Спорт      Бош саҳифа

Энди фақат югуриш қолди

Бу ҳеч қачон ислоҳ этилмайдиган ҳақиқат. Футбол ҳақиқати

Энди фақат югуриш қолди

Футбол ўйини аллақачон миллионлаб одамларнинг фикру ёдини, ўй-хаёлини оҳанрабодек эгаллаб олган санъат асари бўлса, унинг кашфиётлари бир-биридан ғаройиб ва муҳим аҳамиятга эга голлар муаллифлари бўлмиш футболчилардир.

Ҳар қандай соҳанинг ривожланишида унинг ижрочилари бирламчи ўринни эгаллайди. Наққош қанчалик ўз касбининг билимдони бўлса, унинг ихлосмандлари, харидорлари шунчалик кўп бўлади, ҳаёти ҳам шу зайл яхшиланиб бораверади. Футболчининг қаҳрамонга айланиши учун эса у қадар кўп «жасорат» талаб этилмайди. Энг муҳим, энг керакли вақтда стадионда ҳозиру нозир бўлиб, саноқлигина қулай имкониятдан фойдалана олса, бас.

Замонавий футбол тенденцияларини бирдан қабул қилиш ва шакллантириш мураккаб масала. Бунинг исботини Осиё футбол конфедерацияси фаолияти мисолида кўришимиз мумкин. Қитъамизда ўзига хос ва бировни такрорламайдиган юзлаб миллат бор. Уларнинг ҳар бири ўз характери, ўз футбол ўйнаш йўсинига эга.

Европа мамлакатларида футбол биздан кўра илгарироқ бошланган, турли мусобақаларни биз айнан улардан андоза қилиб олганмиз. Шу боис ҳам улардаги сифат ва маҳорат даражаси биздан анча устун туради. Бироқ «ҳолва, ҳолва» деган билан оғиз чучук бўлмайди, қорин ҳам тўймайди. Фақат андоза олиш билан чекланиш керак эмас, эҳтимол, ғалабага бўлган интилишни ҳам ўрганиш керакдир?!

Очиғи, футбол борасида ақл ўргатувчилар жуда кўп, ҳамманинг ўз «фалсафа»си бор. Айниқса, севган жамоаси ютқазаётган бўлса, ўлгудек ёмон кўриб кетади бунақанги «нопрофессионал» танқидчиларни. Бироқ нима бўлганда ҳам шу каби иқрорлар айтиб турилиши керак. Чунки бизнинг айрим футболчилар югуриш ҳикматини ҳали-бери ўзлаштиришмаган. Улар майдонга футбол ўйнашдан кўра, кўпроқ футбол ўйинини тезроқ тугатиб, елкасидаги тоғни ағдариш учунгина тушгандек кўринади. Сўнгра уйига бориб, оёқни узатганча аччиқ чой дамлаб ичиб ётишса... Бундан кўра тотли футболчилик фаолияти бўладими, ахир?!

Йўқ, энди профессионал футбол лигаси номини оқлаш учун уйғониш керак, мудроқ кўзларни уйқу ғафлати тарк этиши ва ўзбек футболи зулматларни ёриб чиқиши зарур! Бунинг учун жуда кўп нарса талаб этилмайди. Шунчаки югуриш ҳадисини тўғри ўзлаштириш жоиз. Ахир, югуришда ҳам югуриш бор-да.

Машҳур мураббийлардан бири айтганидек: «Мағлубият сабабини ўрганмасдан туриб, ғалаба қозониб бўлмайди». Менимча, бизнинг футболчилар (ҳаммаси эмас, албатта) югуришни эсларидан чиқариб қўйган. Одатдагидан бироз узоққа чўзилган «курорт» туфайлидир бу эҳтимол. Футболчиларимиз ҳамон чигалёзди машғулотларига эҳтиёжманд эканини билдириб қўймоқда.

Гол уриш учун ҳам, гол ўтказиб юбормаслик учун ҳам югуриш керак. Футболнинг биргина ўзгармас, замонлар шиддатига дош берадиган тамойили бор — бу югуриш! У ҳеч қачон ислоҳ этилмайдиган ҳақиқат. Футбол ҳақиқати. Ким илғор югурса, ақл ва кучни уйғунлаштириб югурса, унинг зарбаси рақиб дарвозаси бағридан қўним топади. Йўқса, гоҳ араблар «қилғилиғи»ни, гоҳ чаласавод аллақандай ҳакамларни ва гоҳ ноқулай об-ҳаво шароитини рўкач қилиб, умидларни ортга сураверамиз.

Ўзбек рефериси Равшан Эрматов мундиални забт этишга улгурди. Мухлислар унинг матонатига, интилишларига ва тиришқоқлигига қойил қолишмоқда. Лекин у барибир ҳакам-да. Футбол жамоамизнинг мундиалга бориши бахти олдида бу далда бўлиши аниқ, бироқ пик-натижа бўлиб қолиб кетмаслиги зарур. Ўзбек ҳакамининг мундиал финалини бошқарганидан кўра, миллий терма жамоамиз гуруҳ босқичида қатнашиб, қайтиб келиши муҳимроқдек, назаримда. Ҳар қалай ўзбек футболи учун шундай воқеликлар керак. Хорижлик янги мураббий қўл остида бунга, албатта, эришамиз, деган умиддаман.

Халқимиз бежиз: «Ҳаракатда — барака», деб айтмайди. Фақат бир нарсани унутмаслик керак: яна бир нақлимиз бор — «Югурганникимас, буюрганники». Ҳозирда айнан мана шу «ақида»га амал қиляпмиз, афтидан. Бас, бу жараёнга якун ясаш фурсати етди. Бундан бу ёғига «олма пиш, оғзимга туш», дея мўъжизани кутиб туриш иш бермайди, аксинча, мўъжиза томон бориш зарур. Бунинг учун эса... ҳа баракалла, югуриш керак!

 

Зоҳиджон ХОЛОВ




Ўхшаш мақолалар

Энди фақат югуриш қолди

Энди фақат югуриш қолди

🕔09:52, 27.09.2018 ✔57

Бу ҳеч қачон ислоҳ этилмайдиган ҳақиқат. Футбол ҳақиқати

Батафсил
Лука Модрич дунёда тенгсиз

Лука Модрич дунёда тенгсиз

🕔09:51, 27.09.2018 ✔59

Месси ва Роналду гегемонияси тугаётгани ростми?

Батафсил
Шамолдан тез «эсиб» эришилган ғалаба

Шамолдан тез «эсиб» эришилган ғалаба

🕔11:15, 13.09.2018 ✔91

«Вадим, ахир, бундай имконият қайта бўлмайди», дердим ичимда ўзимга. Якунда биринчи бўлдиму, бирдан ағанадим.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар