Обуна тўғрисида турфа хил ҳангомаларни тўқиб юрадиган Аҳмаджон Мелибоев бир йили Термиз шаҳрида ўтаётган катта бир йиғинга таклиф этилади.

Нотиқлар бирин-кетин сўз олиб, дунёда кечаётган мураккаб жараёнлар, қуролли можаролар, ирқий  камситишлар тўғрисида фикр билдиришади. Сўз навбати Аҳмаджон акага келганида, у ўзини ўта жиддий тутиб, аста гап бошлайди:

— Биродарлар, бир ўйлаб кўрайлик.  Устоз Абдулла Орипов айтганидек, ер шари ўзи Қуванинг аноридек жой асли. Шу жойни талашиб-тортишиб, қитъаларга, минтақаларга, давлатларга, вилоятларга, шаҳару қишлоқларга, катта кўча, тор кўча, калта кўчаларга бўлиш инсофданми?  Бу ҳам етмаганидек, одамларни оқ танли, қора танлиларга, бой-камбағалларга, эркагу аёлларга, беваю сағирларга, тадбиркору танбалларга, соғу беморларга, муғомбиру содда-сўтакларга ажратамиз. Мана, мен, умримда бундай қилган эмасман. Газетага муҳаррир бўлганимдан бери дунёдаги олти миллиарддан зиёд аҳолини бор-йўғи, икки тоифага ажратаман: адабиёт газетасига обуна бўлганлар ва обуна бўлишни пайсалга солиб юрганлар...

 

Дўппи тор келганда...

Тўқсонинчи йилларнинг ўрталарига келиб, адабиёт газетаси ҳам бошқа нашрлар қатори иқтисодий жиҳатдан ночор аҳволга тушиб қолади. Таҳририят аъзолари маслаҳат қилишиб, газетанинг баъзи саҳифаларига реклама материалларини жойлаштиришга  қарор қилишади.

Бир куни янги ташкил этилган «Резико» суғурта компаниясининг вакиллари таҳририятга эълон олиб келишади. Муҳаррир уларни самимий кутиб олади ва эълонни бир  йилда ўн марта такрорлашни таклиф этади. Аммо мижозлар бунга кўнмайди.

— Дастлаб икки марта эълон қилинглар, натижаси яхши бўлса, яна беш мартага шартнома тузамиз, — дейишади суғуртачилар.

Газетанинг навбатдаги сони чиқиши билан муҳаррир эълонда кўрсатилган телефон рақамларини кунига ўн беш — йигирма марта териб, ўзбекча, ўрисча, қозоқча, қирғизча, тожикча лаҳжада сўрай бошлайди:

— Алё, бу «Резико»ми? Борсак бўладими?

— Алё, это «Резико», пожалиста, как Вас найти?

— Алё, «Резико»...

Эълон иккинчи бор чоп этилгач, суғуртачилар яна уч мартага шартнома тузишади. Муҳаррир  эринмай, тинимсиз қўнғироқ қилишда давом этаверади: «Алё, Фарғонадан безовта қиляпмиз...», «Алё, Тошкентми бу, бизга «Резико» керак эди, алё...»

Эълон бешинчи марта чоп этилгач, Аҳмаджон ака суғурта компаниясига қўнғироқ қилиб, «Резико»чилардан ҳол-аҳвол сўрайди:

— Ҳорманглар энди, ишлар юришиб кетгандир. Уззу-кун сизларни сўраб бизга телефон қилишяпти. Ишлагани қўйишмайди-я. Яна беш мартага...

— Э, қуллуқ, жуда етарли бўлди, — дейди кимдир у томонда чуқур хўрсиниб,— эрталабдан кечгача қўнғироқ қилишади, аммо биронта зот келмайди-я...

 

Сифатсиз шеър

Ўзича шеърлар машқ қилиб юрадиган бир йигит ҳафтасига камида икки марта адабиёт газетасига даста-даста шеър олиб кела бошлайди. Шеърият бўлимидагилар: «Ака, бу ёзганларингизни эълон қила олмаймиз, жуда бўш экан, қайта ёзиб ҳам эпақага келтириб бўлмайди», дейишса, улардан шикоят қилиб бош муҳаррирнинг олдига киради. Аҳмаджон ака «Ҳай, шу йигитнинг ҳам сазаси ўлмасин», дея шеърларни эринмай варақлаб чиқиб, биттасини танлайди ва Рустам Мусурмонга топшириқ беради:

— Рустамбой, мана шу шеърни қайта ишлаб, одам қилиб бер, сендан илтимос.

Хуллас, ҳаваскорнинг битта шеърини амаллаб чиқаришади-ю балога  қолишади. «Илк муваффақият»дан илҳомланган «шоир» энди ҳар куни  муҳаррирнинг хонасига тўғри кириб келаверади. Қўйнида бир даста шеър.

Бир куни Аҳмаджон ака:

— Э, шоир, ҳаммаёқни шеър босиб кетди-ку, қаерга тахлашни ҳам билмай қолдим, ўтмаган шеърларингизни макулатурага топширмоқчи эдик, улар ҳам қайтариб беришди,— дейди.

— Нега энди қайтариб беришади? — ҳайрон бўлиб сўрайди шоир, — ахир оппоқ, сифатли қоғоз бўлса...

—  Э, нимасини айтасиз, ука, — дейди Аҳмаджон ака.— Макулатурачилар ҳам ҳаддилардан ошиб кетишибди. Даромадлари яхшими, дейман-да. Бир томонига ўта сифатсиз шеърлар ёзилган деб, қоғозларингизни  пуф сассиққа чиқаришяпти.

 

Сопол ва соқол

Риштонлик Тоҳиржон исмли кулол йигитнинг номи кўпчиликка таниш. Унинг оддий сополдан ясаган ажойиб асарлари мамлакатимизда, қатор хорижий кўргазмаларда ҳам намойиш этилиб, муносиб баҳо олган. Риштонда кулол кўп, «Тоҳир сопол» демасангиз, топиб беришмайди.

Бир куни Аҳмаджон Мелибоев таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад билан бирга Чимён сафаридан қайтаётиб, бир зумга Тоҳир сополнинг устахонасига кириб ўтишади. Унинг янги асарлари ҳақида фикр юритишади. Шу ерда ҳозир бўлган  шоир Баҳодир Исо Тоҳиржоннинг ижоди ҳақида меҳмонларга сўзлаб бераркан, шундай дейди:

— Мен ҳам анча йиллар сопол билан шуғулланганман, аммо ҳеч ким мени «Баҳодир сопол» деган эмас. Тоҳиржон омади кулган йигитлардан-да.

Аҳмаджон ака шоирга тасалли беради:

— Парво қилманг, шоир, вақти-соати келиб, сизни бир йўла «Баҳодир соқол» деймиз-қўямиз...

 

Хирмонга барака

Газетачиликда қизиқ-қизиқ  воқеалар бўлиб туради. Гоҳо материаллар етишмай қолади, борлари вақтида ишлаб туширилмайди. Баҳор ойларида эса ёшу кексанинг илҳоми қайнаб,  таҳририятга қучоқ-қучоқ шеърлар тўхтовсиз оқиб келаверади. Шеърлари чиққан шоирлар хурсанд,  асари туриб қолганлари ёки қайтганлари  эса хафа. Ҳамманинг кўнглини олиш қийин-да.

Бир гал худди шундай ҳолат юз берганида муҳаррир ­Аҳмаджон Мелибоев тўрт қатор шеърни қоғозга туширади-да,   қабулхона эшигига осиб қўяди:

                                  Баҳор келиб, газетани

                                  Мақоламас, шеър босди,

                                  Саҳифага сиғдиролмай,

                                  Муҳаррирни тер босди.

Орадан бир-икки ой ўтгач, қабулхона эшигида бошқа бир тўртлик пайдо бўлади:

                                   Баҳор қайтиб, шеър хирмони

                                   Сал бўлса-да пасайди.

                                   Эҳ, ишқилиб кузга яқин

                                   Яна шеър босмасайди.

 

Бир ҳафталик обуна

Ёзувчилардан бири адабиёт газетасига ҳажми анча катта мақола олиб келади. Аҳмаджон уни ўқиб, кераксиз, қайтариқ жойларини қисқартиради.

— Муҳаррир ука, сизга жуда ҳурматим баланд, — дейди муаллиф илтифот билан,— мақоламни қисқартирмай берса­нгиз кўп яхши бўларди-да.  Қалам ҳақига газетангизга обуна бўлмоқчиман.

Муҳаррир бамайлихотир жавоб қайтаради:

— Қисқартирмасам ҳам бўлар эди-ю, аммо бизда бир ҳафталик обуна йўқ-да, ака...

Шодмон ОТАБЕК




Ўхшаш мақолалар

Мажлисдаги илҳом

Мажлисдаги илҳом

🕔17:39, 06.12.2018 ✔18

Ёзувчи учун илҳомнинг келиши жой танламас экан. Хоҳлаган пайтда ўзи келиб қоларкан. Мениям кейинги пайтда илҳомим қочиб кайфиятим бузилиб, иштаҳасиз юргандим.

Батафсил
Бўлиб берамиз

Бўлиб берамиз

🕔17:38, 06.12.2018 ✔20

Ярим кеча Шодивойнинг хотини Шодия юзига оппоқ ниқоб қилган. Қатиқ сурган, укроп, редиска, помидор, иккала кўзига бодрингдан тангадек қилиб ёпиштирган.

Батафсил
Хотиним ферма очгач…

Хотиним ферма очгач…

🕔17:27, 22.11.2018 ✔87

Менга аталган ғиж-ғиж иқтидорни хотинимга берган экан. Камина саҳар мардондан, то қош қорайгунча итдек ишлайман, кўпинча ярим тунда тилим бўйинбоғимдай осилиб уйга кириб келаман.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Мажлисдаги илҳом

    Мажлисдаги илҳом

    Ёзувчи учун илҳомнинг келиши жой танламас экан. Хоҳлаган пайтда ўзи келиб қоларкан. Мениям кейинги пайтда илҳомим қочиб кайфиятим бузилиб, иштаҳасиз юргандим.

    ✔ 18    🕔 17:39, 06.12.2018
  • Бўлиб берамиз

    Бўлиб берамиз

    Ярим кеча Шодивойнинг хотини Шодия юзига оппоқ ниқоб қилган. Қатиқ сурган, укроп, редиска, помидор, иккала кўзига бодрингдан тангадек қилиб ёпиштирган.

    ✔ 20    🕔 17:38, 06.12.2018
  • Хотиним ферма очгач…

    Хотиним ферма очгач…

    Менга аталган ғиж-ғиж иқтидорни хотинимга берган экан. Камина саҳар мардондан, то қош қорайгунча итдек ишлайман, кўпинча ярим тунда тилим бўйинбоғимдай осилиб уйга кириб келаман.

    ✔ 87    🕔 17:27, 22.11.2018
  • «Ўргимчак»

    «Ўргимчак»

    «Бир айбим бор: фақат баъзан,

    Рост гапириб қўяман…»

    Эркин Воҳидов

    ✔ 100    🕔 16:26, 08.11.2018
  • Қоринбой

    Қоринбой

    Ўмарбой ака бир лаган ошни паққос тушириб, тагидаги ёғни қошларига суртиб-суртиб олди.

    ✔ 152    🕔 16:48, 18.10.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар