Долзарб мавзу      Бош саҳифа

«Лирика»га ўйнаб, хазон бўлаётганлар

Гиёҳванд модда сифатида истеъмол қилинаётган дори воситалари.

«Лирика»га ўйнаб, хазон бўлаётганлар

Тўхтасин 32 ёшда. Тенгқурларининг тўнғич болалари аллақачон мактабга борган бўлса-да, у ҳали уйланмади. Ҳаёт лаззатини маишатда, деб билди. Ўзига ўхшаган уч-тўрт бекорчихўжа гумаштаси билан кайф-сафога берилди. Шундай кунларнинг бирида тиббиётда асли бошқа мақсадда фойдаланиладиган «Лирика», «Трамадол» каби дори воситаларидан кайф-сафо учун татиб кўрди. Эс-ҳушидан айириб, «кайф» берган бу дорилар таъсирида бора-бора банги-гиёҳванддан фарқи йўқ кимсага айланди...

Ҳозирги даврнинг глобал муаммоларидан бири бу — гиёҳвандликдир. Шу боис бутун дунёда, хусусан, юртимизда унга қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Бироқ бугун айрим ёшлар гиёҳвандликнинг бошқа йўлини ўйлаб топган: «Лирика», «Трамадол» каби дори воситалари истеъмоли авж олмоқда.

Хўш, аслида булар қандай дори? Нима мақсадларда ишлатилади? Таркиби қандай? Ёшлар ўртасида истеъмоли нега кўпаймоқда?

Шу каби саволларга ойдинлик киритиш мақсадида айрим мутахассисларга мурожаат қилдик.

— «Лирика», «Трамадол» аслида кучли оғриқ қолдирувчи дори воситалари ҳисобланади, — дейди Тошкент наркология диспансери наркологи Маҳмуд ИБРОҲИМОВ. — У, асосан, ўта оғир аҳволдаги беморларга шифокор рецепти асосида берилади. Мазкур дори воситалари кучли оғриқ қолдирувчи хусусиятга эга. Буни истеъмол қилган бемор оғриқни буткул сезмайди. Лекин унинг кўп миқдорда истеъмол қилиниши кишини худди гиёҳвандга ўхшатиб, банги қилиб қўяди. Дастлаб, бу дорининг таъсири унча сезилмайди. Бора-бора унинг миқдори ортиб, ружу қўйган шахс дорини ичмаса, тутқаноқ тутгандек қалтирай бошлайди. Бундай пайтда кўзига ҳеч нарса кўринмайди. Нима қилиб бўлса ҳам шу дорини топиш ва уни истеъмол қилиш пайида бўлади. Аслида бу каби дори воситаларини истеъмол қилиш инсон саломатлиги учун жуда хавфли. Афсуски, бугун баъзи ёшлар бу дори воситаларидан кайф суриш учун фойдаланяпти. Мазкур дориларни истеъмол қилиб, гўёки ўзларини еттинчи осмонда учиб юргандек ҳис қилаётган бундай «банги»ларнинг кўпини даволаяпмиз.

Энг ёмони, бундай дори воситаларини истеъмол қилган одам унинг таъсирида кўп ҳолларда ким биландир жанжаллашади. Дорининг таъсири тарқаб, ўзига келгач, қилган ишини умуман эслай олмайди. Шу боис мазкур дори воситалари муомаласи қаттиқ назоратга олинган. Айни пайтда саноқли дорихоналарда, фақат шифокор рецепти мавжуд бўлган беморларга сотилиши мақсадга мувофиқ.

Хўш, мутахассис айтганидек, ушбу дори воситалари фақат шифокор рецепти асосида берилар экан, у ҳолда Тўхтасинга ўхшаган ёшлар қаердан оляпти?

Махсус «пароль»

— Оилада кенжа фарзанд бўлганим учун анча эрка ўсдим, — дейди Тўхтасин. — Ота-онам ҳам ака ва опаларимга нисбатан мени камроқ тергашарди. Олтинчи синфлигимдан чекишни бошлаганман. Тўққизинчи синфдан эса, ичишни. Уч йил аввал «Лирика», «Трамадол»га ўтдим. Бу дориларни, асосан, пойтахтимизнинг Учтепа ва Чилонзор туманларидан олардим. Баъзан сотувчиси таниш бўлиб қолган дорихоналардан ҳам олган пайтларим кўп бўлган. Уларга дорига етарли пулни узатсак, кифоя эди. Бу бизнинг махсус паролимиз. Бундан ташқари, дорихона сотувчиларининг аксарияти кимга қандай дори кераклигини шунчаки унинг юз қиёфасидан уқиб олади. Табиийки, кайф-сафога берилган одамнинг афт-ангори шунга яраша бўлади... Рисоладагидек қиёфали кишиларга эса рецептсиз сотмайди.

Тўхтасин тасвирлаган бу ачинарли манзарага мутасаддилар қандай изоҳ бериши билан қизиқдик.

— Мазкур дори воситалари қатъий талаб асосида, фақат шифокор рецепти билан берилишига қарамай, баъзи бир дорихоналарда унинг савдоси билан ноқонуний шуғулланиб келинаётганини ҳам инкор этиб бўлмайди, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш қўмитаси раиси ­Исматжон АЗИЗОВ. — Бунинг бир қанча сабаблари бор. Биринчидан, «Лирика», «Трамадол» дори воситалари БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари назорати бўйича халқаро қўмитаси назоратидаги моддалар рўйхатига киритилмаган.

Иккинчидан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли ҳужжатларига биноан, мазкур дори препаратлари гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар муомаласи билан боғлиқ фаолият учун бериладиган лицензияга эга дорихоналар орқали фақат шифокор рецепти билан сотилиши белгиланган бўлса-да, мазкур дориларни рецепт асосида сотмаётган дорихоналар ва улар билан ноқонуний савдо қилаётган шахсларни жиноий жавобгарликка тортишга доир нормалар кўрсатилмаган. Бундай кимсаларга нисбатан фақат маъмурий жазо, яъни муайян миқдорда жарима солиш қўлланилади, холос.

Чораси юмшоқ экан

Бундай дори воситаларининг ноқонуний савдоси ва истеъмолига қарши  курашиш мақсадида жорий йилнинг март ойида махсус гуруҳ тузилиб, пойтахтимизнинг Учтепа тумани ҳудудида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида «Galenika Farm» МЧЖ дорихонасидан хорижий мамлакатларда ишлаб чиқарилган 3 минг 360 дона «Лирика» номли дори воситаси ноқонуний равишда сотилаётгани аниқланди.

Суриштирув ишлари олиб борилганда, ноқонуний дори воситалари савдоси уюшган гуруҳ томонидан занжир тариқасида амалга оширилгани, ушбу ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бошқа дорихоналарда ҳам содир этилаётгани ошкор бўлди.

Махсус гуруҳ томонидан мазкур қонунбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан қонун доирасида чора кўрилиб, қиймати 66,5 миллион сўмлик, 3 минг 700 донадан зиёд «Лирика» ҳамда «Трамадол» доир воситаси ашёвий далил сифатида олинди.

Гувоҳи бўлганингиздек, мазкур дори воситалари ҳеч қандай гиёҳванд моддалар рўйхатига киритилмаган ва уларни сотиш тақиқланмаган. Мазкур дорилардан гиёҳвандлик мақсадида фойдаланган ва уни сотган шахсларга, дорихоналарга фақат маъмурий жазо қўлланилган. Оқибатда эса, бугун мазкур препаратларни истеъмол қилиш ортиб бормоқда.

Хўш, оқибатини тасаввур этишнинг ўзи қўрқинчли бўлган ушбу ҳолатнинг олдини олиш ва бунга чек қўйиш учун қандай чоралар кўриляпти?

— Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори воситалари, тиббий буюмлар ва техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази наркотикларни назорат қилиш қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гиёҳвандлик воситаларининг назорати бўйича миллий ахборот-таҳлил маркази базасида ташкил қилинган идоралараро ишчи гуруҳининг 2017 йил 31 мартдаги мажлис баёни қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қарор лойиҳаси тайёрланди. Мазкур қарорга биноан, эндиликда «Лирика» ва «Трамадол» дори воситалари ҳам Ўзбекистон Республикасида муомаласи чекланган гиёҳвандлик воситалари рўйхатига киритилиши тавсия қилинган, — дейди Исматжон Азизов. — Мазкур қарор қабул қилингач, бу каби препаратларнинг кўча-кўйда сотилишига ва дорихоналардан рецептсиз берилишига чек қўйилади. Бунга амал қилмаганларга қонуний чора кўрилиб, жиноий жавобгарликка тортилади.

Ҳа, бугунги кунда, айниқса, ёшлар орасида оммалашган, гиёҳвандлик моддаси сифатида истеъмол қилинаётган дори воситаларининг эмин-эркин сотилишига ўз вақтида чек қўймоқ керак. Ёш авлоднинг худди Тўхтасин каби бундай балоларга муккасидан кетишига томошабин бўлиб ўтириш келажагимиз илдизига болта уриш билан баробардир.

 

Муроджон ЎРИНОВ




Ўхшаш мақолалар

Шароит яратишми ёки пул ундириш?

Шароит яратишми ёки пул ундириш?

🕔18:05, 06.12.2018 ✔22

Мардикорлар дардини ҳам кимдир тинглайдими?

Батафсил
«10 баробар тез», «кафолатланган», «чексиз» ва «арзон»...

«10 баробар тез», «кафолатланган», «чексиз» ва «арзон»...

🕔17:43, 06.12.2018 ✔21

«Ўзбектелеком» интернет нархи ва тезлиги борасидаги ваъдасини бажардими?

Батафсил
Аризачи қўлида «қилич»,  директорда «қалқон»,  ўртада сарсон  ўқитувчилар...

Аризачи қўлида «қилич», директорда «қалқон», ўртада сарсон ўқитувчилар...

🕔16:17, 29.11.2018 ✔62

Бир фуқаронинг таҳририятимизга кетма-кет мурожаати, қолаверса, вазиятни жойига бориб ўрганишни сўраб қилган илтимоси билан Самарқанд вилояти Нуробод тумани «Оқсой» МФЙ Товоқбулоқ қишлоғида бўлиб, 51-умумтаълим мактабида журналистик текширув ўтказдик.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар