Долзарб мавзу      Бош саҳифа

«Ечим рапорти» ёки муаммо қолиб журналистдан кир ахтариш тўғрими?

Мақоладан сўнг ёрдамга муҳтож оила тақдирида ўзгариш бўлдими?

«Ечим рапорти» ёки муаммо қолиб журналистдан кир ахтариш тўғрими?

Газетамизнинг 2018 йил 9 августдаги 32-сонида «12 жоннинг дардини ким тинглайди?» сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Унда Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳридаги ёрдамга муҳтож бир оила тақдири хусусида сўз борган. Мақола юзасидан таҳририятимизга жуда кўпчилик қўнғироқ қилиб, ўзининг ижобий фикрини билдирди. Аммо Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги томонидан бизга юборилган жавоб хати бундан мустасно.

Гап шундаки, таҳририятимизга Олмалиқ шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Камола Умаралиева имзоси билан жавоб хати келди.

Журналистни ҳолатни аниқ ўрганмасдан туриб, мақолага бирёқлама ёндашиш борасидаги айблов билан бошланган нақд 11 қоғозли жавоб хатида мақолада тилга олинган Арслоновлар оиласининг ўтмиши, бугуни, келажаги батафсил баён қилинган!

Ҳокимлик мутасаддиларининг ёзишича, журналист бу мақолани тайёрлашдан аввал ҳокимликка учрашиши, улардан рухсат олиши, бу оила хусусида маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва маҳалла фаолларидан суриштириши керак экан. Мутасаддининг мақолани «бирёқлама» дейишига сабаб эса, унда на маҳалла фаоллари, на шаҳар ҳокимлиги каттаконларидан изоҳ олинган.

Келинг, гапни шундан бошласак. Биз мақолани ўрганаётган вақтда масалага ойдинлик киритиш мақсадида Олмалиқ шаҳар ҳокимлигига борганмиз. Афсуски, у ердан масалага дахлдор бирор мутасаддини топишнинг имкони бўлмаган (буни мақолада ҳам алоҳида таъкидлаб ўтганмиз). Қолаверса, ҳокимнинг қабулига кириш умидида ўша куни эрталабдан буён сарғайиб кутиб, қайтиб кетаётганларга ҳам кўзимиз тушган эди. Хуллас, муаммо ўрганилаётган, изоҳ сўраш учун қидириб борган пайтда мутасадди жойида йўқ бўлса, бунга журналист айбдор бўладими? Бир оғиз муносабат билдиришга келганда масъулиятни ўзидан соқит қилиб, энди мақола чоп этилгач, айюҳаннос солишдан мақсад нима? Муаммонинг ечими қолиб, журналистдан кир ахтариш қанчалик адолатли?!

Аслида ўша мақола ёрдамга муҳтож бир оиланинг дардини ҳеч бир мутасадди тингламаётгани важи юзасидан таҳририятга йўлланган мурожаат асосида тайёрланган эди. Мутасадди бўрттираётганидек, бу ерда ҳеч қандай ғараз мақсад ёки Олмалиқ шаҳар ҳокимини обрўсизлантириш кўзланган эмас. Бир оиланинг айни пайтдаги абгор яшаш шароити ҳақида айтиш, уни озгина бўлса-да, яхшилаш учун эътиборни тортиш эди мақсадимиз.

Ҳокимлик ўз муносабатида бу оила даставвал ноқонуний равишда эгалик қилиб келган бошқа уйида истиқомат қилгани, хонадон эгаси ўша ноқонуний уйни Олмалиқ шаҳрида яшовчи бошқа фуқарога «Nexia» русумли автомашинага алмашиб, ҳозирги уйга кўчиб келганини бот-бот такрорлаган. Аввало, бу оиланинг ўтмишда бой ёки камбағал бўлганини эмас, ёш болалар билан, шундай жарлик лабида бир оиланинг яшаши хавфли эмасми, эртага бир фалокат содир бўлгандан кўра, бугун унинг олдини олишимиз керак эмасми, деган саволларни ўртага қўймоқчи эдик. Мутасаддилар бу оиланинг бундай шароитда яшашга нима мажбур қилаётганини обдан ўрганиб, муносабат билдиришларини кутган эдик. Афсуски, жавоб хатидаги бир дунё тушунтириш хатларида ҳам, бу оила ҳақидаги ижобий бўлмаган фикрномаларда ҳам буни топа олмадик.

Хуллас, мактубда ҳокимлик вазиятни ўз томонига оғдириб, муаммони бартараф этиш чораларини кўриш ўрнига, уни хаспўшлашга, «бу масала ечилгани» ҳақида вилоятга вақтида жавоб беришга ҳаракат қилгани сезилиб турибди.

Шу боис таҳририятга йўлланган жавоб юзасидан ҳамда мазкур вазиятни ҳокимлик талаб қилганидек батафсил ўрганиш мақсадида яна Олмалиқ шаҳрига бордик.

Бизга мурожаат қилган Нигора Арслонованинг айтишича, мақола эълон қилингач, эртаси куни уларни Олмалиқ шаҳар «Юлдуз» маҳалла фуқаролар йиғинига чақириб, шикоят қилгани учун фаоллар яхшилаб пўстагини қоқишган. Ҳокимлик устидан ёлғон маълумот берадиган туҳматчига чиқариб, бу иши учун уларни судга ҳам бериши мумкинлигини айтиб, қўрқитишган.

Аслида бирон бир муаммони оммавий ахборот воситаларига ёки тегишли жойларга етказган ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш йўлида ҳаракат қилган ҳар қандай фуқарога бу иши учун босим ўтказишга на маҳалланинг, на ҳокимликнинг ҳаққи бор.

Эркин Арслонов ва унинг рафиқаси Нигора Арслонова билан биргаликда Олмалиқ шаҳар «Юлдуз» маҳалла фуқаролар йиғини раисига учрашдик. Маҳалла раиси Тўхтабой Абдуллаевнинг айтишича, мақола эълон қилингач, мазкур оила ҳолидан хабар олинган. Ҳақиқатан ҳам, маҳалла идорасига чақирилиб, улар билан тушунтириш ишлари олиб борилган. Арслоновларнинг тўнғич қизи ва ўғлига иш таклиф қилинган. Набираларини мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш бўйича тавсия берилган. Уй-жой масаласида эса, бу оила ҳозирда қурилаётган арзон типдаги хонадонлардан бирини бемалол олиши мумкинлиги, бунинг учун бошланғич бадални тўласа кифоялиги, қолган ҳужжатларига маҳалла ёрдам бериши тушунтирилган.

Лекин Арслоновларнинг қизи ва ўғли маҳалла фуқаролар йиғини тавсия қилган ишда ишлашни исташмаган. Арзон типдаги уй-жойлар учун бошланғич бадали йўқлигини айтиб, бундай уйлардан олишга унамаган.

— Тартибга кўра, мазкур оилага текин уй берилмайди, — дейди «Юлдуз» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тўхтабой ­АБДУЛЛАЕВ. — Сабаби, бундай уй олишнинг ўз талаблари бор. Унга биноан, мазкур уйлар фақат чин етимларга, боқувчиси йўқ, кўп болали аёлларга туман бюджетидан маблағ ажратилади. Бу оиланинг эса, барча аъзолари меҳнатга лаёқатли. Ота-онанинг вояга етган тўрт мучаси соғ ўғли бор. Қолаверса, мазкур оила кам таъминланганлар рўйхатига ҳам кирмайди. Боз устига, оиланинг ўз номида автоулови бор. Назаримда, Арслоновлар оиласи давлатдан текинга уй берилишини кутиб ўтирмасдан, ҳаракат қилса, ишласа, ҳозирги шароитини бемалол яхшиласа бўлади. Фақат ҳалол меҳнатдан бўйин товламаса, кифоя. Шундай бўлса-да, биз уларга қўлдан келганча ёрдам берамиз.

Ҳа, бу ўринда маҳалла раиси ҳақ гапни айтди. Тўрт мучаси соғлом одамнинг ҳеч қаерда ишламай, боқимандалик кайфиятда давлатдан нимадир тама қилиб ўтириши ҳозирги замонга мутлақо тўғри келмайди. Ахир, қимирлаган қир ошар.

Мазкур мақола юзасидан ўтказган қайта ўрганишларимиз давомида Арслоновлар оиласи муаммоси маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ҳамда Олмалиқ шаҳар хотин-қизлар қўмитаси кўмагида яна ўрганилиши, оилага ёрдам кўрсатилиши ваъда қилинди. Хусусан, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси етакчи мутахассиси Лобар Жалилова Нигора Арслонованинг пенсия ёшига етгани боис, пенсия олиш учун ёрдам кўрсатиши ҳамда ҳозирги кунда тўрт боласи билан қаровсиз қолган тўнғич қизининг фарзандларига турмуш ўртоғидан алимент ундиришда амалий ёрдам беришини ваъда қилди.

Демак, мавжуд муаммолар аста-секинлик билан бўлса-да, ечим топмоқда. Бизнинг мақсадимиз ҳам аслида шу.

 

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Шароит яратишми ёки пул ундириш?

Шароит яратишми ёки пул ундириш?

🕔18:05, 06.12.2018 ✔22

Мардикорлар дардини ҳам кимдир тинглайдими?

Батафсил
«10 баробар тез», «кафолатланган», «чексиз» ва «арзон»...

«10 баробар тез», «кафолатланган», «чексиз» ва «арзон»...

🕔17:43, 06.12.2018 ✔21

«Ўзбектелеком» интернет нархи ва тезлиги борасидаги ваъдасини бажардими?

Батафсил
Аризачи қўлида «қилич»,  директорда «қалқон»,  ўртада сарсон  ўқитувчилар...

Аризачи қўлида «қилич», директорда «қалқон», ўртада сарсон ўқитувчилар...

🕔16:17, 29.11.2018 ✔62

Бир фуқаронинг таҳририятимизга кетма-кет мурожаати, қолаверса, вазиятни жойига бориб ўрганишни сўраб қилган илтимоси билан Самарқанд вилояти Нуробод тумани «Оқсой» МФЙ Товоқбулоқ қишлоғида бўлиб, 51-умумтаълим мактабида журналистик текширув ўтказдик.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар