Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Демографик таҳлил, узоқ йиллик дард

Оилавий ажрашишларнинг ҳалигача биз «кўрмаётган» сабаблари ниҳоят айтилди.

Демографик таҳлил, узоқ йиллик дард

...Ўша куни ҳамма тўй ҳақида гапирди. Илки калта оила қайси пулга бундай ҳашамат қилиши мумкинлиги қулоқларни қиздирди. Ростини айтганда ҳам, сирдарёлик Носиржон Мамасаломов вилоятнинг муҳташам тўйхонасида элга ёзган дастурхон казо-казоларникидан кам бўлмади.

Тантана кўнгилдагидек ўтдику-я, аммо харажат учун кўтарилган мўмайгина  қарз хонадон соҳибининг гарданида қолди. Уни қайтариш учун Носиржонда тўрт кунлик келинчакни ташлаб, хорижга кетишдан ўзга чора қолмади. Ҳозир кўпчилик четда ишлаб, пул топаётганини билган яқинлари ҳам бунга қаршилик қилмади. Танишининг ёрдами билан ишга жойлашди. Афсуски, совуқ ўлкаларнинг ҳарорати, иш жойидаги ноқулай меҳнат шароити унинг соғлиғига путур етказа бошлади. Олти ой ўтиб, қаттиқ шамоллаб қайтган Носиржонда бир йил ўтиб, шифокорлар яна қандайдир ўсимта борлигини айтишди. Тоғни талқон қилгудек полвонкелбат йигитнинг, эндигина ширин турмушини бошлаган янги куёвнинг қисмати бундай бўлишини ким ўйлабди, дейсиз...

Республика «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази маълумотларига кўра, кейинги йилларда юртимизда эркаклар орасида ўлим кўрсаткичи сезиларли даражада ортиб бормоқда. 2013 — 2017 йиллар ҳисобида олиб қараганда эркаклар ўлими 11,3 фоизга ошган. Лекин гап фақат ёшини яшаб, ошини ошаб бўлганлар ҳақида эмас. Носиржон каби меҳнатга лаёқатли, нари борса, қирчиллама ёшида турли сабабларга кўра ҳаётдан эрта кўз юмаётганлар ҳам кўп. Меҳнатга лаёқатли ёшида оламдан ўтган аҳоли сони 2013 йилда 41 минг 313 нафарни ташкил этган бўлса, бу рақамлар 2017 йилда 44 минг 500 нафардан ошган.

— Юртдошларимизнинг ишлаш мақсадида хорижга кетганларининг кўпи, асосан, оғир жисмоний меҳнат билан банд, — дейди «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказининг лойиҳа раҳбари, иқтисод фанлари номзоди, доцент Ҳамид АБДУРАМАНОВ. — Чет элнинг ҳавосига, меҳнат шароитига мослашишнинг ўзи бўлмайди. Шу сабабданми ёки яна бошқа омиллар боисми, меҳнатга лаёқатли эркаклар ўртасида онкологик касалликлар сабаб ҳаётни эрта тарк этаётганлар сони ортмоқда. Эътибор беринг, турли ўсимталар сабаб ўтган йилнинг ўзида 6 минг 430 киши ёруғ дунё билан видолашган. Бахтсиз ҳодисалар туфайли ҳалок бўлаётганлар сони ҳам йил сайин ортиб борган.

«Натижани кўриб, даҳшатга тушдик»

Аслида сўнгги йилларда аҳолининг туғилиш ва ўлим кўрсаткичлари ҳамда уларнинг сабабларини изоҳловчи юқоридаги каби аниқ маълумот ё тадқиқотларни топиш мушкул эди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бугун юртимизда нимаики муаммо бўлса, унинг бош илдизи оилага бориб тақалиши, бу борадаги тадқиқотлар ва изланишлар етарли эмаслиги ҳақидаги фикрлари ҳамда аҳолининг демографик ҳолатини ўрганиш борасидаги таклифларидан кейин вазият ўзгарди: айни жабҳада дастлабки амалий қадамлар ташланди. Оила соҳасига доир қабул қилинган қонун ҳужжатларида ҳам унинг демографик ривожланишида ўзгаришлар юз бераётгани, оилавий ажрашишлар сони ўсаётгани, бироқ салбий тенденциялар ва муаммолар сабабларини асословчи тадқиқотлар етишмаслиги алоҳида бандларда кўрсатиб ўтилди.

Яқинда «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан ташкил этилган республика илмий-амалий анжумани аҳолининг ва оилаларнинг ижтимоий-демографик муаммолари борасида ўтказилган дастлабки тадқиқотлар таҳлилига бағишланди.

Анжуманда «Оила» марказининг мутахассислари ва Давлат статистика қўмитаси  ходимлари ҳамкорлигида республика ва вилоятлар кесимида демографик таҳлил, туғилиш, ўлим, никоҳ ҳамда ажрашишлар  динамикаси кўрсаткичлари маълум қилинди. 

— Марказимиз илк ташкил этилган пайтидан буён юртимиздаги аҳолининг демографик ҳолатини ўрганишни бошлаганимизда ҳар бир вилоятда аҳолининг турмуш даражаси, анъаналари, оилавий муносабатлар,  туғилиш, никоҳ, умр давомийлиги — барча-барчаси бир-биридан фарқ қилишининг гувоҳи бўлдик, — дейди «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази директори ­Дилором ­ТОШМУҲАМЕДОВА. —  Албатта, бу аҳолининг этник ривожланиш босқичлари, иқлим шароити, турли миллат ва элатларнинг жойлашуви билан боғлиқ. Демографик жиҳатдан вилоятларнинг бир-биридан фарқланиши, оила билан боғлиқ ислоҳотларни ёппасига қўллашдан натижа чиқмаслигини кўрсатади. Муаммолар ҳудудлар кесимида аниқ ўрганилиши, таҳлил этилиши ва шунга қараб, ҳар бир ҳудудга алоҳида ёндашув режасини ишлаб чиқиш зарур. Биз дастлабки тадқиқотлар натижасини кўриб, рости, даҳшатга тушдик. Сабаби, ҳар бир вилоятда демографик вазиятнинг, асосан, салбий кўрсаткичлари йил сайин ортиб борган. Бу ҳолат муаммонинг илдизлари анчайин чуқурлигидан ва олдимизда турган вазифалар ҳали жуда кўплигидан далолат бериб турибди.

Она ва болалар ўлими нега кўпаймоқда?

Анжуманда маълум қилинишича, 2013 йилдан кейинги таҳлиллар юртимизда туғилишлар сони аҳоли сонига қараб ҳисоблаганда камайганини кўрсатмоқда. Туғилишлар Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятида бироз ошган, қолган вилоятлар, айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент ва Хоразм вилоятларида камайиши кузатилган.

Шу жараёндаги ўта муҳим бир масала анжуман иштирокчиларининг эътиборини тортди. Оналар ва болалар саломатлигига юртимизда давлат сиёсати даражасида катта эътибор қаратиб келинади. Бир неча йиллардан буён энг чекка ҳудудларда ҳам тиббий-перинатал ёрдамни таъминлаш, сифатини ошириш, ҳомиладор аёллар ва чақалоқлар парваришини алоҳида назоратга олишга қаратилган кўламдор ислоҳотлар амалга оширилди. Бироқ афсуски, шунча саъй-ҳаракатларга қарамай, оналар ва болалар ўлими сони йил сайин ўсиб боргани ачинарли ҳолат. 2013 йилда туғуруқларнинг ҳар юз мингтадан 20 тасида она ўлган бўлса, улар сони 2017 йилда 21 нафарни ташкил этган. Бу борада энг кўп ўлим Жиззах (42 нафар, 2013 йилга қараганда 27,4 фоизга ошган) ва Тошкент вилояти (32,9 нафар 2013 йилга қараганда 11,1 фоизга ошган) вилоятлари ҳисобига тўғри келмоқда.

Бир ёшгача бўлган болалар ўлими сони ҳам, афсуски, кам эмас. Ҳар минг нафар тирик туғилган болалардан ўтган йили 11 нафари нобуд бўлган. Бу 2013 йилга қараганда 1,7 фоизга кўп демак. Айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси (ўтган йили мингтадан 16,6), Хоразм (16,2), Андижон (15,7) ва Жиззах (13,7) вилоятларида чақалоқлар ўлими сони мунтазам ошиб борган.

Гўдаклар нима сабабдан нобуд бўлган? Бу саволнинг жавоби ҳам ўзи каби даҳшатли. Сўнгги беш йилликда туғма нуқсонлар туфайли кўз юмган болалар сони қарийб икки баробар (90,3 фоиз), перинатал даврида содир бўлган ҳолатлардан 41,6 фоиз ҳамда бахтсиз ҳодисалар — заҳарланиш ва жароҳатланишдан ўлганлар 24,2 фоизга ошган. 

Анжуман қатнашчиларининг фикрича, оналар ва гўдаклар ўлими сони бу даражада мунтазам ошиб боришининг етарлича сабаблари ҳам бор, албатта. Бу, биринчи галда, тиббиётдаги ислоҳотларнинг жойларда самарали татбиқ этилмагани, ўз вақтида назоратга олинмагани оқибати бўлса, яна бир сабаб аҳолида тиббий маданиятнинг етишмаслиги,  одамларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқини етарлича билмагани билан ҳам боғлиқ.

Аччиқ ҳақиқатли тиғ

Инсон учун ҳаётда ўз оиласидаги осойишталик, хотиржамликдан ортиқ бахт бўлмаса керак. Шу сабабдан ҳам азал-азалдан бобо-момоларимиз ҳар қандай шароитда ҳам оиласини асрашга, ҳимоя қилишга, ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтишга уринган. Арзимаган низолар туфайли оила қўрғонига дарз кетишига йўл қўймаган.

Бугун, афсуски, халқимизнинг ана шу муҳим тутумини унутиб қўяётгандекмиз. Буни муқаддас ришталарни боғлаётганида дабдабаю асъаса билан дунёга жар солса-да, ҳеч қанча вақт ўтмасдан узиб юбораётган «тоши енгил» кимсалар сони муттасил ортиб бораётгани ҳам исботлаб турибди. Маълум бўлишича, ўтган йили 31 минг 929 та никоҳ ажрашиш билан якун топган.

Савол туғилади: нега? Қанча бола тирик етимга айланди?

Афсуски, бу оғриқли саволга учар рақамларгина жавоб бера олади. Ўртада битта бола билан ажрашганлар сони 2017 йилнинг ўзида 10 минг 494 та бўлса, икки ва ундан ортиқ боласи бўла туриб, барбод этилган оилалар 7 минг 55 тани ташкил этган. Сўнгги беш йилда бузилган оилаларни чамаласак, рақамларнинг аччиқ ҳақиқати тиғ каби қалбимизни тилиб ўтади. Бунча тирик етим болакайнинг тақдирини тасаввур этишга юрак бетламайди.

Аммо... кўнгилга бироз таскин берадиган маълумот ҳам йўқ эмас. Масалан, сўнгги йилларда қизлар, асосан, 22 ёшдан сўнг, йигитлар эса, 25-26 ни тўлдиргач, оила қурмоқда. Эрта никоҳлар қарийб кузатилмаяпти.

Пул бўлмаса,  осон эмас

— Бандлик масаласи, ёш оилаларга яратилаётган имкониятлар даражаси ҳам аслида оилалар тақдирига ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди, — дейди Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш муаммолари ва илмий асослари илмий-амалий маркази «Демография ва меҳнат иқтисоди» сектор мудири, иқтисод фанлари доктори, профессор Баҳодир УМРЗОҚОВ. — Истаймизми-йўқми, бугун аҳолининг реал даромади ўз эҳтиёжларини тўла таъминлашга етмай қоляпти. Айни пайтда иш ўринларининг камлиги, маошнинг бир рўзғорни тебратишга етарли эмаслиги ҳам инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат.

Ўрганганимизда жами ёшларнинг 12,5 фоизи олий маълумотли экан. Лекин уларнинг 60 фоизи ўз соҳасида ишламайди. Бу нима дегани? Бу аксар ёшлар шу пайтгача олий таълим тизимидаги қинғирликлар ва хўжакўрсинга ўқишнинг қурбони бўлганининг аянчли оқибатидир. Мана шу каби сабаблар боисми, оила тебратиш мақсадида айрим ёшлар хорижга мардикорликка кетмоқда. Рўзғорини тебратиб, тўй қиляпти, уй қуряпти. Хориждан топаётган даромади яхши бўлса, унда муаммо нимада, дерсиз? Гап шундаки, айнан мана шу ўткир ижтимоий масала оқибати — йиллаб хорижда ишлаш туфайли эр-хотин алоҳида яшаши, ойлаб бир-бирини кўрмаслиги натижасида оилалар бузилиб кетяпти, ажрашишлар кўпаймоқда.

Яқинда Сурхондарё вилоятига доир таҳлилни кузатиб, лол қолдим. Шўрчи туманида ўтган йили энг кўп ажрашиш қайд этилган. Синчиклаб таҳлил қилсам, айнан шу туманда вилоят бўйича энг кўп мигрантлар чиққан экан...

Нима қилмоқ керак?

Сабаб нимада? Нега айрим ҳудудлар аҳолисининг умри, турмуши, оилавий ажрашишлар ҳолати бу даражада аянчли?

Анжуманда айтилишича, 2022 йилда аҳолини қайта рўйхатдан ўтказиш ишлари режалаштирилган.

— Аҳолининг демографик таҳлилини аниқ бир концепция ишлаб чиққан ҳолда ўрганиб бориш ва унинг натижасига кўра, жойида иш кўриш тизимини такомиллаштириш зарур, — дейди «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази лойиҳа раҳбари, иқтисод фанлари номзоди, доцент Ҳамид ­АБДУРАМАНОВ. — Аҳолининг турмуш даражасига, саломатлигига эътиборни кучайтириш мақсадида «Оилавий дам олиш ва болаларни соғломлаштиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги, «Оналик билан боғлиқ вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик ва ўлим ҳолати учун мажбурий ижтимоий суғурталаш тўғрисида»ги ва «Ишсизликдан ижтимоий суғурталаш тўғрисида»ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилса, бу борадаги вазият анча ўзгаради, деб ўйлайман. Шунингдек, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга доир ҳудудий дастурлари ишлаб чиқилиши ҳам мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари, қонунчилигимизда корхоналар томонидан ходимларнинг саломатлигини сақлаш мақсадига йўналтириладиган маблағларга имтиёзли солиқ солинишига оид нормани киритиш ҳам бу борадаги муҳим қадамлардан бири бўлади, деб ҳисоблайман.

...Шифокор беморга тўғри ташхис қўйса, уни ярим даволаган бўларкан. Маъжозан айтганда, мазкур анжуманда халқимизни ўйлантираётган айрим муаммоларга аниқ ташхис қўйилди. Энди бу долзарб муаммолар муҳокамаси ўша залдан ташқарига ҳам чиқиб, назарий гаплар амалга кўчирилса, натижалари сезилса, қолган ярим даво ҳам эм бўлиши шубҳасиз.

Ана шунда ёш оилаларнинг Носиржон каби ҳаёти саробга айланмайди…

 

Зилола ХУДОЙБЕРДИЕВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Шароит яратишми ёки пул ундириш?

Шароит яратишми ёки пул ундириш?

🕔18:05, 06.12.2018 ✔30

Мардикорлар дардини ҳам кимдир тинглайдими?

Батафсил
«10 баробар тез», «кафолатланган», «чексиз» ва «арзон»...

«10 баробар тез», «кафолатланган», «чексиз» ва «арзон»...

🕔17:43, 06.12.2018 ✔26

«Ўзбектелеком» интернет нархи ва тезлиги борасидаги ваъдасини бажардими?

Батафсил
Аризачи қўлида «қилич»,  директорда «қалқон»,  ўртада сарсон  ўқитувчилар...

Аризачи қўлида «қилич», директорда «қалқон», ўртада сарсон ўқитувчилар...

🕔16:17, 29.11.2018 ✔73

Бир фуқаронинг таҳририятимизга кетма-кет мурожаати, қолаверса, вазиятни жойига бориб ўрганишни сўраб қилган илтимоси билан Самарқанд вилояти Нуробод тумани «Оқсой» МФЙ Товоқбулоқ қишлоғида бўлиб, 51-умумтаълим мактабида журналистик текширув ўтказдик.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар