хос бўлган бир хусусиятдир. Таълим-тарбия эса фақатгина инсонга хос бўлиб, унинг инсонийлигини таъминлаб туради.

Гап сўздамас, гап ширада, дейишади. Асалари бол йиғиш учун неча гулга қўнади, қанча меҳнат қилади. Яхши гап ҳам, ёмон гап ҳам бир оғиздан чиқади. Фалонни фалон қилай қайда-ю, «асалларим», «шириним» қайда-а? Кимдир фалонини фарзанди қулоғига қўрғошин қилади, бир куни айбни бошқалардан қидиради. Маҳаллада дув-дув гап бўладиган яхшиликни ахтарайлик, одобимизни бошқаларга ўрнак қилайлик.

Одоб қаердан бошланади?

Тил олти ўринда жим турмаса, уни боридан йўғи афзал дейилган, яъни кўп гапириш, қасам ичиш, кишиларни уятга қўядиган беҳуда ҳазил қилиш, ёмон отлиқ қилиш, кўп олдида аёлини гапириш, ўзини баланд тутиб мақтанишда...

— Немислар маданиятли халқ, — дея таъкидлайди Германия таассуротлари билан  ўртоқлашар экан бир ўртоғим. — Кўчаларда тартибсизликка юзлашмайсан, ахлат уюмларига кўзинг тушмайди, ҳамма ёқ ёғ тушса, ялагудек, транспортлари соат мили каби юради. Мусулмон одатларимизни тортиб олиб қўйгандек туюлади гўё. Уларнинг фан-техника тараққиёти тартиб-интизоми, маданияти сабабидан бўлса керак. Бекорга ўзимизда соат тартибида тўғри ишлайдиганларни «немис» дейишмайди.

Уят қаерга кетди?

Эрталаб дарсга бораётсам, университет дарвозаси қошида тумонат йиғилган қизларни кўриб ажабландим. Кеч қолишганми, деб соатимга қарасам, ҳали вақтли. Яқинлашганимда ичкаридан овоз келди.

— Боринглар, қиз болага ўхшаб кийиниб келинглар!

Эътибор бермай кўзларимизни ўргатиб қўйибмиз, йиғилганлар дарсга эркакча кийиниб келган қизлар бўлиб чиқди.

Улар бундан мулзам бўлиш ўрнига, ҳозиржавоблик билан жавоб қайтаришди.

— Гардеробимиздаги ҳамма кийимимиз шунақа бўлса, нима қилайлик...

Бу иложсизликдан эмас, масхараомуз айтилган гап эди. Изидан кулги кўтарилди.

Ажойиб-а, эртага она бўладиган, юрт келажагини уларнинг одоби, ахлоқида кўришимиз керак бўладиган қизлар...

Уят қаерга кетди?..

Уятни «жамиятни бало-қазодан сақлайдиган буюк посбон» деган эди Абдулла Қаҳҳор.

«Уят энг шафқатсиз қонундан ҳам кучлироқ, қудратлироқдир. Қонун фақат кўзи тушганда, шубҳа пайдо қилгандагина жиноятчининг қўлини ушлайди, йўлини тўсади. Уят эса одобсиз, ахлоқсиз жиноятчининг ҳамиша тепасида туриб, ножўя иш қилиш учун қўл кўтаргани қўймайди. Ҳар қандай қонунга чап бериш мумкин, лекин уятга чап бериб бўлмайди, чунки қонун одамдан ташқарида, уят эса одамнинг кўксида бўлади».

Инсон ахлоқсизлик қилади, жамоат жойида бақиради, сўкади, уятни билмайди. Болалар, аёллар йиғилган жойда чекади, ичиб олиб хиралик қилади… Бундай бадхулқликнинг чегараси борми? Ҳайдовчи қизил чироқда ўтди, тартибни атайлаб бузди, шошиб тургани баҳона эмас. Қонун қаерда? Интизом қани? Саволлар кўп...

Ахлоқнинг чегараси қаерда тугайди? Одоб қаердан бошланади?

 

Акмал ИКРОМ




Ўхшаш мақолалар

Уйни бўлишдингиз, ота-онани-чи?

Уйни бўлишдингиз, ота-онани-чи?

🕔11:44, 20.09.2018 ✔11

Кексайганда уларга аслида ким ғамхўрлик қилиши керак?

Батафсил
Кўролмайдиган кимса

Кўролмайдиган кимса

🕔11:43, 20.09.2018 ✔12

Одам ўз ихтиёри билан очиқ кўрликни танлаши мумкинми?

Батафсил
Ахлоқнинг чегараси

Ахлоқнинг чегараси

🕔11:26, 13.09.2018 ✔50

Жамиятни бало-қазодан сақлайдиган буюк посбон нега бедор эмас?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Уйни бўлишдингиз, ота-онани-чи?

    Уйни бўлишдингиз, ота-онани-чи?

    Кексайганда уларга аслида ким ғамхўрлик қилиши керак?

    ✔ 11    🕔 11:44, 20.09.2018
  • Кўролмайдиган кимса

    Кўролмайдиган кимса

    Одам ўз ихтиёри билан очиқ кўрликни танлаши мумкинми?

    ✔ 12    🕔 11:43, 20.09.2018
  • Ахлоқнинг чегараси

    Ахлоқнинг чегараси

    Жамиятни бало-қазодан сақлайдиган буюк посбон нега бедор эмас?

    ✔ 50    🕔 11:26, 13.09.2018
  • Бу заминнинг жозибаси бор

    Бу заминнинг жозибаси бор

    Ақлимни таниганимдан Имом ­Бухорий номини эшитиб катта бўлдим. Олдин катталардан эшитган бўлсам, кейинчалик ўзим турли китобларда бу номни тез-тез учратардим. Бу буюк шахсга меҳрим, ихлосим йилдан-йилга ортиб бораверди.

    ✔ 61    🕔 11:58, 30.08.2018
  • Меҳнатни отам қилди, қадрини бугун топдик

    Меҳнатни отам қилди, қадрини бугун топдик

    Отам косиблик орқасидан рўзғор тебратганлар. Ўн уч жонни косибликнинг оғир меҳнатидан келган уч-тўрт сўм пул билан эплаб туришган.

    ✔ 65    🕔 11:57, 30.08.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар