Китоб бу — мўъжиза      Бош саҳифа

Болалар китоблар ичида ўссин

25-26 сентябрь кунлари мамлакатимизда «Соғлом ва маънавий етук авлод — юрт келажаги» шиори остида «Болалар китоби» республика фестивали бўлиб ўтди.

Болалар китоблар ичида ўссин

Буюк Алишер Навоий «Мажолис ун-нафоис» асарида Амир Қосим Анвор хусусида сўз юритар экан, ўзининг илк ёд олган ғазалини шундай хотирлайди:    

«...Бу фақир аввал назмеким, ўрганибмен, бу сўнгги матлаъдур. Ҳамоно уч ёш била тўрт ёшнинг орасида эрдим, азизлар ўқумоқ таклифи қилиб, баъзи ҳайрат изҳор қилурлар  эрди…»

Маълум бўладики, Навоий ҳазратлари уч-тўрт ёшларида нозик ва юксак дидли, фасоҳатли кишиларнинг маърифий йиғилишларида иштирок этиб, уларга ўзи ёд олган ғазаллардан ўқиб берган. Жуда мураккаб рамз ва мажозлар билан суғорилган форсий байтларни уч ёшлигидаёқ ёддан ўқиб берган бўлса, уни қачондан бошлаб ёдлашга киришган экан, деган ўринли бир мулоҳаза туғилади. Бундай кезларда аксар ота-оналар: «болага оғирлик қилади, у ҳали ёш» қабилида иш тутади. Уч ёшидаёқ мутолаага меҳр қўйган Ҳазрат Навоий вақти келиб, дунё тамаддунининг энг буюк алломалардан бирига айланганини эътиборга олсак, баъзи ота-оналарнинг юқоридаги хавотири у қадар тўғри эмаслигига амин бўламиз.

Журналист ва тадқиқотчи Лазиз Раҳматовнинг фикрига кўра, айрим оилаларда пайдо бўлиб, сўнгра маҳаллага ва жамиятга ташвиш келтираётган баъзи муаммоларнинг туб илдизи айни шу масала — болаларнинг ­оилада мутолаага ўргатилмагани билан боғлиқ. Боланинг қўлига яхши китоб бериб, уни китобга меҳр қўйишга ўргата олсак, ростдан ҳам анча муаммоларнинг олдини олган бўламиз. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган «Соғлом ва маънавий етук авлод — юрт келажаги!» шиори остида «Болалар китоби» республика фестивали ва китоблар кўргазмаси айни шундай эзгу мақсадни кўзлаб ташкил этилди. Фестиваль Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ахборот-кутубхона марказларида ташкиллаштирилди. Фестиваль доирасида кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари фондидан жой олган болалар адабиёти намуналари кўргазмаси, мамлакатимизнинг етакчи нашриётларида нашр этилган болалар китоблари, жумладан, мумтоз адабиёт намуналари, энг сара бадиий, маънавий-маърифий, энциклопедик китоблар тақдим этилди. Чегирмали китоб савдолари уюштирилди. Ёш китобхонлар учун болалар шоири ва ёзувчилари билан ижодий учрашувлар ташкил этилди.

— Болаларни кўрсам, ўзим ҳам бола бўлиб қолгим келади, — дейди болажонларнинг севимли шоири Анвар Обиджон. — Улар учун ёзилган ҳар бир сатрда болаликнинг беғубор ва самимий оҳанглари акс этиб туриши керак. Шунда биз болаларни китобга ошно қила оламиз...

Сўнгги йилларда болалар адабиётини чоп этиш борасида ноширлар бир қадар салмоқли ютуқларга эришаётгани сир эмас. Баъзи китоблар болалар эътиборини тортадиган алоҳида шакл ва кўринишларда нашр этиляпти. Ҳатто болажонларга янада қулайлик яратиш учун айрим китобларнинг аудио нусхаси ҳам китобга илова қилиб бериляпти. Бундай ажойиботлар билан болаларни мунтазам таништириб бориш эса катталарнинг доимий вазифасидир.

 ...Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида фестивалнинг ўтишини кузатаётиб, бу фестиваль болалар учун чинакам байрамга айланганининг гувоҳи бўлдик. Ўқувчи-болалар гўё китоб салтанатида юргандай шоду хуррам. Айниқса, янги-янги ажабтовур китобларни, қадимий нодир манба, қўлёзма ва тошбосма китобларни кўрганда ҳайратдан кўзлари ёниб туришибди. Фестивалга устози билан бирга келиб қатнашаётган бир гуруҳ болалар ҳар бир китобга ўзгача қизиқиш билан қарашяпти. Кутубхона ходимлари-ю ноширларни турли саволларга кўмиб ташлаш­япти. Болаларнинг яхши ва янги китобга қанчалик ташналигини шундан ҳам билиб олса бўлади. Қолаверса, фестиваль фақатгина китоб тақдимоти билан чекланиб қолгани йўқ. Болалар учун турли саҳна кўринишлари, эртак қаҳрамонларининг чиқишлари, турли ижодкорларнинг ижодига бағишланган давра суҳбатлари, савол-жавоб ҳамда ўйинлар болаларда китобга бўлган меҳрни янада орттиришга самарали хизмат қила олди. Буни болаларнинг кутубхонадан кетгиси кетмай, «якшанба куни келиб, эртадан кечгача китобларни кўриб чиқсак бўларкан», деган гапларидан ҳам билиб олса бўлади.

Бола қўлидаги китоб — ­дунёни теранроқ англаш учун энг муносиб восита. Болани китобга қанча кўп яқинлаштира олсак, унинг келажаги ҳам шунга мувофиқ юқори даражаларга кўтарилиб бораверади.

Алишер Навоийнинг жаҳон миқёсидаги энг буюк алломалардан бири бўлиб етишишида уч яшарлигида китобга бўлган меҳри сабаб бўлмаганмикан? 

 

Абдукарим АВАЗБЕКОВ




Ўхшаш мақолалар

Ахлоқ мажмуаси

Ахлоқ мажмуаси

🕔21:24, 13.02.2019 ✔32

Ўтмишда ўтган адибларнинг аксари бадиий асарлар билан бирга ахлоққа доир рисолалар ҳам битган. 

Батафсил
«Болани мажбурлаш керак!»

«Болани мажбурлаш керак!»

🕔23:28, 06.02.2019 ✔75

Яқинда шундай бир янги латифани эшитдим:
— Янги романим чиқди, ўқидингми?
— Қаҳрамони  ким эди?
— Ким охиригача ўқиб  чиқса, ўша қаҳрамон-да...

Батафсил
Кўкламдан ҳам олдин келинг, турналар!

Кўкламдан ҳам олдин келинг, турналар!

🕔23:27, 06.02.2019 ✔44

«Оқсой, Кўксой, Сариқсой — кезмаган ер қолмади:
Лекин ҳеч бир ўлкадан ўхшашинг топилмади...»

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Ахлоқ мажмуаси

    Ахлоқ мажмуаси

    Ўтмишда ўтган адибларнинг аксари бадиий асарлар билан бирга ахлоққа доир рисолалар ҳам битган. 

    ✔ 32    🕔 21:24, 13.02.2019
  • «Болани мажбурлаш керак!»

    «Болани мажбурлаш керак!»

    Яқинда шундай бир янги латифани эшитдим:
    — Янги романим чиқди, ўқидингми?
    — Қаҳрамони  ким эди?
    — Ким охиригача ўқиб  чиқса, ўша қаҳрамон-да...

    ✔ 75    🕔 23:28, 06.02.2019
  • Кўкламдан ҳам олдин келинг, турналар!

    Кўкламдан ҳам олдин келинг, турналар!

    «Оқсой, Кўксой, Сариқсой — кезмаган ер қолмади:
    Лекин ҳеч бир ўлкадан ўхшашинг топилмади...»

    ✔ 44    🕔 23:27, 06.02.2019
  • «Ҳаёт китоби»дан ҳаётни ўрганамиз

    «Ҳаёт китоби»дан ҳаётни ўрганамиз

    Яхши оила хушхулқли, иймонли солиҳ инсонларни тарбиялайди. Оила — муқаддас ва нозик қадриятлар устига қурилиб, эр-хотин бир-бирига омонатдир. Омонат яхши сақланмоғи, унга хиёнат қилинмаслиги зарурдир.

    ✔ 80    🕔 17:37, 24.01.2019
  • Сўзнинг бобоси, момоси...  ва неваралари

    Сўзнинг бобоси, момоси... ва неваралари

    Бундан минг йиллар олдин момоларимиз ҳозиргидан анча қулай ва мукаммал болалар таглиги — памперсдан фойдаланишган деган гапга ишонасизми? Маҳмуд Кошғарийнинг ўзига хос соябон — зонтиги бўлганига-чи? Навоийнинг нефть ҳақидаги фикрларига нима дейсиз?  

    ✔ 119    🕔 14:23, 10.01.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар