Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Машаққат йўлини танлаганлар

Устоз учун ўқувчининг кичик ютуғи ҳам ҳаётнинг энг тотли мевасидек азиз.

Машаққат йўлини танлаганлар

Иш столим устида ҳамиша ўзим танлаб олган тўрт-беш китоб туради. Бўш қолган кезларим кўпинча куннинг иккинчи ярмида мутолаага киришаман. Бу гал Абдулла Авлонийнинг «Туркий гулистон»ини варақлар эканман, ёшгина аёл тавозе билан салом берди. Иш сўраб мурожаат қилган аёл билан яқиндан танишарканман, ўзимнинг ўн йиллар олдинги ҳаётим ёдимга тушди.

Мен ҳам кўп оналар сингари фарзандимнинг кичиклиги боис университетни тамомлаб, анча вақт рўзғор ишларидан ортмай қолдим. Бироқ болаларга таълим-тарбия бериш, улар билан завқланиб ишлаш иштиёқи кун сайин ортиб борди. Ниҳоят, Самарқанд шаҳридаги 10-умумий ўрта таълим мактабига ҳужжатларимни топширдим. Мени меҳнат муаллими сифатида ишга олишди.

Онам ўқитувчи, ҳам яхшигина чевар эди. Кўз ташлаб ўрганганим энди асқатарди. Ўқувчи қизларга турли кийимлар, мато қийқимларидан бежирим кўрпа, ёстиқжилдлар тикишни ўргатардим. Тежамкорликда гап катта, дерди онам. Ўқувчи қизларни ҳунарли қилиш баробарида «Бўшаган қутиларни чиқиндига чиқаришдан аввал бир қур унга назар солинг, балки ундан рўзғорбоп буюм ясаш мумкиндир. Қиз бола эпли бўлса, хонадондан файз-барака аримайди», уқтирардим онамнинг сўзларини бир-бир такрорлаб. Қизининг игна-ипга анча қўли келишиб қолганидан хурсанд оналарнинг мамнуниятидан ўзим ҳам қувонардим.

Бир воқеани жамоадагилар ҳануз эслаб юришади. Янги йил арафаси эди ўшанда. Мактабни байрамона ясатиш юклатилди. Бир нечта қизлар билан рангли, ялтироқ ва қаттиқ қоғоз, елим, қайчилар ёрдамида турфа безаклар, ўйинчоқлар ясадик. Деразаларга эртак қаҳрамонларининг суратини чиздик. Эртаси кун маънавиятчи опа келиб қанча маблағ сарфланганини сўраганда ҳайрон бўлдим. Билсам, шу пайтга қадар бу ишлар учун алоҳида безакчи ёлланган экан.

Вақт илдамлагани сайин мактабга қаттиқроқ боғланиб бордим. Энди у ерга ёлғиз эмас, фарзандларимни етаклаб киришдан бахтли сезардим ўзимни. Зиё масканига чинакамига меҳрим тушди. Энди уни янада виқорли ва кўркам, энг илғор мактаблар қаторида бўлишини истардим. Ахир, бу даргоҳда қанчадан-қанча илм-фан тараққиётига ҳисса қўшган Воҳид Абдуллаев, Акбар Ортиқхўжаевдек академиклар сабоқ олган. Шунинг учун ҳам бир асрдан ортиқ давр мобайнида илм зиёсини сочиб турган бу масканга шунчаки келиб кетиб бўлмайди.

Ўқитувчи сўзи машаққат сўзи билан ёнма-ён айтилади. Машаққатнинг йўлини тутиб, таъмини тотиб кўрганларнинг қанчаси йўлини бошқа қилган. Фарзанднинг ширини набира бўлганидек, устозлик машаққатининг тахир таъми шогирдлар камолида, уларнинг авж ютуғида ширага киради.

Залворли йўлнинг учинчи йили хат, савод чиқарай деб, миттигина юракчасини олам-олам орзуга тўлдириб илк бор мактабга қадам қўяётган болаларнинг бир гуруҳига таълим бера бошладим. Биласизми, нигоҳида ҳайрат, қалбида шижоат барқ уриб турган, келиши билан саволларга кўмиб ташлайдиган, жарангдор овози қулоғингиз остига ўрнашиб қоладиган жажжи ўқувчиларга дарс ўтиш нақадар завқли ва мароқли эканини ўшанда ҳис этганман. Бошланғич синф ўқитувчисига осон, ҳарф билан рақамни ўргатиш иш бўптими, дейдиганлар қаттиқ янглишади. Ишнинг энг каттаси ана шунда. Эндигина пошшолик давридан чиқиб, ўйинчоқлардан бир қадар узоқлашаётган бола руҳияти билан тиллашишнинг ўзи бўлмайди. Китобга меҳр, илмга чанқоқлик тамал тоши мурғак юракка эҳтиёткорлик билан жойланмаса, кейин қотиб қолган кўнгилни ҳар қанча уринманг, иситиб бўлмас. Шунинг учун илк бор мактаб остонасини ҳатлаб кираётганларни астойдил ўқитиш жуда муҳим. Токи кун келиб, улар элнинг фидойи фарзандларига айлансин.

Тақдиримга кўринмас ришталар билан боғланган мактабнинг бошқаруви менга ишониб топширилганига кўп бўлмади. Ҳали қиладиган ишлар, орттириладиган тажриба, қўлланадиган билимлар бисёр. Бироқ имкон қадар ўқувчиларнинг илм ва касб-ҳунар эгаллаши учун ҳамма шароитни бадастир қилишнинг уддасидан чиқяпмиз. Шулардан бири — янги ўқув йилидан эътиборан битирувчилар танламоқчи бўлган касб эгаларидан баъзиларини мактабга таклиф қилиб, учрашувлар ўтказмоқчимиз. Бундан ташқари, ўқитувчиларнинг касбий малакасини ошириш, уларни моддий рағбатлантириш, ортиқча текширув ва юкламалардан халос этиш, турли жамоат тадбирларига жалб этмаслик борасида қабул қилинаётган қарорлар бизнинг жамоамизга ҳам ҳарорат олиб кирди. Менимча, шунча имкондан кейин ҳар бир ўқитувчи ўзини-ўзи тафтиш қилиб, ўзи учун оқилона қарор чиқаради. Яъни, ўқувчисига қандай бўлмасин ўзида бор илмни етказиб беришга, фанга оид маълумотларни топиб ўқитишда турли йўлларни излаб топади. Муваффақият мана шу ердан бошланади. Бирор фанга қизиқиш ўқувчида ҳеч қачон шунчаки пайдо бўлмайди. Қандайдир туртки бўлмагунча, физик қонунлар ўрганилмай, математик масалалар ечилмай, кимёвий реакциялар бажарилмай қолиб кетади, дарсликлар ўқилмайди. Бугунги муаллимлардан ҳам ўқувчини бирор соҳани ўрганишга ундаш, ундаганда ҳам ўша фанни чинакамига сева олиш даражасигача олиб чиқиш талаб этилаётир. Шунинг учун ҳар қанча меҳнат ва машаққат, масъулият ва чидам ўқитувчилик касбида мужассам.

Устозлик олий мартаба, олий мақом. Унга муносибларгина элда эъзоз топади. Жамоамизда эл азиз санаган муаллимлар бис­ёр. Насиба Воҳидова, Сурайё Норова ҳамда Лайло Шаропова каби ўқитувчилар барча ишда ҳаммаслак. Ҳар ернинг ана шундай жонкуярлари борки, тараққиёт занжири узилмас.

Дарвоқе, ҳализамон мен илк бор ҳарф танитган болаларим келади. Энди улар бола эмас, катта ҳаёт остонасида турган йигит-қизлар. Улардан умидим катта!

 

Гулмира ЮНУСОВА,

Самарқанд шаҳридаги 10-умумий ўрта таълим мактаби директори




Ўхшаш мақолалар

Биз йўқотган гавҳарлар қанча?

Биз йўқотган гавҳарлар қанча?

🕔16:18, 29.11.2018 ✔49

Нега маданий мерос объектларини таъмирлаш ва муҳофаза қилишга етарли миқдорда маблағ ажратилган бўлишига қарамасдан улардан самарали фойдаланиш ва тўлиқ ўзлаштиришда камчиликлар мавжуд?

Батафсил
Йил олимлари маълум,  улар кимлар?

Йил олимлари маълум, улар кимлар?

🕔16:17, 29.11.2018 ✔31

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Нидерландиянинг илм-фанга ихтисослашган Elsevier нашриёт компанияси билан биргаликда дунёнинг йирик илмий-таҳлилий маълумотлар базаси бўлган Scopus статистикаси бўйича самарали фаолият юритаётган ўзбекистонлик етакчи олимлар номларини эълон қилди.

Батафсил
Вақт кимлигингизни фош этади

Вақт кимлигингизни фош этади

🕔19:02, 22.11.2018 ✔64

Бу фаранг мутафаккири Рене Декартнинг рақамларда ифодаланган қизиқ «статистика»си. 

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Биз йўқотган гавҳарлар қанча?

    Биз йўқотган гавҳарлар қанча?

    Нега маданий мерос объектларини таъмирлаш ва муҳофаза қилишга етарли миқдорда маблағ ажратилган бўлишига қарамасдан улардан самарали фойдаланиш ва тўлиқ ўзлаштиришда камчиликлар мавжуд?

    ✔ 49    🕔 16:18, 29.11.2018
  • Йил олимлари маълум,  улар кимлар?

    Йил олимлари маълум, улар кимлар?

    Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Нидерландиянинг илм-фанга ихтисослашган Elsevier нашриёт компанияси билан биргаликда дунёнинг йирик илмий-таҳлилий маълумотлар базаси бўлган Scopus статистикаси бўйича самарали фаолият юритаётган ўзбекистонлик етакчи олимлар номларини эълон қилди.

    ✔ 31    🕔 16:17, 29.11.2018
  • Вақт кимлигингизни фош этади

    Вақт кимлигингизни фош этади

    Бу фаранг мутафаккири Рене Декартнинг рақамларда ифодаланган қизиқ «статистика»си. 

    ✔ 64    🕔 19:02, 22.11.2018
  • Сепи муҳимроқми ёки ҳаёси?

    Сепи муҳимроқми ёки ҳаёси?

    Бугун оилаларда эркакларнинг ўрни камайиб кетаётгандай назаримда. Аёлларнинг ҳуда-беҳуда дийдиёлари ортиқча исрофгарчилик, сарф-харажатларга сабаб бўлаётганини эркак жимгина кузатиб туриши мумкинми?

    ✔ 46    🕔 19:01, 22.11.2018
  • Бу офатдан қачон қутуламиз?

    Бу офатдан қачон қутуламиз?

    «Мен бу қурғурни аллақачон ташлаб юборар эдим-ку, одамгарчиликдан чиқиб қоламан-да...»

    ✔ 70    🕔 13:33, 16.11.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар