Даромад манбаи      Бош саҳифа

Ҳунардан доллар ундираётганлар

Ички ва ташқи туризмни ривожлантириш маҳаллий ҳунармандларни қўллаб-қувватлашга қанчалик боғлиқ?

Ҳунардан доллар ундираётганлар

Ҳунармандчилик азал-азалдан бизнинг ҳаёт тарзимизга айланиб кетган. Кимдир фарзандига бичиш-тикиш, гилам тўқишни ўргатса, бошқаси дурадгорлик, ўймакорлик... хуллас, ўзи билган ҳунарини ўргатади. Кейинги пайтларда миллий ҳунармандчилик янгича кўринишга ўтмоқда. Илгари ҳунарманд маҳсулотини ўзи, оиласи учун тайёрлаган бўлса, энди бу йўналиш яхшигина даромад манбаига ҳам айланмоқда. Миллий матбуот марказида Ўзбекистон «Ҳунарманд» уюшмаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз борди.

Ҳунармандчилик соҳаларига кулолчилик, каштадўзлик, кандакорлик, ёғоч ўймакорлиги, ганчкорлик, темирчилик, заргарлик, зардўзлик, тўқувчилик, гиламдўзлик, мусиқа асбоблари ясаш, миниатюра, дизайнерлик, қўғирчоқбозлик, терига ишлов бериш, тоштарошлик каби йўналишлар киради. Рўйхатни яна давом эттириш ҳам мумкин. Қўл кучи билан тайёрлангани уларнинг қадр-қимматини янада оширади.

— Божхона қўмитасининг маълумотига қараганда, мамлакатимиз ҳудудига ҳар йили 500 дан ортиқ хорижий буюмлар импорт сифатида кириб келади, — дейди «Ҳунарманд» уюшмаси раиси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Улуғбек ­АБДУЛЛАЕВ. — Шунингдек, юртимизга ташриф буюрган сайёҳлар ҳар бир зиёрат қилган жойидан эсдалик совғалари, ёдгорликларни харид қилади. Аммо бундай жойларда сотилаётган ёдгорликларнинг маълум қисми хориждан келтирилган бўлиб, юртимиз, Ватанимиз ҳақида ҳеч қандай таассурот қолдирмайди. Маҳаллий ҳунармандларимиз қўли билан ясалган, Ватанимиз бетакрорлиги, шу юртга мос, у ҳақда маълумот берадиган эсдалик совғаларини хорижлик сайёҳларга туҳфа этиш борасида ишлар олиб борилмоқда. Бу бир томондан ички ва ташқи туризмни ривожлантиришга хизмат қилса, иккинчи томондан, маҳаллий ҳунармандларни янада қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшади.

— Бу борада уюшма қандай фаолият олиб бормоқда?

— Президентимизнинг шу йили 17 ноябрдаги «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилингунга қадар, республикамизда 10 мингдан зиёд фуқаро ҳунарманд сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 24 минг нафардан ошди. Бу ҳунармандларга қатор имтиёзлар ва қулайликлар яратилиши натижасидир. Ҳозирда ҳунармандларимиз 34 та йўналишда фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, уюшма ташаббуси билан жорий йилнинг 22-23 сентябрь кунлари пойтахтимизнинг Сайлгоҳ кўчасида «Ўзбекистон совғалари» биринчи республика кўргазма-савдоси ташкил этилди.

— Кўргазма-савдо қандай мақсадда  ўтказилди?

— Кўргазма-савдода юздан зиёд ўзбекистонлик ҳунармандларнинг ноёб асарларини нафақат томоша қилиш, балки харид қилишнинг ҳам имкони яратилди. Улар табиий маҳсулотлардан қўлда тайёрланиб, ҳунарманднинг қалб қўри, кўз нури ҳамда халқимизнинг орзу-истаклари, минг йиллик анъаналари акс этади. Тадбирга ташриф буюрганлар ўз қўллари билан лойдан кўза ясаш, ипакдан мато тўқиш, дўппига нақш бериб кўришди, бешик ясалиши жараёнида бевосита иштирок этиб, ўзини синаб кўрди. Ўйлаймизки, бундан уларда ҳунарманднинг машаққатли қўл меҳнатига бўлган ҳурмати янада ошди. Шунингдек, кўргазма-савдода дорбоз ўйинлари, ўзбек жанг санъати усталарининг чиқишлари, миллий урф-одатлар намойиши, қўғирчоқ театри ва қўғирчоқбозларнинг томошалари, миллий либослар ва тақинчоқлар, миллий таомлар тайёрланиши жараёни иштирокчиларда илиқ таассурот қолдирди .

— Ўзбекистонлик ҳунармандлар ҳам хорижий кўргазма-савдоларда иштирок этишяптими?

— Американинг Санта Фе шаҳридаги кўргазма-савдода 25 нафар ўзбекистонлик ҳунарманд иштирок этди. Маҳсулотларимиз кўпчиликка манзур бўлди ва жуда салмоқли маблағга савдо қилишди. Ҳунармандларимиз ўз маҳсулотлари билан дунёнинг бошқа мамлакатларида ўтказиладиган халқаро кўргазмалар, кўргазма-савдоларда иштирок этишмоқда.

— Миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини сотадиган дўконлар ҳам пайдо бўладими?

— Уюшма ҳузурида, ҳунармандчилик маҳсулотларини узоқ туман ва шаҳарлардан сотиб олиш ҳамда келгусида йирик шаҳарларда сотиш, экспорт қилиш учун савдо-харид масалалари билан шуғулланадиган «Graft and art» МЧЖ ташкил этилди. Мазкур корхона республиканинг сайёҳлик объектлари, диққатга сазовор жойлари, ҳудудлардаги ҳунармандчилик марказлари ҳамда бир қатор бозорларда «Арт салон»лар, яъни амалий ва тасвирий санъат асарларининг савдо-харид ишлари билан шуғулланадиган дўконлар ташкил қилади. Бундан ташқари, корхона чет эл ваколатхоналари, галереялар ва сайёҳлик фирмалари билан ҳамкорлик қилиш, чет элларда ўз филиалларини очиш ҳуқуқига ҳам эгадир.

Хотин-қизлар ҳунармандчилигини ривожлантириш, уларнинг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида 2 ойлик бепул ўқув курслари ташкил этилди.

— Аслида ўзим либослар бўйича дизайнерман, — дейди қўғирчоқбоз-ҳунарманд Насиба АҲМЕДОВА. — Менга ўзбек халқининг тарихий либослари жуда ёқади. Шу боис ҳам миямга уларни ўзим ясаган қўғирчоқларга кийдириш ғояси келиб қолди. Улар кичрайтирилган ҳажмда. Энг кичик маҳсулотимизнинг бўйи 10 сантиметрдан сал зиёд, энг дарози эса 40-45 сантиметргача етади. Қўғирчоқларни экологик тоза лойдан ясаймиз. Хуллас, уларни совға учун ҳам, фарзандлари учун ҳам харид қилишади. Бир сўз билан айтганда, мижозларимиз бутунлай бошқача. Аммо ўз устахонамиз йўқ, ҳаммасини уйда ясаймиз. Битта қўғирчоқнинг тўлиқ тайёр бўлишига 1 ойдан 3 ойгача вақт кетади. Савдоларимиз, асосан, интернет орқали бўлади. Уларни кўпинча кўргазмаларга қўямиз.

Нурпўлат НУРҚУЛОВ

ёзиб олди.




Ўхшаш мақолалар

6 туп токдан 3 тонна узум

6 туп токдан 3 тонна узум

🕔16:56, 18.10.2018 ✔3

Элимиз жуда меҳнатсевар, фидойи, омилкор. Бугун томорқачиликдан яхши даромад топаётган минглаб оилалар фаровон ҳаёт кечирмоқда.

Батафсил
Нақшларнинг ҳар бири ўзига хос

Нақшларнинг ҳар бири ўзига хос

🕔17:42, 11.10.2018 ✔28

Бу ҳунарда бир-бирини такрорлайдиган нусхалар бўлмайди. Ҳар бири асл нусха — ягона.

Батафсил
Полвоннинг қовоғи  ҳам полвон

Полвоннинг қовоғи ҳам полвон

🕔17:42, 11.10.2018 ✔32

Муҳаммаджон ака палакда пишиб етилган қовоқни узиб олди. Қарийб 50 килограммча келади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар