Даромад манбаи      Бош саҳифа

Режа пухта бўлса, бизнесда хавотир йўқ

Бир кунда 1300 та сотилади. Фойдаси зўр.

Режа пухта бўлса,  бизнесда хавотир йўқ

Ҳар гал водий томонга ўтсам, йўл юзидаги нон расталари олдида тўхтайман, сотиб оламан. Тандирдан янги узилган, иссиққина нон йўлда чарчаб келаётган кишининг чарчоғини олади, димоғини чоғлайди.

Бизни олиб кетаётган ҳайдовчи нон олсангиз, «Жўрабек» патирларидан олинг, ҳам мазали, ҳам ҳамёнбоп, — деди машинани четга оларкан. — Яна, бонуси ҳам бор.

Сотувчи аҳлини биламиз, тилидан бол томиб маҳсулотини мақтайди, аммо мақтаганича бор экан. Нонни еб кўриб бунга амин бўлдик. Ҳатто патирларнинг устига телефон рақамларини ҳам қолдиришган.

— Опа, неча йилдан бери шуғулланасиз? — дедим қизиқиб ўзини ғурумсаройликман дея таништирган Наргиза Ҳамидовадан.

— Йигирма йилдан бери шу ишдаман. Ишни нон сотишдан бошладим. Аввалига уйда нон ёпиб, олиб чиқдим. Олдинлари бунақа харидор қаёқда дейсиз. Ора-сирада бир-иккита харидор бўларди. Бир кунда зўрға 20-25 та нон сотардик. Кейин эса новвойларнинг нонини сота бошладим.

Ҳозирда ўзимизнинг оилавий тадбиркорлигимизни йўлга қўйганмиз. Хўжайиним, фарзандларим шу иш билан шуғулланади. Яна қўлимда уч нафар новвой, икки сотувчи ҳам ишлайди. Бизнинг «Жўрабек» новвойхонаси кеча-кундуз бетўхтов ишлайди. Куннинг қайси пайтида келсангиз ҳам нон бўлади.

— Патирларингизнинг мазали чиқишига нима сабаб ёки рецепти сирми?

— Асосан, икки хил нон ёпамиз: сутли ва ёғли. Ёғли нонларга маргарин қўшамиз, сутлилигига юмшаб чиқиши учун сут қўшилади. Қизлик уйимда 4 та соғин сигир бор. Сути ҳам ёғли, ҳам ишончли. Ўша сутдан кунига 40 литрча сотиб оламиз.

— Бир кунда нечта нон сотилади?

— Нонларнинг сотилиши ҳар хил. Оддий кунларда кунига 600 тадан 800 тагача. Аммо байрам кунлари 1300 тагача сотган кунларимиз ҳам бўлди. Бировни йўқлаш учун ҳам, албатта, нон олинади.

— Бу ишдан ташқари яна нималар билан шуғулланасиз?

— Мен ва хўжайиним шу ишдан ортмаймиз. Ўғлим ҳали коллеж ўқувчиси. Ҳар йили таътилда автомобиль устахонасига шогирдликка тушади. Иш ўрганади, қўлида уч-тўрт сўм бўлади, яна бизга ҳам ёрдам беради.

— Яна ишингизни кенгайтириш ниятингиз борми?

— Яқинда ер олиб оилавий бизнез режа ишлаб чиқдик. Ишни бошлаб ҳам юбордик. У ернинг бир қисмига каттароқ новвойхона, нон сотиладиган бозорча қуряпмиз. Қолган қисмига ўғлим учун машина тузатадиган устахона, автомобиль ювиш шохобчаси кўтарамиз. Ҳозирда ўз маблағимиз ҳисобига пойдеворини қурдик. Энди банклар тадбиркорлар учун бераётган кам фоизли кредитлардан олиш ниятимиз бор. Шу ишни йўлга қўйиб олсак, яна анча иш ўрни яратардик.  

— Савдо расталарида жуда кўплаб нон турлари бор экан, рақобатда ўз ўрнини топиш ҳам осон бўлмаса керак?

— Рақобатдан маҳсулоти сифати паст тадбиркор қўрқади. Савдога ёлғон аралашдими, ўша тадбиркор ўйиндан чиқди ҳисоб. Бизнинг ўзимизга яраша неча йиллик харидорларимиз бор. Яна нонни бир тишлаганда таъмидан қандай эканини билиб олиш мумкин. Харидорларни кўпайтириш мақсадида  бонуслар чиқарганмиз. Хуллас, бизнинг растамизга келган харидор норози кетмайди. 

— Нима маслаҳат берасиз, ёш тадбиркорлар ишни қандай бошлагани маъқул?

— Доим «мен эплай оламанми, менинг қўлимдан келадими, мен тайёрманми», деган ҳадик тўсқинлик қилади. Тадбиркорлик таваккалчиликдан бошланади. Яхши бизнес режа бўлса, хавотирга ўрин йўқ. Ахир, қачондир ишни бошлаш керак-ку...

Ҳақиқатан ҳам, ишнинг катта-кичиги бўлмайди. Асосийси, қунт билан ҳалол меҳнат қилиш. Шундагина ўйлаган мақсадимизга эришамиз.

 

Дилфуза ТИЛЛАЕВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

6 туп токдан 3 тонна узум

6 туп токдан 3 тонна узум

🕔16:56, 18.10.2018 ✔3

Элимиз жуда меҳнатсевар, фидойи, омилкор. Бугун томорқачиликдан яхши даромад топаётган минглаб оилалар фаровон ҳаёт кечирмоқда.

Батафсил
Нақшларнинг ҳар бири ўзига хос

Нақшларнинг ҳар бири ўзига хос

🕔17:42, 11.10.2018 ✔28

Бу ҳунарда бир-бирини такрорлайдиган нусхалар бўлмайди. Ҳар бири асл нусха — ягона.

Батафсил
Полвоннинг қовоғи  ҳам полвон

Полвоннинг қовоғи ҳам полвон

🕔17:42, 11.10.2018 ✔31

Муҳаммаджон ака палакда пишиб етилган қовоқни узиб олди. Қарийб 50 килограммча келади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар